1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Ҳақиқий рўза ёлғон ва ғийбатдан тийилишдир

03:30 / 02.04.2023 3914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақиқий рўза ёлғон ва ғийбатдан тийилишдир

Рамазон рўзасини бизларга фарз қилган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамдлар, тунларини ибодат билан бедор ўтказишни суннат қилган Расули акрамга салавоту саломлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг таоми ва ичимлигини тарк этишига муҳтож эмас», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ҳадиснинг бошқа ривоятлари:

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ وَالْجَهْلَ...»

«Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни ва жоҳиллигини қўймаса...», деганлар.

Бу ҳадисни имом Бухорийдан ташқари имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилишган.

 

Ҳадиснинг шарҳи:

Ҳадисдаги «ёлғон гапириш» деб таржима қилган иборамиз  «قَوْلَ الزُّورِ»деб келган. Унга ғийбат, чақимчилик, иғво, бўҳтон, ёлғон гувоҳлик бериш ва ҳар қандай ботил гаплар киради. Рўзадор одамнинг еб-ичиш, аёлига яқинлик қилиш ва бошқа рўзани очиб юборадиган нарсалардан ўзини тийиш билангина рўзаси мукаммал бўлмайди. Рўзадор ҳозир айтиб ўтганимиздек,  ғийбат, чақимчилик, иғво, бўҳтон ва ҳар қандай ботил гаплардан ҳам тилини тийиши керак. Акс ҳолда тутган рўзасига нуқсон етиб, Аллоҳ таоло тарафидан рўзадорлар учун ваъда қилинган ажр-савобларни камайишига сабаб бўлади.

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ «Руҳий тарбия» асарларида «Тил офотлари» сарлавҳаси остида барча иллатларни бирма-бир зикр қилиб, ўша иллатлардан халос бўлиш йўлларини баён қилганлар.

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الصِّيَامُ جُنَّةٌ، فَلَا يَرْفُثْ وَلَا يَجْهَلْ، وَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ: إِنِّي صَائِمٌ، إِنِّي صَائِمٌ».

«Рўза қалқондир. (Рўзадор) фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин», деганлар.

Имом Насоий Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الصِّيَامُ جُنَّةٌ مِنَ النَّارِ، فَمَنْ أَصْبَحَ صَائِمًا، فَلَا يَجْهَلْ يَوْمَئِذٍ، وَإِنِ امْرُؤٌ جَهِلَ عَلَيْهِ فَلَا يَشْتُمْهُ وَلَا يَسُبَّهُ، وَلْيَقُلْ: إِنِّي صَائِمٌ».

«Рўза дўзахдан қалқондир. Ким рўзадор бўлса, ўша куни жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши унга жоҳиллик қилса, уни ҳақоратламасин, сўкмасин. «Мен рўзадорман», десин», деганлар.

Али розияллоҳу анҳу: «Таом ва ичимликдангина рўза тутилмайди. Лекин ёлғон, ботил ва беҳуда гаплардан тутилади», деганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо: «Рўза тутсанг қулоғинг, кўзинг, тилинг ёлғон ва гуноҳлардан рўза тутсин. Хизматкорга озор биришдан тийил...», деганлар.

Мужтаҳид уламолардан имом Авзоъий: «Ғийбат рўзадорнинг рўзасини очиб юборади. Унга ўша куннинг қазосини тутиб бериши вожиб бўлади», деган.

Мужоҳид ибн Жабр: «Кимнинг рўзаси саломат қолишини истаса, ғийбат ва ёлғондан четлансин», деган.

«وَالْعَمَلَ بِهِ» «унга амал қилишни» яъни Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир ишни қилиш тушунилади. Рўзадор ҳаром ишга қўл урса, тутган рўзасининг савобидан маҳрум бўлиб қолади. Рўзаси мукаммал бўлишини хоҳласа, Аллоҳ шариъатда ҳаром қилган амаллардан ўзини тийиши керак. Бу дегани Рамазон ойидан бошқа ойларда бу гуноҳ ишларни қилиш жоиз экани келиб чиқмайди, балки Рамазон ойида бу гуноҳ ишларга яқинлашмаслик янада қаттиқроқ таъкидланади.

«وَالْجَهْلَ» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «жоҳиллигини қўймаса», деяпдилар. Жоҳиллик икки хил маънони ифодалайди. Биринчиси илмни зидди. Иккинчиси ҳалимликни зиддини ифодалайди. Ушбу ҳадисда шу иккинчи маъноси назарда тутилган дейишади уламоларимиз. Яъни одамларга қўпол муомалада бўлиш, уларга нисбатан беодоблик қилиш, қўнглини оғритиш каби ишлар жоҳилликнинг жумласига киради.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«فَإِذَا كَانَ يَوْمُ صَوْمِ أَحَدِكُمْ، فَلَا يَرْفُثْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَسْخَبْ، فَإِنْ سَابَّهُ أَحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ، فَلْيَقُلْ: إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ».

