1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Исломда мол-дунё ва бойлик тўплашга қандай қаралади?

18:57 / 19.05.2018 8765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир жамият ва тузумнинг бойлик ҳақида ўз қараши ва тушунчаси бўлади. Аммо, динимиз Исломда бойликка муносабат қандай? Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида ҳадиси шарифлардан жавоб излаймиз.

8 – Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзилари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар: “Эй Расулуллоҳ, бойлик эгалари ажр-савоблар (қозониш)да ўзиб кетишди. Улар биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, ортиқча мол-дунёларидан садақа қилишади”. Шунда у зот: “Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни жорий қилмаганми? Ҳар бир тасбеҳ – садақа, ҳар бир такбир – садақа, ҳар бир таҳмид – садақа, ҳар бир таҳлил – садақа, амру маъруф – садақа, наҳий мункар – садақа, биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа”, дедилар. Улар: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” дейишди. У зот: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шундай агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”, дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим, имом Аҳмад ва имом Табароний ривояти). Саҳобалар ичида турли ҳолатдаги кишилар бор эди. Баъзилари бутун бошли қўшинни керакли анжом, қуроляроғ ва озиқ-овқат билан таъминлай олишга қурби етадиган бадавлат, яна баъзилари эса Суффа аҳлига ўхшаб ёлғиз ридоларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ фақир эдилар. Аммо, уларнинг барчалари яхшилик қозонишга, савоб амаллар қилиб, Аллоҳнинг розилигини топишга ўта иштиёқманд бўлишган. Ана шу иштиёқни, савобли ишларга ташналикни ушбу ҳадис мисолида кўриб турибмиз. Бу ўринда “Набий алайҳисалломнинг саҳобларидан баъзилари” дейилмоқда, аммо бошқа ривоятларда, хусусан, имом Муслим ривоят қилган ҳадисда “муҳожирларнинг фақир кишилари келиб...” дейилган. Демак, муҳожирлар орасидаги қўли калта фақир кишилар келиб: “Эй Расулуллоҳ, бойлик эгалари ажр-савоблар (қозониш)да ўзиб кетишди. Улар

биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, ортиқча молдунёларидан садақа қилишади”, дейишди. Яъни, эй Расулуллоҳ, бой-бадавлат биродарларимиз солиҳ амаллар қилиш ва ажр-савоб қозонишда бизлардан ўтиб кетишди. Улар бизлар каби иймон келтириб, биз тасдиқлаган нарсаларни тасдиқлашган, биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, аммо бизлардан фарқли ўлароқ мол-дунёлари борлигидан ҳақдор кишиларга садақалар улашиш, қул озод қилиб, жаннатга киришларига сабаб бўлувчи амалларни қилмоқдалар, уларнинг Аллоҳ наздидаги мартабалари ҳам ошиб бормоқда. Бизлар эса бундай имкониятларга эга эмасмиз, дейишди. Бу савол ҳасад ёки кўра олмаслик оқибатида берилмаяпти, балки солиҳ амалларда бошқа биродарларидан орқада қолиб кетишлари уларни шу нарсага ундамоқда. Ўз ҳузурларига келган саҳобаларда ажр-савоб қозонишга бўлган кучли иштиёқни кўрган Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга қарата: “Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни жорий қилмаганми?” яъни, сизларда бойлик ва мол-дунё бўлмаса-да, сизларга шундай амалларни ўргатаманки, бунинг эвазига Аллоҳ сизларга биродарларингиз қилаётган садақанинг савобини беради, деб: “Ҳар бир тасбеҳ – садақа, ҳар бир такбир – садақа, ҳар бир таҳмид – садақа, ҳар бир таҳлил – садақа, амру маъруф – садақа, наҳий мункар – садақа, биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа”, дедилар. Бундан зикр ва амру маъруф орқали Аллоҳга яқинлашиш садақа, закот ва бошқа молиявий ибодатлар орқали Аллоҳга яқинлашишдан афзал экани маълум бўлади. Тасбеҳ “субҳаналлоҳ”, такбир “аллоҳу акбар”, таҳмид “алҳамду лиллаҳ”, таҳлил эса “лаа илаҳа иллаллоҳ” калималарининг қисқартма шакли саналади. Амру маъруф “одамларни яхшиликка, солиҳ амалларга буюриш”, наҳий мункар “уларни гуноҳ ишлар

ва ҳаром амаллардан қайтариш”дир. Демак, айтиб ўтилган зикрлар, амру маъруф ва наҳий мункар бандага бойлигидан садақа қилганчалик савоб берилишига сабаб бўлар экан. Булар орасида амру маъруф ва наҳий мункарга бериладиган ажр зикрга бериладиган савобдан улуғроқдир. Сабаби амру маъруф ва наҳий мункар фарзи кифоя, зикрлар эса нафлдир. Фарз ибодатига нафллардан кўра кўпроқ савоб берилиши ҳаммамизга маълум. Шу маънода баъзи олимлар: “Фарз ибодатининг савоби нафл ибодатининг савобидан етмиш марта кўпдир”, дейишган (“Шарҳун нававий ъала муслим”). Солиҳ амалларга ташна бўлган муҳожирлар тасбеҳ, такбир, таҳмид, таҳлил, амру маъруф ва наҳий мункар ибодат эканини ва бу амалларни адо этган бандаларга улкан савоб берилишини билар эдилар. Бироқ Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа” деб айтишлари уларни ажаблантирди ва шу сабабдан: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” деб сўрашди. Уларнинг бу саволида аҳлиаёли билан жимоъ қилиш ҳам ибодатми, банда шу нарса учун ҳам савоб оладими, деган маъно бор эди. Саҳобаларнинг ажабланиш билан берган саволларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли қиёс билан жавоб бердилар: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шундай агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”. Ҳақиқатан, агар банда шаҳватини ҳаром йўл, масалан, зино қилиш орқали қондирса, катта гуноҳ иш қилган бўлади. Бунинг акси ўлароқ, зинодан четланиш мақсадида ўзининг ҳалол завжаси билан муомала қилса, албатта савобга эришади. Бундан келиб чиқадики, агар ният холис бўлса, мубоҳ амаллар ҳам ибодатга айланади. Имом Нававий айтади: “Агар банда аёлининг ҳақини адо этиш, унга яхши

муомала қилиш, солиҳ фарзанд сўраш, ўзини ва завжасини ҳаромдан, номаҳрамларга назар солишдан тийиш учун жимоъ қилса, бу ҳам ибодат бўлади”. Ушбу ҳадисда бойликка эга бўлиб, шу билан бирга солиҳ амалларни қилиш улкан даража экани айтилмоқда. سَالَ قُ هْ نَ عُ اللهَ يِ ضَ

9 – Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта Аллоҳ тақволи ва хафий бўлган бой бандани яхши кўради”, деб айтганларини эшитганман” (Имом Муслим ва Аҳмад ривояти). Имом Нававий ўз шарҳида: “Бойлик”дан мурод “нафс тўқлигидир”, деган. Ал-Қозий эса: “Ҳадисда зикр қилинган бойлик моддий бойликдир”, деган. Лекин, ҳадисдаги “ғина” сўзи асосан моддий бойликни англатиши ва “бадавлат” сўзининг сифати “хафий” билан ифодаланаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ердаги “бойлик”дан мурод моддий молмулкка эга бўлиш эканига амин бўламиз. Таржимада “хафий” деб ўгирилган сўз аслиятда ҳам шу тарзда келтирилган. Мазкур сўз ўзини яширувчи, кўринмас; ўзини кўз-кўз қилмайдиган; мутавозеъ, камтарин каби маъноларни ифодалайди. Демак, Аллоҳ таоло тақво қилувчи, ўзини камтар тутиб, бойлиги билан фахрланмайдиган, мутавозеъ ва ғурурга кетмаган бадавлат кишини яхши кўради. Бу эса ҳалол йўл билан бойлик орттириш мўмин банда учун фазилат эканига далолат қилади. Ўз навбатида бойлиги бўлсада, тақвоси йўқ, мол-давлати билан манманлик қиладиган, ўзини бошқалардан устун қўядиган мақтанчоқ бандани Аллоҳ таоло ёмон кўради. Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳадиси шарифда “хафий бой банда”дан олдин “тақволи” сўзининг

келиши, агар иймон ва тақво бўлсагина, бойлик, мол-дунё бандага фазилат бўла олишидан дарак беради.

