1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зуҳд ва Ҳаё

03:43 / 27.04.2018 4144 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал салавоту дурудлар бўлсин!

 

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسَ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى: إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ، فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. 

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер» (деган гап) одамларга етган биринчи нубувват сўзларидандир», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифни имом Бухорийдан ташқари Абу Довуд ва Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишган

Бошқа санад билан Дорақутний, Табароний, Байҳақий, Ибн Аби Дунё ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари:

1. Абу Масъуд розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исмлари Уқба ибн Амр Ансорий бўлиб, Абу Масъуд куняси билан машҳур. Иккинчи Ақаба байъатида қатнашганлар. Байъат иштирокчиларининг ичида энг ёши кичиги эдилар.

2. У киши Бадр ғазотида иштирок этмаган бўлса ҳам, Бадрда яшгани учун Бадрий деб аталадилар. Уҳуддан бошлаб, қолган барча жангларда қатнашганлар. 

3. Абу Масъуд розияллоҳу анҳу Куфада яшаганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Сиффийн жангига чиққанларида ўринларига Уқба ибн Амр Ансорий розияллоҳу анҳуни Кўфага бошлиқ қилиб тайинлаб кетганлар. Шаъбий айтади: Абу масъуд: «Икки гуруҳнинг бири иккинчисидан устун келишини хоҳламайман... сулҳ бўлсайди», дер эдилар.

Абу Масъуднинг ўғли отамизга: «Бизга насихат қилинг», десак «Жамоъатни маҳкам тутинг, чунки Аллоҳ умматни залолат устида жам қилмайди...» дер эдилар, деган. 

4. Абу Масъуд розияллоҳу анҳунинг тана тузилишлари ва шахсиятлари Умар розияллоҳу анҳуга ўхшар эди.

5. Абу Масъуд розияллоҳу анҳу олим саҳобалардан саналарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 102 та ҳадис ривоят қилганлар. Имом Бухорий ва имом Муслим 9 та ҳадисларида иттифоқ қилишган. Имом Бухорий ёлғиз ўзлари 1 тасини, Имом Муслим 7 тасини ривоят қилган.

6. Имом Муслим Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди:

«Бир ғуломимни қамчи билан ураётган эдим, ортимдан: «اعْلَمْ، أَبَا مَسْعُودٍ» «Билиб қўй, эй Абу Масъуд!» деган овозни эшитиб қолдим. Бироқ, ғазабдан овозни танимабман. Яқинлашганда қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот:

 «اعْلَمْ، أَبَا مَسْعُودٍ، اعْلَمْ، أَبَا مَسْعُودٍ» «Билиб қўй, эй Абу Масъуд! Билиб қўй, эй Абу Масъуд!» дердилар. Қамчини қўлимдан ташладим. У зот:

 «اعْلَمْ، أَبَا مَسْعُودٍ، أَنَّ اللهَ أَقْدَرُ عَلَيْكَ مِنْكَ عَلَى هَذَا الْغُلَامِ» «Билиб қўй, эй Абу Масъуд! Аллоҳ сенинг устингдан бу ғуломга бўлган қудратингдан кўра қудратлироқдир», дедилар. «Бундан кейин ҳеч қачон бирорта мамлукни урмаганим бўлсин», деб қўйдим».

7. Уқба ибн Амр Ансорий розияллоҳу анҳу ҳижрий 42санада Мадийнада, айрим ривоятларга қараганда Кўфада вафот этганлар.

 

Ҳаёнинг таърифи

«Ҳаё» сўзи луғатда беҳаёлик ва бешармликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, «Ҳаё айбдан ва маломатдан қўрқиб, ўзини тортиш, бирор ишни қилмаслик».

Уламолар ҳаёни шундай таърифлаганлар:

«Ҳаёнинг ҳақиқати шуки, у шариатга мувофиқ барча гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга ундайдиган бир хулқдир», дейишган.

 

Ҳаё билан хижолат тортишнинг фарқи

Ҳаё шариатга мувофиқ барча гўзал нарсани қилиш, ёмон нарсани тарк этишга ундаса, хижолат тортиш, шариат буюган ишни қилмасликга сабаб бўлиши мумкин. Масалан ҳажга эҳром боғлаган одам шалварини ечмаса, хижолат тортган бўлади, ҳаё қилган бўлмайди.

