1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўза буюк ибодатдир

17:40 / 15.05.2018 4964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирда кишиларнинг диндан узоқлашишлари, Аллоҳдан қўрқиш ҳиссини йўқотишлари, савоб-гуноҳни фарқламай қўйишлари оқибатида рўзанинг мазкур фазийлатларига ҳам эътибор йўқолди.

Бугунги кунда баъзи кишиларга «Рўза тутсанг, Аллоҳнинг амрини бажарган бўласан, охиратда дўзахдан қутулиб, жаннатга кирасан», дейилса, парво ҳам қилмайди. Тақво, бошқа яхши сифатлар ҳақида гапириб ўтиришга-ку, ҳожат ҳам йўқ.

Агар ўша кишига «Рўза тутгин, соғлиғинг яхши бўлади, вазнинг енгиллашади», дейилса, «Ундай бўлса, бир уриниб кўрсак бўлар экан», дейди. Бу эса ўз навбатида рўзанинг асл руҳидан узоқлашишга олиб келади. Афсуски, бунга ўхшаш рўзанинг асл моҳиятидан мусулмонларни узоқлаштирадиган омиллар оз эмас. Узоққа бормай, биргина озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик.

Ҳақиқий исломий рўза фалсафаси бўйича Рамазондан бошқа, оддий пайтлардаги нонушта Рамазонда саҳарлик бўлиб, кечки овқат эса ифторликка ўтиши керак.

Воқеликда эса, кишилар оддий кунларда бир неча кунга етадиган озиқ-овқатни Рамазоннинг бир кунида саҳарлик ва ифторлик қилиб, еб-ичиб оладилар. Натижада улар Рамазондан бир неча килога семириб чиқадилар.

Лекин шунга ҳам қарамай, Рамазоннинг руҳи, унинг фойдаси ҳозир ҳам дунё бўйлаб яққол кўриниб турибди.

Рамазони шариф кириши билан Ислом олами бошқача оламга айланиб қолади. Барча яхшиликлар кескин кўпайиб, ёмонликлар деярли йўқолади. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмон тавбага, ибодатга ўзини уради. Ҳар ким қўлидан келганича яхшилик қилишга уринади. Номи мусулмон, ўзи бошқа бўлганлар бундан мустасно.

Ёмонликдан барча, ҳатто ёмонлар ҳам ўзини олиб қочади. Бошқа вақтда намоз ўқимайдиганлар ҳам рўзани тутиб олиб, намоз ўқиб, таровеҳга қатнаб қолади. Хуллас, мусулмон олами бир кечада яхшилик томон бурилиб қолганга ўхшайди.

Рамазони шарифнинг кишиларга кўрсатган бу таъсири, фойдаси жуда ҳам яхши. Афсусланарлиси шуки, нима учун бу олиймақом ҳолатни фақат Рамазонда кўриш мумкин? Нима учун Рамазонда олинган руҳий ҳолат янаги Рамазонгача давом этмайди? Аслида бу Рамазонда ҳосил қилинган тақво, фазийлатлар ва олиймақом руҳий ҳолат келаси Рамазонгача давом этиши керак-ку?!

Бизнингча, бутун Ислом олами ушбу саволлар устида бош қотириши лозим. Исломий илмлар уламолари, мусулмон табиблар, илми нафс мутахассислари, жамиятшунослар ва бошқа инсоний илмлар соҳиблари ижтиҳод қилиб, Ислом оламини, мусулмонларни доимий равишда Рамазон савиясида ушлаб туриш чораларини кўришлари керак.

Шу ўринда дин бўйича сунъий босим кўтарилиб, одамлар ўз ихтиёрлари билан Исломга қайтаётган пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушади. Олий ўқув юртларида узоқ вақт раҳбар лавозимларда ишлаб келган, илмий унвон соҳиби бўлмиш бир киши Рамазондан кейин ҳам рўза тутиш лозимлигини қайта-қайта такрорлар, уламолардан қайси кунлари қандай рўза тутилишини тушунтириб беришларини сўрар эди. У кишидан нима учун бу масалага қизиқиб қолганлиги сўралди.

«Очиғини айтсам, бу йил биринчи марта тўлиқ рўза тутдим», деди у ва ўз гапида давом этиб, қуйидагиларни айтди:

«Рўзанинг фойдаси жуда ҳам кўп экан. Буни мен ўз тажрибамда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик масаласида ҳеч гап йўқ. Ҳаммаси маълум. Ҳатто, одамлар билан бўладиган муомалада ҳам фойдаси кўп экан. Илгарилари иш битириш учун, деб ёлғон-яшиқни гапираверар эдик. Рўза тутган одам ҳеч ёлғон гапира олмай қолар экан. Ҳатто, бир оғиз ҳам ёлғон гапирмай қўйдим. Роса ёлғон гапириб, иш битириб кетиш пайти келганда ҳам рўза оғзим билан ёлғон гапираманми, деб, ўзимни тўхтатиб қоляпман. Менимча, Рамазондан ке­йин ҳам вақти-вақти билан рўза тутиб турилса, бу ҳолатни ушлаб қолишга ёрдам берса керак».

Ҳа, бу гапларда жон бор эди. Бу нарсага алоҳида эътибор бериш керак. Илмий унвони бор киши бир ой рўза тутиб, юқоридаги ҳолатга келганидан кейин, мутахассис уламолар режали илмий изланишлар олиб борсалар, самарали натижалар чиқиши турган гап.

