1446 йил 16 ражаб | 2025 йил 16 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ислом молияси: Кеча ва бугун

14:20 / 09 январь 875 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кундалик ҳаётимиздаги ўзаро муносабатларнинг бир қисми пул, молиявий олди-бердилар билан боғлиқ. Инсон қайси соҳада фаолият юритмасин бевосита бу жараёнда қатнашади. Исломда ҳам Саодат асридан буён мўмин-мусулмонларнинг кундалик ҳаётида кўп учрайдиган молиявий масалаларга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Ислом молияси, оддий қилиб айтганда, шариат талаблари доирасида фаолият юритиладиган молия тизимидир. Шариат тизими бандаларга нафақат Аллоҳга ибодат қилиш, балки инсон ҳаётининг барча жабҳаси, хусусан, иқтисодий ҳаётни тартибга солиш ва муаммоларни ечиш илмини ҳам ўргатади. Аммо Ислом молиясининг ўз талаблари бор: унинг асосий тамойилларидан бири рибо (фоиз) ҳамда ғарар (таваккалчилик)нинг тақиқланишидир. Ўз навбатида, Ислом молия тизими фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни назарда тутишини айтиб ўтиш лозим. Анъанавий банк тизимидан фарқли равишда, унда фойда шерикчиликка асосланади. Айтайлик, банк мижоз талаби ҳамда молия маҳсулотлари турига қараб унга асбоб-ускуна, товар, хомашё олиб бериши ёки ўша нарсаларни ижарага бериши мумкин. Мазкур молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Бу ҳолатда банк билан қарз олувчи лойиҳа муваффақияти ва самарадорлигида тенг ҳуқуқли бўлиб, фойдага ҳам, зарарга ҳам манфаатдор шерикларга айланади.

Мавзуга батафсил тўхталишдан аввал Ислом молиясига тааллуқли айрим асосий атамалар билан танишиб чиқсак:

Рибо – тижорат ва молиявий муаммоларда шариат рухсат бермаган фоиз ёки ортиқча даромад ундириш, халқ тили билан айтганда «судхўрлик».

Мушорака – арабчада «шерикчилик қилиш» маъносини билдиради. Тижорат ва савдо талқинида эса барча ҳамкорлар олинган фойда ва зарарни баҳам кўрувчи шерикчиликка айтилади.

Музораба – шерикчиликнинг махсус тури бўлиб, унда бир томон иккинчи томоннинг тижоратига сармоя киритиш билан шерикчилик қилади. Сармоя киритиш «раббул мол» деб аталувчи биринчи шерик томонидан амалга оширилса, иш юритиш «музориб» деб номланувчи иккинчи томоннинг мажбурияти ҳисобланади.

Мушорака ва музораба қуйидаги хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади:

1. Мушоракада сармоя барча шериклар томонидан киритилса, музорабада фақат раббул молнинг вазифаси ҳисобланади.

2. Мушоракада барча шериклар иш бошқариш ва юритишда қатнашишлари мумкин, аммо музорабада бизнес бошқаруви фақатгина музориб томонидан олиб борилади ва раббул молнинг бунга ҳаққи бўлмайди.

3. Мушоракада кўрилган зарар барча шериклар киритган сармояларнинг улушига мутаносиб равишда бўлинади. Музорабада эса музориб сармоя киритмаганлиги туфайли зарар раббул мол зиммасида бўлади. Музорибнинг кўрган зарари унинг қилган меҳнати фойдасиз тугаллангани билан чекланади.

Муробаҳа – фиқҳий тушунча бўлиб, маълум нарсани сотишда қўлланиладиган шартномага айтилади. Унинг молиялаштириш фаолиятига алоқаси йўқ. Сотувчи муайян мол таннархининг устига фойда устамасини қўйиб харидорга сотишни келишса кифоя. Муробаҳа савдосининг асосий моҳияти шундаки, сотувчи савдо молининг таннархини ва қўйилаётган устамани харидорга очиқ-ойдин билдиради. Бундан ташқари, муробаҳа савдосида тўлов савдо бўлиши билан дарҳол амалга оширилиши ёки томонлар келишувига кўра кечиктирилиши мумкин.

Аксарият Ислом банклари ва молиявий ташкилотлари исломий молиялаштириш воситаси сифатида муробаҳа муомаласидан фойдаланади. Шунинг учун ҳам муробаҳа атамаси ҳозирда банк амалиётида кўп учраса-да, асл маъноси бундан анча фарқ қилади.

