1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зуҳд

12:04 / 19.03.2018 4758 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зуҳд» сўзи аслида «оз нарса» маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади.

Уламолар истилоҳида «зуҳд» дунё, мол-мулк, обрў ва мансабдан юз ўгиришни билдиради.

Зуҳднинг ҳақиқати ҳақида имом Ғаззолий қуйидагиларни ёзадилар:

«Зуҳд рағбатнинг бир нарсадан ундан кўра яхшироқ нарсага бурилишидан иборат.

Биров бир нарсадан юз ўгирса, унга рағбати йўқлигидан ўгиради. Ундан бошқасига юзланса, унга рағбати борлиги учун юзланади.

Унинг юз ўгирган нарсага нисбатан ҳоли зуҳд ҳисобланади. Унинг ўзи юзланган нарсага нисбатан ҳоли эса рағбат ва муҳаббат ҳисобланади.

Бунда зуҳд ҳосил бўлиши учун юз ўгирилган нарса ва ундан кўра яхшироқ бўлган рағбат қилинган нарса бўлиши тақозо қилинади.

«Юз ўгирилган нарса»нинг шарти шуки, унинг ўзи ҳам нимаси биландир рағбатни тортадиган бўлиши керак. Рағбат қилинмайдиган нарсадан юз ўгириш зуҳд ҳисобланмайди».

 

Зуҳднинг қисмлари ва ҳукмлари

1. Ҳаромдан зуҳд қилиш.

Бунинг ҳукми фарзи айндир.

2. Шубҳали нарсалардан зуҳд қилиш.

Бунинг ҳукми шубҳанинг даражасига қараб бўлади. Агар шубҳа кучли бўлса, вожиб, кучсиз бўлса, мустаҳаб бўлади.

3.    Ортиқча нарсалардан зуҳд қилиш.

Бунда гап, назар, савол ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларнинг ортиқчасидан зуҳд қилинади. Шунингдек, Аллоҳ таоло учун одамлардан, ҳатто ўзидан ҳам зуҳд қилинади.

4.    Ҳамма нарсадан жамловчи зуҳд қилиш.

Бунда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсалардан бошқа барча нарсадан, Аллоҳ таолонинг зикридан чалғитадиган ҳамма нарсадан зуҳд қилинади.

Зуҳднинг қийини насибалардан зуҳд қилишдир. Зуҳднинг афзали зуҳдни махфий қилишдир.

Зуҳднинг мўмин бандага вожиб бўлган қисми охиратда зарар етказадиган нарсани тарк қилишдир.

Зуҳдга яқин маънони англатадиган «вараъ» сўзи ҳам бор. «Вараъ»дан мурод ҳалол нарсаларни олишдир. Зуҳд эса ҳалол бўлса ҳам ҳожатдан таш­қарини олмасликдир.

Зуҳд маъносида келган оятлардан намуналар:

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

 

«Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт. Кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам поклаб ёд эт. Шоядки, рози бўлсанг. Уларни синаш учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларини баҳраманд қилганимиз нарсаларга кўзларингни тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир» (Тоҳа сураси, 130-131-оятлар).

Баъзиларга берилган турли зеб-зийнатларга ҳавас билан боқма. Улар бу дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Биз уларга бу матоҳларни синаш учун вақтинча берганмиз. Беш кунлик дунёнинг зебу зийнатида бақо йўқ. Бирпасда заволга учрайди.

«Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир».

Роббинг сенга берган ризқ энг яхши ризқдир, энг боқий ризқдир. У вақтинчалик эмас, доимийдир. У синаш учун эмас, сийлаш учундир.

Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:

 

«Аллоҳ бандаларига Латифдир. У Ўзи хоҳлаган кишига ризқ берур. У ўта қувватлидир, ўта иззатлидир. Ким охират ҳосилини истаса, унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас» (Шуро сураси, 19-20-оятлар). 

Ушбу оятнинг маъносидан Аллоҳ таолонинг латиф сифати яққол кўриниб турибди. Аллоҳ хоҳлаган одамига – у одам солиҳми, солиҳ эмасми, қобилми, қобил эмасми, мўминми, кофирми, ризқни бераверади. Агар Аллоҳ кофир, фосиқ, осий ва гуноҳкорларга ризқ бермаса, улар ўзларига ўзлари ризқ бера олмайдилар. Шунингдек, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот ҳам уларга ризқ бера олмайди. Бинобарин, улар тезда ҳалок бўладилар. Аммо у ҳолда уларни дунёга келтириш, бу дунёда синовдан ўтказиш ва охиратдаги ҳисоб-китоб ҳикматлари ботил бўлади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яхшига ҳам, ёмонга ҳам ризқни бераверади. Охират ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага охират ризқини беради. Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди.

