1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тасбеҳ, ҳамд, такбир ва таҳлилнинг фазли (3-қисм)

20:28 / 10.05.2018 4841 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энди мазкур зикр калималарининг фазли ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқамиз.

4525. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Роҳманга суюклидир: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азийм», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳа, «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим»ни айтиш тилга жуда ҳам енгилдир, осондир. Аммо тилга жуда енгил бўлган бу сўзларнинг қиёмат куни банданинг амалларини тортадиган тарозидаги вазнлари жуда ҳам оғирдир.

Бу дунёда ушбу сўзларни савоб умидида, ният ва ихлос ила айтиб юрган банда у дунёда катта бахтга сазовор бўлиши турган гапдир, чунки у Аллоҳ таолога суюкли бўлган сўзларни айтиб юрган.

Бас, шундай экан, «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳаналлоҳил азим»ни кўпроқ айтишга одатланайлик.

4526. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз, сайл қилинг», дедилар. Мен:

«Жаннат боғлари нимадир?» дедим.

«Масжидлар», дедилар».

«Сайл нимадир?» дедим.

«Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, масжидлар жаннатнинг боғлари ҳисобланар экан. Уларнинг ёнидан ўтганда сайл қилиб, меваларидан еб қолиш керак. Бундай фойдали сайлни қилиш қийин эмас – банда «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» деб қўйса, бас.

Жаннат боғларида сайл қилишни истаган одам ушбу улуғ ибораларни ёд олиб, доимо айтиб юришга одатланиши керак.

4527. Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бас, у зот:

«Сизлардан бирортангиз ҳар куни минг савоб касб қилишдан ожиз бўлурми?» дедилар.

Шунда у зотнинг ҳаммажлисларидан бир киши:

«Қандай қилиб бирортамиз минг ҳасана касб қилади?» деб сўради.

«Юзта тасбеҳ айтади. Бас, унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта хато ўчирилади», дедилар».

Шарҳ: Демак, бир марта «субҳаналлоҳи» деган бандага ўнта савоб ёзилар ва ундан ўнта хато ўчирилар экан. Бундан Исломда савоб касб қилиш жуда ҳам осонлиги келиб чиқади. Ўша савобни касб қилишни ихтиёр қилганлар қани?!

4528. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» демоғим мен учун устидан қуёш чиқадиган барча нарсадан муҳбубдир», дедилар».

Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Устидан қуёш чиқадиган барча нарса» деганларида дунёдаги ҳамма нарсани назарда тутганлар.

Демак, зикр нияти ила «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» дейиш уларни айтувчи киши учун дунёдаги барча нарсаларга эга бўлишдан кўра яхшироқ экан.

Бу баракотли сўзларни ёдлаб олиб, зикр қилиб юришга одатланишимиз керак.

Демак, зокир ушбу ривоятда келган зикрларни айтиш билан бутун дунёдаги молу мулкнинг савобидан кўпроқ савобга эришар экан. Бу ердаги «маҳбуб»лик дунёнинг ўзига бўлган муҳаббат эмас. Балки ўша дунёни сарфлаганда ҳосил бўладиган савобдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон дунёнинг ўзига муҳаббат қўймаганлар. У зот дунёни сарфлаш орқали келадиган савобга муҳаббат қўйганлар.

4529. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сенга Аллоҳга энг маҳбуб бўлган каломнинг хабарини берайми?» дедилар.

«Хабарини беринг, эй Аллоҳнинг Расули!» дедим.

«Аллоҳга энг маҳбуб калом «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»дир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Аллоҳ азза ва жаллага энг маҳбуб калом – Аллоҳ Ўз фаришталари учун танлаб олган «Субҳана Роббии ва биҳамдиҳи. Субҳана Роббии ва биҳамдиҳи»дир», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан Аллоҳга энг маҳбуб бўлган бир калом ҳам борлигини ва у «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» эканини билиб оламиз. Бу қисқа иборани ният ва ихлос ила зикр қилиб юрсак, катта савобга эга бўламиз. У Аллоҳга энг севикли калом бўлгач, уни зикр қилганларга бериладиган савоб қандай бўлиши ҳам ўз-ўзидан маълум.

Бу ердаги «Аллоҳга энг маҳбуб калом»дан мурод Қуръони Каримдан кейингиси эканини унутмаслигимиз лозим. Аллоҳ таолога тасбеҳ ва ҳамдни қўшиб «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни зикр қилган одам Аллоҳ таоло Ўз фаришталари учун танлаб олган зикрни қилган бўлар экан. Албатта, мўмин-мусулмон банда бунинг фазлини англаб етиши ва унга амал қилиши лозим.

4530. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким «Субҳаналлоҳил азийми ва биҳамдиҳи» деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар».

Шарҳ: Бу зикрни қилган одам уни ҳар айтганда ўзининг жаннатдаги боғига бир дона хурмо кўчати эккан бўлар экан. Яъни унинг жаннатдаги мақоми бир поғона кўтарилади. Вақтни беҳуда ўтказмай, «Субҳаналлоҳил азийми ва биҳамдиҳи»ни айтиб туриш керак.

