1447 йил 17 шаъбон | 2026 йил 05 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Тавба ойи, марҳабо!

05:00 / 11.01.2017 4185 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон – тавба ва мағфират ойи. Яқинлик ва тақво ойи. Қурбат ва раҳмат ойи. Аллоҳ рўзани инсоннинг Раббисига бўлган тоатида иродасини мустаҳкамлаш, қалбида ихлосни ундириш, Холиқи билан алоқасини амалга ошириш ва ўзидаги бандалик маъноларини юзага чиқариш учун машруъ қилган.


Агар ибодатлар, улар қатори рўза ҳам, Аллоҳ азза ва жалла ирода этган йўсинда амалга оширилса, улар мўминдан нодир ва буюк шахсиятни пайдо қилади; нафслар унга интилади, кўзлар унга қадалади ва унинг нуридан қалблар ҳидоятланади. 

Агар ибодатлар Аллоҳ азза ва жалла ирода этган йўсинда амалга оширилса, улар мўминнинг ақли ва қалбини баробар ёруғ, кўзи ва кўнглини тенг ўткир қилади. Шу сабаб энди унинг фикрати ва ҳиссиёти бир-бирига қучоқ очади. Қайси бири олдин эканини билмайсиз: Рост одобими ёки гўзал маърифатими? Қайси бири ажойиб эканини билмайсиз: Уйғоқ руҳининг маҳсулими ёки ўткир ақлининг фаросатими?

Агар ибодатлар Аллоҳ азза ва жалла ирода этган йўсинда амалга оширилса улар мўминни кенг фикрли, ўткир назарли, соғлом муҳокамали, қилади. Уни саодатга шундай кўмдирадики, заминнинг ҳиссий фароғатлари бу саодатдан уни буролмайди. Уни шундай асл ахлоқли этадики, бу ахлоқни энди жимжимали олтин қуймалар ҳам, қон томувчи жаллод қамчилари ҳам йўқ қилолмайди.

Ҳақиқий мўмин маҳкамликда тоғдек, салобатда тошдек, зиёда қуёшдек, қайнашда вулқондек, тубсизликда баҳрдек, софликда осмондек, гўзалликда баҳордек, тиниқликда сувдек, ҳаёда бокирадек ва соддаликда гўдакдек бўлади.

Рўза инсоннинг ўз нафсига ғолиб келиши ва бунинг оқибатида уни абадий саодат томон бошласин учун фарз бўлган. Фаришта шаҳватсиз ақлдан таркиб топган. Ҳайвон ақлсиз шаҳватдан таркиб топган. Инсон эса икоовидан таркиб топган. Агар унинг ақли шаҳватидан илгариласа, фаришталардан устун бўлади. Агар шаҳвати ақлидан ўтиб кетса, ҳайвондан тубан тушади.

Рамазонда нафсга ғолиб келиб, йилнинг қолганида унинг олдида ожиз бўлиш қаҳрамонлик эмас! Балки қаҳрамонлик ана шу ғалабани замон ва макон ўтиб, даврон оша сақлаб қолишдир!

Тилларимизни Рамазонда тийиб, ғийбат, чақимчилик ва ёлғондан поклаб, сўнг Рамазондан кейин уни эркига қўйишимиз қаҳрамонлик эмас! Балки қаҳрамонлик модомики жонимиз танамизда экан тилларимиз мустақим бўлишидир! 

  Рамазонда кўзларимизни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан юмиб, номашруъ ишлардан шаҳватларимизни жиловлашимиз, сўнг Рамазондан кейин олдин қандай бўлган бўлсак ўша ҳолимизга қайтишимиз қаҳрамонлик эмас! Балки қаҳрамонлик ҳамма аъзоларимиз гуноҳлардан Рамазонда ҳам, Рамазондан кейин ҳам рўза тутмоқлигидир. Якка Эгамга қайтгунича ҳеч рўзасини бузмаслигидир.

Рўзамиз зараримизга қайтмаслиги учун Рамазон ичи ҳалолни қасд қилмоғимиз, сўнг одатимиз ва кундалик турмуш тарзимизга кўра Рамазондан кейин унга парво қилмаслигимиз қаҳрамонлик эмас! Балки тақводорлик собит асосимиз ва доимий сулукимиз бўлиши қаҳрамонликдир.

Рамазон ойи ҳурматидан Аллоҳ рози бўлмайдиган мажлислардан узоқлашишимиз, сўнг гўё Аллоҳ бошқа ойларда, йилларда бизни назорат қилмайдигандек уларга қайтишимиз қаҳрамонлик эмас!

Мудом рўзадор эканмиз вожиботларимизни, амалларимизни адо қилишда Аллоҳни муроқаба этишимиз, сўнг Рамазон ойи билан хайрлашар эканмиз, бунда нафсимиз ҳақларини устун кўришимиз қаҳрамонлик эмас! Агар шундай қилса инсон рўза ҳақиқати ва ислом жавҳарини англамаган бўлади. У гўё эгалари боғлаб қўйиб, кейин қўйворилган туяга ўхшаб қолади. Туя нимага боғландию, нимага қўйворилди, фаҳмламайди. Бу инсон ҳам нимага рўза тутдию, нимага оғзини очди, англамайди.


Манбалар асосида Мубашшир Аҳмад тайёрлади. Иншааллоҳ Рамазон ойига бағишланган туркум мақолалар муборак ой давомида бериб борилади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таровеҳ намози САВОБ Таровеҳ намозининг ҳукми нима ЖАВОБ Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган давоми...

13906 05:00 / 13.01.2017
Ҳорибтолиб, ниҳоят тунамоққа чоғланган эдим. ...Бу виқорли тоғда пайдо бўлиб қолганимга ҳеч ҳам ақлим бовар қилмайди. Ёнбошлаганча, ўнг томондан сузиб келаётган давоми...

4408 05:00 / 11.01.2017
...Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик давоми...

34569 05:00 / 11.01.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Карим Бақара сурасида шундай марҳамат қилади .Иймон келтириб яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар давоми...

4343 11:00 / 10.03.2025