1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Умр эвазсиз ва бебаҳо неъматдир

18:52 / 05.08.2017 4988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умрингдан ўтганининг эвази йўқдир. Ундан сен  учун ҳосил бўлган нарсанинг баҳоси йўқдир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида банда учун энг азиз бўлган неъматлардан бири бўлмиш умр неъматини зое қилмаслик, унинг қадрига етиш ҳар бир мўминнинг таъкидланган бурчи эканини олдинга сурмоқда.

Мўмин-мусулмон инсоннинг ўз ҳаётини тартибга солишида, ишларининг баракотли бўлишида, ибодатларининг қабул бўлишида, турмушининг гўзал бўлишида, бу дунё ва охиратда бахту саодатли бўлишида, хуллас, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида исломий маърифат керак, илм керак. Ана шунда ҳамма иш яхши, тўғри йўлга қўйилган бўлади.

Ҳар биримиз билишимиз лозим бўлган нарсалардан бири шуки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизни яратиб, баркамол инсон шаклига келтириб қўйгач, ўз ҳолимизга ташлаб қўймаган. Меҳрибон Роббимиз сизу бизни яратиш билан бирга, доимий равишда риоямизни қилиб, ҳамма тарафдан бизни ушлаб туради, тўғри йўлга йўллаб туради ва Ўзининг буюк неъматлари билан қамраб туради. Биз ҳар биримиз Аллоҳнинг ана шундай буюк неъматларига сазовор бўлган бандалармиз.

Оддийгина мисол: бир марта нафас олмай ёки нафас чиқара олмай қолсак, ҳаётимиз тугайди. Демак, Аллоҳ ҳар сонияда бизни тутиб, аъзои баданимизни ҳаракатга келтириб туради. Мана, мен гапириб турибман. Шу лаҳзада юрагимнинг уриши тўхтаса, ҳаётимга якун ясалади. Ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Мўмин инсон мана шу муҳим ҳақиқатни доимий равишда ҳис қилиб яшаши керак.

Аллоҳ бизни ҳадсиз-ҳисобсиз, чексиз-чегарасиз неъматлари билан қамраб турибди. Нафас олишимиз ҳам, кўзимизнинг кўриши ҳам, тилимиз қимирлаб, оғзимиздан овоз чиқиши ҳам Аллоҳнинг неъматидир. Шу неъматни ишга солиб гапиряпмиз, лекин бу овоз қаердан, қандай қилиб чиқади, ўзимиз билмаймиз. Бу – Аллоҳ таолонинг қудрати, биз бандаларига марҳамати, иноятидир. Шунинг учун биз бу неъматларни фақатгина Аллоҳ таоло беришини тушуниб етишимиз, ўша неъматни зое қилмаслигимиз, ўша неъматнинг шукрини адо этмоғимиз матлубдир.

Неъматнинг шукрини адо этиш икки қисм бўлади: биринчиси – маънавий, иккинчиси – амалий шукр.

Маънавий шукр – неъмат берган Зотга берган неъмати учун ҳамду сано, мақтов айтишдир. «Аллоҳ менга жон, тан, қўл, кўз ва бошқа санаб, саноғига етиб бўлмайдиган неъматларни берди, шуларнинг шукрини адо қилишим лозим», деган тушунчада бўлиш ва бунга амал қилиш маънавий шукрдир.

Амалий шукр – берилган неъматни ушбу неъматни берган Зот қандай ирода қилган бўлса, шундай тасарруф қилишдир.

Ўзимизнинг бандалигимизни, ожизу нотавон, заиф, ҳожатманд, хор-зорлигимизни англаб етиб, бугунги кунимизга инсоф билан назар солайлик-чи, Аллоҳ таолонинг сон-саноқсиз неъматларини ҳалол йўлда сарфлаяпмизми? Уларнинг қадрига етиб, шукрини ўрнига қўйяпмизми? Албатта, йўқ. Бу эса бизнинг бандалик мақомимизга тўғри келмайди.