10 – Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Айюб бир куни яланғоч чўмилаётганида, унинг устига олтин чигирткалар шатирлаб ёғила кетди ва Айюб уларни териб кўйлагига сола бошлади. Шунда Парвардигори унга нидо қилди: “Эй Айюб, Мен сени кўриб турган нарсаларингдан беҳожат қилиб қўймаганмидим?” У: “Ҳа (эй Раббим, шундай қилгансан,) иззатингга қасамки, лекин мен Сенинг барокангдан беҳожат эмасман”, деди” (Имом Бухорий “Жомеъус саҳиҳ”да ва Байҳақий “Сунанул кубро”да ривоят қилган). Айюб алайҳиссалом пайғамбарлардан биридир. Унинг насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга бориб туташади. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга катта бойлик, мол-дунё ва фарзандлар бергандан кейин мусибат юбориб, синайди. Аммо Айюб алайҳиссалом мусибатларга чиройли сабр қилади. Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилиб, аввалги мол-дунё ва бола-чақаларини яна қайтариб беради. Бу ҳадисда Айюб алайҳиссалом ҳаётида рўй берган ҳодиса ҳақида сўз боради. Кунларнинг бирида Айюб алайҳиссалом чўмилаётганида, бирдан устига олтин чигирткалар ёғилади. У тез-тез териб, олтин чигирткаларни қўйнига сола бошлабди. Шунда Аллоҳ таоло унга нидо қилиб: “Эй Айюб, Мен сени кўриб турган нарсаларингдан беҳожат қилиб қўймаганмидим?” яъни, ахир Мен сени бой-бадавлат қилиб

қўйган бўлсам, яна нега ўзингни бу нарсаларга урмоқдасан, деб хитоб қилибди. Бунга жавобан Айюб алайҳиссалом: “Эй Раббим, шак-шубҳасиз Сен мени бу нарсалардан беҳожат қилиб қўйгансан. Лекин Сен осмондан туширган барака ва файзингдан беҳожат эмасман”, деб жавоб берибди. Ибн Ҳажар ушбу ҳадис ҳақида: “Мазкур ҳадис ҳаққи ва шукрини адо қила оладиган банда учун ҳалол йўл билан бойлик орттириш жоизлигига далолат қилади. Бу ерда “мол-дунё” маъноси “барака” сўзи билан ифодаланиб, шокир ва тақволи бой кишилар фазилатда афзаллиги ҳам таъкидланмоқда”. Ушбу ҳадисдан олинадиган ибратлар: 1 – киши бир ўзи холи қолганида яланғоч чўмилиши жоизлиги. Чунки Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга яланғоч чўмилаётгани учун эмас, балки олтин чигирткаларни қўйнига солгани учун танбеҳ маъносида нидо қилди. 2 – Ҳаққи ва шукрини адо қилиш шарти билан бойлик тўплаш мумкинлиги. 3 – Ҳар бир банда Аллоҳнинг хайр-барака ва файзидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиши. 4 – Қанчалик бой-бадавлат бўлмасин, банда доимо ўзини Аллоҳга муҳтож эканини ҳис қилиб туриши, ўзини зинҳор Аллоҳнинг лутф-карамидан беҳожат эканини даъво қилмаслиги.

11 – Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одам жўнатиб, кийимларинг, қурол-яроғингни олиб, менинг олдимга келгин, деб айтиб юборибдилар. Мен у зотнинг олдиларига борсам, таҳорат қилаётган эканлар. Шунда менга бошдан-оёқ разм солиб, сўнгра нигоҳларини пастга қаратдилар ва: “Мен сени бир қўшинга бошлиқ қилиб юбормоқчиман. Аллоҳ сени соғ-саломат қилиб, ўлжалар олишни насиб этади. Мен сенинг яхши ният ила бойликка эга бўлишингни хоҳлайман”, дедилар. Шунда: “Мен бойлик орттириш учун эмас, балки Исломни хоҳлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлиш учун мусулмон бўлганман”, дедим. Шунда у зот: “Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши!” дедилар” (Имом Бухорий “Ал-адабул муфрад”да, имом Аҳмад “Муснад”да ва имом Табароний “Кабир”да ривоят қилган). Амр ибн Ос ибн Воил Абу Абдуллоҳ ал-Қуроший машҳур саҳоба, Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳунинг отасидир. У жасурлиги ва паҳлавонлиги билан шуҳрат қозонган, кўплаб фатҳларда иштирок этган. “Сиҳоҳи ситта” соҳибларининг барчаси ундан ҳадис ривоят қилишган. Ушбу ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳунинг олдига одам юбориб, кийимини кийиб, қуролланган ҳолда ҳузурларига келишини буюрдилар. Амр келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом таҳорат қилаётган эканлар. Шундан сўнг Амр ибн Осга бир қараб, кейин нигоҳларини бошқа томонга буриб: – Эй Амр, сени бир қўшинга саркарда қилиб, фалон жойга юбормоқчиман. Шояд Аллоҳ сизларга нусрат берса, соғ-саломат сақлаб, кўп миқдорда ўлжалар ато этса. Мен сенда яхши бойлик бўлишини хоҳлайман,– дедилар. Бунга жавобан Амр:

– Эй Расулуллоҳ, мен бойлик ёки мансаб ниятида эмас, балки Ислом динини ҳақ деб билганим, шу динни хоҳлаганим ҳамда Аллоҳнинг Расули билан бирга бўлиш учун мусулмон бўлдим. Сиз буюраётган вазифалар орқасидан мол-дунё орттиришни истамайман”, – деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Оснинг бойлик тўғрисидаги фикрини тўғрилаб: “Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши!” дедилар. “Солиҳ бойлик” деганда ҳалолдан топилиб, шукри ва ҳаққи адо этиладиган бойлик назарда тутилади. “Солиҳ киши” энг аввало Аллоҳ таолога ҳақиқий иймон келтирган, У Зотга тақво қилувчи, бойлик эгаси бўла туриб ҳаддидан ошмайдиган, камтар ва мулойим, қўли очиқ ва яна кўплаб яхши сифатларга эга бўлган бандадир. Демак, ҳалол йўл билан топилган бойлик мўмин ва тақводор одамнинг қўлида бўлиши яхши нарса экан. Бу ҳолат кўплаб хайрли ишларни қилиш, мўминларнинг аҳволи яхшиланиши, Ислом равнақи ва яна кўплаб яхшиликлар қилинишига сабаб бўлади.

12 – Абу Кабша Анморий2 розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: “Уч нарсага қасам ичаман ва мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар: банданинг моли садақа билан камаймайди, бир бандага зулм қилинса ва ўшанга сабр қилса, албатта Аллоҳ унинг обрўсини зиёда қилади. Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади (ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар). Мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар: Албатта дунё тўрт кишиникидир – бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир! Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша (ажр) олади ва у иккисининг савоби бир хил. Яна бир бандага Аллоҳ бойлик беради, аммо илм бермайди. У молини илмсиз ҳолида исроф қилади, Раббига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди ва унда Аллоҳнинг ҳақларини билмайди. Бу энг ёмон даражадир! Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади. У иккисининг гуноҳи бир хилдир” (Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Абу Исо Термизий ҳадиснинг санадини ҳасан-саҳиҳ, деган). Мазкур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир мўмин киши билиши лозим бўлган ишлар хусусида хабар бериб, унинг нақадар муҳимлигини билдириш 2 Абу Кабша ал-Анморий ал-Мазҳижий розийаллоҳу анҳунинг номи манбалардан турлича келтирилган. Баъзилар “Саъд ибн Амр”, баъзилар “Саид ибн Амр”, бошқалар эса “Амр ибн Саъд” деб келтирганлар. Ушбу саҳобийдан Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можалар ҳадис ривоят қилишган.

