1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тасбеҳ, ҳамд, такбир ва таҳлилнинг фазли (2-қисм)

20:27 / 10.05.2018 6825 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло «Аълаа» сурасида:

«Олий қадар Роббинг исмини поклаб ёд эт», деган (1-оят).

Ушбу ояти каримадаги хитоб аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали ҳар бир мўмин-мусулмонга қаратилгандир. Яъни «Роббингни Унинг олий зотига хос бўлмаган барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб ёд эт».

Ҳар бир мўмин-мусулмон бошқа илоҳий фармонлар қатори, ушбу амри илоҳийни ҳам амалга оширмоғи лозимдир. Улар Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб, Аллоҳ Ўзи қандай амр этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўргатган бўлсалар, шундай ёд этишлари лозим.

Бизнинг исломий адабиётимизда ҳам «тасбеҳ айтиш» ибораси маълум ва машҳурдир. Тасбеҳ айтиш улуғ ва савобли ишлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ушбу оятни ўқисалар, «Субҳана роббиял аълаа», дер эканлар.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан кейинги қилинадиган зикрни ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ» дейиш билан бошлаганлар ва мўмин-мусулмонларни ҳам шундай қилишга чорлаганлар.

Мана шу оят нозил қилинганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу оятни саждада айтинглар», деганлар. Шунинг учун намозхон саждада турганда «Субҳана роббиял аълаа» дейди.

Энди эса Аллоҳ таолога ҳамд айтишга оид ояти карималар билан танишамиз.

Аллоҳ таоло:

«Ҳамд – осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳгадир. Сўнгра, куфр келтирганлар Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар», деган («Анъом» сураси, 1-оят).

«Ҳамд» гўзал мақтовлар билан эслашдир. Дунёдаги жамики ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Китоби – Қуръони Каримнинг бош сураси бўлмиш «Фотиҳа»ни, демакки, Қуръонни ҳам ҳамд билан бошлаган.

Шунингдек, Исломга даъват ва мушрикларга қарши ҳужжатлар келтирилган тўрт сура, жумладан, «Анъом» сураси ҳам ҳамд ила бошланган.

Бу оятда Аллоҳга келтирилаётган ҳамдлар осмонлару ерни, инсоннинг кўзига кўриниб турган чексиз ва улкан нарсаларни яратган Зот ҳар қанча мақтовга сазоворлигининг эътирофидир.

Шунингдек, зулмат ва нур ҳам кишини лол қолдирадиган чексиз ҳодисалар ҳисобланади.

«Ҳамд – осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳгадир».

Улар ҳақида фикр юритган ҳар қандай ақлли инсон Аллоҳга ҳамд айтмай иложи йўқ. Лекин шу ҳолатларни кўриб-билиб туриб, Роббиларига ўзгаларни тенглаштирадиган кимсалар – мушриклар ҳам бор.

«Сўнгра, куфр келтирганлар Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар».

Агар уларнинг инсофи бўлганида эди, осмонлар ва ерга назар ташлаб, уларнинг тузилиши, улканлиги ва ажойиботларидан ягона ва ҳар нарсага қодир Аллоҳгагина иймон келтиришни, бошқаларни Унга тенглаштирмаслик кераклигини англаб олар эдилар.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:

«Сен: «Ҳамд бўлсин, фарзанд тутмаган, мулкда шериги бўлмаган ва хорликдан ‎‎қутқаргувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга», дегин. Ва Уни мутлақо улуғла!» деган (111-оят).

Яъни «Барча нуқсонлардан холи бўлган, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган Аллоҳга ҳамду сано айт. У Зот Ўзига фарзанд тутмаган, чунки фарзандга ҳожати йўқ. Фарзандга ҳожатмандлик бандага хос. У Зотнинг шунчалик бепоён мулкида шериги ҳам йўқ. Чунки У шерикка муҳтож эмас».

Мулкни бошқаришда шерикка, ёрдамчига муҳтожлик ҳам бандага хос. У Зот хорликдан қутқарувчи дўстга зор эмас. Чунки У Зот асло хор бўлмайди. Хор бўлиш ва хорликдан қутулишда бошқанинг ёрдамига муҳтож бўлиш бандага хос. Шунинг учун ҳам Унга беҳисоб ҳамд айтмоқ лозим.

«Ва Уни мутлақо улуғла!»

Аллоҳу акбар!

«Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин. Аллоҳ ‎‎яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» дегин», деган («Намл» сураси, 59-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир гапни бошлашдан олдин айтиш лозим бўлган муборак сўзларни ўргатмоқда:

«Алҳамду лиллаҳ» – «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб айтишни буюрмоқда.

Демак, каломнинг боши шу сўзлар бўлиши керак. Сўнгра Аллоҳ танлаб олган бандаларга, танлаб олиб, Пайғамбар қилиб жўнатган бандаларга саловот ва салом айтиш керак.

«...ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин».

Шундан сўнг хоҳлаган гап гапирилаверади.

Оятда асосий эътибор қуйидаги саволга қаратилган:

«Аллоҳ ‎‎яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?»