Охират ҳосилини истаган одам эса бу дунё ҳосилидан ҳам баҳраманд бўлади, бўлганда ҳам, бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Шундай экан, ҳар ким ўзи ўйлаб, фикр юритиб, юрадиган йўлини танлаб олаверсин. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг Китобига, динига амал қилишга боғлиқ. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

 

«Ер юзида ёки ўзларингизда бирор мусибат етса, уни яратишимиздан олдин албатта китобда бўлур. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. Токи на сиздан кетган нарсага ачинманг ва на сизга келган нарсадан ҳовлиқиб кетманг. Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни суймас» (Ҳадид сураси, 22-23-оятлар).

Зуҳд ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар:

 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар. Чунки уларнинг зиёрати дунёдан зуҳд қилдиради ва охиратни эслатади», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

 

Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени бир амалга далолат қилинг. Қачон уни қилсам, менга Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам муҳаббат қилсин», деди. Шунда Расулуллоҳ:

«Дунёдан зуҳд қил, Аллоҳ сенга муҳаббат қилади. Одамлар қўлидаги нарсадан зуҳд қил, улар сенга муҳаббат қилишади», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Зуҳд ва рақоиқ ҳақида келган оят ва ҳадисларни қўлдан келганича ўрганганимиздан кейин бу мавзуни яқиндан ўрганган ва ўзлари зуҳд ила яшаб ўтган азизларимизнинг фикрлари ва хулосалари билан ҳам қисқача танишиб ўтишимиз лозим бўлади.

Дунёда зоҳид бўлиш соликларнинг шарафли мақомларидан биридир. Аслида зоҳидлик кўнгли тусаб турган бир нарсадан ўгирилиб, ундан яхшироғига юзланмоқдир. Кўнгилга ёқмайдиган нарсадан юз ўгириш зоҳидлик эмас.

Одатда дунёдан юз ўгирган кишини «зоҳид» дейдилар. Аллоҳдан ўзга барча нарсадан юз ўгирган киши комил зоҳиддир. Дунёдан жаннат ва унинг неъматлари илинжида юз ўгирган одам ҳам зоҳид, аммо унинг даражаси аввалгидан пастдир.

Молу дунёни тарк қилиш, уни сахийлик билан сарфлашнинг ўзи зоҳидлик бўла олмайди. Зоҳидликнинг энг олий мақоми Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қилинган зоҳидликдир.

Ҳаёт учун зарур бўлган нарсалардаги зоҳидлик қуйидагилар:

1. Таомдаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид очликни даф қилишга кифоя қилувчи ва баданига мувофиқ таом билан кифояланади ва таом ила лаззатланишдан ўзини тияди. Кўпгина машҳур зоҳидлар оддий таомлар билан кифояланганлар. Баъзи машҳур зоҳидлар эса яхши таомлардан бош тортмаганлар. Мисол учун, Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи сафарга чиққанларида ҳам ўзлари билан қовурилган гўшт ва бош­қа таомларни олиб юрардилар.

2. Кийимдаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид иссиқ ва совуқдан сақлайдиган ҳамда авратни тўсадиган кийим ила кифояланади. Кўплаб зоҳидлар оддий кийим билан кифояланганлар. Аммо Сабтий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаб ҳафта давомида ризқ-рўз топиш учун ишлайдиган зоҳидлар ҳам оз бўлмаган.

3. Маскандаги зоҳидлик.

Баъзи бир зоҳидлар ўзларига маскан тутмасдан, такия ва шунга ўхшаш жойларда яшаганлар. Бошқалари эса ўзлари учун ғоятда содда бошпана қилганлар. Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаш зоҳидлар эса «Агар бино етарли бўлса, ажр ҳам, гуноҳ ҳам йўқ», деган шиорга амал қилганлар.

4. Уй анжомларидаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид ўзига керакли асбоб-анжомдан зиё­дасини тутмаган.

5. Никоҳдаги зоҳидлик.

Бу масалада зоҳидлик маъноси йўқ, деса ҳам муболаға бўлмайди. Энг машҳур зоҳидлардан бўлган ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тўртта хотинлари бўлган. (Фотима онамиз ўтганларидан кейин.)

6. Молу дунёдаги зоҳидлик.

