1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нопок ва покиза

15:53 / 08.03.2018 13099 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у(бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва карамли ризқ бордир.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исломий жамият ҳаётидаги муҳим бир асосни баён қилмоқда. У ҳам бўлса, нопок қалблар ўзларига ўхшаган нопоклар билан топишиши, ўз навбатида, пок қалблар ўзидек покиза қалблар билан топишиб бирлашишидир. Асли нопок инсондан доимо нопоклик содир бўлади. У ўзига ўхшаган нопокларни ёқтиради, улар билан топишади, доим бирга бўлади. Лекин пок кишиларга қўшила олмайди. Шунингдек, пок одам ҳам доимо поклик билан яшайди. Пок кишиларни қидиради, топади, бирга бўлади. Эр-хотин бўлишда ҳам шу. Пок хотинга пок эр, нопок хотинга нопок. Агар нопок билан пок бирлашиб қолса, бу ҳамдамлик узоққа бормайди. Чунки пок билан нопокнинг бирга бўлишлари амри маҳол. Шундай экан, Аллоҳ пок қилиб яратган, пайғамбарликка танлаган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишаи Сиддиқани ҳамма аёлларидан кўра яхши кўришлари у аёлнинг ниҳоятда поклиги сабабидан эмасми?! Оиша онамизда заррача нопоклик бўлганида, у муҳтарама зотни Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар яхши кўришлари мумкинмиди?!

Ана ўша пок эр ва аёллар бўҳтончилар уларга қўяётган айблардан покдирлар.

«Уларга мағфират ва карамли ризқ бордир».

Уларга бу дунёда мағфират – гуноҳларини кечиш ва у дунёда гўзал ризқ – жаннат бордир.

Шу билан ифк ҳодисаси – мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини, у зотнинг оилаларини, бу оиланинг поклигини Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди.

«Нур» сурасининг бошидан то шу еригача жамиятда содир бўлиши мумкин бўлган бузғунчиликлар, зино, зинода айблаш, беайб одамлар ҳақида бузуқи миш-мишлар тарқатиш хусусида, уларнинг жазоси, оқибати ҳақида сўз кетди. Эндиги оятларда эса ўша бузғунчиликларнинг олдини олиш, Ислом жамиятида бу каби ишларнинг юз беришига йўл қўймаслик чоралари баён этилади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Наас сурасида айтади.Айт .Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман... одамлар Подшоҳидан... одамлар Илоҳидан... беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг... давоми...

6962 17:47 / 08.07.2017
Бу дунёда ажойиботлар кўп, лекин кўз кўриши мумкин бўлган энг ажойиб ва ҳайратланарли нарса одамлар орасида ўзларини Аллоҳнинг қўл остида ҳаёт кечираётганларига, давоми...

4685 18:47 / 27.02.2018
Вақтлардаги ҳуқуқларни қазо қилиш имкони бор. Вақтларнинг ҳуқуқларини қазо қилиш имкони йўқ. Зотан, ҳар бир ворид бўлган вақтда, албатта, Аллоҳнинг янги ҳаққи ва давоми...

3595 16:10 / 15.10.2017
Яхшилаб ўрганилганидан сўнг, бундай ишларнинг сони ўн биттага етади1. Тавба.Аллоҳ таоло.Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, Марям сураси, давоми...

12812 14:00 / 02.07.2019
Аудиолар

212956 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132179 14:35 / 11.08.2021