мақсадида ҳадис аввалида “уч нарсага қасам ичаман” дедилар ва сўзлари давомида масаланинг аҳамиятли эканини билдириш учун икки бора “мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар” деб таъкидламоқдалар. Энди ҳадисда айтилган ҳар бир мўмин-мусулмон банда ўрганиб, амал қилиши лозим бўлган ишларни бирма-бир кўриб чиқамиз: “Банданинг моли садақа билан камаймайди”. “Садақа” деганда, аввало фарз ибодати – закот, фитр садақаси, қурбонлик қилиш ва бошқа ихтиёрий садақалар назарда тутилмоқда. Банда молидан бир қисмини ажратиб, уни Аллоҳ йўлида сарфласа, зоҳиран унинг моли камайгандек кўринса-да, аммо у Аллоҳнинг наздида ўсиб-кўпайиб боради, чунки садақа қилиш билан молга барака киради, нуқсон, мусибат ва турли балоларга учраши камаяди. Бу нарсага фақат мўмин бандагина тўлиқ иймон келтириб, шу таълимот ва эътиқод асосида солиҳ амаллар қилади. Аммо, фақат моддий даромадни ўйлайдиган ақли калта банда эса “садақа билан мол камаймаслиги”га шубҳа қилади. Лекин, бундан фарқли равишда мўмин банда Аллоҳнинг Расули қасам ичиб, таъкид билан айтган сўзларни тасдиқлаши ва ўз тасарруфларини ҳам мана шу ҳадисга мувофиқ йўлга қуйиши лозим. “Бир бандага зулм қилинса ва ўшанга сабр қилса, албатта Аллоҳ унинг обрўсини зиёда қилади”. Яъни, кимга бирон зулм етганида, Аллоҳ розилиги учун авф қилса, Аллоҳ бунинг эвазига авф қилган кишининг дунё ва охиратдаги мартабасини кўтаради. Бу эса бир киши бошқа бирига зулм, азият, шикаст, зарар, талофат ёки ҳақорат етказганида, ўч олишга имкони бўла туриб, Аллоҳнинг розилиги учун авф қилиб юборишнинг нақадар улуғ фазилат эканига далолат қилади. Фақат бунинг бир шарти бор. Авф қилаётган банда фақат Аллоҳ розилиги учун кечираётганини

маълум қилиб қўйиши керак. Акс ҳолда, бу кечириш зулм қилган одамни янада руҳлантириб, бу қилиғини яна такрорлаши мумкин. Ислом дини одамлар ўртасида тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб қилувчи дин эканини ушбу ҳадис мисолида кўриш мумкин. Қайси жамиятда ўзаро кечиримлилик, бир-бирини авф қилиш, хатоларини яхшилик ила тузатиш, ислоҳ қилиш мавжуд бўлса, тез орада у гуллабяшнаб, юксалади. Аксинча, бир-бирига адоват, ҳасад ва кек сақловчи кишилар яшайдиган жамият инқирозга юз тутади. “Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади...” Инсон ҳаёти доимо бир хил кечмайди. Бойлик ва камбағаллик ўрин алмашиб туради, бири келса, бири кетади. Ислом дини мана шуни эътиборда тутади, яъни бошига кулфат тушган бандаларга, токи ўзларини тиклаб олгунларича, садақа сўраш, тиланчилик қилишга рухсат беради. Аммо, ким тиланчиликка одатланиб, садақа сўраш орқали оила- рўзғорини тебратса, ҳадисда айтилганидек, бири икки бўлмайди, косаси оқармайди, рўзғоридан файзу барака кетади, муҳтожлиги камаймайди. Шундай экан, мўмин банда бировлар қўлига қарамаслиги, тиланчиликдан ор қилиши, оила ва бола-чақасини ҳалол меҳнати, пешона тери билан боқишга ҳаракат қилиши керак. “... ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар”. Бу ҳадис ровийси томонидан қилинган шубҳадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади...” деганларидан сўнг шунга ўхшаш ёки шу маънода яна нимадир деганлар, аммо бу нарса ҳадис ровийсининг ёдида тўлиқ қолмаган. Шундай бўлса-да, омонат юзасидан ўша унутилган нарсани ҳам айтиб қўйилмоқда. “Мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар”.

Бу гап юқорида айтилиб, муҳим бўлганидан бу ўринда яна такрорланмоқда. “Албатта дунё тўрт кишиникидир”. Яъни, огоҳ бўлингларки, дунё ишларини тасарруф қилишда бандалар тўрт тоифага бўлинадилар. Сизлар уларнинг ҳолидан хабардор бўлинглар! “Бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир!” Бир бандага Аллоҳ ҳалол бойлик ва манфаатли шаръий илм беради. У эса бойлиги ва илми билан Аллоҳдан қўрққани учун аввало закот ибодатини бажаради, ихтиёрий садақалар қилади, қариндош-уруғчилик ришталарини боғлайди, хуллас бойлик ҳаққини чиройли суратда адо қилади. Илми билан мўминларга манфаат етказади, илм ўргатади, билмаган нарсаларига жавоб беради, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради. Мана шу ҳолат, яъни илм ва бойликнинг бир кишида жамланиб, иккисининг ҳаққини адо қилиши энг афзал даражадир. Ким шундай қилса, дунё ва охиратда Аллоҳ таолонинг энг суюкли ва мартабаси энг улуғ бандаларидан бўлади. Ушбу ҳадисда Ислом бойликни қоралайди, мол-дунё тўплашга қарши, деганларга кескин раддия бор. Исломда айнан бойликнинг ўзи эмас, балки унга кўнгил қўйиш, ҳирс, таъма қилиш, бахиллик ва кибру ҳавога берилиш таъқиқланади. Юқорида айтилганидек, кимки бойликка эга бўлса, шу билан бирга илмга ҳам (хоҳ шаръий, хоҳ бошқа соҳага оид илмлар бўлсин) эга бўлиб, бойлиги ва илмини фойдали жойларга, савобли ишларга сарфласа, исрофдан сақланса, бундай бойликнинг ҳеч қандай зарари йўқ, балки фойда ва манфаати бор. Афсуски, мўмин-мусулмонларнинг аксарияти шу маънода айтилган ҳадиси шарифлардан бехабарлиги туфайли бойлик