Кўпинча зоҳидлар ўзларига керакли бўлган миқдордан ортиқча мол тўплашга ўтмаганлар. Лекин бош­қача йўл тутган катта зоҳидлар ҳам оз бўлмаган.

7. Обрўдаги зоҳидлик.

Зоҳидлар зоҳирий обрўга эмас, қалбларда бўладиган обрўга соҳиб бўлиш учун ҳаракат қилганлар.

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, ҳаёт учун зарурий бўлган нарсалар дунёдан деб ҳисобланмаган.

Зоҳидлик ҳақида баҳс юритган уламоларимиз ва зоҳидларимиз: «Тарки дунё қилиш зоҳидлик эмасдир», деганлар. Чунки молни тарк қилиш ва камбағалликни зоҳир қилиш зоҳидлик ила ном чиқарувчи шахс учун жуда ҳам осондир. Кўпгина роҳиблар бу даражага осонлик билан эришганлар. Бу риёкорликдан бошқа нарса эмас.

Зоҳидликнинг биринчи даражаси борига масрур, йўғига маҳзун бўлмасликдир.

Зоҳидликнинг иккинчи даражаси мансабни мадҳ қилувчи ҳам, сўкувчи ҳам унинг олдида баробар бўлишидир.

Зоҳидликнинг учинчи даражаси Аллоҳ таоло ила қалбан унсу улфат бўлишдир.

Зоҳидларнинг имомларидан бири бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи:

«Энг афзал зоҳидлик зоҳидликни яширишдир», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг зоҳидлиги етти иқлимга маълум ва машҳур эди. Аммо у киши жун кийим ҳам, хирқа ҳам киймаганлар. Одамлардан ажраб, қоронғу хонада ўтирмаганлар. Тарки дунё қилиб, мол жамлашдан юз ўгирмаганлар. У кишининг тижорат карвонлари чор атрофни кезар эди. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг тижорий сармоялари тўрт юз минг динорни ташкил қилар эди. Бу улуғ зоҳиднинг йиллик даромадлари юз минг дирҳамдан иборат эди.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича:

«Зоҳидлик бутунлай тарки дунё қилиш, ҳалол касбни тарк қилиш ва яхши ишларга нафақа сарфлашдан юз ўгиришдан иборат эмас. Балки

Зоҳидлик ҳаромни тарк қилишдир.

Зоҳидлик шубҳали нарсаларни тарк қилишдир.

Зоҳидлик ҳар бир ҳалол ва мубоҳдан ортиқчасини тарк қилишдир».

Қисқача қилиб айтганда, зоҳидлик Аллоҳ таолодан узоқлаштирадиган нарсани тарк қилиб, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган нарсани тутишдир.

Машҳур зоҳидлардан Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳидан:

«Эй имом! Сиз бизни зоҳидликка ва озга сабр қилишга амр қиласиз. Аммо ўзингиз Хуросондан Аллоҳнинг муҳаррам юрти бўлмиш Маккага тижорат молларини келтирасиз. Бу қандай бўлди?!» деб сўради.

Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи:

«Эй Абу Али! Буни ўз эҳтиёжимни қондириш, обрўйимни сақлаш, Роббимнинг тоатига кўмак олиш учун қиламан. Аллоҳнинг ҳаққини билишим билан уни адо этишга шошиламан.

Эй Абу Али! Сен ва сенинг биродарларинг бўлмаганларингда, тижорат қилмас эдим», деб жавоб берганлар.

Нақшбандия тариқати силсиласининг кўзга кўринган арбобларидан бири Хўжа Аҳрор валий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам ҳисобига етиб бўлмайдиган даражада кўп мол-дунёга эга зотлардан бўлганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, зоҳидлик қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсага жой қолмаслигидир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя. Ҳажжожни ёмонлаб ғийбат қилаётган бир кишини кўрган Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга .Ҳажжож ҳозир шу ерда бўлса, шу айтган гапларингни айта олармидинг, давоми...

3087 17:15 / 17.03.2018
Ўн биринчи сабаб мусулмонни хорлаш нияти.Баъзи ярамас ва бадбахт одамларда мусулмонни хорлаш, унинг биродарлари қошидаги обрўсини камайтириш ва бадном қилишдек давоми...

3428 15:17 / 06.06.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк давоми...

4010 19:02 / 22.03.2018
3. .У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин Ҳолбуки, ҳамма нарсада У зоҳир бўлганку,Бу жумланинг маъноси қуйидагича. Қандай қилиб банда билан давоми...

4404 16:40 / 08.10.2017