1447 йил 26 шаъбон | 2026 йил 14 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Яхшиликка далолат қилган киши уни қилган билан баробар экани ҳақида

16:16 / 22.03.2018 6786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

269. (322). Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Курайздан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир маъруф садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи худди уни қилувчи кабидир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисдан маълум бўлишича, ҳар бир яхши ишни садақа деб тушуниш лозим экан. «Садақа» деганда маълум бир миқдордаги пулни сарфлашнигина тушунмаслик керак. Садақанинг маъноси жуда кенг бўлиб, ниятга қараб ҳар бир катта ёки кичик амал ҳам садақа ҳисобланаверар экан.

Бировларни яхшиликка далолат қилиш, яхшиликка ундаш, чақириш, яхшиликка йўллаб қўйиш ҳам улуғ савобли ишлардан экан. Ана шу яхшиликни қилган одам қанча савоб олса, шу ишга далолат қилган, кўрсатган, тарғиб қилган киши ҳам шунча савоб олади.

Бу ҳадиси шариф яхшилик бобида катта қоидадир. Ким бир яхшиликка далолат қилиб, одамларни ўша ишга тарғиб қилса, ўргатса, ўша яхшиликни қилган одам қанча савоб олса, унга далолат қилган киши ҳам шунча савоб олади.

Уламоларимиз: «Устозлар, муршидлар, уламолар ва муаллифлар бу борада пешқадам кишилардир. Улардан таълим ва маълумот олганлар қилган яхшиликларига қанча савоб олсалар, улар ҳам шунча савоб оладилар», деганлар.

Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Менга минишга бир улов беринг, қийин аҳволда қолдим», деди.

«Менда ҳозир сенга берадиган улов йўқ, лекин сен фалончининг олдига бор, шоядки, сенга улов берса», дедилар.

У борган эди, мазкур киши унга улов берди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, хабарини берди.

Ул зот:

«Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ўша яхшиликни қилувчига берилган ажрча ажр берилур», дедилар».

Яхшилик қилиш жуда катта савобли иш. Шу билан бирга, ана шундай яхшиликка далолат қилиш, ишора қилиш, унга йўллаб қўйиш ҳам ниҳоятда яхши ишдир. Ўша яхшиликни қилган одам қанча савоб олса, мазкур яхшиликка далолат қилган одам ҳам ўшанча савоб, ажр олар экан.

Бас, шундай экан, ҳар биримиз қўлимиздан келганича яхшилик қилайлик ва қўлимиздан яхшилик келмай қолган бўлса, ҳеч бўлмаса яхшиликка далолат қилайлик, унга йўл кўрсатувчилардан бўлайлик.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Яхшилик ва силаи раҳм китоби китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тили чучук инсоннинг намоздаги қироати ва имоматига оид ҳукмларТили чучук, яъни маълум ҳарфларни айни ўзидек талаффуз қилолмайдиган балки, бошқа ҳарф сифатида давоми...

2049 09:00 / 01.05.2023
Ёрқинжон қори Фозилов раҳимаҳуллоҳ суҳбатларидан Мавлоно Румий .Маснавийи маънавий, асарларида Ҳиндистонни фатҳ қилган Ғазнавийлар салтанати ҳукмдори Маҳмуд давоми...

3734 10:00 / 08.06.2023
.Раҳмоннинг бандалари қандай бўлади, деган саволга Фурқон сураси сўнгида жавоб бор 1. Улар ерда тавозу ила юрадилар. 2. Жоҳиллар гапирганда, улар билан давоми...

2011 13:34 / 23.04.2025
Ҳужжатулислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадиларАллоҳ таолонинг сифатлари борасида ҳам аксар инсонлар идрок қилолмайдиган махфий нарсалар бор.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2301 09:00 / 10.09.2021