1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нафсингни тадбирдан хотиржам қил

13:23 / 22.10.2017 3605 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафсингни тадбирдан хотиржам қил. Бас, сендан бошқа Зот сенинг ўрнингга қилиб қўйган ишни сен ўзинг учун қилма.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда: «Турли ношаръий «чора-тадбирлар»ни қилиб, ўзингни ўзинг қийнама. Зотан, Аллоҳ таоло сен учун керак тадбирни Ўзи қилиб қўйган. У Зот сен учун қилиб қўйган нарсани сен ўзинг қилишингнинг кераги йўқ», демоқда.

Тадбир – луғатда ишлар ва уларнинг оқибатига назар солишдир. Тасаввуф илми таърифида эса тадбир банданинг келажакдаги ўзи учун бўлиши мумкин бўлган хавф ёки орзу қилинадиган нарсани ўлчаб, ҳукм чиқариши ва Аллоҳ таолога ҳавола қилмаслигидир. Агар Аллоҳ таолога ҳавола қилса, тадбирнинг ухровийси яхши ният бўлади, табиийси шаҳват бўлади ва дунёвийси пуч орзу бўлади.

Ушбу таърифдан тадбир уч хил бўлиши англанади:

1. Мазаммат қилинган тадбир.

Бундай тадбир ортидан беодобларча жазм ва режа ила диний ва дунёвий ишлар қасд қилинади ва эгаси ўзи учун зарарли бўлган нарсаларга шошилади. Оқибатда ушбу мазаммат қилинган тадбирнинг ортидан тадбирчининг ўзига ғам-андуҳлар ва кўнгилхираликлар келади. Бундай тадбир эгалари кўпинча инсоннинг дахли йўқ ишларнинг тадбирини қиладилар. Ҳолбуки, бу нарса Аллоҳ таолога хосдир. Шунинг учун ҳам шайх Ибн Атоуллоҳ Сакандарий «сен учун бошқа қилиб қўйган нарсани ўзинг учун қилма», демоқда.

Биргина мисол келтирадиган бўлсак, ҳозирги даврда қиёмат қачон бўлишининг хабарини берадиган ва ундан қутулиб қоладиган турли иншоотларни қуришга чақирадиган одамлар чиқди. Улар ҳамманинг бошини айлантиришга ҳаракат қилишмоқда. Мусулмонлардан бошқалар уларнинг сафсаталарига ишонишмоқда ҳам. Ҳолбуки, бундай ишлар банда учун Аллоҳ таоло қилиб қўйган ишлардир. Банда бу каби ишлар билан машғул бўлиб, ўзини овора қилмаслиги, балки Аллоҳ таолога таслим бўлиши лозим.

«Танвийр фии исқотит-тадбир» китобида қуйидагилар келган:

«Билки, нарсаларнинг мазаммат қилиниши ёки мақталиши улар олиб борадиган натижага қараб бўлади. Бас, мазаммат қилинган тадбир сени Аллоҳ таолодан машғул қилган, Аллоҳ таолонинг хизматини қилишингни тўхтатган ва Аллоҳ таолонинг муомаласидан тўсган тадбирдир. Мақталган тадбир эса сени Аллоҳ таолога яқинлаштирган ва Аллоҳ таолонинг розилигига эриштирган тадбирдир».

2. Матлуб тадбир.

Бундай тадбир банданинг Аллоҳ таоло унга юклаган фарз ва вожиб амалларни ҳамда шариатда суннат ва мустаҳаб бўлган тоатларни бажариш бўйича режа тузиши, уларни адо этишга азму қарор қилишидир. Бундай тадбир солиҳ ният деб ҳам аталади ва унга ният қилинаётган пайтдаёқ ажр берилиши бошланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббларидан ривоят қилиб айтадилар:

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

3. Мубоҳ тадбир.

Бунда дунёвий ва табиий ишларнинг тадбирини қилиб, Аллоҳ таолога тафвийз – ҳавола қилинади. Бу турдаги тадбирнинг далили ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари келтирилади.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Тадбир маишатнинг ярмидир».

Қузоъий ривоят қилган.

Аммо уламолар бу ҳадисни қайта-қайта такрорлаш одобдан эмаслигини таъкидлашади. Унинг маъноси хаёлдан тезгина ўтиши керак, холос. Бўлмаса, бу борадаги тадбир ҳам мазаммат қилинган тадбирга айланиб қолади. Шу билан бирга, қилган тадбири муваффақиятли чиқмаса, иши ўнгидан келмаса, мусулмон инсон изтиробга тушмаслиги, турли хаёлларга бормаслиги лозим. Балки Аллоҳ таолонинг қазо ва қадарига таслим бўлиши керак.

Тадбир борасидаги таърифларни, унинг қисмлари ва уларнинг ҳукмларини ўрганиб бўлганимиздан кейин, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу масалага тегишли ҳикматларига яна бир бор қайтайлик.

