1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Амалнинг қабул бўлгани аломати (2-қисм)

16:27 / 20.05.2018 4162 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир» (15-оят).

Ҳа, инсон ҳар бир нарсада – дунёга келишида ҳам, нафас олиши ва нафас чиқаришида ҳам Аллоҳга муҳтождир. Агар Аллоҳ инсоннинг нафас олиш ёки чиқариш эҳтиёжини қондирмаса, одам ўша заҳоти тамом бўлади. Озиқ-овқат ейиш, ичимлик ичиш ва уларнинг чиқиндисини чиқаришга ҳам шундай муҳтожлик бор. Шунингдек, тоат-ибодат ва солиҳ амал қилишда ҳам Аллоҳ таолога муҳтождир. Бошқа барча иш ва ҳолатларни ҳам шунга таққосласа бўлади.

Инсоннинг энг катта эҳтиёжларидан бири – икки дунё саодатига эришишдир. Шу эҳтиёж юзасидан Пайғамбар юборилди, илоҳий дастур – Қуръон нозил қилинди. Илоҳий кўрсатмаларга амал этиб, ибодат қилиб яшаган инсоннинг бу эҳтиёжи ҳам қондирилади. Билиб қўйиш лозимки, ҳар кимнинг ибодати ўзи учун, Аллоҳнинг бировга ҳам, унинг ибодатига ҳам ҳожати йўқдир. Чунки

«Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, ҳамма Унга муҳтождир. Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг мақтовига ҳам зор эмас, Аллоҳ Ўзи аслида мақталган Зотдир.

Ушбу ҳикматнинг асосий мақсади, банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун адо этадиган тоат-ибодат ва солиҳ амалнинг қабул бўлиши масаласидир. Зотан, баъзиларнинг амали қабул бўлади ва баъзиларнинг амали қабул бўлмайди.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир» (27-оят).

Инсоннинг тоат-ибодати ва яхши амалларининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши амал эгасининг тақводор эканини англатади.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:

«Ва қилган амалларига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборамиз» (23-оят).

Бандаларнинг бу дунёда қилган баъзи бир яхши амалларидан умидлари бўлиши мумкин. Аммо амалнинг қабул бўлиш шартлари юзага чиқмагунча, у ишлар мутлақо фойда бера олмайди. Қиёмат куни Аллоҳ таоло у амалларни тўзон каби сочиб юборади.

Шунинг учун ҳам солиҳ бандалар солиҳ амалларни қилиб қўйиб, хавфу ражо орасида турадилар. Амаллари қабул бўлмай қолишидан хавф қиладилар ва қабул бўлишидан умидвор бўладилар.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи амаллар самарасининг бу дунёнинг ўзидаёқ кўриниб туриши уларнинг қабул бўлиши аломати эканини таъкидламоқда.

Қуйида банданинг қилган амали қабул бўлганига аломат бўладиган нарсалар ҳақида зикр қилинган баъзи далиллар ва сўзларни келтирамиз.

– Намознинг қабул бўлиши аломатларидан бири намозхоннинг фаҳш ва мункар ишлардан қайтишидир.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур» (45-оят).

Бу оятда ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши таъкидланмоқда. Демак, намоз ўқиганидан кейин фаҳш ва мункар ишлардан қайтиб қолган одамнинг намози қабул бўлган бўлади.

– Иймоннинг аломатларидан бири мўмин кишининг жамоат намозидан қолмай, масжидга қатнашга аҳд қилганидир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, бир кишининг масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз, унинг иймони ҳақида гувоҳлик берингиз. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, намозни тўкис адо қилса ва закотни берса, Аллоҳнинг масжидларини обод қилади», деган», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу оятдаги «Аллоҳнинг масжидларини обод қилиш» деганда моддий ва маънавий обод қилиш назарда тутилган. Моддий обод қилишга масжидларни қуриш, чиройли ва озода тутиш каби ишлар киради. Маънавий обод қилишга эса уларда намоз ўқиш, тиловат қилиш, зикр қилиш каби маънавий ишлар киради. Демак, масжидларни маънавий обод қилишга уринган одамда Аллоҳга ва охират кунига иймон бўлиши турган гаплиги оятда ҳам келган экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай одамнинг иймони ҳақида гувоҳлик беришга ишора қилмоқдалар.

– Рўзанинг қабул бўлгани аломатларидан бири ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўйишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар»

Бухорий ривоят қилган.

Ислом дини ва таълимотига кўра мусулмон инсон тилини доимо ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уламоларимиз «Ушбу ҳадисдаги «ёлғон гапириш»га ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бўҳтонлар ҳам киради», дейдилар. Шунингдек, «Унга амал қилиш деганда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир ишни қилиш тушунилади», дейдилар.

Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Зотан, ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб, ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бўҳтон сўзларни гапираверишдан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор? Ёки унинг оч қолишига, чанқашига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми?

– Ҳажнинг қабул бўлганининг аломатларидан бири инсоннинг аввалгидан яхшилик томонга тубдан ўзгаришидир. Бундай инсон ҳеч қачон гуноҳ ишларга қўл урмайди. Шунингдек, ҳажнинг қабул бўлгани аломати аввал қилиб юрган маъсиятларнинг барчасини тарк қилиш, ёмон улфатларнинг ҳаммасидан узоқлашиб, яхшиларини топиш, лағв (беҳуда ўйин-кулги) ва ғафлат мажлислари ўрнига зикр ва сергаклик мажлисларини қуришдир.

