1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Бир ҳадис шарҳи: “рўза – қалқондир!”

15:31 / 19.05.2018 3446 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди: Одам боласининг ҳар бир амали ўзи учун, магарам, рўза ундай эмас.  Рўза Мен учундир ва  уни мукофотини ҳам Ўзим бераман. Рўза – қалқондир. Қачонки бирортангиз рўза бўлса ўша кунда қабиҳ сўзларни сўзламасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирон кимса уни ҳақорат қилса ёки уришса унга “Мен рўзадор кимсаман”, деб айтсин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта рўзадор оғзининг ҳиди  куни Аллоҳ наздида қиёмат куни мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадор учун уни ҳурсанд қилувчи икки ҳурсандлик бор: қачон оғиз очса ифтори ила ҳурсанд бўлади ва қачон Роббига йўлиққанда рўзаси ила ҳурсанд бўлади”.

Имом Бухорий ривояти.

ШАРҲ:

Бу ҳадиснинг аввалги қисми қудсий ҳадисдир. Қудсий ҳадис деб,  маъноси Аллоҳдан, лафзи эса Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисга айтилади.

Иккинчи, яъни “Муҳаммаднинг жони”, деб бошланган қисми эса набавий ҳадисдир.  Набавий ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган, лафзи ва маъноси у зотдан бўлган ҳадисдир.

Ушбу ҳадис рўзанинг улкан савобга эга эканига ва ушбу улкан савобларга рўзадор қандай амалларни қилса эришиши мумкинлигига далолат қилади.  

Рўза Мен учундир ва уни мукофотини ҳам Ўзим бераман

Имом Бухорий ва Муслимдан ривоят қилинган бошқа ҳадисда “таоми, шароби, шаҳватини Мен учун тарк қилади”, лафзи келтирилган бўлиб, “Мен учун” қавли ила, бу улкан савобларга Аллоҳ учун холис амали сабабли, уни Аллоҳ таоло икром қилгани англанади.

Амалларнинг барчаси Аллоҳ ризоси учун ниятида қилинади-ю, аммо, ҳадисдаги “Рўза Мен учун”, лафзи нени ифода қилади?

Ибн Ҳажар “Фатҳ” да шундай дейди: “Албатта, рўзага бошқа амалларга аралашгани каби риё аралашмайди.  Мана шу сабабли Аллоҳ таоло Ўзидан бошқа ҳеч ким ўлчай олмайдиган савобларни, холис тутилган рўза учун ато қилади. Рўзадан бошқа амалларга қавлий ва феълий риё аралашаверади. Рўзага эса фақатгина қавлий риё аралаш олади, амалий аралашиши мумкин эмас”. Яъни, мен рўза тутганман дея риё қилиши мумкин, феъли билан ҳеч кимга риё қилолмайди.

Имом Абу Убайд раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Дарҳақиқат, барча эзгу  амаллар Аллоҳ таоло учун қилинишини биламиз. Барча амалларда маълум  ҳаракатлар бор. Рўза эса ҳаракатлардан холи бўлиб, фақатгина ният билан амалга ошаверади. Ният эса одамлардан махфий қилинади. Ушбу махфий нарсада қандай қилиб риё бўлар эди?!”.

 

Рўза – қалқондир

Ҳадисдаги “жунна”, лафзи қалқон дегани бўлиб, у ила бирон нарсадан тўсиладиган, сақланадиган нарсани ифодалайди. Бу ерда эса, тутган рўзаси охиратдаги Аллоҳ азобидан унга қалқон бўлиши маъносини ифодалайди.

 

Рўзадор беҳуда тортишмайди

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган, рўзадор кимсани биров ҳақорат қилган ёки уришиб қолган чоғдаги “Мен рўзадорман” деб жавоб айтишлигида рўзадорга танбеҳ бор. Яъни, рўзадор рўзасини ҳурматини билсин. Аввалгидек тортишиш ва уришишни тарк қилсинки, рўза одобига хилоф бўлган ушбу иш сабабли савобидан ажралиб қолмасин. Рўзадор билан хусумат қилаётган кимсага эса тахдид борки, Аллоҳ таоло унга мислсиз савоблар ато қилаётган кимса билан тортишиш ҳалокатлидир.

