1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Исломнинг энг яхши фазилати

14:00 / 12.02.2021 4398 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

أَنَّ رَجُلًا سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أيُّ الْإِسْلَامِ خَيْرٌ؟ قَالَ: تُطْعِمُ الطَّعَامَ وَتَقْرَأُ السَّلَامَ عَلَى مَنْ عَرَفْتَ وَمَنْ لَمْ تَعْرِفْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради.

«Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаганга салом бермоғинг», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бир киши Пайғамбаримиздан Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан шу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш асосан икки хил бўлади:

Биринчиси моддий яхшилик бўлиб, унинг энг боши бошқаларни таомлантиришдир.

Иккинчиси баданий яхшилик бўлиб, унинг боши салом беришдир.

Шу билан бирга, савол берилган жой, вақт ва одамларнинг ҳолати ҳам эътиборга олинган. Айниқса, Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришни ҳам лозим санаганлар.

Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Чунки бу икки нарса инсониятга кўплаб хайр-барака келтиради.

Оч кишиларга таом беришни дийннинг энг афзал амалларидан қилган яна бошқа қайси дин ёки мафкура бор?! Фақат Қуръони Карим ўз оятларида очларга таом беришни энг яхши амаллардан бири ҳисоблаган, ўзи муҳтож бўлса-да, таомини мискин, етим ва асирларга бериш мусулмонликнинг олиймақом сифатларидан эканлигини таъкидлаган.

Фақат Ислом дини иймон комиллигини очларга таом беришга боғлаган. Ҳа, фақат Исломгина – Аллоҳнинг охирги ва мукаммал динигина шундай қилиши мумкин. Бу ишни иймон даражасига кўтарган, Ислом тарбиясини топган ҳақиқий мусулмонларгина дунё халқлари тарихида мисли кўрилмаган даражада сахий бўлишлари ҳам шундан. Фақат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида таҳсил кўрганларгина бу ишни қойилмақом қилиб адо этишлари мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар.Аллоҳ таоло .Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан давоми...

3914 09:20 / 17.11.2017
. , . ,. . 6564. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.У зот .Бану Исроилни анбиёлар бошқарар давоми...

2301 08:29 / 08.01.2019
. , . .., ., .5925. Абу Сирваъата Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига уйланди. Шунда давоми...

2434 07:45 / 02.11.2018
Яна у кишидан ривоят қилинади.Суффа аҳлидан етмиш нафарини кўрдим. Уларнинг ичида ридоли киши йўқ эди. Ё битта изори, ёки биргина кийими бўлиб, бўйинларига боғлаб давоми...

3437 11:03 / 27.07.2018
Аудиолар

231265 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149792 14:35 / 11.08.2021