Албатта, ўзини билган мўмин банда учун бош мақсад нима қилиб бўлса ҳам жаннатга кириб олиш эмас. У жаннатда иложи борича юқори мартабага эришиш учун ҳаракат қилади, жаннатдан ўзига берилган боғнинг бошқаларникидан яхшироқ бўлишини орзу қилади.

Ана шу боғни обод қилиш учун бу дунёнинг ўзида имкон бор экан. Бунинг учун зокирлардан бўлиш зарур экан. Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, ушбу ривоятда келган зикрни кўпроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон – бир дақиқанинг ўзида уни жуда кўп ададда айтиш мумкин.

4531. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга исро қилдирилган кечада Иброҳимга йўлиқдим. У менга:

«Эй Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт. Уларга жаннатнинг тупроғи поклиги, суви ширинлиги, ўзи текис экани, ундаги дарахтлар(нинг баҳос)и «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканининг хабарини бер», деди», дедилар».

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исрода бўлган кечада жуда ҳам муҳим ишлар бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу ҳадиси шарифда мазкур муҳим ишлардан бири айтилмоқда.

Исро кечасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан аввал ўтган баъзи пайғамбарларга, жумладан, Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдилар. У зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳим гап айтдилар:

«Эй Муҳаммад! Мендан умматингга салом айт».

Иброҳим алайҳиссаломнинг салом айтишлари уммати Муҳаммадга мансуб ҳар бир мўмин учун буюк шарафдир.

«Уларга жаннатнинг тупроғи поклиги, суви ширинлиги, ўзи текис экани, ундаги дарахтлар(нинг баҳос)и «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканининг хабарини бер».

Бу жумладан тупроғи пок, суви ширин, ўзи текис бўлган жаннатдан бир дарахт сотиб олиш учун тўланадиган баҳо «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни бир марта зикр қилиш эканини билиб оламиз.

Ушбу зикрни қанча кўп айтсак, жаннатдаги дарахтларимизнинг сони ҳам шунча кўпайиб бораверади.

Бу ривоятдан уммати Муҳаммадияга анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ҳам зикрни кўпроқ қилишни тавсия қилганлари келиб чиқади. У зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида мазкур тавсияни саломга қўшиб етказиб қўйишни сўраган эканлар.

«Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» калимаси жаннат боғларининг кўчати экан. Уни бу дунёда кўп айтиб юрган банда жаннатга кирар экан ва бу калимани неча марта айтган бўлса, жаннатдаги боғида шу айтган ададича кўчатлари бўлар экан.

Шундай экан, «Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни иложи борича кўпроқ айтишга ҳаракат қилайлик.

4532. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларига:

«Юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» денглар. Ким уни бир марта айтса, унга ўн савоб ёзилади. Ким уни ўн марта айтса, унга юз савоб ёзилади. Ким уни юз марта айтса, унга минг савоб ёзилади. Ким зиёда қилса, Аллоҳ ҳам зиёда қилади. Ким истиғфор айтса, Аллоҳ уни мағфират қилади», дедилар».

Учовини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ерда зикрнинг савоби айтилган ададидан ўн баробар кўп бўлиши таъкидланмоқда.

Биз бандалардан зикр қилиш бўлиб турса, савобини кўпайтириб бериш Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. У Зотнинг хазинаси беҳисобдир, бандага ҳар қанча ато этилса ҳам, заррача камаймайди.

Биз бандалар истиғфор айтишни ўрнига қўйсак бўлди, мағфират қилиш Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. У Зот Ғафуру Роҳийм Зотдир.

Бу ҳадиси шарифдан қанча кўп зикр қилинса, шунча кўп савоб олинишини билиб олдик. Олганда ҳам, айтилган ададнинг ўн баробари миқдорида савоб олинади.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, кунига камида юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни зикр қилиб туришимиз лозим.

Шунингдек, «Астағфируллоҳ»ни ҳам камида юз марта айтиб туришимиз керак. Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кунига юз марта истиғфор айтишлари айтилган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биринчи бобда ғийбатнинг таърифи баён этилган бўлса, иккинчи бобда ғийбатни олти тақсимга бўлиб, ҳар бир тақсим остида яна бир нечтадан қисмлар борлиги айтиб давоми...

8460 09:55 / 25.06.2018
У Зот Фотир сурасида марҳамат қилади.Эй одамлар Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир, 15оят.Ҳа, инсон ҳар бир нарсада ndash дунёга давоми...

4110 16:27 / 20.05.2018
Зоҳид қалбдан чиққан амал оз бўлмас. Роғиб қалбдан чиққан амал кўп бўлмас.Қалб инсондаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғлом бўлади. Агар у давоми...

3614 00:49 / 13.11.2017
Васваса1 бандадан қачон кесилиши ҳақида сўрабсан.Мен сенга шунга ўхшаш бир нарсанинг хабарини берурман. Токи менинг бу ҳақдаги жавобим сенинг у ҳақдаги жавобинг давоми...

5282 17:00 / 21.09.2017
Аудиолар

133130 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53477 14:35 / 11.08.2021