1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Эҳсонидан ибора айтиш

20:05 / 27.08.2017 4120 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўяди. Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмайди.

Бисот – мажол, суянч, эътибор.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикмати узоқ ва кўп такрорланган тажрибага суянган ҳолда айтилган бўлса, ажаб эмас. Уламолар ушбу ҳикматнинг шарҳида турлича маъноларни айтишган. Мазкур турлилик ибора айтишга берилган нисбат асосида бўлган. Баъзилар «ибора айтиш» банданинг ўзига ўхшаган бандаларга ибора айтиши, дейишса, бошқалар банданинг Роббига ибора айтиши, деганлар.

Биринчи гапга кўра, «Ким одамларга ибора айтганда ўзи қилган яхшиликларга суянган ҳолда гапирадиган бўлса, уни ўзи қилган ёмонлиги жим қилиб қўяди», деган маъно чиқади. Чунки барча одам боласи хатокордир. У одамлар орасида «Мен у қилдим, бу қилдим», дея мақтанадиган бўлса, мақтаниши давомида қилган ёмонлиги юзига солиниши ёки уни ўзи эслаб қолиши мумкин. Ана шунда ёмонлиги уни ибора айтишдан жим қилиб қўяди. Аммо ким одамларга ибора айтганда Аллоҳ таолонинг ўзига қилган эҳсонларига суянган ҳолда айтса, ўзи ёмонлик қилса ҳам, гапиришдан тўхтаб қолмайди. Зотан, Аллоҳ таолонинг эҳсонлари ҳақида ҳар қанча ибора айтилса ҳам, оздир. Банданинг қилган ёмонлиги Аллоҳ таолонинг эҳсонлари ҳақида ибора айтишига тўсиқ бўла олмайди.

Аллоҳ таоло Зуҳо сурасида марҳамат қилади:

«Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзлагин» (11-оят).

Иккинчи гапга қараганда, банданинг Робби ҳузурида муножот қилиши кўзда тутилган бўлади. Банда ушбу муножотида Роббидан бирор сўров сўраши, У Зотга дуо қилиши ёки ҳамду сано айтиши мумкин бўлади.

Ана ўша пайтда банда Роббига ўзининг қилган эҳсонларини орага солиб муножот қиладиган бўлса, ёмонлиги эсига тушганда тили тутилиб қолиши турган гап. Аммо банда мазкур муножотда Роббининг яхшиликларидан келиб чиқиб ибора айтадиган бўлса, ҳар қанча ибора айтса ҳам оз бўлаверади. Унинг тили тутилмайди, балки борган сари бурро бўлиб бораверади.

 Ҳар бир мўмин бандада юқорида зикр қилинган икки ҳолат – ўз яхшилиги ҳақида ибора айтганда тили тутилиб қолиши ва Роббининг яхшилиги ҳақида ибора айтганда тили бурро бўлиши доимийдир. Бошқача қилиб айтганда, банда хавфу ражонинг ўртасида бўлади. Ўзининг қилмишини ўйласа, хавф босади. Роббининг эҳсонини ўйласа, умидвор бўлади. Ушбу ҳолат барчада баробар равишда бордир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атоларидан берамиз. Роббингнинг атолари чекланган эмас» (20-оят).

Аллоҳ таоло бу дунё неъматларини барчага бераверади. У ҳамманинг Розиқидир. Бергани билан неъмати камайиб қолмайди:

«Барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атоларидан берамиз».

Барча бандаларга, яъни охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берамиз.

«Роббингнинг атолари чекланган эмас».

Аммо бандаларнинг ушбу атоларга нисбатан ўзларини тутишлари турлича бўлади. Баъзилари Аллоҳ таолонинг фазли-карамини унутиб қўяди. Бошқалари мазкур фазли-карамнинг қадрига етиб, шукрини ўрнига қўяди.

Аллоҳ таоло барчамизни ким ўз бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик уни жим қилиб қўйишини англаб етадиганлардан қилсин! Ким У Зотнинг бисоти эҳсонидан ибора айтса, ёмонлик қилса ҳам жим бўлмаслигини англаб етадиганлардан қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)





Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога муҳаббат банданинг энг олижаноб хислатларидан биридир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатлар эса руҳни озиқлантиради ва қалбни давоми...

5485 17:08 / 01.10.2017
Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл.Ибн давоми...

3504 19:46 / 18.01.2018
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

4012 19:22 / 22.01.2018
Ман қилишнинг сенучун аламли бўлиши Аллоҳнинг бу ҳақдаги ҳикматини фаҳмламаганинг учунгинадир.Бундан олдинги ҳикматнинг шарҳи охирида .Аллоҳ таоло мўмин давоми...

3069 16:10 / 29.04.2018