Ижара – фиқҳий атама ҳисобланиб, луғавий маъноси «бир нарсани ижарага бериб туриш» дегани. Ислом ҳуқуқидаги ижара атамаси икки хил амалёт учун қўлланилади.

Биринчиси, бир кишини хизмат ҳақи тўлаш асосида ишга ёллаш амалётидир. Бу ҳолатда иш берувчи «мустажир», ёлланма ишчи эса «ажир» дейилади.

Иккинчи тури эса инсон хизматидан эмас, актив ва мулклардан фойдаланиш ҳолатига тааллуқли. Бу ҳолатдаги ижара муайян мулкни ижара ҳаққи эвазига бошқа шахснинг фойдаланишига топшириш амалиётини билдириб, инглиз тилида қўлланиладиган «лизинг» атамаси билан бир хил маънода ишлатилади. Бунда лизинг берувчи «мужир», лизинг олувчи «мустажир», лизинг берувчига тўланадиган ижара ҳақи «ужра» деб номланади.

Шариатда олди-сотди дуруст, яъни тартиб-қоидаларга мувофиқ бўлишининг асосий талабларидан бири – савдо моли сотувчининг жисмоний ёки амалда тасарруфида бўлмоғи лозим. Умумий қоидаларга истисно тариқасида шариатда салам ва истисноъ савдоларига рухсат берилган.

Салам шартномасига кўра сотувчи муайян бир маҳсулотни харидорга келишув вақтида тўланадиган нарх эвазига келажакдаги маълум бир санада етказиб бериш мажбуриятини зиммасига олади. Ушбу савдода тўлов нақд амалга оширилади, сотилган маҳсулот эса кейинроқ етказиб берилади.

Истисноъ – маҳсулот пайдо бўлишидан олдин унинг олди-сотдиси амалга ошириладиган тижорат муомаласи ҳисобланади. Бу ҳолатда ишлаб чиқарувчига харидор учун муайян маҳсулот буюртмаси берилади. Агар ишлаб чиқарувчи харидор учун маҳсулотни унинг хомашёсидан ишлаб чиқариш мажбуриятини олса, истисноъ олди-бердиси юзага келади. Истисноъ жоиз бўлиши учун нарх томонларнинг розилиги билан белгиланиши ҳамда икки томон вакиллари маҳсулотнинг барча зарурий хусусияти бўйича бир келишувга эришишлари шарт.

Жаҳонга машҳур www.oxfam.org иқтисодий маълумотлар сайтининг хабар беришича, 2020 йилдан буён дунёнинг энг бадавлат бешта бой инсони бойликларини икки баробардан кўпроққа кўпайтириб олишган. Яъни уларнинг 405 миллиард АҚШ долларига тенг маблағи 2024 йилнинг 15 январь ҳолатига кўра, 869 миллиардга етган. Бу эса уларнинг пуллари ҳар соатда 14 миллион долларга ортган деганидир. Айнан мазкур сайт маълумотларига кўра, ўша давр мобайнида дунё аҳолиси салмоқли қисми – беш миллиард кишининг молиявий аҳволи ёмонлашган: кимдир камбағаллар, яна кимдир қашшоқлар тоифасидан ўрин олган. Мутахассислар бу каби иқтисодий номутаносибликка Ислом молияси асосий ва ягона ечим сифатида кўрсатишмоқда. Чунки Ислом молияси жамиятнинг барча қатламлари имкониятларини ҳисобга олувчи, ҳамманинг манфаатларини бирдек ҳимоя қилувчи тизимдир.

Эътиборлиси, Ислом молиясининг ҳар жабҳада фойдали эканини бугунги кунда ривожланган ғарб давлатлари ҳам тан олмоқда. Мисол сифатида кейинги йилларда Германия иқтисодий қонунчилиги шаръий молия қоидаларига мувофиқлаштирилаётганини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Исломга тарихан алоқадор бўлмаган миллатлар ҳам молия тизимнинг ушбу шаклини фойдали эканини тан олаётган экан, нега энди биз бунга интилмайлик?

Бироқ ҳар қандай янгиликни амалга татбиқ этиш ўзига яраша қийинчиликларни бартараф этишни талаб қилгани каби, Ислом молиясини юртимизга олиб киришда айрим ҳал қилиниши зарур масалаларга дуч келишимизни оддий ҳолат сифатида қабул қилиш даркор.