 

Ҳаё ҳақида келган оятлар

Аллоҳ таоло Қосос сурасида шундай марҳамат қилади:

«فَجَاءَتْهُ إِحْدَاهُمَا تَمْشِي عَلَى اسْتِحْيَاءٍ قَالَتْ إِنَّ أَبِي يَدْعُوكَ لِيَجْزِيَكَ أَجْرَ مَا سَقَيْتَ لَنَا»

«Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди...» (25-оят).

Бу оятда Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига у киши қўйларини суғориб берган Шуъайб алайҳиссаломнинг икки қизининг бири ҳаё билан, уялибгина келганини айтиляпди. Мўтабар тафсир китобларда келган ривоятларда енги билан юзини тўсиб олиб келгани айтилган.

Ва яна Аллоҳ таоло Аҳзоб сураси шундай марҳамат қилади:

«إِنَّ ذَلِكُمْ كَانَ يُؤْذِي النَّبِيَّ فَيَسْتَحْيِي مِنْكُمْ وَاللَّهُ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ»

«... Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур. У эса, сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир...» (53-оят).

Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабабида Имом Муслим Анас ибн Моликдан ривоят қилган узун ҳадисни келтирганлар. Ҳадиснинг хулосаси шуки, Анас ибн Моликнинг оналари Умму Сулайм Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинт Жаҳш онамизга уйланганларида «ҳайс» (хурмо, ёғ ва толқондан тайёрланадиган таом)ни Анас ибн Моликдан бериб юборадилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам 300га яқин саҳобаларни уйларида ўн киши ўн кишидан қилиб меҳмон қиладилар. Саҳобалардан бир гуруҳи овқатдан кейин ҳам суҳбатга берилиб ўтириб қолишади. У зот ҳаё қилиб уларга туринглар дея олмайдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.

 

Ҳадиснинг шарҳи

Ҳаё бобидаги ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз Исломнинг мадори яъни Исломнинг асосий таълимотларини ўз ичига олган ҳадислар сирасига киритганлар.

Ушбу ҳадисда инсониятнинг узоқ тарихи давомида Аллоҳ таолонинг барча анбиёлари томонидан ўз умматларига тақдим қилинган энг яхши сифатлардан бири ҳаё сифати ҳақида сўз кетмоқда.

«Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер» деган гап анбиёлар тамонидан одамларга етказилган илк нубувват таълимотларидан бири ҳисобланади. Яъни аввал ўтган барча анбиёлар асрлар оша бир-бирларига ушбу ўгитни мерос қолдириб ўз умматларига етказиб келганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ، فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ» «Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер», деганларини уламолар икки хил шарҳ қилганлар.

Биринчиси – Огоҳлантириш маъносида бўлиб, агар ҳаё қилмасанг билганингни қил, қилмишингга яраша жазо оласан, деган маънода айтилган.  Нимани истасанг, шуни қилавер маъносида эмас. 

Иккинчиси бу жумла буйруқ майлида келган бўлса ҳам, хабар маъносини англатади. Яъни ким ҳаё қилмаса, хоҳлаганини қилаверади. 

Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабийнинг қиссаси

Бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий Шуъбадан ривоят қилган. Ундан бошқа ҳеч ким ривоят қилмаган. Бунинг сабаби ҳақида Қаънабийнинг ўғлидан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Отам шароб ичар ва ёшлар билан суҳбат қурар эди. Бир куни эшик олдида ўтириб, уларни кута бошлади. Шунда буюк муҳаддис Шуъба ўтиб қолди. Одамлар унинг ортидан ёпирилиб боришар эди. Отам: «Бу ким?» деди. «Шуъба», дейишди. «Шуъба ким ўзи?» деди. «Муҳаддис», дейишди. У қизил изорини судраб, у томон турди. «Менга ҳадис айтиб бер», деди. Шуъба: «Сен ҳадис соҳибларидан эмассан», деди. Отам пичоғини яланғочлаб, унга ўқталди ва: «Менга ҳадис айтасанми ёки сени жароҳатлайми деди. Шунда Шуъба унга шундай деди: «Мансур бизга Рибъийдан, у Абу Масъуддан ҳадис айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер», дедилар». Отам пичоқни отиб юборди. Қавмига бориб, ўзида бор шаробни тўкиб ташлади. Сўнг Мадина томонга кетди. У ерда доим Молик ибн Анаснинг суҳбатида бўлди. Сўнгра Басрага қайтди. Унгача Шуъба вафот этиб кетган эди. Шунинг учун отам ундан мана шу ҳадисдан бошқа ҳадис эшита олмади».