«Нафсингни тадбирдан роҳатлантир. Бас, сен учун бошқа қилиб қўйган нарсани ўзинг учун қилма».

Баъзилар «Ушбу ҳикмат сабабларни ишга солиш ҳақидаги ҳикматга зид эмасми?» дейиши мумкин. Аслини олганда, буларнинг орасида ҳеч қандай зиддият йўқ.

Сабабларни ишга солиш моддий ҳаракат бўлиб, унда инсон ўз кучини ишга солиб иш юритади. Бозорга савдо қилиш учун боради, қурилишга бино қуриш учун боради, дарсхонага илм олиш учун боради, шифохонага даволаниш учун боради ва ҳоказо. Тадбир эса ақлий ва фикрий ҳаракатдир. Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий «Жисмингни эмас, нафсингни тадбирдан роҳатлантир», демоқда.

Бунда инсон кўпроқ бандалик чегарасидан чиқиб, ўзига ўзи режа тузади. Ўзи билмаган ҳолда Аллоҳ таолога хос ишларга аралашиб, улардан ўзига фойда олиш ҳақида хаёл суради. Унинг назарида бу дунёдаги сабабият қонунини ўзи жорий қилган-у, сабабларнинг барчаси унга хизмат қилиши ва тадбирлари дунёда нимага йўналтирилса, ўша бўлиши шартдек туюлиб қолади. Охир-оқибат Аллоҳ таолонинг изнисиз бу дунёда бирорта барг ҳам узилиб тушмаслиги каби ҳақиқатни унутади ва дунёни ўзи бошқариб тургандек бўлади. Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг таъбири билан айтганда, унинг учун бошқа қилиб қўйган нарсани ўзи учун қилмоқчи бўлади.

Зотан, оламнинг тадбири Аллоҳ таолога хослиги тавҳид ақийдасининг хусусиятларидан биридир. Бу ҳақда «Ақийдатут-Тоҳавия»нинг шарҳида қуйидагилар зикр қилинган:

«Осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг тадбирини фақат Аллоҳга боғлаш. Яъни оламнинг ҳаммасининг тадбирини фақат Аллоҳ қилади, деб эътиқод қилиш. Бунга Аллоҳнинг қуйидаги сўзи далолат қилади:

«Огоҳ бўлинг, яратиш ва амру тадбир Унинг Ўзига хосдир. Оламларнинг Робби – Аллоҳ баракотли, улуғдир» (Аъроф сураси, 54-оят).

Яъни борлиқдаги ҳамма нарсани яратган Аллоҳ таоло уларга амр қилади, қайтаради ва ишларни тузиш жиҳатидан ҳам, шариатга киритиш жиҳатидан ҳам тадбирини қилади.

Аллоҳ Сажда сурасида марҳамат қилади:

«У Зот осмондан ергача – барча ишнинг тадбирини қилур» (5-оят).

Борлиқнинг барча иши Аллоҳнинг қўлидадир. У Зот оламдаги ҳеч бир нарсанинг тадбирини Ўз халқидан бирортасига топширмаган – анбиёларга ҳам, расулларга ҳам, авлиёларга ҳам, қутбларга, абдол ва ғавсларга ҳам, имомлару фаришта ва жинларга ҳам.

Шунинг учун мўмин банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиши лозим. У Аллоҳ таолонинг амрига биноан сабаблар ила иш олиб боради ва натижани ўз Роббига ҳавола қилади. Ўзининг дахли йўқ ишларнинг тадбирини қилиб, ўзини ўзи овора қилмайди. Ўзига фойда бермайдиган, зарар берадиган ишларга бурнини суқмайди. Роббининг Ўзига хос ишларга аралашмайди. Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг таъбири билан айтганда, унинг учун бошқа қилиб қўйган нарсани ўзи учун қилмайди.

Аллоҳ таоло барчамизни нафсини тадбирдан роҳатлантирган ва биз учун бошқа қилиб қўйган нарсани ўзимиз учун қилмайдиган бандаларидан қилсин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй одамлар Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, давоми...

3961 17:04 / 16.02.2018
ndash Исроф Аллоҳ таолонинг ғазабини жалб қилади.ndash Исроф иймоннинг мукаммаллигига хилофдир.ndash Исроф бузғунчиликда шайтонга ўхшашдир.ndash Исроф молу мулкни зое давоми...

3055 14:48 / 28.03.2018
Ойнасига мавжудотларнинг суратлари тамғаланиб қолган қалб қандай қилиб ёришсин Ёки у шаҳватлари ила кишанланган бўлса, қандай қилиб Аллоҳ томон сафар қилсин Ёки давоми...

5517 04:42 / 27.06.2018
Тўртинчи тақсим4. Одатлар ғийбати. Одатларни ғийбат қилишга фалончи ниҳоятда заиф, кўп ухлайди, кўп ейди, бирор ишни эплолмайди, ўтириш одобини билмайди, оқибатни давоми...

3962 19:36 / 19.01.2018