1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳга яқинлашиш эшиги (2-қисм)

19:42 / 13.05.2018 3559 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифлари ҳам келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бадгумонликдан сақланинг. Чунки бадгумонлик гапнинг энг ёлғонидир. Гап пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Кимўзарга уриниб, ўзаро ҳасад қилишманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг ва бир-бирингиздан юз ўгирманг. Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда жамиятдаги кишиларни бир-бирига душман қиладиган, якка шахсларни ўзаро душман қилиш орқали бутун жамиятга адоват уруғини сепадиган ва шу орқали инсоний алоқаларни, оилаларни ва жамиятни таназзулга юз туттирадиган ёмон хулқлар ҳақида гапирилмоқда.

Бу рўйхатнинг бошида эса бадгумонлик турар экан. Кўрган, эшитган одамидан бирор ёмонлик ахтариб, «Ундай бўлса керак, бундай бўлса керак», дейиш бадгумонлик бўлади. Бу нарса аввало, баъзи шахслар ичида адоват қўзғаб, душманлик ва ишончсизлик руҳини таратади.

Кейинроқ ушбу руҳ жамиятнинг турли табақаларига тарқалиб, ҳамма бир-бири ҳақида ёмон гумонга борадиган, бир-бирига душманлик қиладиган ва ишонмайдиган бўлиб қолади.

Аввал айтиб ўтилганидек, бир-бирига ҳасад қилиш, ёмон кўриш, кек сақлашни ўзига касб қилиб олиш, ёмонликда мусобақалашиш, бир-бирига турли ёмонликлар қилиш, одамларни ишга солиш ва бошқалар бўлмағур нарсалар экан. Балки мўмин-мусулмонларнинг барчаси ака-укадек бўлиб юришга ҳаракат қилишлари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳасад қилманглар. Нажш қилманглар. Бир-бирингиз-ла ғазаблашманглар ва бир-бирингиздан юз ўгирманг.  Бирингиз бирингизнинг савдоси устидан савдо қилмасин.  Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам. (Шундай деб) уч марта «Тақво бу ердадир», деб кўкракларига ишора қилдилар. (Сўнг яна) «Кишининг ёмонлиги учун ўзининг мусулмон биродарини таҳқирлаши кифоя қилади. Мусулмоннинг бору буди мусулмонга ҳаромдир: қони ҳам, моли ҳам ва обрўси ҳам», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Албатта, бирингиз ўз биродарининг кўзгусидир. Агар унда кирни кўрса, уни ундан кетказсин», дедилар», дейилган.

Банда ўзига ўхшаган бошқа бандалар ва дунёнинг матоҳлари билан бўладиган алоқасини Аллоҳ таолонинг таълимоти асосида олиб борганда, халқ билан овора бўлиб, Холиқни эсдан чиқариб қўйиш балосидан қутулади. Балки Холиқ билан унсу улфати яна ҳам зиёда бўлади. Шу билан бирга, Холиқнинг халқи билан бўладиган алоқалари дунёдаги энг яхши алоқалар бўлади.

Ўз Исломида содиқ бўлган мусулмон банда Аллоҳ таолога бутунлай таслим бўлади ва У Зотнинг яратган нарсалари билан бўладиган барча муомалаларида ҳам уларнинг барчасининг бош сабабчиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзини кўради. Бошқача қилиб айтганда, мўмин банда бу дунёдаги Аллоҳ таоло яратган барча нарсаларни У Зот бу дунёда жорий қилиб қўйган сабабият қонунидаги сабаблар деб билади. Шунинг учун ҳам унинг шахслар ва нарсалардан иборат бўлган сабаблар ила Роббининг кўрсатмасига асосан олиб борадиган муомаласи айни ибодат ва убудиятга айланади.

Ушбу ҳақиқатни англаб етиш учун роббоний уламоларнинг ва машойихларнинг ҳаёт йўлига бир назар солишнинг ўзи кифоя қилади.

Довуд алайҳиссалом темирчи, Сулаймон алайҳиссалом мисгар, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор бўлганлар. Мусо алайҳиссалом эса чўпонлик қилганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли Макканинг қўйини боқиб ҳаёт кечирганлар, кейинчалик Хадижа розияллоҳу анҳонинг молидан тижорат ҳам қилганлар.