Дарвоқе, ҳал қилиниши керак бўлган энг асосий масала мамлакатимиз қонунчилиги билан боғлиқ. Зеро, мамлакатимизда айнан Ислом иқтисодиёти ёки Ислом банклари фаолияти ва бошқа кўринишдаги ҳаракатларини тартибга солишга қаратилган махсус қонунчилик етарли даражада шакллантирилмаган. Аммо кези келганида сўнгги йилларда ушбу тизимдан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича ишлар секин-аста бўлса-да, ҳукумат миқёсида амалга оширила бошланганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Хусусан, www.yuz.uz сайтида эълон қилинган маълумотларда қайд этилишича, бу соҳада силжишлар рўй бера бошланганига анча вақт бўлган:

«Мамлакатимизда исломий молиялаштириш ишлари 2004 йилда бошланган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) аъзолигига қўшилгани билан боғлиқ.

Юртимиз учун янги бўлган мазкур йўналишга бугун бизнес вакилларида ҳам, аҳолида катта эҳтиёж мавжуд. Чунки мамлакатимиз аҳолисининг 90 фоизидан кўп қисми Ислом динига эътиқод қилади ва эътиқоди туфайли 15–20 фоизга яқин аҳоли анъанавий кредитлаш тизимидан фойдаланмаяпти. Муқобил кредитлаш тизими орқали эса мазкур қатлам ҳам тўлиқ қамраб олиниши мумкин. Бу ана шу қатлам омонатларини иқтисодиётга жалб этиш, улардан эса оқилона фойдаланиш учун катта имконият яратади. Яъни бу орқали «захирадаги» ички инвестицияларни иқтисодиётимизнинг ўсишига жалб қилиш, хуфиёна иқтисодиёт салмоғини камайтириш, энг муҳими, тадбиркорликни ривожлантиришимиз мумкин бўлади».

 2021 йилнинг 1–4 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро Ислом тараққиёти банкининг 46-йиллик йиғилиши ташкил этилди. Ушбу ҳаракатлар фонида 2022 йил 21 апрель санасида Ўзбекистон Республикасининг «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонуни қабул қилинганини ҳам бир поғона ўсиш дейишимиз мумкин. Зеро, ушбу қонунда исломий молиялашга доир бир нечта тартибларга солиш усуллари санаб ўтилган, аммо буни етарли дея олмаймиз.

Шу ўринда исломий банк тизимининг ташкил топиши тарихи ҳақида бир оз маълумот бериб ўтсак. Маълумотларга кўра, дастлабки Ислом банки кўринишдаги молиявий муассаса тажриба сифатида ХХ асрнинг 50-йилларида Покистоннинг олис қишлоқ ҳудудларидан бирида ташкил этилган. Мазкур банк томонидан мижозга берилган маблағ учун фоиз белгиланмаган.

Айнан ана шундан бироз ўтиб, мисрлик Аҳмад Алнажжор юртида, аниқроғи Нил дельтасида жойлашган Мит Гамра шаҳрида давлатнинг анъанавий банкларига шубҳали кўз билан қараган аҳолига тажриба сифатида шариат талабларига жавоб берадиган молиявий хизматларни тақдим этади. Ушбу лойиҳа 1968 йилда тўхтатилган бўлса-да, тажриба муваффақиятли ўтган деб эътироф этилган ва шу давр оралиғида тўққизта шундай банкнинг фаолияти йўлга қўйилган эди.

1972 йили молиявий маблағларни банкка қўйиш бўйича тажрибадан ўтган «Мит Гамра лойиҳаси» 1971 йили очилган Nasser Social Bank («Наср ижтимоий банки»)нинг бир бўлаги сифатида фаолиятини давом эттиради. Айнан Nasser Social Bank дунё ҳамжамияти томонидан жаҳондаги биринчи расмий исломий банк сифатида эътироф этилади.

70-йилларда Ислом молиясини ривожлантириш жараёнига халқаро институтлар, бир қатор давлат ҳукуматларининг жалб қилиниши ҳамда тегишли тадбирларнинг амалга оширилиши (Маккада Ислом иқтисодиёти бўйича ўтказилган биринчи халқаро конференция, Мит Гамра лойиҳаси, Ислом давлатлари молия вазирлари иштирокида Карачида ташкил этилган конференция, Лондонда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий конференция) назарий билимларни амалиётга татбиқ этиш учун жуда яхши омил бўлиб хизмат қилди. Худди шу пайтда, аниқроғи 1973–1975 йилларда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ҳамда БААда биринчи замонавий тижорат Ислом банки – Дубай Ислом банки таъсис этилди.