ва мол-дунё тўплашга салбий муносабатда бўлишади. Кўпчилик бойликни фақат фитнага соладиган нарса деб билади. Бизнингча, ҳозирги кунда мусулмонларнинг моддий тараққиётдан орқадан қолаётганларига ҳам сабаб шу бўлса керак. Лекин, Ислом бизларни ҳам бойлик, ҳам илм олишга тарғиб қила туриб, буни уддалай олганлар Аллоҳнинг наздида бандалар ичидаги мартабаси энг баланд кишилардан бўлишини маълум қилмоқда. Энди биз ушбу ҳадисга амал қилиб, бойликка муносабат ва қарашларимизни тўғрилаб, илм билан бирга бойликни жамлаган ҳолда, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган солиҳ амалларни қилишга ўтишимиз лозим. “Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша (ажр) олади ва у иккисининг савоби бир хил”. Иккинчи тоифа кишига Аллоҳ таоло манфаатли шаръий илм беради, аммо бойлик бермайди. У илмининг ҳаққини адо қилади, кишиларга илм ўргатиб, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фойда беради. Бу банданинг қалби пок ва нияти холисдир. Шу сабаб бойлиги бўлмаса-да, бойлик ва илмни ўзида жамлаб, уларнинг ҳаққини чиройли суратда адо қилаётган солиҳ мўмин бандага ҳавас қилиб: “Эй Аллоҳим, агар менда ҳам бойлик, мол-дунё бўлганида, фалончи банданг каби розилигинг йўлида инфоқэҳсон, садақа қилар ва қариндошларимга молу давлатим билан ёрдам берган бўлардим!”  дейди. Унинг бундай нияти бесамар кетмайди, карами кенг бўлмиш Аллоҳ нияти холислиги ва қалби поклиги учун бу бандага худди биринчи тоифага берган савобини ато этади. Тўғри, фақат яхши ниятнинг ўзи бандани бундай даражага олиб чиқмаса-да, ҳар ҳолда шунга яқинроқ мартабага кўтаради, чунки мазкур холис ниятли бандада ҳақиқатан имконият, бойлик ва молу мулк бўлганида уни муносиб жойларга сарфлаган бўлар эди. Бундан мўмин банда

доимо ниятини холис қилиши, солиҳ амаллар қилаётганларга ҳавас қилиб, ўзи ҳам уларга ўхшашга ҳаракат қилиши лозим экани келиб чиқади. Юқоридаги икки тоифа кишилар мақтовга сазовор ва солиҳ бандалар эдилар. Қуйида эса нафсига тобеъ ва нияти бузуқ бандалар ҳақида сўз боради: “Яна бир бандага Аллоҳ бойлик беради, аммо илм бермайди. У молини илмсиз ҳолида исроф қилади, Раббига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди ва унда Аллоҳнинг ҳақларини билмайди. Бу энг ёмон даражадир!” Бу бандага Аллоҳ бойлик, мол-дунё беради, аммо у илмдан бенасибдир. Илмсиз бўлганига яраша илм олишга ҳаракат қилмайди ёки билганлардан сўраб иш тутмайди, балки жоҳиллиги туфайли бойлигини бекорга совуради, исрофга ишлатса-ишлатадики, зинҳор савобли ишларнинг яқинига ҳам йўламайди. Мабодо инфоқ қиладиган бўлса ҳам, риё, хўжакўрсин ва манманлик учун қилади. Илмсизлиги сабаб бойлигининг ҳаққини адо қилмайди, қариндошлик ришталарини боғламайди ва Аллоҳга тақво қилмайди. Айнан мана шу ҳолат банданинг дунёю охиратда энг паст ва тубан даражага тушишига сабаб бўлади. Ислом мана шундай кимсалар қўлига тушиб қолган бойликни қоралайди, Ислом ҳою ҳаваслар ва шаҳват учун сарфланиб, ҳақдор кишилардан беркитиладиган, солиҳ амалларга сарфланмайдиган, муносиб жойларга ишлатишдан тўсиладиган бойликни қоралайди, Ислом закоти адо қилинмайдиган бойликни қоралайди, Ислом ҳаром йўл билан топилган бойликни қоралайди! Афсуски, орамизда бу тоифадаги кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Шу сабаб ҳам “Ислом ва бойлик” масаласи кўтарилганида, кўз олдимизга фақат шу тоифадаги кишилар келиб, ўзимизча “Ислом бойликни қоралайди”, деб қўя қоламиз, масалага чуқурроқ, теран назар билан ёндашишни унутамиз.

Мавриди келганида бир нарсани айтиб ўтиш лозимки, ҳадиси шарифда келтирилаётган тўрт тоифа кишилар мўминмусулмонлар орасидаги турли гуруҳ вакилларини англатади. Ҳадис матнидаги “энг афзал даража”, “Раббига тақво қилади”, “Раббига тақво қилмайди” жумлалари шунга далолат қилади. Аслида бирон банданинг эътиқоди “мўмин ёки “кофир” деб аниқ айтилса-да, аммо бу ўриндаги “тақво” сўзи “иймон” маъносини билдиради. Зеро, фақат иймонли бандагина Аллоҳга тақво қилади. Шунингдек, кофирлар ҳақида “мана бу тоифа вакиллари энг юқори мартабада, мана булар эса энг паст даражада” дейилмайди, сабаби куфр иллатининг ўзи уларни энг тубан даражага тушириб қўяди. “Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди. Шунга қарамай у, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади. У иккисининг гуноҳи бир хилдир”. Бу тоифадаги банда бойликдан ҳам, илмдан ҳам бенасиб, камбағал ва саводсиз-жоҳилдир. Шундай бўлгач, у илмга интилиш ёки ҳалол йўл билан касб-кор қилиб, аҳволини ўнглаб олиш ўрнига бойликка эга бўлиб, молини илмсиз тарзда дуч келган жойга сочаётган, кунини маишатлару турли базмлар билан беҳуда совураётган одамга “ҳавас” қилиб: “Эҳ, қани энди менда ҳам пул бўлганида, фалончига ўхшаб маза қилардим, кайфу сафода ҳаёт кечирардим, роҳат қилардим!” дейди. Бу банданинг илми йўқлиги учун гуноҳ иш қилиб юрган одамга ҳавас қилмоқда, пули ва имконияти бўлмаганлигидан ўша ишларни қила олмаяпти. Агар иложи бўлиб, имконини топса, албатта шундай қилар эди. Бас, шу фикрдаги бандага худди аввалги банданинг гуноҳича гуноҳ ёзилади. Ҳам илмсизлик, ҳам моддий жиҳатдан қашшоқлик, ҳам гуноҳ қилмай туриб бўйнига оғир гуноҳларни орттириб олиш бу мусибатдан бошқа нарса эмас. Устига-устак у дунё ва охиратда

Аллоҳнинг наздида мартабаси энг паст ва қадр-қиймати йўқ бандалар қаторида бўлади. Афсуски, орамизда бу тоифага мансуб кишилар ҳам оз эмас. Илмга ҳаракат қилиш йўқ, ҳалол йўл билан бойликка интилиш йўқ, фақат кимларгадир “ҳавас” қилиш, уларнинг енгил ҳаёти ва айшу ишратларига қизиқиш бор, холос. Энди биз бундай ҳолатдан тезроқ чиқишимиз, аввало динимиз кўрсатмаларидан хабардор бўлиб, бирон касб-кор этагидан тутишимиз, ҳалол йўл билан бойлик орттириб, уни савобли ишларга, мусулмонларнинг аҳволлари, моддий ва маънавий шароитлари яхшиланиши йўлида ва Ислом дини равнақи йўлида сарфлашга ҳаракат қилишимиз лозим.

13 – Муоз ибн Абдуллоҳ ибн Хубайб3 отасидан, отаси амакисидан ривоят қилади: “Биз бир жойда ўтирган эдик. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга кириб келдилар. Бошларида сувнинг асари бор эди. Ичимиздагилардан бири: “Биз сизни бугун хушҳол тарзда кўрмоқдамиз”, деди. У зот: “Ҳа, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” дедилар. Сўнгра одамлар бойлик ҳақида гапира бошладилар. У зот эса: “Тақво қилган банда учун бойликнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Аммо, тақво қилган банда учун саломатлик бойликдан кўра яхшироқдир. 3 Муоз ибн Абдуллоҳ ибн Хубайб ал-Жуҳаний ал-Маккий тобеинлардан саналади. Муслим ибн Абдуллоҳ ибн Хубайб ва Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Хубайбларнинг туғишган биродари, ишончли ҳадис ровийси. Имом Муслимдан бошқа барча “Сиҳоҳи ситта” соҳиблари ундан ҳадис ривоят қилишган. Муоз ибн Абдуллоҳ ҳижрий 118 йилда вафот этган.