У зот пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам қўл меҳнатидан четда қолмаганлар. Қурилиш, хандақ қазиш ва бошқа ишларда фаол қатнашганлар. У зотнинг таълимотларидан баҳраманд бўлган, у зотдан ўрнак олган мусулмонлар ҳам доимо ҳалол меҳнатни улуғлаб келганлар.

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ризқи рўз топиш учун тўқувчилик касбини ихтиёр қилгандилар.

Етук зотлар ўзларига ўхшаган халқ билан бўлган муомала ва унсларида суратга қараган бўлсалар ҳам, аслида Ҳақ таоло билан муомала ва унсни олиб борганда уларнинг вужудларининг барчаси Аллоҳ таолонинг розилигини топишга қаратилган бўлади. Жумладан, халқ билан бўладиган муомала ва унсларни ҳам улар Аллоҳ таоло учун, Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ила олиб борадилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ўзаро муомалалари ҳам, унслари ҳам дунё учун эмас, охират учун бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Огоҳ бўлинглар! Дунё малъундир ва ундаги нарсалар малъундир. Илло, Аллоҳнинг зикри, У Зотнинг яхши кўрган нарсаси, олим ёки таълим олучи мустаснодир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бану Феҳрнинг биродари Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Дунё охиратда бирингиз бармоғини денгизга солгани мислича ҳам эмас. Бас, (бармоғи) нима ила қайтишига назар солсин», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Агар банда бутун оламдаги молу дунёни тўплаб, охиратга олиб кетса ҳам, бу нарса унга бирор фойда бермайди. Агар бутун оламдаги молу дунёни тўплаганда ҳам охиратда худди денгизга бир бармоқни солганда ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмагандек тураверади. Шунинг учун ҳам ҳар бир банда бу дунёда охиратга нима билан қайтишига назар солмоғи лозим. Агар охиратда бирор мақомга эришиш нияти бўлса, ўшанга лойиқ иймонга эга бўлиши, ибодат ва амали солиҳларни қилиши керак. Жумладан, мол-дунёни ҳам ўша мақсадда ишлатиши зарур.

Мўмин-мусулмон бандаларнинг мазкур нурафшон ҳолатлари қаршисида дунёнигина кўзлаганларнинг халқ ва Ҳақ билан бўладиган муомалалари ва унслари туради. Дунё учун яшаётганлар ўзларининг халқ билан олиб борадиган муомала ва унсларидан фақат дунёни ва унинг арзимас матоҳларини кўзлайдилар. Ҳаётларининг барча қирралари фақат молу дунёга, айшу ишратга, қайфу сафога қаратилган бўлади. Уларнинг Ҳаққа қаратилган фаолиятлари бўлмагани учун У Зотдан узоқда бўладилар. Шунинг учун ҳам доимо кундалик ҳаётларида хаёллари, гаплари, баҳслари, орзу-умидлари фақатгина дунё ва унинг матоҳларига, молу мулкни кўпайтиришга қаратилган бўлади. Бундай аянчли ҳолатдаги кишиларга Аллоҳ таоло ва Расулдан, дин ва диёнатдан, ўлим ва охиратдан гапирган шахс уларнинг ашаддий душмани ҳисобланади. Улар мазкур мавзуларда сўз юритадиган одамлардан узоқда бўлишни истайдилар. Ушбу қилмишлари ила Аллоҳ таолодан узоқлашадилар ва дунё ботқоғига ботиб бораверадилар.

Аллоҳ таоло барчамизни халқидан узоқлаштириб, Ўзига яқинлашиш эшигини очиб, Ўзига қурбат ҳосил қиладиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўта ҳожатмандлигинг зотингда бордир. Сабабларнинг келиши эса сенга улардан махфий бўлганларини эслатиш учундир. Зотий ҳожатмандликни ўткинчи нарсалар йўқота давоми...

5188 09:55 / 24.06.2018
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

4940 17:38 / 18.07.2017
Учинчи қисм. Фарз амални тарк қилиш масалан, намозни тарк қилиш, қасддан таҳоратсиз намоз ўқиш, бировнинг намоз ўқишига тўсқинлик қилиш, закот беришдан бош тортиш, давоми...

3164 16:23 / 28.03.2018
У Зотдан сени бир ҳолатдан ndash ундан бошқада ишлатиши учун ndash чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади.Ушбу ҳикматда банда Аллоҳ давоми...

3792 09:03 / 06.11.2017