1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Диний ишларни ортга суриш бефаҳмликдир

14:18 / 29.09.2017 4124 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амалларни фориғ бўлгандан кейинга суришинг нафснинг бефаҳмлигидандир.

Албатта, ушбу ҳикматдаги амаллардан мурод диний амаллардир. Бу ерда дунёвий амалларга шўнғиб кетиб, диний мажбурият бўлган ишларни «Бўшаганимда қиламан», дейиш бефаҳмлик экани борасида сўз бормоқда.

Бефаҳмлик аҳмоқликнинг бир тури бўлиб, унда инсон ўзини ақлли ҳисоблайди, аслида эса аҳмоқ бўлади.

Диний амалларни дунёнинг ташвишидан фориғ бўлишдан кейинга суриш шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида уч жиҳатдан аҳмоқлик ҳисобланади:

1. Шариат бўйича ўзига вожиб бўлган амални одатда амри маҳол бўлган нарсага – бу дунёда фориғ бўлишга қолдиришидир. Яъни инсон: «Фориғ бўлганимда қиламан», дейди. Воқелик эса унга: «Фақатгина амал билангина фориғ бўлишинг мумкин», дейди.

2. У ишониб бўлмайдиган нарсага ишонмоқда. Нафси типирчилаб турса, ваъдасига вафо қилмаслигини унутмоқда.

3. У ақллилар наздида олдинга суриладиган жазм ва азму қарорни замоннинг ўзгаришидан қўрқиб, ортга сурмоқда. Бу эса пешонасига битилган нарсага бор кучи ва имкониятини сарфлаб, ундан талаб қилинган нарсани ташлаб қўйишдан иборатдир.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зийрак – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Ожиз нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли нарсалар орзу қилган одамдир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Бу борада одамлар уч турли бўладилар:

1. Қадарнинг ёрдами ила бўш вақтида ҳам, банд вақтида ҳам диний амал қилган киши. Бундайлар муваффақиятга эришган ва ҳавас қилинганлардир.

2. Бўш вақти бўлса, туриб амал қилмаган киши. Бундайлар баттоллар ва алданганлардир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларда зиёндадирлар – (улар) саломатлик ва фароғатдир», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

3. Бўш вақт топа олмаганини баҳона қилиб, амални ўшанга ҳавола қилган киши. Булар ғурурга кетганлардандир.

Одатда баъзи кишиларга диний амалларни бажариш эслатилса, ишдан нафақага чиққанда, кўзлаган режасини амалга ошириб бўлиб, бўш вақт топганда мазкур амалларни бажариш режаси борлигини айтадилар. Ушбу ҳикматда бу иш бефаҳмликдан иборат экани таъкидланмоқда. Зотан, Аллоҳ таоло бандаларига диний амалларни бажаришни фарз қилганда «Бўш вақтингда қиласан», деган эмас. Диний амалларни бажариш вақти инсон балоғат ёшига етганидан бошланиши маълум ва машҳур. Банда Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилмоғи зарур. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу борада бир қанча оятлар нозил қилган.

У Зот Зориёт сурасида марҳамат қилади:

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим. Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман» (56-57-оятлар).

Демак, Аллоҳ таоло инсонлару жинлардан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Улардан таом сўрамайди, балки уларга таом беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсонлару жинларни яратишдан мақсад ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

 «Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида Аллоҳ ва Расулига ижобат этинг» (24-оят).

«Ҳаёт берадиган нарса» иймон ва Исломдир. Қуръони Карим таъбири бўйича, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Киши иймон ва Ислом билангина тўлақонли ҳаёт маъносига эга бўлади. Иймонсиз ва Исломсиз ҳаёт кечиргандан кўра кечирмаган яхшироқ. Шунинг учун ҳар бир одам тезроқ ўзини ўнглаб, ўз вақтида Аллоҳ ва Расулининг чақириғига жавоб бериб, ўзларига ҳаёт берадиган иймон ва Ислом йўлига юришлари лозим.

Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (6-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда. Мазкур дўзах оловидан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади.

Дунёнинг ташвишига кўмилиб қолмасдан, Аллоҳ таоло Ўзини деган бандасини ташлаб қўймаслигини эсдан чиқармаслигимиз зарур.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, сен у ерда оч-яланғоч қолмассан. Албатта, сен у ерда ташна ҳам бўлмассан, иссиқда ҳам қолмассан», дедик» (118-119-оятлар).

Шунинг учун ҳам диний амалларни бўш вақтига сурадиган шахслар фаҳмсизликда айбланадилар. Уларнинг фаҳмсизликлари бир неча тарафдан бўлади.

Аввало инсон дунёнинг ташвишидан бўшаб, ҳамма нарсадан фориғ бўлгунича яшайдими, йўқми?! Халқ орасидаги «Ўлим қош билан қовоқнинг ўртасидадир», деган гап бежиз эмас. Шунинг учун ҳам «Диний вазифаларни дунёнинг ишларидан фориғ бўлганимда қиламан», дейиш ўта бефаҳмлик деб баҳоланади.

Қолаверса, дунёнинг ишларини тўғри йўлга қўйишда айнан диний вазифалар катта ва асосий ёрдамни беради-ку! Диний вазифалар инсонни тўғри йўлга бошлайди, дунёнинг ишларини ҳалол-пок, инсоф билан олиб боришда асосий ёрдамчи бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни диний амалларни фориғ бўлишдан кейинга суриб, нафснинг бефаҳмлигига дучор бўлишимиздан Ўзи асрасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зотга яқинлигинг Унинг яқинлигига шоҳид бўлишингдир. Бўлмаса У Зотнинг яқин бўлиши сенга қаердан ҳам бўлсинИбн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг давоми...

3620 16:40 / 14.01.2018
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4138 10:35 / 26.12.2018
Зуҳд ҳақида келган оят ва ҳадисларни, тўрт рошид халифаларнинг бу борадаги ҳолатларини қўлдан келганича ўрганганимиздан кейин бу мавзуни яқиндан ўрганган ва давоми...

3717 21:49 / 30.07.2017
Оят. Аллоҳ таоло айтади .Ҳар бир қасамхўр, пасткаш, одамларни айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига итоат қилма,1Мазкур оят одамларни айблаш, ғийбат қилишнинг ярамас давоми...

3907 14:17 / 20.03.2018