Хушҳоллик неъматлардан (бири)дир”, дедилар” (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳ). Ушбу ривоятда айтилишича, бир неча саҳобалар йиғилиб, ўзаро суҳбат қуриб ўтиришганида, олдиларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келибдилар. У зот эндигина таҳорат олган бўлсалар керак, муборак бошларида сувнинг асари бор эди. Шунда саҳобалардан бирлари: “Эй Расулуллоҳ, бугун хурсанд кўринасиз”, деди. У зот: “Ҳа хурсандман, бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дедилар. Сўнгра қавм бойлик ҳақида сўзлаша бошладилар. Тахминимизча, бойлик ундоқ, бойлик бундоқ, у фитнага сабаб бўлади, бандани ибодатдан чалғитади, дунёга ҳавасини орттиради каби фикр билдирдилар. Саҳобаларнинг бундай фикр ва қарашларини тузатиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тақво қилган банда учун бойликнинг ҳеч қандай зарари йўқ”, дедилар. Яъни, агар мўмин банда Аллоҳдан қўрқса, У Зот қайтарган ишлардан қайтиб, буюрган амалларни ўз вақтида ихлос билан амалга оширса, бойликнинг ҳеч қандай зиёни йўқ. Суютий “Наводирул усул” китобида: “Тақвосиз бойлик ҳалокатдир. Банда уни ҳаром йўл билан топади, ҳаромга сарфлайди, ҳақли жойларга ишлатмайди, унинг ҳаққини адо қилмайди, молини зое кеткизади. Агар бойлик билан бирга бандада тақво ҳам бўлса, юқорида саналган зарарлар кетиб, яхшиликка айланади”, деган. Бу ўринда “тақво қилиш” деганда бойликни ҳалол йўл билан топиш, муносиб жойларига сарфлаш, исрофдан сақланиш, бойлиги билан керилмаслик ва шу каби сифатлар ҳам тушунилади. “Аммо тақво қилган банда учун саломатлик бойликдан кўра яхшироқдир”. Тақводор банда учун соғлик ва бардамлик мол-дунёдан кўра хайрлироқдир. Зеро, у соғлом танаси, тетик аъзолари

билан ибодатларни тўлиқ бажаради. Соғлик катта бойликдир, муттасил давом этадиган ожизлик-хасталик мусибатдир. Демак, Аллоҳга тақво қиладиганлар учун бойлик ва соғлик фақат манфаат келтиради. Аксинча, бандада тақво бўлмаса, бойлиги ва соғлиги унинг зарарига ишлайди, бойлигини номуносиб жойларга сарфлаб, ўзига катта гуноҳлар орттиради, соғ бадани билан кўнгли тусаган жойларга бориб, нафси хоҳлаган ишларни қилади. Бундан келиб чиқадики, мўмин банда Аллоҳдан, аввало тақво, ҳалол бойлик ва соғ-саломатлик сўраб дуо қилиб юриши керак. “Хушҳоллик неъматлардан (бири)дир”. Биз ҳадисда “хушҳоллик” деб келтирилган сўз арабий матнда “тийбун нафс” деган шаклда ифодаланган. Мазкур сўз “қалб поклиги, унинг сиқиқлик ва зулматдан холи бўлиши” каби маъноларни англатади. Демак, қалб поклиги, доимо хушнуд ва мамнун ҳолда юриш, қалбнинг турли чалғитувчи нарсалардан фориғ бўлиши Аллоҳ таоло берган неъматлардан бири экан.

14 – Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққос отасидан ривоят қилади: “(Макка) фатҳи йили касал бўлиб қолиб, вафот этишимга оз қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўргани келдилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, менинг кўп бойлигим бор, лекин биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Бойлигимнинг ҳаммасини васият қилиб юбораверайми?” дедим. У зот: “Йўқ”, дедилар. “Молимнинг учдан иккисини-чи?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Ярмисини-чи?” деб сўрадим. У зот яна: “Йўқ”, дедилар. Сўнгра мен: “Учдан бирини-чи?” деган эдим, у зот: “Учдан бири? Учдан бири (ҳам) кўп. Сен меросхўрларингни бой қилиб қолдиришинг қўлларини чўзиб одамлардан тиланчилик қилиб юрадиган камбағал ҳолларида қолдиришингдан яхшироқдир. Сен бир инфоқ қилсанг, ҳатто аёлинг оғзига соладиган бир луқма (таом) учун ҳам, албатта ажр оласан”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, ҳижратимдан қолиб кетаманми?!” дедим. У зот: “Албатта сен мендан кейин қолиб, Аллоҳ розилиги учун бирон солиҳ амал қилсанг, сенинг мартабанг ва даражанг кўтарилади. Шояд сенинг қолиб кетишинг сабабли бир қавм манфаат олиб, бошқалар зарар кўрса! Эй Аллоҳим, саҳобаларимнинг ҳижратларини охирига етказгин, уларни ортларига қайтармагин! Аммо, зарар кўрган Саъд ибн Хавладир”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Мадинада вафот этганидан жуда хафа бўлдилар” (Имом Бухорий, имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган). Ушбу ҳадисда Макка фатҳ қилинган йили содир бўлган воқеа ривоят қилинмоқда. Ундан кўплаб фойда ва манфаатлар олишимиз мумкин. Қисқароқ бўлиши учун ушбу ҳадиснинг мавзуимизга алоқадор жиҳатинигина шарҳлаб ўтамиз.

 “Сен меросхўрларингни бой қилиб қолдиришинг қўлларини чўзиб одамлардан тиланчилик қилиб юрадиган камбағал ҳолларида қолдиришингдан яхшироқдир”. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам молини васият қилиш ҳақида сўраган Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳуга: эй Саъд, молингдан адолатли тақсимлаб бериш билан ортингда қоладиган меросхўрларингни бой ҳолларида, бировга ҳожатлари тушмайдиган қилиб тарк этишинг камбағал-фақир, бечораҳол ва кўча-куйда одамлардан садақа сўраб юрадиган тиланчи ҳолларида қолдиришингдан яхшироқдир. Эй Саъд, майли молингнинг учдан бирини васият қил, лекин бу ҳам кўп. Муҳими ворисларингни яхши ҳолатда ташлаб кетсанг, бундан хайрлироқ бўлади, дедилар. Бундан келиб чиқадики, бойлик тўплаш мубоҳдир. Акс ҳолда, кўп бойликка эга бўлган Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан танбеҳ остига олинган бўларди. Имом Нававий айтади: “Ушбу ҳадисда қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш, уларга инфоқ-эҳсонлар қилиш, меросхўрларга меҳр-шафқат кўрсатишга тарғиб қилинмоқда. Баъзилар ушбу ҳадисни (шукрли) бой киши камбағалдан афзал эканига ҳужжат қилиб келтиришади”.

