1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазоннинг ҳилоли

19:43 / 13.05.2018 5581 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Рамазон ойида ҳилолни (янги чиққан ойни) кўриш билан рўза тутиш бошланади ва шавволнинг ҳилолини кўриш билан тугатилади. Рамазон арафасида, шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни қуёш ботган пайтда осмонга қараб турилади. Агар ой янгиланган бўлса, бир кўриниб ўтади ва эртанги кун Рамазоннинг биринчи куни бўлади. Агар янги ой кўринмаса, шаъбонни ўттиз кунлик қилиб, индинига рўза тутиш бошланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳилолни кўрмагунча рўза тутманглар. То уни кўрмагунча оғиз очманглар. Агар у сизлардан булут билан тўсилиб қолса, ҳисобини қилинглар», дедилар.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида: «Рамазондан олдин рўза тутманглар. У(ой)ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар. Агар уни булут тўсиб қолса, ўттиз кунни мукаммал қилинглар», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса: «Агар сизлардан булутлар билан тўсилиб қолса, ўттиз кун рўза тутинглар», дейилган.

Ушбу ривоятларда Рамазон ойининг бошланиши ва тугаши Рамазон ва шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлиши таъкидланмоқда. Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб, янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги шаъбон ойини ўттиз кунлик мукаммал қилиб, кейинги кундан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби Рамазон ойининг йигирма тўққизинчи куни шаввол ойининг ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, рўза тугагани ва эртасига ийд экани эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, рўзани ўттизинчи куни ҳам тутиб, кейин ийд қилинади.

Айни шу хилда амал қилиш борлиқни яратган Аллоҳ таолонинг иродасига мувофиқ равишда ойни белгилашдир. Ой теварак-атрофимиздаги энг катта аломатлардан бири ҳисобланади. Шундай катта аломатни кўриб рўза тутишни бошлаш ва тамомлаш бу муҳим ишда ҳамма нарсанинг очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ва ҳеч нарса унга ўзгариш кирита олмаслигини таъминлайди. Барча бандалар баробар бўлиб, Аллоҳнинг амри бўлган рўзани У Зот белги қилиб яратган ойга қараб бошлайди ва тамомлайди.

Қамарий йилда янги йил ўн икки кун олдинга сурилиб боради. Шунинг учун ҳам ҳар Рамазон аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йилда йилнинг ҳамма вақтида Рамазон тутилади. Бу эса турли шароитларида рўза тутишни таъминлайди. Бир минтақада рўза тутиш доим қулай иқлим шароитида, бошқасида доимо ноқулай шароитда бўлиб қолмайди.

Ойни кўриб рўза тутиш ва очиш барча мусулмонлар учун баробар ҳукм бўлиб, бу уларнинг бирликлари рамзи ҳамдир. Бунинг яна бошқа ҳикматлари ҳам кўп, ҳақиқий ҳикматларини эса Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки ийд ойлари – Рамазон ва зулҳижжа ноқис бўлмайди», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.

Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳақида бир неча хил таъвил айтишган. Биз ўрганаётган ушбу бобга тегишли таъвилда эса икки ийд ойлари, яъни Рамазон ва зулҳижжа бир йилда бараварига ноқис, яъни йигирма тўққиз кунлик бўлмаслиги айтилган. Бири йигирма тўққиз кунлик бўлиши мумкин, лекин иккаласи ҳам баравар ноқис бўлмайди.

Ҳусайн ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Макканинг амири хутба қилиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ойни кўриб, ибодатни қилишни, агар уни кўра олмасак, икки адолатли шоҳид гувоҳлик берса, уларнинг гувоҳлиги билан ибодат қилишимизни амр қилганлар», деди.

Абу Довуд ва Дорақутний ривоят қилишган ва Дорақутний саҳиҳ деган.