Ўша буюк неъматлардан бири – умр неъматидир. Ҳозирги кунда «Умр нима?» деган саволга жавоб берадиган одам борми, йўқми, билмайман. Аксариятимиз бу неъматнинг асл моҳиятини тушунмаймиз. Эҳтимол, ўтган уламоларимизнинг таърифларидан имконим етганича ўрганганларимни айтсам, бир оз тушунча ҳосил қилсак керак.

«Умр» арабча сўз бўлиб, унинг луғавий маъноси «обод бўлиш»дир. Хўш, инсоннинг умри қандай қилиб обод бўлади?

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонга жон ато этган, унга ҳаёт берган. Онадан туғилган чақалоқ йиғладими, демак, унинг жони бор. Аллоҳ таоло шу берган жон неъматига вақт неъматини ҳам қўшса, иккови қўшилиб умр бўлади. Жонни берса-ю, вақт бермаса, бола онадан туғилиши билан ўлиб қолади. Демак, умрнинг формуласи ­«ҳаёт + вақт = умр» экан.

Инсон туғилиб, бу дунёда яшаса, ҳаёти обод бўлади. Онасини эмиб, ҳаёти обод бўляпти, онасининг қучоғида туриб, ҳаёти обод бўляпти. Умри ўтган сайин ободлик ҳам давом этяпти. Умр – инсон учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан берилган неъматларнинг энг буюкларидан биридир. Умр бўлмаса, инсон тирик бўлмаса, унга бошқа неъматларнинг кераги бўлмай қолади. Вафот этган инсон қандай неъматга эга бўлиши мумкин? Демак, бошқа неъматларга эга бўлиш учун аввало умр неъмати керак экан. Шундай экан, бу улуғ неъматнинг шукронаси ҳам шунга яраша бўлиши керак. Хўш, биз шу умр неъматининг эвазига яраша шукрни адо эта оляпмизми? Биз мана шу ҳақда ўйлашимиз лозим. Умр неъмати қанчалик аҳамиятли эканини англаб етиш учун билиб қўйишимиз керакки, Расули Акрам алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида охират бўлиб, қиёмат қоим бўлганида бандадан энг аввал сўроқ-савол қилинадиган нарсаларнинг ичида умр неъмати бордир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни Одам боласининг қадами Робби азза ва жалланинг ҳузуридан то У Зот ундан  беш нарса ҳақида сўрамагунича узилмас: умридан, уни нимага сарфлагани ҳақида; ёшлигидан, уни нимада ўтказгани ҳақида; молидан, уни қаердан касб қилди-ю, нимага инфоқ қилгани ҳақида ва илмига қандай амал қилгани ҳақида».

Термизий ва Табароний ривоят қилишган.

Демак, қиёматда бандадан албатта умри ҳақида сўралади. Умри ҳақида сўралганда, уни нимага сарфлагани ҳақида сўралади. Бинобарин, сиз билан биз қиёмат куни бу азиз умримизнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралишимиз ҳақдир. Бу савол-жавобдан қочиб қутулиб бўлмайди. Умрнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралар эканмизми, демак, яшаб ўтган ҳар  лаҳзамизнинг жавобини беришимиз лозим. Жавобимиз тўғри чиқиши учун эса бу неъматнинг қадрини билишимиз ва шукрини адо этишимиз керак.

Аввало, юқорида айтиб ўтилганидек, шукрнинг биринчи, маънавий қисмини адо этишимиз – бизга шу азиз умрни берган Зотга – Аллоҳ таолога тинимсиз шукрлар қилишимиз керак. Шукрнинг амалий қисми эса Аллоҳ берган бу азиз умрни У Зот Ўзи кўрсатганидек яшаб ўтиш билан амалга ошади. Ана шунда қиёмат куни «Умрингни нимага сарфладинг, уни қандай ўтказдинг?» деб сўралганида, «Роббим, Ўзинг кўрсатган йўл билан ўтказдим», дея оламиз. Бунинг учун эса жиддий тайёргарлик кўришимиз, яшаётган умримизнинг ҳар бир сонияси, ҳар бир лаҳзаси ҳақида сўралишимиз муқаррарлигини доимо ёдимизда тутган ҳолда ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Буни ҳар биримиз яхши билишимиз лозим.