Ушбу тортишишлар сабабли уммат қадр кечаси хабаридан маҳрум бўлиб қолгани ҳақида имом Бухорий, Убода ибн Сомит  розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси қайси кунда эканлиги хабарини айтиш учун чиққанларида икки мусулмон тортишиб туришган эди. У зот: “Сизларга қадр кечаси хабарини айтмоқчи эдим, фалончи ва фалончи тортишиб турган экан. Бас, эсимдан чиқарилди. Энди ким қадр кечасини кутмоқчи бўлса, ойнинг охирги тоқ кунларида кутсин”, деб айтдилар.

Тортишиш ва мунозаралар сабабли уммат нелардан айрилиб қолиши мумкинлигига ушбу ҳадис кифоя.

Рўза - рўзадор ва тил  ва ҳалок қилувчи гуноҳлар орасидаги тўсиқдир. Рўза гуноҳларга ва дўзахга ҳам қалқондир.

Рўзадор оғзидан келган ҳид Аллоҳ наздида мушкдан яхшироқдир! 

Уламолар бу хусусда икки ҳил фикр айтишган:

Баъзилар бу ҳид дунёда бўлади дейишган. Баъзилар эса охиратда бўлади деб айтишган.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло рўзадорни охиратда мукофотлайди. Ҳатто унинг оғиз ҳиди мушкдан ҳушбўй бўлади.  Бу эса унинг савоби кўп бўлишига ишорат. Ва бизнинг наздимизда рўзадор оғиз ҳиди нохуш  бўлсада, фаришталар учун мушкдан ҳушбўйдир”.

Изз ибн Абдуссалом раҳматуллоҳи алайҳ: “Ушбу ҳид охиратда бўлади”, деган.

  Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳ эса: “Бу ҳид дунёда бўлади”,  деб айтган.

Аллома ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ушбу ҳолат, рўза дунёда Робби ва бандаси ўртасидаги сир бўлгани сабаблидир. (Дунёдаги рўзадорни ҳамма ҳам билавермайди). Охиратда эса Аллоҳ таоло бандасини бошқаларга изҳор қилишни истар ва унинг оғзидан мушк ҳиди келиб унинг дунёда рўзадор бўлганини билдириб турар экан.

Абдуллоҳ ибн Ғолиб исмли намоз ва рўза тутишдаги жидду жаҳди ила машҳур бўлган обид инсон қабридан мушк хиди чиқиб турар экан. Бир кимса уни тушида кўриб бу ҳақида сўраганида у киши: “Бу тиловат ва чанқоқлик ҳидидир”, деб жавоб берган экан”.

 

Рўзадорга икки ҳурсандчилик бор

Имом Нававий раҳимаҳулоҳ айтади: “Уламолар бу ҳақида шундай дейдилар: Рўзадорнинг Робби ҳузуридаги ҳурсандчилиги, Робби ҳузуридаги рўзасига берилган улкан савобларини кўрган чоғда бўлади.

Ифтордаги ҳурсандчилиги эса, ибодатни  фосид қиладиган амаллардан саломат ҳолда тамомлагани ва охиратдаги савоби умидворлиги сабабли бўлади”.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч тоифа инсонниннг дуоси рад қилинмайди: Рўзадор ифтор қилган чоғда...”, деб марҳамат қилганлар.

Демак, умид ва ихлос ила тутилган рўзага Ҳақ таоло улкан ажр-мукофотлар ато қилиш билан бирга, ихлос ила рўза тутувчининг дуоси ҳам қабул қилинар экан.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига муқарраб бандалардан бўлишимизни насиб қилсин!


Фазилатли шайх, аллома Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг

 “Мин сиҳоҳил ҳадийсил қудсийя” китоби асосида

  Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мана муштоқ бўлиб кутганимиз, баракотли Рамазон ойи хам кириб келди. Бу ой, ўзининг нури билан бошқа ойлар ичида алоҳида ўринга сазовордир.Рамазон ойининг гўзал давоми...

4323 14:11 / 17.05.2018
Ҳаётда кимлардир улуғ неъмат иймон неъмати билан насибадор бўлса, кимлардир бу неъматдан маҳрум бўладилар. Кимлардир Роббисини таниб, У зотнинг буйруқларини давоми...

4902 05:00 / 14.01.2017
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

4010 17:19 / 31.05.2018
Рамазони шариф мукаррам ой. Ундан унумли фойдаланиб қолиш керак. Рамазондан фойда кўрмасдан чиқиш катта надомат ва улкан йўқотиш бўлади. Расулуллоҳ с.а.в.нинг давоми...

3499 05:00 / 14.01.2017