Очиқ-ойдин савол. Бир томонда баркамол сифатлари билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло. Иккинчи томонда мушриклар унга шерик қилаётган тош, ёғоч, лойдан ясалган жонсиз бут-санамлар, турли ҳайвонлар, одамлар, жинлар, фаришталар ва бошқалар. Қайси бири яхши? Бу саволга жавоб кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Ҳамма нарса шундай ҳам маълум.

Аллоҳ таоло «Сабаъ» сурасида:

«Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. ‎‎Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир. Ва У Ҳакиймдир, Хабийрдир», деган (1-оят).

Осмондаги барча нарсалар Унинг мулки бўлгани учун ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано-мақтовлар бўлсин.

Ердаги барча нарсалар Уники бўлгани учун ҳам Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ана шу мутлақ моликлигининг ўзи Уни ҳамду санога мустаҳиқ қилади. Фақат бу дунёдаги эмас, «Охиратдаги ҳамд ҳам Уникидир».

Аллоҳ таоло Ўзининг баркамол сифати ила икки дунёнинг барча ҳамду саноларига мустаҳиқдир.

«Ва У Ҳакиймдир, Хабийрдир».

Аллоҳ таоло ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қилади. У оламлардаги барча сир-асрордан ўта хабардордир.

Биз шарҳ қилаётган китобнинг муаллифи Али Мансур Носиф раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолога такбир айтиш ҳақидаги ояти карималардан намуна келтирмаганлар. Аммо биз Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша оятлардан намуна келтирамиз.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«...Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз!» деган (185-оят).

Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони улуғлаб, тинмай такбир айтиш ва унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши лозим.

Рўза ҳайити куни такбир айтиш шариатга ушбу оятдаги амрга биноан киритилган.

Аллоҳ таоло «Муддассир» сурасида:

«Ва Роббингни улуғла!» деган (3-оят).

Фақат Аллоҳни улуғлаганлар ҳузурида бошқалар кичик бўлиб қолади. Фақат Аллоҳни улуғлаганлар ҳузурида барча машаққатлар енгил бўлиб қолади. Ана шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога такбир айтмоқ керак.

Биз шарҳ қилаётган китобнинг мулаллифи Али Мансур Носиф раҳматуллоҳи алайҳи таҳлил айтиш ҳақидаги ояти карималардан ҳам намуна келтирмаганлар. Аммо биз яна Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўша оятлардан намуна келтирамиз.

Таҳлил «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтиш билан бўлади.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:

«Бас, агар юз ўгирсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга илоҳ йўқ, ‎‎Унгагина таваккул қилдим, У буюк Аршнинг Роббидир», – дегин», деган (129-оят).

Яъни Аллоҳ таоло: «Эй Пайғамбар, агар сен динга даъват қилаётган одамлар чақириғингни қабул қилмай, юз ўгириб кетсалар:

«Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли», дегин», деб буюрмоқда.

Аллоҳдан ўзганинг менга кераги йўқ. Сизларнинг ҳаммангиз битта ҳам қолмай юз ўгириб кетсангиз ҳам заррача зиёни йўқ. Ўйлаб кўринглар, юз ўгириб, қаёққа ҳам борасизлар?! Ахир

«Ундан ўзга илоҳ йўқ».

Шунинг учун ҳамма фақат Унгагина ибодат ва қуллик қилмоғи лозим. Сиз нима қилсангиз қилаверинг, аммо мен

«‎‎Унгагина таваккул қилдим».

Чунки

«У буюк Аршнинг Роббидир».

Қолганини Аллоҳнинг Ўзи билади.

Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида:

«Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Унгагина таваккул қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», – деб айт», деган (30-оят).

Яъни «Ўша сизлар иймон келтирмаётган Роҳман менинг Роббимдир, Парвардигорим, Розиқим, Ҳомийимдир. Ундан бошқа ибодатга сазовор Зот йўқ. Шунинг учун мен фақат Унгагина ибодат қиламан. Ундан ўзга суянадиган суянчиқ йўқ. Шунинг учун мен фақат Унгагина таваккул қилдим, суяндим. Ундан ўзга тавба қиладиган Зот йўқ. Шунинг учун фақат Унинг Ўзигагина тавба қиламан».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоат сени ўзингдан чиққани ила хурсанд қилмасин. У билан унинг сенга Аллоҳдан чиққани ила хурсанд бўл. .Сен .Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан давоми...

4073 17:53 / 29.07.2017
Сатр икки қисмдир маъсиятдан сатр қилиш вамаъсиятни сатр қилиш. Авомлар мартабалари махлуқотнинг назаридан тушишидан қўрқиб Аллоҳдан маъсиятни сатр қилишини давоми...

3570 17:29 / 15.04.2018
Ўн учинчи зарар охиратда маймунга айланиш.Бу борада Ҳотимул Асам раҳимаҳуллоҳнинг .Ғийбатчи дўзахда маймун бўлади, деган сўзи юқорида .Нузҳатул мажолис,дан нақл давоми...

3443 20:45 / 21.04.2018
Ҳали, мен сизларга айтаётган гапларни эслайсизлар.. Ўтган ҳафта мен сизларга кимки ширк келтирмай Аллоҳга рўбарў бўлса, Аллоҳ таоло унга дўзах ўтини ҳаром давоми...

4694 17:18 / 13.12.2017