Бу масала улкан ҳақиқат бўлгани учун уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим унга жуда катта эътибор беришган. Руҳий тарбия машойихлари мўмин-мусулмон инсон азиз умрини зое қилмаслиги учун, бу умрнинг ҳар бир лаҳзасидан самарали фойдаланиб яшаб ўтиши учун оятлар, ҳадислар, ижтиҳодлар самараси ўлароқ, «муҳосабатун нафс» деган режани – катта барномани ишлаб чиқишган.

«Муҳосабатун нафс»нинг оддий, лўнда таржимаси «ўзини ўзи тергаш» деганидир. Ҳар бир мўмин-мусулмон инсон умрини зое қилмаслик учун, бу умрдан  тўла ва самарали фойдаланиш учун ўзини ўзи тергаш қоидасини кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириб олиши керак. Бу қандай қоида? Бу қоида худди тожирларнинг молиявий ҳисоб-китобига, сарҳисобига ўхшайди.

Тижоратчилар эрталаб бориб, дўконини очиб, куни билан савдо қиладилар. Кечқурун бозор бўшаб, дўкон ёпилганидан кейин эса ҳисоб-китоб қиладилар, «Бугун умумий савдо қанча бўлди? Савдонинг қанчаси нақд, қанчаси насия бўлди? Қайси молдан қанча сотилди, қанча қолди? Бугунги савдо кечагидан кўп бўлдими, озми? Эртанги савдони бугунгидан кўра кенгайтириш учун нима қилиш керак?» деган саволларга жавоб ахтарадилар. «Бугун савдо фалон сўм бўлибди, кечагидан шунча ортиқ. Шунчаси нақд бўлибди, шунчаси насия бўлибди. Фалон молдан мунча, фалон молдан мунча сотилибди. Демак, манави кўп сотилганидан яна тайёрлаб қўйиш керак, эртага харидорлар келиб, яна сўрашади», деган хулосаларни қиладилар. Шунингдек, савдонинг натижасига қараб, «Манави мол унчалик ўтмай қолди, уни ўтказиш учун нима қилиш керак? Тарғибот учун кўзга кўринадиганроқ жойга илиб қўяйликмикан», деган режалар қилинади, эртанги кун учун тайёргарлик кўрилади. Тижоратчи одам бугун кечагидан кўра кўпроқ савдо қилганига хурсанд бўлади, эртага бугунгидан кўра кўпроқ савдо қилиш режасини тузади.

Умр савдоси ҳам худди шундай. Банда бир кунини ўтказди. Хуфтонини ўқиди, ҳамма иши битди, энди уйқу вақти келди. Ухлашдан олдин ётган жойида бир кунлик қилинган амалларнинг ажру савобини, хатою гуноҳини сарҳисоб қилсин. «Эрталаб турдим. Алҳамдулиллаҳ, бомдодга ухлаб қолмабман. Таҳоратни қилдим, мунча савоб олдим. Икки ­ракъат намоз ўқидим, мунча савоб олдим. Масжидга жамоатга бордим, мунча савоб бўлди. Боришимда ҳам, қайтишимда ҳам шунча йўл юрдим, мунча савоб олдим. Нонушта қилдим, фарзандларимга кўрсатма бердим, насиҳат қилдим. Аллоҳдан хайр-барака умид қилиб, кўчага чиқдим, ишимга бордим», деб ўтган кунига хулоса қилсин. Ана шунда ибодатларни қай даражада бажарганини, қаерда хатога йўл қўйганини, қандай савоб иш қилганини, қаерда савоб имкони бор бўлса ҳам, дангасалик қилиб, ўтказиб юборганини – хуллас, ҳамма ишини сарҳисоб қилсин. Шундан кейин юқоридаги тижоратчига ўхшаб «Бугунги умримнинг савдоси кечагидан афзал бўлдими, йўқми? Афзал бўлмабди. Эҳ, аттанг, ютқазибман. Чатоқ бўлибди. Умр савдосида зарар кўрибман. Бу зарарнинг фақат бу дунё учун эмас, охират учун ҳам таъсири бўлади. Энди тавба қилай-да, бундай зарарга қайтиб йўл қўймасликнинг чорасини кўрай», деб режа тузсин.