 

Уламолар ҳаёни икки турга бўлишган: 

1. Туғма ҳаё, 

2. Ҳаёт давомида шакилланган ҳаёга  

Мусулмон ахлоқ илми уламолари эса: «Инсонга ота-онасида бор баъзи ахлоқларнинг хамиртуруши онасининг қорнида ҳомила бўлганида ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида унга ахлоқ қобилиятини қўшиб яратади. Инсон туғилиб, ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.

Ҳаёнинг навлари

Уламолар ҳаёни бир неча навларга тақсимлаганлар.

1. Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш.

2. Фаришталардан ҳаё қилиш.

3. Одамлардан ҳаё қилиш.

4. Ўзидан ҳаё қилиш.

 

1. Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш.

Агар банда бутун вужуди ва ҳис-туйғуси билан Аллоҳ таоло уни доимо кўриб туришини ҳис қилса, Аллоҳ таолодан ҳаё қилади, У Зотнинг амрини бажаради ва қайтарган ишларини қилмайди.

2. Фаришталардан ҳаё қилиш.

Фаришталар кўплаб ишларни бажарадилар. 

- Ўша ишлардан бири одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси.

- Ўша ишлардан иккинчиси инсонни доимий равишда муҳофаза қилиб юриш вазифаси.

Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«إِيَّاكُمْ وَالتَّعَرِّيَ، فَإِنَّ مَعَكُمْ مَنْ لَا يُفَارِقُكُمْ إِلَّا عِنْدَ الْغَائِطِ، وَحِينَ يُفْضِي الرَّجُلُ إِلَى أَهْلِهِ، فَاسْتَحْيُوهُمْ وَأَكْرِمُوهُمْ».

«Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки сиз билан қазои ҳожат ва эркак киши ўз аёли яқинлик қилган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган зотлар бўлади. Улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», деганлар».

3. Одамлардан ҳаё қилиш.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Одамлардан ҳаё қилмайдиган кимсада яхшилик йўқдир», деган.

4. Ўзидан ҳаё қилиш.

Мўмин-мусулмон киши ўзининг кимлигини унутмаслиги, Аллоҳ таоло унга иймон неъматини, Ислом неъматини бериб қўйганини эсидан чиқармаслиги керак. Агар ким одамлардан ҳаё қилиб, ўзидан ҳаё қилмаса, ўзини ўзи хорлаган ва ерга урган бўлади.

Амри маъруф ва ҳаё

Ҳақиқий ҳаё бошқаларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдан тўсмайди. 

Ҳаё соҳиби гоҳида ҳақ билан юзма-юз келишга ҳаё қилиб, амри маъруф ва наҳий мункарни тарк қилиши мумкин. Гоҳида ҳаё унинг баъзи ҳуқуқларни талаб қилишдан тўсиши мумкин. Бунга ўхшаш нарсалар одатда учраб туради. Бу ҳаё эмас, балки ожизлик, қўрқоқликдир. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «الْحَيَاءُ خَيْرٌ كُلُّهُ» «Ҳаё фақат яхшилик келтиради», деганлар. Ана ўша ҳақиқий ҳаёдир.

Имом Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилишган ривоят:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни ҳаёси учун «Сен ҳаё қилиб, ўзингга зарар қиласан», деб итоб қилаётган кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва:

«دَعْهُ، فَإِنَّ الْحَيَاءَ مِنَ الإِيمَانِ».

«Уни ўз ҳолига қўй! Ҳаё иймондандир», деганлар». 

Ҳаёнинг фойдаларидан

Ҳаёнинг инсон зоти учун, унинг оиласи, ватани, жамияти ва бутун дунё учун фойдалари сон-саноқсиздир. Биз буларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз.

1. Ҳаё иймон Шуъбаларидан биридир.

Иймон эса ўз ўрнида Аллоҳ таоло инсон зотига берган энг улуғ неъматдир. Иймони бор банданинг ҳаёси бўлади. Иймон мусулмонни гуноҳ-маъсиятлардан тўсганидек, ҳаё ҳам уни тўсади, чунки одам ҳаё қилиб ўша гуноҳларга қўл урмайди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ».