– Тоатнинг қабул бўлгани аломатларидан бири унинг ортидан яна тоат қилишдир. Тоатнинг қабул бўлмагани аломати унинг кетидан маъсият қилишдир.

– Солиҳ амалнинг қабул бўлгани аломатларидан бири унинг кетидан яна солиҳ амал қилишдир. Солиҳ амалнинг қабул бўлмагани аломати унинг кетидан гуноҳ амал қилишдир.

– Амални одоб билан адо этиш амалнинг қабул бўлгани аломатларидан биридир.

– Зикрнинг қабул бўлгани аломатларидан бири банданинг қалбида Аллоҳ таолонинг кўриб турганини ҳис қилиш малакаси пайдо бўлишидир. Зикрнинг фақат тилда қолмай, дилга ҳам таъсир қилишидир.

– Қуръони Карим тиловатининг қабул бўлгани аломатларидан бири банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида турганини ва У Зот унга ушбу калом билан хитоб қилаётганини ҳис қилишдир.

Амалнинг қабул бўлиши шартларининг тўлиқ мавжудлиги тананинг баркамоллигига ўхшайди. Аммо тананинг ўзи билан иш битмайди. Унга жон керак. Банда қиладиган солиҳ амалнинг жони ихлосдир. Ҳар бир амални Аллоҳ таолонинг розилиги учун холис қилишдир. Амалда Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч нарсани хаёлга келтирмасликдир.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин» (110-оят).

Эътиқодда ҳам, амалда ҳам фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ихлос қилсин, Аллоҳнинг айтганини қилсин.

Бандаларнинг тоат-ибодатлари ва турли солиҳ амаллари, шариат таълимотларини маҳкам тутишлари уларга икки дунё саодатини келтириши мазкур тоат-ибодат ва солиҳ амалларнинг қуруқ адо этилишида эмас, балки уларда Аллоҳ таолонинг Ўзига ихлос ила бўйсунишдадир.

Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида марҳамат қилади:

«...Бас, Робблари уларга ваҳий қилдики: «Қасамки, золимларни албатта ҳалок қилурмиз. Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса ҳузуримда туришдан хавф қилганлар ва ваъидимдан қўрққанлар учундир» (13-14-оятлар).

Аллоҳ таоло солиҳ бандаларнинг кўнгилларини тинчлантириб, башорат берди. «Биз золимларни ҳалок қиламиз», деди. «Биз»га урғу бериб айтди. Золимларнинг албатта ҳалок бўлишларини таъкидлади. «Ўшаларни ҳалок этгандан сўнг, у ерга сизларни, яъни пайғамбарларни ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларни жойлаштирамиз», деди. «У ерга кимки Менинг мақомимдан қўрқса, такаббурлик қилмаса, ўзидан кетиб, ҳаддидан ошмаса, Менга ихлос қилса, ўша жойлашади», деди. «У жойга кимки Менинг золимларни ҳалок қилиш ҳақидаги таҳдидларимдан қўрқса, шуни эслаб, ўзини зулмдан сақласа, бировга зулм этмаса, ер юзида фасод қилмаса, ўша ўрнашади», деди.

Аллоҳ таоло Раҳмон сурасида марҳамат қилади:

«Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор» (46-оят).

Бу дунёнинг жаннати ҳам бор. Охиратнинг жаннати ҳам бор. Улар Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш борлигидан, ҳисоб-китоб борлигидан, қилганига жавоб бериш борлигидан қўрққанлари учун тоат-ибодатни ва солиҳ амалларни холис Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилганлари боис, мазкур саодатга сазовор бўладилар.

– Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, ихлос билан ибодат ва солиҳ амалларни қилганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам амалларининг самарасидан баҳраманд бўлишлари муқаррардир.

Хаббоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳнинг розилигини тилаб, ҳижрат қилдик. Бизнинг ажримиз Аллоҳнинг зиммасига тушди. Бас, орамизда ажридан (мол-дунёсидан) ҳеч нарса ея олмай ўлганлар ҳам бўлди. Биздан кимнингдир меваси пишиб етилди ва ул уни териб олди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло барчамизга тоат-ибодатимизни ва солиҳ амалларимизни ихлос билан адо этиб, уларнинг самарасидан бу дунёда ҳам, охиратда ҳам баҳраманд бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга давоми...

3742 21:04 / 18.02.2018
Тоатинг мукофотига У Зот сени унга аҳл дея рози бўлишининг ўзи кифоядир.Подшоҳ фақатгина Ўзи икром кўрсатишни истаган шахснигина қабулига чақиради ва улуғлашни давоми...

3813 10:14 / 04.12.2017
Хулқ луғатда характерrdquo, феълатворrdquo маъноларини англатади. Истилоҳда Мақталадиган ё ёмонланадиган белгилари орқали билиниб турадиган бандадаги доимий сифат давоми...

3948 18:02 / 20.01.2018
Ҳадис. .Дўзах аҳлининг баданларини қичима қоплайди. Бас, улар қашланадилар. Ҳаттоки улардан бирининг қашланавериб териси тушиб, суяги кўриниб қолади. Унга .Бу давоми...

3579 14:28 / 15.03.2018