1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари (11-қисм)

16:10 / 06.03.2018 4689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

13. Ибрат мақсадида ғийбат қилиш. Одамларга ибрат бўлиши учун бирор тирик ёки ўлган кишига берилган жазони гапириб ғийбат қилиш мумкин. Масалан, одамлар бахиллик сифатидан сақланиши учун фалончи жаҳаннамга киришга лойиқ, чунки у бахил ёки фалончи одам ҳаётлик вақтида кўп гуноҳ қилар эди, ўлганидан кейин азобга мубтало бўлса керак ёки фалончи одам ўлганидан кейин юзи қорайиб кетди ёки қабр азобига дучор бўлса керак, чунки у фалон гуноҳни қилар эди дейиш ва ҳоказо. Лекин бу айбларни баён қилишдан мақсад уни таҳқирлаш ва пастга уриш бўлмаслиги, балки одамларга ибрат бўлишини кўзда тутиш лозим.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар (ва одамларга ибрат бўлиши учун): «Бу иккови (қабр эгалари) азобланмоқда, лекин катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Буниси (биринчи маййит) пешобидан сақланмас эди, буниси (иккинчи маййит) эса чақимчилик қилар эди», дедилар.[1]

Ҳикоя. Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлгач, Умар ибн Абдулазизни ўзига вазир ва маслаҳатчи қилиб олди. Ҳажжожнинг вазири бўлган Язид ибн Абу Муслимни эса ўзига котиб қилмоқчи бўлди. Умар ибн Абдулазиз: «Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ учун сиздан ўтиниб сўрайман, Язидни котиб қилиб, Ҳажжожнинг зикрини қайта тирилтирманг», деди. Халифа: «Эй Умар, мен унинг бирор дирҳам ёки динорга хиёнат қилганини кўрмаганман-ку?» деди. Умар ибн Абдулазиз: «Эй мўминларнинг амири, дирҳам ва динорга хиёнат қилмасликда иблис ундан ҳам иффатлироқ, лекин у ҳаммани адаштириб, йўлдан урди-ку? Молга хиёнат қилмасликнинг ўзи инсоннинг яхши одам эканига далолат қилмайди», дедилар. Буни эшитган Сулаймон ибн Абдулмалик Язидни котиб қилиш ниятидан қайтди.[2]

Ҳикоя. Бир куни Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ қиёматни эслаб, ҳушларидан кетгунча йиғладилар. Кейин эса кула бошладилар. Одамлар бунинг сабабини сўрашса, у киши: «Тушимда қиёмат қоим бўлибди. Бир жарчи: «Абу Бакр Сиддиқ қаерда?» деб нидо қилди. У киши олиб келинди ва енгил ҳисоб қилингач, жаннатга киришлари буюрилди. Сўнг Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум ҳисоб-китобга чақирилдилар. Кейин жарчи: «Умар ибн Абдулазиз қани?» деб чақирган эди, мен юзим билан ерга йиқилдим. Икки фаришта келиб, мени Аллоҳнинг ҳузурига турғизди. У Зот мени енгил ҳисоб қилиб, сўнг ҳолимга раҳм қилди. Икки фаришта билан турганимда бир ўлимтикка (мурдага) кўзим тушди ва ундан: «Сен кимсан?» дея сўрадим. У: «Мен Ҳажжожман», деди. «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?» деб сўрасам, «Унинг азоби қаттиқ экан. Энди муваҳҳидлар (Аллоҳни бир деб эътиқод қилувчилар) интизор бўлган нарсага, яъни Аллоҳнинг кечиримига мен ҳам интизор бўлиб, кўз тутиб турибман», деди.[3]

Эслатма. Уламолар Ҳажжожнинг кофирлиги тўғрисида ихтилоф қилишган, лекин юқоридаги нақл унинг мўмин бўлиб вафот этганига ишора қилмоқда, чунки у мўминлар кўз тутган раҳматга мунтазир эканлигини айтган. Агар у кофир бўлса, бу гапни айтмаган бўлар эди. Валлоҳу таоло аълам.

