1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Набийман...

09:10 / 12.06.2018 2600 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Нажиҳ Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен жоҳилият даврида одамлар залолатда, чунки улар бутга ибодат қилишгани учун ҳақиқат йўлида эмаслар, деб ўйлаб юрар эдим. Ногаҳон ўша кунларнинг бирида Маккада бир одам чиққанини эшитдим. У ҳар турли хабарларни айтаётган эмиш. Бас, уловимга ўтирдим-да, у жанобнинг ҳузурларига бордим. Ўша кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан яшириниб юрган эканлар. Чунки қавмлари суиқасд қилишга журъат этишган экан. Мен йўлини топиб, Маккада у зот ҳузурларига кириб: «Сиз кимсиз?» дедим. У зот: «Набийман», дедилар. Мен: «Набий нима ўзи?» дедим. У зот: «Аллоҳ мени шундай қилиб юборди», дедилар. Мен: «Нима ила юборди?» дедим. У зот: «Қариндош-уруғларга боғланиб, борди-келди қилишга, бутларни синдиришга ҳамда Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка ва Унинг тавҳидига чақириш буйруғи ила юборди», дедилар. Мен: «Бу йўлда сиз билан кимлар бирга?» десам, у зот: «Бир озод ва бир қул киши», дедилар. Ўшанда Абу Бакр ва Билол розияллоҳу анҳумо бирга эдилар. «Мен ҳам сизга эргашаман», десам, у зот: «Сен бу кунларда эргашишга қодир эмассан. Менинг ва одамларнинг аҳволига қарамайсанми? Лекин ўз аҳлингга қайтгин. Агар менинг овоза бўлганимни эшитсанг, ўшанда келгин», дедилар. Кейин мен аҳлимга қайтиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Мадинага (ҳижрат қилиб) кетибдилар. Мен аҳлим билан биргалик пайтимда у зот ҳақларида суриштириб Мадинадан келган пайтда одамлардан сўрар эдим. Мадинадаги аҳлимдан бир неча киши келган эди. Мен: «Мадинага келган бу киши (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) нима қилмоқда?» деб сўрадим. Улар: «Кишилар унга (қўшилиш учун) шошилишмоқда. Ўз қавми уни ўлдиришни хоҳлаган эди. Лекин бунга қодир бўлишмади», деб айтишди. Кейин мен Мадинага бориб, у зот ҳузурларига кирдим. Ва: «Эй Аллоҳнинг расули, мени танияпсизми?» десам, у зот: «Ҳа, сен Маккада учрашган эдинг», дедилар. Мен яна: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ сизга ўргатган ва мен билмайдиган нарсалар ҳамда намоз ҳақида хабар беринг», дедим. У зот: «Бомдод намозини ўқигин. Кейин қуёш то бир найза миқдорида кўтарилгунича тўхтаб тургин. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ўша пайтда кофирлар қуёшга сажда қилишади. Кейин намозингни ўқийвер. Чунки намоз пайтида (кундузги) фаришталар ҳозир бўлишади. Қачонки, соя найза миқдорича бўлиб (қуёш тиккага етганда) намозни тўхтатгин. Чунки мана шу пайтда жаҳаннам қиздирилади. Қачонки, соя тушса, бунда ҳам намозингни ўқийвергин. Чунки бу намоз пайтида ҳам то аср намозини ўқигунингча фаришталар ҳозир бўлишади. Сўнгра қуёш ботгунича намоз ўқишни тўхтатгин. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи орасидан ботади. Ўша пайтда ҳам кофирлар қуёшга сажда қилишади», дедилар. Мен яна: «Эй Аллоҳнинг расули, энди таҳорат ҳақида хабар беринг», дедим. У зот: «Сизлардан бирингиз таҳорат сувини олиб келиб, оғзини чайқаб, бурнига сув олиб уни ташласа, юзи ва бурнидаги хатолари чиқиб кетади. Агар юзини Аллоҳ буюрганидек ювса, бети ва жағи атрофидаги хатолари сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин икки қўлини тирсагигача ювса, қўли билан қилган хатолари бармоқларидан сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин бошига масҳ тортса, бошидаги хатолари сочлари атрофидан сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин оёғини ошиғигача ювса, у билан қилган хатолари оёқ бармоқларидан чиқиб кетади. Агар туриб намоз ўқиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, Уни шаънига мос нарса билан улуғласа ҳамда қалбини Аллоҳга бўшатса, худди онасидан туғилган кундаги каби хатолардан холи бўлади», дедилар».

Бу ҳадиснинг ровийси Амр ибн Абаса уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари Абу Умомага гапириб берганларида, Абу Умома: «Эй Амр ибн Абаса, нима деяётганингга қара! Бир мақомда кишига шу миқдорда даража бериладими?» деганларида, Амр ибн Абаса: «Эй Абу Умома, ёшим улғайиб, суякларим нозиклашиб, ажалим яқинлашганда, Аллоҳ ва Унинг расулига ёлғон нисбат беришимга нима эҳтиёжим бор?! Мен бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир, икки ёки уч, ҳатто етти марта эшитганимда ҳам гапирмас эдим. Лекин мен буни ундан ҳам кўп эшитганман», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ақлли киши нафсини ҳисобкитоб қилиб ўлганидан кейин фойда берадиган давоми...

2758 09:20 / 27.12.2017
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен бирортангизнинг супасида ёнбошлаб ётганида унга мен амр ёки наҳйи қилган давоми...

2955 10:05 / 23.08.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Умар розияллоҳу анҳу мени Бадр иштирокчиларининг улуғлари билан бирга ҳузурида бўладиган мажлисга киритди. Гўёки давоми...

3181 08:10 / 10.02.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Беш вақт оралиғидаги, жумадан жумагача, рамазондан рамазонгача бўлган давоми...

3387 09:20 / 24.02.2018