Машҳур уламо, фиқҳ, Ислом молияси ва иқтисодиёти йўналишлари бўйича кўплаб асар муаллифи шайх Муҳаммад Тақий Усмоний Ислом банкларининг анъанавий банклардан асосий фарқи уларда хатарлар адолат билан тақсимланишида, мижозга қарздор эмас, ҳамкор сифатида ёндашилишида эканини айтади.

«Шариат ва унинг иқтисодий таълимотидан бехабар айрим кишилар фоизни бекор қилиш туфайли банк ва молиявий ташкилотлар тижорат фаолиятини йўқотиб, хайрия ташкилотига айланиб қолади, оқибатда молиявий хизматлардан кутилган фойдадан маҳрум бўлади, деб ўйлашади. Лекин бу нотўғри тасаввур, – дейди шайх Муҳаммад Тақий Усмоний. – Шариатда фоизсиз қарз бериш хайрия кўринишидаги фаолият тури ҳисобланади. Борди-ю қарзни тижорат мақсадида бериш кўзда тутилаётган бўлса, Ислом шариати бундай молиялаштиришга бошқача тамойилларни таклиф этади. Агар у қарз олувчига фақат ёрдам беришни мақсад қилган бўлса, бу ҳолатда берилган қарз танасининг қайтарилиши таъминланади, аммо ундан ортиқча ҳар қандай қийматни ундириш жоиз ҳисобланмайди. Дарвоқе, фоизни молиявий фаолиятдан олиб ташлаш молиявий ташкилотни фойда кўришдан маҳрум этмайди. Агар молиялаштириш тижорий мақсадда амалга оширилган бўлса, у ҳолда фойда ва зарарга шериклик ғояси бўйича, яъни Ислом тижорат ҳуқуқининг аввалидан қўлланилиб келинаётган мушорака ва музораба битимлари асосида иш юритилади».

Дарҳақиқат, шариатга мос келувчи исломий банк иши йиллар давомида мусулмонларнинг қоғозларда, мақолаларда акс эттирилган чинакам орзуси эди. Вақт ўтиб исломий молия муассасалари назарияни ҳаётга татбиқ этиб, рибовий амалиётларсиз ҳам молиявий хизматлар кўрсатиш мумкинлигини исботлаб берди. Анъанавий банкларда деярли барча амалиёт рибо элементлари ёрдамида амалга оширилади. Шундай вазиятда молиявий фаолиятни шариатга мослаб йўлга қўйиш ҳақиқатан ҳам жуда катта иш бўлган.

Шайх Тақий Усмоний исломий банк ишидаги энг қулай молиялаш усуллардан бири сифатида мушоракани кўрсатади. Зеро, мушоракада шериклар фойдани ҳам, зарарни ҳам ўз ҳиссаларига кўра тақсимлаб олишади. Мушорака депозиторлар учун энг адолатли шартларни таклиф қилади: депозиторларнинг пули ишлатилган бизнес катта фойда кўрса, улар ҳам мос равишда катта фойдага эга бўладилар. Мантиқан олиб қараганда, бу фойда анъанавий банклардаги депозит фоизларидан кўпроқ бўлади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сотилмагунча депозиторларга тўланадиган пул миқдори ҳам аниқ бўлмайди, демак, депозиторларга тўланадиган пуллар маҳсулотлар нархининг ошишига олиб келмайди.

Ушбу асослардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ислом молиясининг дунё бўйлаб жадал равишда ривожланиши табиий жараёнга айланиши лозим. Чунки исломий молия нафақат мусулмонларга, балки бутун дунё оммасига бирваракайига фойда бера олади.

Сўзимиз исботи сифатида кейинги йилларда ушбу тизимда ўсиш динамикаси кузатилаётганини айтиб ўтиш мумкин. Масалан, молиявий бозорларга оид таҳлилларни йиғиб улашувчи Refinitiv провайдери (АҚШ-Буюк Британия) маълумотларига кўра, Эронда исломий молияга оид жами мулк миқдори 2020 йилда 838 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 1 миллиард 235 миллион долларни ташкил этган, бундай ўсиш Саудия Арабистони (826 млн.дан 896 млн.га) , Малайзия (620 млн.дан 650 млн.га), БАА (251 млн.дан 525 млн.га), Қатар (156 млн.дан 186 млн.га) каби давлатларда ҳам қайд этилган.