Ҳикоя. Мадиналик бир кишининг шаҳар четида яшайдиган синглиси бор эди. У қаттиқ бемор бўлиб қолди. Акаси ундан хабар олиб турди. Охири у вафот этди. Уни кафанлаб, қабрга олиб бориб, дафн қилдилар. Ака уйга қайтгач, ҳамёни қабрда тушиб қолганини эслади. Бир дўстидан ёрдам сўраб, қабрга бирга боришди. Уни кавлаб, ҳамёнини олишди. Сўнг у дўстига: «Нарироқ тур, қарай-чи, синглим қай аҳволда экан», деди. Лаҳад устидаги ғиштлардан бирини олгач, қабр ичи оловга тўлиб ётганини кўриб, уни беркитиб, текислаб қўйди. Сўнг онасининг ёнига бориб, синглиси ҳаётлик чоғида нима ишлар қилганини сўради. У: «Синглинг вафот этган бўлса, нима учун бу ҳақда сўраяпсан?» деди. Акаси қабрда кўрган нарсаларни айтиб бергач, онаси: «У намозни кечиктирар, уни мукаммал таҳорат билан адо этмас, шу билан бирга тунда қўшниларнинг гапини пойлаб, эшитиб олар, сўнг уларнинг ўртасида чақимчилик қилар эди. Қабридаги азобнинг сабаби шу бўлса керак», деди.[4]

Ҳикоя. Язид дунёдан ўтган куни одамлар унинг васиятига кўра ўғли Муовияни халифа этиб кўтаришди. У ниҳоятда тақводор, оқил киши эди. Қирқ кун (бир ривоятда икки ой, яна бошқа ривоятда беш ой) халифалик қилгач, истеъфо бериб, ўзини халифаликдан бўшатди. Сўнг минбарга чиқиб, анча сукут сақлаб ўтирди ва ўрнидан туриб, Аллоҳ таолога ўта гўзал тарзда ҳамду сано айтди. Ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда чиройли салавот ва саломлар билан эслади. Кейин шундай деди: «Эй одамлар! Менинг сизларга амир бўлишга рағбат ва хоҳишим йўқ. Бобом Муовия уни (амирликни) Расулуллоҳга қариндош бўлганлиги ва буюк фазли туфайли халифаликка ўзидан ҳам, бошқалардан ҳам лойиқроқ бўлган инсондан тортиб олди. У зот муҳожирларнинг қадри энг улуғи, қалби энг шижоатлиси, энг илмлиси, иймонда энг аввалгиси, обрўда энг шарафлиси, саҳобаликда энг қадимгиси эди. Ўзингиз билганингиздек, бобом ана шу ишларни қилди, шундай улуғ одам билан урушди. Сизлар ҳам ўзингиз билмаган ҳолда у кишига шерик бўлдингиз. Ҳатто ишлар бобомнинг қўлига ўтди. Қазои қадар келиб, ажал қўли у кишини тортиб олиб кетгач, ўз амали билан қабрида ёлғиз қолди. Дунёда қилган амалларининг жазосини кўрди. Кейин эса халифалик отам Язидга ўтди. У киши отасининг хоҳишига кўра сизларга бошлиқ бўлди. Отам Язид ёмон феъли ҳамда ўз нафсига қилган зулми сабабли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига халифалик қилишга муносиб эмас эди. У ҳавойи нафсига эргашди, ўз хатосини гўзал санади, Аллоҳнинг қаршисида журъатли бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларининг ҳурматига тажовуз қилди. Шунинг учун ҳаёти ҳам узоққа чўзилмади, ортидан нишонаси ҳам қолмади. Энди қабр чуқурида амали, хатолари ва гуноҳларига жавобгар бўлиб қолди, у ерда ўзи жўнатган нарсаларини топди. Энди эса пушаймонлик фойда бермайдиган жойда пушаймон бўлмоқда. Биз ундан ажраганимизга маҳзунмиз, аммо аслида унинг ҳолига ачинганимиздан маҳзун бўлишимиз лозим эди. Кошки (қабрда) унинг нима деганини ва унга нима дейилганини билсам. Ёмонликлари учун жазоландими ёки амали учун мукофотландими, мана шу менинг гумонимдир». Муовия бу гапларни айтиб, ҳўнграб юборди, узоқ йиғлади. Сўнг: «Энди мен уларнинг учинчиси бўлдим. Биламан, мендан норози бўлганлар рози бўлганлардан кўпроқ. Мен сизларнинг гуноҳларингизни кўтара олмайман. Илоҳим, Аллоҳ жалла жалолуҳу сизларнинг гуноҳ ва масъулиятингизни ўзимга юклаб олганимни кўрмасин. Бу ишни (раҳбарликни, давлатни) мендан олиб, уни устингизда раҳбар бўлишига рози бўлган одамингизга топширинглар. Мен сизларнинг бўйнингиздан байъатимни қайтариб олдим. Вассалом», деб минбардан тушди.[5]