«Бирортангиз рўза тутган бўлса, ўша куни уят сўз гапирмасин, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман», десин», деганлар.

«فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ» «Аллоҳ унинг таоми ва ичимлигини тарк этишига муҳтож эмас». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гаплари билан ўзини гуноҳ-маъсиятлардан тиймаган одам рўза тутмай қўяверсин, демоқчимаслар, рўзадорни эҳтиёткорликка, рўзасига нуқсон етиб, савоби камайиб қолмаслиги ҳаракатида бўлишга чақиряпдилар.

Умуман олганда Аллоҳ таоло бандаларининг тоатларига мухтож эмас. У Зотга бандаларини тоат-ибодатлари фойда келтирмайди, гуноҳ-маъсиятларидан зиён ҳам кўрмайди. Тоат ва маъсиятларнинг фойда зарари банданинг ўзига бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳақиқий рўза еб-ичиш, жимо ва бошқа рўзани очувчи нарсалардан тийилиш эмас, балки Аллоҳ ҳаром қилган барча сўз ва амаллардан тийилиш ҳақиқий рўза саналади.

Уламоларимиз: «Еб-ичиш ва бошқа рўзани очувчи нарсалардан тийилиш баданнинг рўзасидир. Аллоҳ ва Унинг Расули қайтарган ишлардан тийилиш қалбнинг рўзасидир. Рўзадан кўзланган асосий мақсад ҳам шу», дейишган.

2. Рўзадор одам гуноҳлардан тийилмаса, тутган рўзаси ноқис бўлиб қолиши, савоби камайиб кетиши, хатто рўзадорга ваъда қилинган савобдан буткул маҳруб бўлиб қолиши мумкинлиги уқтирилмоқда.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  

«رُبَّ صَائِمٍ حَظُّهُ مِنْ صِيَامِهِ الْجُوعُ وَالْعَطَشُ، وَرُبَّ قَائِمٍ حَظُّهُ مِنْ قِيَامِهِ السَّهَرُ». 

«Баъзи рўзадорлар борки, улар тутган рўзаси учун очликдан ўзга нарсага эришмайдилар. Баъзи тунда (ибодат билан) бедор бўлганлар борки, улар бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарсага эришмайдилар», деганлар.

3. Ҳақиқий рўза бу инсон тилини, кўзини, қулоғини ва бошқа аъзоларини Аллоҳ ва Унинг Расули қайтарган нарсалардан тийиш экани айтилмоқда.

Уламоларимиз сабрни учга – Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш, маъсиятларни тарк қилишда сабр қилиш, қазо ва қадарга, инсон бошига тушган бало-синовларга сабр қилишга тақсимлашган. Рўза шу учала сабрни ўзида жамлаган ибодат саналади.

4. Аллоҳ таоло бандаларининг тоат-ибодатларидан фойда кўрмаслиги, гуноҳ-маъсиятларидан зиён кўрмаслиги айтилмоқда. Аксинча тоатнинг фойдаси, гуноҳларнинг зарари банданинг ўзига бўлади.

5.  Аллоҳ рўзани инсондаги тақвони кучайтириш учун фарз қилганини англаб оламиз, чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида:

{يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ} [البقرة: 183]

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз», деб марҳамат қилган.

Хулоса

Рўза мусулмонни бир ой давомида Робби Аллоҳ азза ва жалла билан боғлаб туради. Агар инсон бир ой давомида дини буюган ишларни қилиб, қайтарган нарсаларидан қайтса, ҳаётини яхши тамонга ўзгартириб юборади.

Рамазон ойи мусулмон учун тарбия мадрасасидир. Гуноҳ-маъсиятлардан халос бўлиши, фазилатларни касб этиши учун қулай фурсатдир.

Рўза сабрнинг учала қисмини – Аллоҳнинг тоатига сабр қилишга, маъсиятларни тарк қилишдаги сабрга, қазо ва қадарга, инсон бошига тушган бало-синовларга сабр қилишга ўргатади.

Рўза рўзадорда муҳтож-фақирларга нисбатан раҳм-шафқат уйғотади. У оч-наҳор қалганда мискинларни хис қилади, уларга ёрда қўлини чўзишга ўтади...

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

 

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк давоми...

4967 14:00 / 01.04.2023
Қуръони Каримда рўзанинг ҳукми баён қилинган оятларнинг орасида рўзага алоқаси йўқ, дуога, дуо қилишга тарғиб қилувчи бир оят бор.Агар бандаларим сендан Мен давоми...

1491 16:39 / 02 апрель
ҲАДИСИ ҚУДСИЙЛАРДАНИбн Ҳассосийядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар давоми...

3731 05:00 / 14.01.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазонда эҳтилом ҳолида фажр топар эди. Шунда, ғусл қилар ва рўза тутар эдилар,.Шарҳ давоми...

4684 05:00 / 11.01.2017