Энди рўзанинг илмий мўъжизаларига ўтайлик. Маълумки, рўза фарз бўлган дастлабки даврда мусулмонлар фарз ибодатни адо этиш масъулияти ҳисси ила рўза тутаверганлар. Кейинчалик бош­қа халқ, миллат ва элатлар билан аралашилди. Уларнинг саволларига, эътирозларига ёки Исломга нисбатан қилган таъналарига жавоб бериб бориб, исломий ибодатларнинг, жумладан, рўзанинг ҳикматлари, ахлоқий фойдалари ва ўша замон руҳи ва талабига мос томонлари шарҳ қилинди, тушунтирилди.

Кейинчалик, хусусан, бизнинг асримизда Ислом­нинг душманлари унга илм номидан ҳужум бошладилар ва таъна тошларини отдилар. Улар Исломни илм душмани деб, исломий ибодатларни илмий асосга эга эмас деб, инсонлар учун зарарли деб эълон қилдилар. Жумладан, рўза соғ­лиқнинг кушандаси, инсон шахсиятини тамомила бузиб ташлайдиган омил сифатида васф этилди.

Лекин охир-оқибатда рўза кони фойда эканлиги, усиз соғлиқни сақлаш мумкин эмаслиги, рўза кўплаб беморликларнинг давоси эканлиги исбот қилинди. Энг қизиғи, бу илмий кашфиётларнинг ҳаммаси мусулмон бўлмаган кишилар томонидан ихтиро қилинди ва қилинмоқда. Мазкур илмий тажрибаларнинг натижалари Ислом рўзани бундан ўн беш аср аввал фарз қилганлиги чинакам илмий мўъжиза бўлганини кўрсатиб турибди. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг «Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшиликдир», деган ояти ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Рўза тутинглар, саломат бўласизлар», деган ҳадисларининг мўъжиза эканлиги исботланмоқда.

Келинг, тиб олимлари рўза борасида эришган баъзи бир натижалар билан қисман танишиб чиқайлик:

«Тиббий-илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилишда, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди.

Баъзи мисоллар келтирамиз:

1. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайраларнинг ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.

2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Чунки одатда семизлик овқатни ҳазм қилишдаги нуқсон, атроф-муҳитдаги, нафсоний ва ижтимоий таъсирлар натижасида келиб чиқади.

Гоҳида руҳий изтироб ҳам овқатнинг инсон жисмига нотўғри таъсир қилишига олиб бориши мумкин. Ана ўша омиллардан рўза тутиш орқали сақланиш мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам иймоний муҳитда кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловати қилиб, вақт ўтказади. Турли аччиқланиш, асабийлашиш, уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.

3. Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор пешоби таркибида пешоб йўлларида тўпланиб қолган тузларни йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.

4. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган турли заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради. Маълумки, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб заҳарли моддалар кириб, тўпланиб қолади. Ана ўша моддалар фақат рўза тутиш орқали чиқиб кетади.

5. Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу эса айниқса ёшлар учун жуда ҳам фойдали бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди. Ушбу ҳолат ҳам илмий тажрибалар орқали исбот қилинган.

Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда:

1. Семизликдан келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши, қон босимининг ортиши ва баъзи юрак хасталикларини даволашда.

2. Қон айланишига оид касалликларни даволашда.

3. Бўғинларнинг сурункали шишини даволашда ва ҳоказолар.

Бу борада доктор Мак-Итчен келтирган жадвални ҳавола қилсак, мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз:



Касаллик

 

Жами

 

Тузал-

ганлар

Тузал-

маганлар

Қон босими

141

141

0

Қабзият

88

77

11

Тўғри ичак

67

64

3

Камқонлик

60

52

8

Бавосил

51

48

3

Бронхит

42

39

3

Жигар касали

41

36

5

Шишлар

38

32

6

Ич дам бўлиши

36

34

2

Сариқ қасаллиги

36

36

0

Юрак хасталиги

33

29

4

Бронхиал астма

29

29

0

Қорин ва ўн 

икки бармоқли

ичак яраси

23

20

3

Йўғон қон 

томири 

кенгайиши

23

22

1

Аллергия

19

17

2

Экзема

18

15

3

Қандли диабет

14

14

0

Саратон

5

5

0

Тутқаноқ

5

5

0

Склероз

4

3

1

Ўпка касали

2

2

0



Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, йилдан-йилга рўзанинг саломатликка фойдаси тўғрисида янгидан-янги кашфиётлар қилинмоқда. Янгидан-янги китоблар чиқмоқда. Хоҳлаган кишилар ўша китоб­ларни олиб, диққат билан ўқиб чиқсалар, Ислом инсоният бахт-саодати эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилар эдилар. Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни ҳеч қолдирмай, адо этиб бориш зарурлигини тушуниб етар эдилар. Шу билан бирга, шариатимиздаги ҳар бир амал инсон манфаати учун хизмат қилишини англаб етардилар.

Аллоҳ таоло Ўзи ҳидоят қилсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасини фарз қилингани ҳақидаги ояти каримадаquotЭй иймон келтирганлар, сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз давоми...

2683 05:00 / 11.01.2017
Жуда қартайиб қолган киши рўза тутишга ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейинроқ рўза давоми...

4557 21:13 / 29.05.2018
Ўзбекистон радиосининг .Оқшом тўлқинларида, ахборотмусиқий эшиттириши орқали берилган ушбу ваъз, Тошкентдаги .Тилла Шайх, масжидида ийдmdash Рамазон намози олдидан давоми...

3559 05:00 / 14.01.2017
Икки қисмга бўлинади 1. Зиммага вожиб бўлиш шартлари. Улар тўрттадир ndash Мусулмон бўлиш кофирнинг зиммасига рўза фарз эмас ndash Оқил бўлиш мажнуннинг зиммасига давоми...

3432 04:00 / 04.04.2023