Ҳикоят. Абдулвоҳид ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир йили ҳажга бордим. Ўтирса ҳам, турса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтадиган бир одам йўлда менга йўлдош бўлди. Ундан нима учун бу қадар кўп салавот айтишининг сабабини сўрасам: «Сенга бунинг қиссасини айтиб бераман. Мен отам билан биринчи марта ҳаж қилгани бориб, ҳажни тамомлаб қайтаётганимизда бир жойда ухлаб ётсак, тушимда бир киши келиб: «Тур, Аллоҳ отангни ўлдириб, юзини қорайтирди», деди. Чўчиб уйғондим. Қарасам, отам ҳақиқатдан ҳам вафот этибди, юзини очсам, юзи ҳам қорайиб кетган экан. Бу ҳолни кўриб, қўрқиб кетдим. Ғамгин бўлиб ўтирган эдим, кўзим кетиб, яна ухлаб қолибман. Тушимда қўлида темир ушлаб, отамнинг бошида турган қора суратли тўрт одамни кўрдим. Бирдан ниҳоятда юзи чиройли, яшил либос кийган одам пайдо бўлди-да, уларни: «Нари боринглар», деб ҳайдаб юборди. Сўнг қўли билан отамнинг юзини силади ва менга: «Тур, отангнинг юзи оқарди», деди. У кишидан: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз кимсиз?» деб сўрадим. У киши: «Мен Муҳаммадман», деди. Уйғониб, отамнинг юзини очиб қарасам, оқариб қолибди. Шундан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни ҳеч тарк қилмадим», деди.[6]

Бу ҳикоядан ҳам одамларни огоҳлантириш учун вафот этган кишининг ёмон сифатларини айтиш дуруст экани маълум бўлади. Акс ҳолда, Абдулвоҳид ибн Зайд мазкур одам отасининг юзи қорайиб қолганини айтаётганида ундан хафа бўлган ва ғийбат қилишни ман қилган бўлар эди.

Насиҳат. Биродарларим! Бу гапга эътибор билан қаранг. Охират хавфидан нажот топиш учун салавоти шарифни кўп айтишга одатланинг. Дилингизда барча гуноҳкорларнинг шафоатчиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат пайдо қилинг, шояд, қиёмат кунидаги ҳалокатдан омонда бўлсангиз. Агар ҳар доим салавот айтолмасангиз, бўш вақт топишингиз билан фурсатни зое қилиб, бекор ўтказиб юборманг. Агар бунга ҳам имконингиз бўлмаса, бирор мажлисда у зотнинг муборак номлари тилга олиниши билан салавот айтиб, тилингизни ширин қилиб олинг. Шак-шубҳасиз, доим салавот айтиб юрган одам ўлганда юзи қораликдан сақланади, қиёмат куни унга шод бўлиб кулмоқлик бахти насиб бўлади. Бу замондаги одамларнинг қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатдан холи бўлгани сабабли, Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан ҳам холидир. Зеро, киши ҳабибни (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни) яхши кўрмагунича муҳибни (Аллоҳ таолони) сева олмайди. Шунинг учун мажлисларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр этилса, аксар одамлар салавот айтмасдан, тўрт оёқли ҳайвонга ўхшаб, жим ўтираверишади. Бу эса умматга ярашмайдиган, ачинарли ҳолатдир. Аллоҳ таоло доимо тилимизда салавот бўлишини, қалбимиз эса он Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат билан тўлиб-тошишини насиб айласин! Омин.


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Сунани Термизий», 70-ҳадис.

[2] Дамирий, «Ҳаётул ҳайвон».

[3] Сафурий, «Нузҳатул мажолис», «Адл» боби.

[4] «Танбеҳул ғофилин».

[5] Дамирий, «Ҳаётул ҳайвон».

[6] «Иҳёу улумид-дин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.ndash Ражо ndash умид ndash қалбнинг келажакда ҳосил бўлиши тама қилинаётган нарсага уни ҳосил давоми...

5382 19:41 / 24.07.2017
Қадимдан ахлоқ илми уламолари .Одамдаги хулқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга жавоб беришда давоми...

4430 15:34 / 24.10.2017
Ҳали, мен сизларга айтаётган гапларни эслайсизлар.. Ўтган ҳафта мен сизларга кимки ширк келтирмай Аллоҳга рўбарў бўлса, Аллоҳ таоло унга дўзах ўтини ҳаром давоми...

4693 17:18 / 13.12.2017
Аллоҳ таоло айтади .Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими Бас, ундан давоми...

4693 18:51 / 10.03.2018