* * * * *

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Охирати деб дунёсини, дунёси деб охиратини тарк қилган банда яхшиларингиз эмас. Чунки иккисининг жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар (яъни, уларга зинҳор оғирлигингиз тушмасин)” (Ибн Абу Дунё “Ислаҳул мал”да ривоят қилган). Аллоҳ таоло айтади: “(Шундай) кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилиш, намозни тўкис адо қилиш

ва закотни (ҳақдорларга) беришдан машғул қила олмас. Улар қалблари ва кўзлари изтиробга тушиб қоладиган (Қиёмат) кунидан қўрқурлар. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга Ўз фазлу карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (эртаю кеч Аллоҳга ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур” (Нур, 37-38). Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидларни обод қилувчи кишиларни тижорат, савдо-сотиқ, олди-сотди, бойлик, дунёнинг ўткинчи ҳаваслари ва зийнати Аллоҳни зикр қилиш ва намозни тўкис адо этишдан тўсиб қўймайди, чунки улар Аллоҳ тарафидан бериладиган савоб ва жаннат қўлларидаги ўткинчи бойликдан кўра яхшироқ эканини қалбдан чуқур англаб етганлар. Улар Аллоҳга бўйсуниш ва У Зот муҳаббатини ўз нафсларидан устун қўядилар. Бунга сабаб улар қалб ва кўзлар даҳшатдан саросимага тушиб қоладиган қиёмат кунидан қўрқадилар. Шу нарса уларни дунё, ҳою ҳавас ва нафсга мутеъ бўлишдан қайтариб туради. Бунинг эвазига Аллоҳ уларни муносиб мукофотлайди, амалларини ҳусни қабул қилади, гуноҳларини кечиради ҳамда Ўз фазли билан уларга янада кўп ажр ва бойликни зиёда қилади. Зеро, Аллоҳ хоҳлаган бандасига ҳисобсиз ризқ беради. Энди мол-дунё ва бойлик ҳақида салафлар томонидан айтилган қавлларни келтириб ўтамиз. Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу: “Абадий яшайдигандек дунёйинг учун ҳаракат қил. Эртага ўладигандек охиратинг учун амал қил”, деган. Саид ибн Мусаййаб айтади: “Ҳалол йўл билан бойлик йиғишни хоҳламаган, шу йўл билан одамлардан беҳожат бўлиш, қариндошлик алоқаларини боғлаш ва бойлик ҳаққини адо этишга ҳаракат қилмаган бандада яхшилик йўқ!” Абу Солиҳ ал-Асадий шундай деган: “Дунё ва охират яхшилигини тақво ва бойликда, дунё ва охират ёмонлигини камбағаллик ва фужур (ишлар)да деб билдим”.

Убайдуллоҳ ибн Мусо ривоят қилади: “Мен Суфён Саврийнинг: “Бизнинг замонда бойлик мўминнинг қуролидир”, деб айтганини эшитганман”. Ҳасан ибн Абдураҳмон ривоят қилади: “Донишмандлардан бирига: “Олимлар афзалми ёки бойларми?” деб савол берилганида, “Олимлар”, деб жавоб берибди. Шунда: “У ҳолда нима сабабдан бойлар олимлар ҳузурига келиш ўрнига олимлар бойлар олдига боради?” деб савол қилинганида у: “Чунки олимлар бойлик фазлини биладилар, бойлар эса илм қадрига етмайдилар”, деб жавоб берган экан”. Ибн Абу Утба ривоят қилади: “Салмон бозордан бир васақ (олтмиш соъ) таом сотиб олди. Одамлар унга: “Бир васақ таом сотиб олдингизми?!” дейишди. Шунда у: “Қачонки нафс насибасини ғамлаб қўйса, хотиржам бўлади”, деб жавоб берди”. Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинишича, отаси Зубайр ибн Аввом розийаллоҳу анҳу шундай деган экан: “Бойлик туфайли яхши ишлар қилинади, қариндошлик алоқалари боғланади, Аллоҳ йўлида нафақа қилинади. Шунингдек, унда дунёнинг шарафи ва лаззати бордир”. Юқорида ҳаққи адо қилинадиган бойлик бандага қанчалик улкан савоб ва юқори мартабалар олиб келишини ҳадиси шариф ва уламоларнинг сўзлари орқали кўриб чиқдик. Аммо, банда бойлик ҳаққини адо қилмаса, унга қалби боғланиб қолса, бойлиги сабаб ибодатдан чалғиса, бу нарса уни ёмон оқибатларга олиб боради. Қуйида шу ҳақида ворид бўлган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар билан танишамиз. Зеро, Ислом динининг бойликка муносабатини белгилашда масаланинг бу томонини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин!

Кимки шундай қилса, бас ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!” (Мунофиқун, 9). Яъни: эй, ҳақиқий иймон келтирган бандалар, қўлингиздаги мол-дунё, бойлик, мансаб-амал, шон-шуҳрат, фарзандлар ва уларнинг ташвиши сизларни Аллоҳга ибодат қилиш ва У Зотга итоат этишдан тўсиб қўймасин. Кимки Раббига ибодат қилишдан кўра дунё зийнатини афзал кўрса, бас, ўшалар қиёмат кунида зиён кўргувчидир! Яна бошқа оятда Аллоҳ таоло айтади: “Сизларнинг мол-мулк ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна (имтиҳон)дир, холос. Улуғ ажр-мукофот эса Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир” (Тағобун, 15). Яъни, Биз сизларни мол-дунё ва бола-чақалар билан имтиҳон қиламиз. Сизлар Аллоҳнинг амрига бўйин эгасизларми ёки йўқми, дунёдан охиратни устун қўясизларми ёки йўқми, шуни биламиз. Бас, бойлик ва дунё ташвишлари деб Менинг ибодатимдан юз ўгирманглар. Чунки Менинг амримга итоат этган, мол-дунё ва фарзандлари билан ғурурга кетмаган, Мени унутмаган солиҳ бандаларим учун жаннат мукофоти бордир. У нақадар яхши жой! Оятда таъкидлаб ўтилганидек, Аллоҳ таоло мол-дунё ва бола-чақа билан бандаларни имтиҳон қилади. Ким Аллоҳга итоат этади, ким У Зотга осий бўлади, ҳаммаси бу синовда маълум бўлади. Мана шу икки неъматдан инсон яхшилик йўлида фойдаланса, катта савоб қозонади ва юқори даражаларга эришади. Аксарият ҳолларда бойлик тўплаш ва бола-чақа ташвиши кишини гуноҳ ва ҳаром ишларни содир этишга ундайди. Шу сабаб ҳам Аллоҳ бандаларни шу икки нарса билан синайди. Ояти каримада “бола-чақа”дан олдин “бойлик” лафзининг келтирилиши мол-дунёнинг фитнаси кучлироқ эканига ишорадир.

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Сизлардан бирон киши зинҳор: “Эй Аллоҳим, мени фитналардан асрагин”, деб дуо қилмасин. Чунки сизлардан бирон киши йўқки, фитна билан ўралмаган бўлса. Чунки Аллоҳ таоло: “Сизларнинг молмулк ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна (имтиҳон)дир, холос” деган. Аммо кимки фитнадан паноҳ сўрамоқчи бўлса, унинг ёмонлигидан паноҳ сўрасин” (Имом Табароний ва Ибн Мунзир ривояти). Аллоҳ таоло айтади: “(Эй инсонлар,) сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизгача (яъни, ўлиб қабрларга киргунгизгача) сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш тўсиб қўйди! Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингиз оқибатини) билурсизлар! Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолиш оқибати нима бўлишини) аниқ илм билан билганингизда эди (унга қул бўлиб қолмас эдингиз)!” (Такосур, 1-5). Ушбу оятда мол-дунёни тўплаш зарарлари ва аянчли оқибатлари ҳақида хабар қилиниб, бандаларни огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлишга ҳамда Аллоҳга ибодат қилишни унутиб қўймасликка чақирилмоқда. Ушбу оятларнинг қисқача маъноси қуйидагича: эй одамлар, бойлик, мансаб-мартаба ва бола-чақа кўпайтириш ва бу ишларда кимўзарга мусобақалашиш сизларни Раббингиз Аллоҳ таолога ибодат қилишдан тўсиб қўйди. Сизлар вақт борида ақлингизни йиғиб, тавба қилмадингиз, бу ишингиздан воз кечмадингиз, балки ўлиб қабрларга киргунингизгача молдунё тўплаш ва бу билан бошқаларга мақтаниш, кўз-кўз қилиш билан овора бўлдингиз. Энди сизлар бу қилмишингиз қандай оқибатларга олиб келишини яқин орада аниқ биласизлар. Агар ҳаётлик чоғингизда қилаётган ишларингиз қандай якун топиб, қандай натижаларга сабаб бўлишини билганингизда, зинҳор бундай қилмасдингиз!