Бундай сарҳисоб ҳар бир куннинг ниҳоясида такрорланаверади. Эртага бугунгидан кўра кўпроқ савоб олиш, умрни янада фойдалироқ ишга сарфлаш, уни зое қилмаслик, зарарга бурмаслик чоралари кўрилади. Бундай сарҳисоб ҳар куни такрорланаверса, инсон ўз умрининг ҳар бир лаҳзаси тиллага ҳам сотиб олиб бўлмайдиган даражада қимматли неъмат эканини тушуниб етади. Ана шунда мўмин-мусулмон инсон умрининг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзал бўлади. Ҳақиқий мусулмон ана шу шиор билан яшаши керак. Ана шунда умр неъматининг шукрини адо қилган бўлади, умр савдоси деган буюк савдода фойда кўрган бўлади, касодга учрамайди.

Энди ҳар биримиз ўзимизнинг ҳозирги, бугунги ҳаёт тарзимизга холис бир назар ташлайлик. Мана шундай сарҳисоб борми бизда? Одамлар нима учун бебаҳо умрларини зое қилишяпти? Нима учун фойдали ишга юрмай, умрини беҳуда сарфлашяпти? Кўчага чиқиб, эртадан кечгача нарда, қарта ўйнаб ўтиришибди. Бир кун эмас, бир ҳафта эмас, бир ой эмас, бир йил эмас, бутун умрини зое қилаётганлар бор. На ўзига фойда, на оиласига фойда, на жамиятига фойда, на халқига фойда… Бу исроф охир-оқибат қаерга олиб боради? Бу саволга жавоб ахтариш, чуқур ўйлаш керак. Ҳаёт жиддиятдан иборат экани, умрнинг ҳар бир лаҳзаси учун савол-жавоб борлиги ёдимиздан бир лаҳза ҳам чиқмаслиги керак.

Ана шунда Аллоҳ бизлардан ҳоҳлагандек ҳаёт кечирган бандалар сифатига эга бўламиз. Ана шунда азиз умримизни тўлиқ фойда билан ўтказган бўламиз ва бундан оиламиз, фарзандларимиз, қавму қариндош, маҳалла-кўй, эл-юрт, халқ ва бутун мавжудот манфаат олади, баҳраманд бўлади.

Бу ҳақиқатларни ҳар биримиз билишимиз лозим. Билиш учун эса  аввал айтганимиздек, маърифатга интилишимиз керак.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизга динимиз таълимотларини теран, гўзал тарзда ўрганиб боришимизни насиб қилган бўлсин. Маърифатимизнинг чуқур ва зиёда бўлишини насиб этсин. Умр деб аталмиш буюк неъматнинг шукрини адо этишда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин. Бу азиз умримизни, бу буюк неъматни зое қилишдан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Қиёмат куни «Умрингни нимага сарфладинг?» деб сўралганда, тилимиз бурро бўлиб, яхшиликка, иймон-эътиқодга, ибодатга, хайр-баракага сарфлаганимизни айтиш имконини Аллоҳ таоло ҳаммамизга ато этсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг бошқа неъматларига ҳам шукронани ўрнига қўйиб, ҳам маънавий, ҳам амалий шукрни адо этиб, Ўзининг розилигини топиб, бу дунё ва охиратда бахту саодатга мушарраф бўлишимизни насиб қилсин, омин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк давоми...

4012 19:02 / 22.03.2018
Ҳар бир чиққан каломда у чиққан қалбнинг либоси бордир.Нурдан кейин чиқадиган каломнинг аломати қалбларга таъсир қилиш, руҳларни ҳаяжонга солиш, сирларни давоми...

3078 17:20 / 04.02.2018
Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.ndash Ражо ndash умид ndash қалбнинг келажакда ҳосил бўлиши тама қилинаётган нарсага уни ҳосил давоми...

5383 19:41 / 24.07.2017
3. Уялтириш мақсадида ғийбат қилиш. Айтайлик, бир киши қандайдир гуноҳ иш қилишга одатланиб қолган. Аммо унинг шундай ҳурматли кишиси борки, бу гуноҳни қилиб давоми...

3670 16:59 / 17.02.2018