Йилдан йилга иқтисодий ўсиш суръатларини ошириб бораётган Бангладешда бугун исломий банкларнинг барча давлат молиявий муассасаларидаги улуши 24 фоизга етган. Тадқиқотларга кўра, Ислом банклари кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиявий маблағларга бўлган талабини қондириш орқали Бангладешнинг иқтисодий ривожига катта ҳисса қўшган.

2012 йил Уммонда ҳам Ислом молияси тамойиллари татбиқ этилган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида мазкур мамлакатда исломий молия активлари ҳажми 12,6 миллиард АҚШ долларига, банк тармоғидаги улуши эса 13,7 фоизга етказилган.

Шунингдек, аксарият фуқароси бошқа дин вакиллари бўлган Буюк Британия, Россия, Гонконг, Люксембург сингари давлат банкларида мижозларга Ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари таклиф қилинмоқда.

Умуман, бугунги кунга келиб, дунё бўйича фаолият кўрсатаётган 300 дан зиёд исломий банк ва молия муассасаларининг ялпи активлари 2,5 триллион АҚШ долларидан ошиб, бу кўрсаткич йилдан-йилга ўсмоқда. Шу маънода, мусулмон давлатлардаги фаолияти исломий молиялаштиришга асосланган ташкилотлар маблағини Ўзбекистон иқтисодиётига, хусусий секторини қўллаб-қувватлашга жалб этиш айни муддао эканлигини билдирмоқда. Бунинг учун эса аввало мамлакатимиз қонунчилигидаги банк тизимига тааллуқли ҳужжатларни Ислом молиясига оид қўшимча бандлар билан тўлдириш лозим албатта. Шунда юртимизда исломий молия тизими тамойилларига жавоб берадиган банкларини ташкил этиш имконияти туғилади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугунги кунда бир қанча араб мамлакатлари сармоядорлари юртимизда ўз фаолиятларини юритишни мақсад қилиб, катта миқдордаги сармоя киритишни хоҳлашаётганини билдиришган. Бу лойиҳаларнинг амалга ошишига юртимиздаги қулай муҳит, хусусан, исломий молия ташкилотларининг мавжудлиги бевосита таъсир кўрсатиши кундек равшан. Дунёнинг иқтисодий жиҳатдан етакчи доминант мамлакатларига айланган Араб дунёси банклари Ўзбекистонга кирадиган бўлса, улар Ислом молияси тартибларининг мамлакатимизда ишлашига ишонч ҳосил қилишлари лозим. Бу борадаги ишонч эса оғзаки ваъдалар билан эмас, балки қонуний нормалар ёрдамида вужудга келади. Шундай экан, мамлакатимизга исломий молия ташкилотларини жалб этиш ишларини зудлик билан амалга оширишимиз керак.

Алибек Худойбердиев

Анвар Турсунов

«Ҳилол» журнали 5 (62) сон

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Аҳмад алМуқрий ўзининг .Алмухтор мин навадирил ахбор, номли китобида келтиради.Бир куни Умора ибн Ҳамза халифа Абу Жаъфар Мансурнинг ҳузурига кирди. давоми...

1106 16:00 / 06.11.2022
Исломнинг баъзи ўзига хос ва фарқланувчи тарафлари бор1. Ислом қиёматга қадар икки мустаҳкам асосга таянади. Биринчи асос ndash Қуръон Аллоҳ томонидан Муҳаммад давоми...

3837 19:46 / 22.05.2017
Атиргулда, буғдой бошоғида, эман дарахтида ақл бор. Гарчи унинг ақли, яъни эман дарахтининг ақли шохлари каби қалин ақл бўлса ҳам бор. Кунгабоқарнинг ҳаракати, қуёш давоми...

1719 21:34 / 19.08.2024
Нолевой чиқиндиларсиз ҳаракатининг деярли ҳар бир эргашувчиси Би Жоннинг Чиқиндиларсиз уйrdquo ёки Исрофсиз уйrdquoкитобини ўқишдан бошлаган бўлса керак. Bea Johnson, Zero давоми...

3734 18:00 / 21.05.2018