Шундай экан, охиратдан умидвор эй бандалар, бойлик тўплайман, мансабга эришаман, бола-чақа орттираман деб, уларга ружуъ қўйиб, асосий ишингиз, ҳақиқий вазифангиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилиш ва У Зот буюрган тарзда ҳаёт кечиришни унутиб қўйманглар! Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, балки такосур (яъни, мол-дунё тўплашда мусобақа қилишингиз)дан қўрқаман. Мен сизлар (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, балки гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман” (Ҳоким ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳ). Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу ушбу оят қабр азоби ҳақида нозил бўлганини айтиб ўтган (Термизий, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Мардавайҳ ривояти). Қатода ушбу оят ҳақида шундай дейди: “Одамлар: “Бойлик ва бола-чақамиз фалончиникидан кўпроқ. Фалончининг бойлиги эса фалончиникидан кўпроқ”, дейишди. Мана шу уларни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсиб қўйди ва улар залолатда ўлиб кетдилар” (Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Дунё ривояти). Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Банда: “Бойлигим, бойлигим!” дейди. Ваҳоланки, унинг учун молидан фақат уч нарса – еб битиргани, кийиб чиритгани ва садақа қилиб қолдиргани бўлади. Бундан бошқаси одамларга қолувчидир” (Имом Муслим, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мардавайҳ ривояти

15 – Каъб ибн Иёз4 розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: 4 Ҳадис ровийси Каъб ибн Иёз ал-Ашъарий саҳобий бўлиб, “Сиҳоҳи ситта” соҳибларидан Термизий ва Насоийлар ундан ҳадис ривоят қилишган.

 “Албатта ҳар бир уммат фитнага учрайди. Умматимнинг фитнаси бойликдир”, деб айтганларини эшитганман” (Термизий, имом Аҳмад, имом Табароний, Ҳоким ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасансаҳиҳ-ғарибдир”, деган). “Фитна” сўзи аслида сифатини билиш учун олтин ёки кумушни эритиб кўриш, текшириш маъносини англатади. Луғатларда эса бу сўзнинг имтиҳон қилиш, азоб-уқубат, адашиш, васваса, ёқиш, ёндириш, мол-дунё, бола-чақа, куфр, зулм, гуноҳ, ҳақдан тойилиш, мажнунлик, қатл қилиш ва шу каби кўплаб маънолари учрайди. Бу ҳадисда “фитна” сўзи адашиш, чалғиш, гуноҳга ботиш, ҳақдан тойилиш маъноларини ифодалаб келмоқда. Ўтмишда ўтган ҳар бир уммат, халқ, қавм фитнага учраган, залолатга кетган. Бунга эътиқоднинг бузуқлиги – куфр, ширк, ахлоқий иллатлар – кибр, ғурур, ношукрлик, маъсият, лаззатларга берилиш ва ҳоказолар сабаб бўлган. Аммо мусулмон умматининг фитнага учрашига айнан мол-дунё, бойлик, уни тўплаш, ўзаро мусобақалашиш сабаб бўлар экан. Чунки банда эҳтиёткорлик билан иш тутмаса, бойлик уни ибодатлардан чалғитади, ихлосдан тўсади ва охиратни унуттиради. Демак, агар бандада сахийлик сифати бўлса, бойлик уни юксак мақомларга кўтаришидан ташқари, агар нафсга қул бўлинса, уни фитнага солиши, тўғри йўлдан адаштириш ҳам мумкин экан. ِ

16 – Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Молини мана бундай, мана бундай, мана бундай ва мана бундай

қилиб тўрт томонга – ўнгга, сўлга, олдига ва орқасига қилувчилардан бошқа (бойлик) кўпайтирувчиларга ҳалокат бўлсин!” (Ибн Можа ва имом Аҳмад ривояти. Имом Аҳмаднинг ривоятида: “(Мол) кўпайтирувчилар энг паст (даражада)дирлар...” деб келтирилган). Яъни, ҳалол йўл билан бўлса-да, бойликка эга бўлгач, бахиллик қилувчиларга ва шу тарзда мол кўпайтирувчиларга ҳалокат бўлсин! Улар бойлик ва бахилликлари боис шундай ҳолга тушадилар. Акс ҳолда кимки молидан ҳар қандай шароитда садақа ва инфоқ қилиб юрса, мол кўпайтириш унга зарар бермайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай, деб тўрт томонларига ишора қилиб кўрсатишларидан шуни билиб оламизки, бойлик охиратда банданинг фойдасига ишлаши учун муттасил тарзда ҳақдор кишиларга молдан садақалар қилиб туриш керак экан. َ

17- Имрон ибн Ҳусойн розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мен жаннатга назар солиб, унинг кўпчилик аҳли камбағаллар эканини кўрдим. Сўнгра жаҳаннамга назар солдим ва унга кирадиганларнинг аксарияти аёллар эканини кўрдим” (Имом Бухорий, имом Муслим, имом Термизий ва имом Аҳмад ривояти). Одатда мўминлар ичидаги камбағал кишилар мулойим, камтарин, мутавозеъ ва бошқа яхши фазилатларга эга бўладилар. Уларнинг қалбида дунёга муҳаббат, бойлик тўплаш илинжи ва ҳою ҳаваслар бўлмагани, бўлса ҳам озлиги учун намоз ва бошқа ибодатларни хушуъ-хузуъ билан амалга оширадилар. Дуоларида ҳам Аллоҳга ихлос

билан илтижо қиладилар. Аксарият бойларда бунинг аксини кўрамиз. Аммо шуни яхши билиб олишимиз керакки, биргина камбағал бўлиш бандани жаннатга олиб кирмайди. Камбағал бўлиб, Аллоҳга иймон келтирмаса, У Зотнинг буйруқларига итоат қилмай, нафсининг йўриғига кириб, хоҳлаган ишларини қилиб юрса, бундай банда, агар у дунёдаги энг қашшоқ ва энг ночор киши бўлса ҳам, жаннатга эриша олмайди. Агар қайси бир банда бой-бадавлат бўла туриб, иймонли ва тақволи бўлса, Аллоҳнинг ҳақларини унутмаса, бундай банданинг борар жойи жаннатдир. Жаннатга тушиш камбағаллик билан белгиланмайди, бойлик эса бандани жаҳаннам қаърига улоқтирмайди. Бу ҳадисда ҳаётда кўп кузатиладиган ҳолат айтилган. Ибн Баттол айтади: “Бу ҳадис камбағалларнинг бойлардан устунлигини эмас, балки бу дунёда камбағаллар бойларга қараганда кўпроқ эканини англатади. Бандани камбағаллик жаннатга олиб кирмайди, балки камбағал кишилар солиҳ амаллари билан у ерга кирадилар. Агар камбағал солиҳ банда бўлмаса, ҳеч қачон фазилат соҳиби бўла олмайди”. Ибн Ҳажар Асқалоний: “Ушбу ҳадисда дунёда зебу зийнатларга берилиб, фаровон яшашни тарк қилиш ва аёлларни Аллоҳ амрига итоат этишга тарғиб қилинмоқда”, деб айтган. Бойлик ва камбағалликдан қайси бири афзал экани хусусида уламолар турли фикрларни айтиб ўтишган. Аҳмад ибн Наср Довудий айтади: “Камбағаллик ва бойлик Аллоҳнинг синовидир. У Зот бойликка шукр қилиб, камбағалликка сабр этишларини билиш учун бандаларини турли ҳолатларда имтиҳон қилади. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат – безак қилиб қўйдик” (Каҳф, 7). Бошқа оятда шундай дейилади: “Биз сизларни(нг сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик

билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам “алдаб” имтиҳон қилурмиз” (Анбиё, 35). Ривоятларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағаллик фитнасидан ҳам, бойлик фитнасидан ҳам паноҳ сўраб дуо қилардилар. Баъзи тоифа вакиллари кифоя даражасидаги бойликни маъқул деб билишган. Жумладан, Қуртубий айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ҳолатни бошларидан кечирганлар: камбағаллик, бойлик ва кифоя қилувчи мол. У зотнинг аввалги ҳаётлари фақирликда ўтган. Сўнгра фатҳлар бўлиб, мусулмонлар кўп миқдорда ўлжаларга эришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бой бўлган пайтларида унинг ҳаққини адо қилдилар, ҳаммани тенг кўрдилар ва бу билан оилалари эҳтиёжларини таъминладилар. Аммо у зот кифоя қиладиган бойликка эга бўлган ҳолда Аллоҳнинг даргоҳига риҳлат қилдилар. Кифоя даражасидаги мол исёнга ундовчи бойлик ва азоб берувчи фақирликдан афзал. Бундоқ одам камбағаллар қаторида саналади, чунки у дунё лаззатларига кўмилиб кетмайди, балки нафсини сабрли бўлишга ундайди. Шу йўл билан одамларга ялиниб, тиланчилик қилишдан саломат бўлади”. Аксарият сўфийлар камбағалликни фазилат деб билишган. Шу йўл билан нафсни поклаш, уни сайқаллаш, дунёга муҳаббат қўйиш, ҳирс, таъма ва шу каби иллатлардан сақлаб қолиш мумкин, деб айтишган. Ибн Жавзий айтади: “Қаноатли камбағал бахил бойдан афзалдир. Инфоқ-эҳсон қилувчи бой эса дунёга ҳирс қўйган камбағалдан кўра яхшироқдир. Ҳар бирининг мақсади нима эканига қараб, фазилатлари намоён бўлади. Аслида бойликнинг ўзи ёмон нарса эмас. Бойлик қачонки бандани Аллоҳнинг тоатидан тўсиб қўйсагина қораланади. Дунёда қанчадан-қанча бойлар борки, бойлиги уларни Аллоҳнинг ибодатидан машғул қилиб қўймайди. Яна қанчадан-қанча камбағаллар борки,

фақирлиги уларни Аллоҳнинг ибодатидан тўсиб қўяди. Лекин аксарият ҳоллларда камбағаллик банданинг хатардан узоқроқ бўлишини таъминлайди. Чунки бойлик фитнаси камбағаллик фитнасидан қаттиқ ва оғирдир”. Кўпгина шофеъий уламолар шукр қилувчи бой афзал эканини таъкидлашган. Абулқосим ал-Қушайрийнинг шайхи Абу Али Даққоқ айтади: “Бойлик камбағалликдан устундир. Сабаби бойлик (ғина-ғоний) Холиқнинг, камбағаллик (фақрфақийр) эса махлуқнинг сифати. Маълумки, Аллоҳнинг сифати бандаларнинг сифатидан устун туради”. Бу фикрни катта уламоларнинг аксарияти маъқуллашган. Муторриф ибн Абдуллоҳ: “Неъматга эришиб шукр қилишим мен учун мусибатга йўлиқиб сабр қилишимдан яхшироқдир”, деган. Инсоннинг ижтимоий ҳолати уч хил бўлади: бой, ўртаҳол (кифоя қилувчи мулкка эга бўлган киши) ва камбағал. Ҳадиси шарифларда бойлик ва ўртаҳоллик, шунингдек, камбағаллик фазли ҳақида хабарлар келган. Бундан келиб чиқадики, бу нарса ҳар бир кишининг ҳолатига қараб баҳоланади. Дарҳол бир хулосага келиб, бойлик ёмон, камбағаллик яхши ёки камбағаллик ёмон, бойлик яхши, дейиш тўғри эмас. Кимки Аллоҳга иймон келтирса, ундан қўрқса, ҳалолҳаромнинг фарқласа, сахий ва карамли бўлса ҳамда бойлиги орқали Аллоҳнинг ибодатидан юз ўгирмаса, бу банданинг бой бўлишида ҳеч қандай зарар йўқ. Бундай кишилар мусулмонларга фақат фойда келтиради. Кимки шундай сифатларга эга бўлмаса, ўзига кифоя қиладиган даражадаги бойликка эга бўлгани маъқул. Чунки ўртаҳоллик ортиқчалик ҳам, нуқсон ҳам эмас. Мўмин одам бойлик масаласида қуйидагиларни билиб олмоғи лозим:

1 – агар иймони бўлмаса, кенг ризқ ва мол-дунёси кўп бўлиш уни Аллоҳ азобидан сақлаб қола олмайди. Аллоҳ таоло айтади:

 “Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ (азоби)дан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир. (Уларнинг ҳоли) худди Фиръавн одамлари ва улардан аввал ўтган (кофир)ларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари (куфрлари) сабабли азоблади. Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир” (Оли Имрон, 10-11). Бошқа сурада шундай дейилади: “Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин – ҳалок бўлсин! (Аниқки,) у қуриди – ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ. Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!” (Масад, 1-5). Кимки иймон ва тақво соҳиби ҳамда сахий ва очиққўл бўлса, шундай бандаларга бойлик манфаат келтиради. Аллоҳ таоло айтади: “Бас (эй инсонлар), Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан – дўзахдан огоҳлантирдим. Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (иймон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур! Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор зот ундан (яъни, дўзахдан) йироқ қилинур” (Лайл, 14-18). Яна бир бошқа оятда шундай дейилади: “На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилгувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар – ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар” (Сабаъ, 37).

2 – Мол-дунё ва бойлик банданинг бу дунёда умрбод, мангу яшаб қолишини ҳам таъминлай олмайди. Аллоҳ таоло айтади:

 “(Кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) ҳар бир бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгайки, у (топган) мол-дунёси ўзини мангу (ўлмайдиган) қилиб қўяди, деб ўйлайдиган ҳолида (фақат) мол тўплаган ва ўша (мол-дунёси)ни ҳисоб-китоб қилиб (бирон савобли ишга сарфламасдан) юрган кимсадир. Йўқ (унинг бу ҳисобкитоби бекордир)! Қасамки, у албатта чилпарчин қилувчи (дўзах)га ташланур!” (Ҳумаза, 1-4).

3 – Ҳақиқий мўмин, хоҳ бой, хоҳ камбағал, хоҳ ўртаҳол бўлсин, Аллоҳ таолога ибодат қилади, яхшиликка шукр қилиб, мусибатга сабр этади. Бой ёки камбағал бўлиш уни бандалик вазифаларини адо этишига таъсир қилмайди. Бой бўлса, ҳовлиқиб, камбағаллик вақтида тушкунликка тушмайди. Балки ҳар бири Аллоҳнинг тақдири эканига аниқ ишонади. Доимо Аллоҳга илтижо ва дуода, У Зотнинг зикрида юради. Мана шу ҳолат бандани дунё ва охират саодатига олиб боради.


Зиёвуддин Раҳим, Одилхон қори Юнусхон ўғли 

“КЕНГ РИЗҚ ВА БАРАКА ОМИЛЛАРИ” китобидан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нархни кўп оширмаслик ndash Нархни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ҳам мусулмон савдогарнинг юксак одобидир.Баъзи савдогарлар иложи борича қиммат қилиш пайидан давоми...

3856 21:38 / 21.05.2017
Бунда раъсулмол бир томондан, хизмат иккинчи томондан бўлади. Молнинг эгаси ишчи билан келишиб, молни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан бўлиб олинади. давоми...

5058 05:00 / 17.02.2017
Бундоқ шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг арашалиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, битта ёки ўнта ҳалол йўл билан давоми...

8341 05:00 / 03.03.2017
I. Ижарага оид шарт.Икки томоннинг розилиги.II. Ижара қилинган нарсадаги шартлар1. Ижара қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт.Бунда ундан давоми...

5045 16:30 / 22.09.2017
Аудиолар

135104 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55379 14:35 / 11.08.2021