«Иймон олтмиш неча шўъбадир. Ҳаё иймоннинг бир шўъбасидир», деганлар».

2. Ҳаё гуноҳ-маъсиятларни тарк этишга ундайди.

Табароний Саъид ибн Зайд Ансорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга тавсия қилинг», дейди.

«أُوصِيكَ أَنْ تَسْتَحْيِيَ مِنَ اللهِ تَعَالَى، كَمَا تَسْتَحْيِي مِنَ الرَّجُلِ الصَّالِحِ مِنْ قَوْمِكَ».

«Сенга ўз қавмингнинг аҳли солиҳларидан бир кишидан қандай ҳаё қилсанг, Аллоҳ азза ва жалладан ҳам шундай ҳаё қилишингни тавсия қиламан», деганлар».

Одамлардан хижолат бўлмасдан беҳаёлигини қилаверадиган киши охир-оқибат Аллоҳ таолодан ҳам хижолат бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолади. 

3. Ҳаё Пайғамбарларнинг суннатлари ҳисобланади.

Имом Аҳмад ва Термизий  Абу Айюб розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«أَرْبَعٌ مِنْ سُنَنِ الْمُرْسَلِينَ: الْحَيَاءُ، وَالتَّعَطُّرُ، وَالسِّوَاكُ، وَالنِّكَاحُ».

«Тўрт нарса расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок қилиш ва никоҳланиш», деганлар».

4. Ҳаё кишини жаннатга киритади.

Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الْحَيَاءُ مِنَ الإِيمَانِ، وَالإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ، وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ، وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ».

«Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир, жафо дўзахдадир», деганлар».

 

5. Ҳаё бандани бу дунё ва охират шармандалигидан узоқлаштиради.

Ҳаё сифати бандани беҳаё гап-сўз ва ишлардан қайтариб туради. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, гуноҳлардан узоқда бўлишига хизмат қилади. Беҳаёлар ҳаёсизликлари туфайли бу дунё ва охиратда шарманда бўладилар. 

Термизий Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَا كَانَ الْفُحْشُ فِي شَيْءٍ إِلَّا شَانَهُ، وَمَا كَانَ الْحَيَاءُ فِي شَيْءِ إِلَّا زَانَهُ».

«Фаҳш нимада бўлса, албатта, ўшани шарманда қилади. Ҳаё нимада бўлса, албатта, ўшани зийнатлайди», деганлар». 

6. Ҳаё динимиз Исломнинг хулқидир.  

Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«إِنَّ لِكُلِّ دِينٍ خُلُقًا، وَإِنَّ خُلُقَ الْإِسْلَامِ، الْحَيَاءُ».

«Ҳар бир диннинг ўз хулқи бордир. Исломнинг хулқи ҳаёдир», дедилар».

7. Ҳаё ҳамма нарсани ўзаги асли саналади. 

Имом Бухорий ва Мусоимлар Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан қилишган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«الْحَيَاءُ لَا يَأْتِي إِلَّا بِخَيْرٍ».

«Ҳаё фақатгина яхшилик келтиради», деганлар».

Ҳаёси бўлмаган кишининг одамгарчилиги ҳам бўлмайди. Инсоният сафидан чиқиб, қуруқ гўшт ва суякдан иборат махлуққа айланиб қолади. Ундан яхшилик кутилмайди. Ҳаёси бўлмаган одам ваъдасига вафо қилмайди, омонатга хиёнат қилади, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатмайди, қўшниларига азият беради...

 

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф 

«Зуҳд ва Ҳаё» китоби асосида тайёрлади 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу дунёга келган инсонларнинг барчаси бирбирлари билан муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бирбирлари билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қиладиган давоми...

3783 17:26 / 20.01.2018
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4137 10:35 / 26.12.2018
Еттинчи зарар қиёматда ҳасрат ва надоматга қолиш.Саъдий раҳимаҳулоҳ айтади Сар аз жайби ғафлат баровар кунун,Ки, фардо намонад ба ҳасрат нигун.Назмий маъносиСен давоми...

3406 21:16 / 18.04.2018
3. Уялтириш мақсадида ғийбат қилиш. Айтайлик, бир киши қандайдир гуноҳ иш қилишга одатланиб қолган. Аммо унинг шундай ҳурматли кишиси борки, бу гуноҳни қилиб давоми...

3669 16:59 / 17.02.2018