1446 йил 17 зулқаъда | 2025 йил 14 май, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бу ҳам Қуръонми? (бешинчи мақола)

13:00 / 20.11.2021 2943 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламолар мусҳаф расмининг сақланишидаги бир қанча фойдаларни ҳам зикр қилганлар.

1.Юқорида зикр қилинган хатар ва зарарлардан омонда бўлиш.

2.Ислом умматининг аввалидан охиригача ўзаро боғлиқ бўлиши.

3.Кейингиларнинг биринчи мусулмон авлоди маданиятини ўрганиши, уларнинг илмларидан баҳраманд бўлишлари.

4.Бутун Ислом оламининг муқаддас китоблари устида жамланиши, ўзаро робиталарининг мустаҳкамланиши.

5.Қуръони Каримнинг мўъжиз эканининг изҳори.

6.Мусулмонларнинг бошқа умматлардан фазлининг далили. Уларнинг ўз муқаддас китобларининг барча нусхалари бир, ўзгариш топмагани билан фахрланишлари ва ҳоказо.

Агар эътибор берилса, бу ерда Қуръони Каримни араб ҳарфларида Мусҳаф расмига эргашмай, талаффуз асосида, замонавий имло қоидалари асосида ёзиш ҳақида гап кетмоқда. Бундан Қуръонни араб ёзувидан бошқа алифбода ёзиш ўз-ўзидан қатъиян мумкин эмаслигини тушуниш қийин эмас. Шундай бўлсада, мавзуни ёритиш мақсадида уламоларнинг Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш ҳақида айтган сўзларидан айримларини келтиришга ижозат бергайсиз.

Ҳанафий фақиҳ Бурҳонуддин Маҳмуд ибн Аҳмад «Ал-Муҳит ал­бурҳанийй» китобида: «Мусҳафни форсийда ёзиш қатъиян ман қилинади», деган. Ҳолбуки форсий хат араб хатига яқин.

Моликий мазҳаб уламолари арабчадан бошқа алифбо билан ёзилган нарса Қуръон бўлмайди, деганлар.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг «Катта фиқҳий фатволар» китобида жумладан шундай деганлар: «Бу – асҳобларимиз ҳаромлигига иттифоқ қилган масаладир. Қуръонни ажам ҳарфида ёзишда унинг беллашувга чорлаган мўъжиз лафзини ўзгартириш бор».

Мисрдаги «Ал-азҳар» унверситетининг йирик уламоларидан бири Шайх Маҳмуд Абу Дақиқа шундай дейди: «Тўртала имом (тўрт фиқҳий мазҳабларнинг имомлари) ҳам Қуръонни араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки Қуръонни бошқа алифбода ёзиш уни ижмоъ собит бўлган ва эргашиш вожиб бўлган расмдан чиқаради. Балки бу – лафзларда ўзгариш юз беришига олиб келади. Чунки баъзи араб ҳарфларининг ўхшаши бошқа алифболарда йўқ. Лафздаги ўзгариш эса маънонинг ўзгаришига сабаб бўлади. Бошқа алифбода ёзиш қандай бўлмасин мана шунга олиб келиши аниқ. Шу боис баъзи ҳанафий уламолар: «Ким Қуръонни қасддан араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда ёзса, у ё мажнун бўлади ёки зиндиқ бўлади. Мажнунни даволанади, зиндиқ эса ўлдирилади», деганлар.

Ёзувдан мақсад сўзнинг ўқилишини ифодалашдир. Агар Қуръон ёзиладиган ажамий алифбо араб ҳарфларига муҳтож бўладиган бўлса, мисол учун инглиз тили ҳарфлари каби, у билан Қуръон ёзиш мумкин эмаслигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Чунки бунда унинг калималарини ўзгартириш бор. Ким Қуръон калималарини ихтиёрий равишда ўзгартиришга рози бўлса, кофир бўлади».

Шайх Абдулҳамид Таҳмоз айтади: «Албатта Мусҳафни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ва усмоний расмдан бошқа хат қоидасида ёзиш динда бидъат чиқариш, мусулмонларнинг йўлидан бошқа йўлга юриш, рошид халифалар даврларидаги саҳобалар иттифоқига мухолиф бўлишдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг суннатларини тутиш вожиб эканини васият қилиб: «Менинг суннатимни ва ҳидоятдаги рошид халифларимнинг суннатини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг. Янги пайдо бўлган ишлардан сақланинг, чунки ҳар бир бидъат залолатдир», деганлар.

Шубҳасиз, Қуръони Каримни лотин ҳарфларида ёзиш динда катта бидъатдир. Бидъат бўлганда ҳам энг қабиҳ, тубан бидъатдир. Чунки бунда Аллоҳ таолонинг Китобига хатар, унда ўзгартиришни пайдо қилиш бор. Ҳар бир мусулмонга Аллоҳ таолонинг Китобини муҳофазаси йўлида бу ишни бор кучи билан тўхтатиши, йўқ қилиши вожибдир. Лотин ёки бошқа ажам ҳарфлари билан ёзилган мусҳаф шаръан Қуръон ҳисобланмайди, унга кўра ўқиш намозга ярамайди. Зеро, Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримни фақатгина араб тилида нозил қилган».

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид


Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ваҳий илоҳий ҳикмат ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шароитга мувофиқ, тарқоқ ҳолда нозил бўлиб борди. Аллоҳ таоло ваҳий орқали у зот алайҳиссаломга давоми...

6149 21:10 / 25.03.2019
Кўпчилик бу одамни танимайди. Бу киши Мисрнинг кўзга кўринган қориларининг тиловатларини ёзиб олган ва Қуръони Каримнинг овозли шаклини жамлаган инсондир.Бу давоми...

14673 15:00 / 03.01.2022
Қуръони Карим суралари тўрт қисмга бўлинади.1. Тивол Узун суралар.Бу қисмдаги суралар еттита Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф суралари, Анфол билан Тавба давоми...

16771 15:21 / 14.01.2020
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар4тўртинчи мақола4. Мусулмон умматининг уламолари бу масалада иттифоқ қилган тўртинчи нуқтаОят ва давоми...

3418 13:15 / 20.10.2020