1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳга яқинлашиш эшиги (1-қисм)

19:41 / 13.05.2018 4273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот қачон сени махлуқотларидан узоқлаштирса, билки, сенга Ўзига яқинлашиш эшигини очишни ирода қилибди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳикматини «Аввал Аллоҳ таолога яқин бўл, кейин У Зот яратганга яқин бўлаверасан», деб тушунсак ҳам бўлади. Чунки инсоннинг қалби битта, ўша битта қалб ҳам Холиққа, ҳам махлуққа бирдек муносабатда бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун аввал Аллоҳ таолога унс ҳосил қилиб, яқин бўлиб олиб, сўнгра У Зотнинг кўрсатганига амал қилган ҳолда халойиққа яқин бўлиш керак бўлади. Аллоҳ таолонинг жорий қилган одати ўзи шу. У Зот қай бандани Ўзига унсу улфат қилмоқчи бўлса, унга Ўз маърифатини туҳфа қилиб бермоқчи бўлса, Ўзи халқ қилганларидан узоқлаштиради, Ўзининг хизмати ила машғул қилади ва унга Ўзини зикр қилиш ҳақида илҳом беради. Банданинг қалби нурлар билан тўлганидан ва шуҳуд – Ҳақни ҳақ ила кўриш ҳоли – ҳаловати имкони бўлганидан сўнг уни яна халқига қайтаради. Ана ўшанда халқ қилинганлар унга зарар етказа олмайдилар. Чунки банданинг қалбида Холиқнинг унсу улфати яхшилаб ўрнашган бўлади.

Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи айтмоқдаки:

«У Зот қачон сени махлуқотлариқидан узоқлаштирса, билки, сенга Ўзига яқинлашиш эшигини очишни ирода қилибди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик мақоми яқин қолганда у зотга одамлардан холи қолиш яхши кўриниб қолгани ҳам шундан. Бу Аллоҳ таоло ирода қилган ҳолат эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлардан узоқлашиб, Ҳиро ғорига кириб, ёлғиз ўзлари «таҳаннус» ибодатини қилиб ўтиришни истаб қолдилар. Аллоҳ таоло истаганича ўша ғорда турганларидан сўнг У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик мақомини ато қилди. Сўнг халқ ичига кириб, уларни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динига чақириш амр қилинди. Бундай бўлишининг ҳикмати банда халқдан ажраб, Холиқ билан бўлганда унинг ички дунёси турли машғул қилувчи нарсалардан покланиб, барча сирлар ва ҳибаларни қабул қилишга тайёр бўлади. Қалби кирлардан покланиб, нурларга тўлади.

Кейин халқ билан Аллоҳ таолонинг таълимоти асосида муомала қилади. Зотан, Аллоҳ таолонинг Ўзи одамларни бир-бирлари билан унсу улфат бўлиб яшашга мойил қилиб яратган. Агар одамлар бир-бирлари билан ўзаро алоқада бўлмасалар, бу дунё обод бўлмайди. Одамларнинг ўзларининг ишлари ҳам битмайди. Аммо мазкур инсоний алоқаларни олиб бориш ишлари одамларнинг ўзларига ташлаб қўйилса, кучли кучсизга ўз гапини ўтказадиган, адолат тарозиси бузиладиган ва бу дунё оёқости бўладиган ҳолат юзага келади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларга бошқа керакли нарсаларни йўлга қўйиш бўйича таълимотлар йўллагани каби ўзаро инсоний алоқаларни олиб бориш асосларини ҳам баён қилиб берган.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:  

 «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир» (13-оят).

Ушбу ояти каримада

«Эй одамлар!» – деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга, уларнинг асли бир экани эслатилмоқда.

«Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик».

Демак, одамларнинг асли бир: ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳавводан тарқалганлар. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйганини ҳам таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш экани уқдирилмоқда.

«...ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик».

Инсонларнинг турли халқлар, миллатлар, элатлар, қабила ва уруғлар ҳамда турли фирқаларга бўлинишининг асосий сабаби ушбу мақсад, яъни ўзаро танишиш эканини ҳеч қачон унутмаслик керак. Аллоҳ таоло оятда урушишингиз учун, жанжал учун, фахрланиш учун, мақтаниш учун, демаяпти ёки бошқа сабабларни айтмаяпти. Демак, халқларнинг турли-туманлигини илоҳий мақсаддан – танишувдан бошқа мақсадга ишлатиш Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар бўлар экан.

Кишилар ўзларича мезон тузиб, бирларининг иккинчиларидан афзалликларини ўлчаб юришади. Кимдир молу мулкига қараб, кимдир ҳасаби-насабига қараб, яна бирлари танасининг рангига қараб, тўртинчилари қабиласи ёки миллатига қараб ва ҳоказо ўлчовлар воситасида ўзини устун қилиб кўрсатади. Ҳамма бир ота ва бир онадан тарқаганлигини, у ота-оналар эса тупроқдан яратилганини унутиб қўйишади. Оқибатда турли-туман келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар ва кўнгилсизликлар келиб чиқади.

Ислом динида бу каби ўлчовларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Уларнинг ҳаммаси бекор қилинади ва ягона мезон сифатида илоҳий ўлчов жорий этилади. Бу ўлчов инсонлар қадрини фақат битта нарсага қараб, яъни инсоннинг тақвосига қараб ўлчайди:

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир».

Ер юзида инсонларнинг қадр-қиймати ушбу илоҳий ўлчов билан ўлчангандагина турли низолар, уруш-жанжаллар ва келишмовчиликлар барҳам топади.

Худди шу оятнинг маъносида Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломдан кўплаб ҳадислар келган.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди, балки қалбингиз ва амалингизга қарайди», дейилади.

Набий алайҳиссалом Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга: «Назар сол, агар сенинг тақвода ортиқлигинг бўлмаса, қизилдан ҳам, қорадан ҳам яхши эмассан», деганлар.

Бу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўп.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:  

 «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир» (2-оят).

Ушбу ояти каримадаги биз ўрганаётган мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.

Исломда эса ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.

Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам «Аллоҳга тақво қилинг», деб алоҳида таъкидланмоқда.

Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, Унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:

«Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасад бу қадимдан бор бўлган гуноҳ, унинг бошланиши Иблисга бориб тақалади. Иблис, Одам алайҳиссаломга Аллоҳ Таоло томонидан берилган мақомга ҳасад қилди. Иблис давоми...

4553 20:51 / 10.06.2018
Фоний бўлмайдиган иззатинг бўлишини ирода қилсанг, фоний бўладиган иззат ила иззат талаб қилма. ndash Иззат ndash ўзини бошқаларга хору зор бўлишдан юқори тутишдир. Бу давоми...

4161 20:37 / 16.08.2017
Инсон руҳий ҳолатига дуо қандай таъсир қилиши мумкинЧин дилдан қилинган дуо инсон қалбини тинчлантиради. Айниқса дуонинг кучи турли хил касалликлар, руҳий ва давоми...

7308 18:36 / 17.09.2017
Амалларнинг гўзаллиги аҳволларнинг гўзаллиги натижасидир. Аҳволларнинг гўзаллиги эса мақомларнинг манзиллари рўёбга чиққанидандир.ndash Амал ndash жисмнинг куч давоми...

3715 19:09 / 07.01.2018