Ушбу ривоятда зикри келаётган Макканинг амири буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умардир. Унинг ибодатларни ойни кўриб қилиш ҳақидаги сўзлари Рамазон ойидаги рўза ва зулҳижжа ойидаги ҳаж ибодатларининг вақтини тайин­лашда ойни кўришга эътимод қилиш зарурлигини билдиради. Агар икки адолатли киши «Биз янги ойни кўрдик», деб гувоҳлик берса, уларнинг гувоҳликлари қабул қилинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан биридан ривоят қилинади:

«Одамлар Рамазоннинг охирги куни ҳақида ихтилоф қилиб қолишди. Шунда икки аъробий келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида Аллоҳнинг номи билан кеча кечқурун ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга оғизни очишга ва эртасига намозгоҳга чиқишга буюрдилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдан саҳройи бўлса ҳам икки адолатли кишининг ҳилолни кўрганлиги ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинишини билиб оламиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Одамлар ҳилол ҳақида тортишиб қолишган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уни кўрганимни айтдим. Шунда у зот рўза тутдилар ва одамларни ҳам рўза тутишга буюрдилар».

Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилишган ва Ҳоким саҳиҳ деган.

Ушбу ҳадисдан Рамазон киргани адолатли бир кишининг гувоҳлиги билан ҳам собит бўлиши, унинг гувоҳлиги қабул қилинишини билиб оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Мен ҳилолни кўрдим», деди. «Лаа илаҳа иллаллоҳ, деб гувоҳлик берасанми?» деган эдилар, «Ҳа», деди. «Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб гувоҳлик берасанми?» деган эдилар, «Ҳа», деди. «Эй Билол, одамларга эълон қил, рўза тутишсин»дедилар».

«Сунан» эгалари, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур аъробийга Ислом ҳақида савол бера туриб, ишонч ҳосил қилганларидан кейингина унинг гувоҳлигини қабул қилишлари «мусулмон киши аслида адолатлидир» деган қоидага биноандир. Ҳар бир мусулмон одам адолатли ҳисобланади, лекин бу шарафга муносиб бўлмаган, шариатга хилоф ишларни қилиши билан «адолатли» деган унвонини йўқотади. Фосиқ ва фожир кишининг гувоҳлиги эса қабул қилинмайди.

Уламоларимиз, шу жумладан, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам мазкур икки ҳадисни далил қилиб, битта адолатли кишининг ҳилол ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинади, дейдилар.

Курайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умму Фазл бинт Ҳорис мени Шомга, Муовиянинг олдига юборган эди. Шомга келиб унинг юмушини бажардим. Шомдалигимда Рамазон кириб қолди, ҳилолни жума кечаси кўрдим. Сўнгра ойнинг охирида Мадинага келдим. Ибн Аббос мендан: «Ҳилолни қачон кўрдинглар?» деб сўради. «Жума кечаси кўрдик», дедим. «Сен ўзинг кўрдингми?» деди. «Ҳа, бошқа одамлар ҳам кўришди, рўза тутишди. Муовия ҳам рўза тутди», дедим. «Лекин биз шанба кечаси кўрдик. То ўттиз кунни мукаммал қилгунимизча ёки уни (янги ойни) кўргунимизча тутаверамиз», деди. «Муовиянинг кўргани, рўза тутгани билан кифояланмайсанми?» дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай буюрганлар», деди».

Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисга амал қилган баъзи уламолар «Ҳар ўлка аҳолиси ҳилолни ўзи кўриб, шунга биноан амал қилишади», деганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  («Мўминнинг қалқони» китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Барча гўзал хулқларнинг энг буюк асоси бу сабрдир. Сабр ndash барча разил хулқлардан покланишликдир. У нафсни Аллоҳнинг розилиги ва савобини талаб қилган ҳолда У Зот давоми...

4914 09:00 / 28.03.2023
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар .Заҳабаз замаъу ва баталлатил уруқу ва сабатал ажру иншааллоҳ,, яъни давоми...

4512 05:00 / 11.01.2017
Сиздан ким у ойда хозир бўлса рўзасини тутсинrdquo деб буюрган Аллоҳ таолога ҳамду саноларнинг чексизи, зоти покига муносиби бўлсин. Қачон рамазон келса, жаннат давоми...

4064 05:00 / 14.01.2017
Савол Аёл киши ҳайз кунларида рўза тутса бўладими Жавоб Ҳайз ва нифос чоғида рўза тутиш жоиз эмас. Поклангандан кейин қазоси тутиб берилади. Оиша розияллоҳу давоми...

8584 15:30 / 03 апрель