1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зоҳидликнинг фойдаларидан

12:18 / 19.03.2018 3283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир.

2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради.

3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар томон буради.

4. Зоҳидлик нафснинг шаҳватга интилишини жиловлайди.

5. Зоҳидлик мўминларга иффат ва поклик беради.

6. Зоҳидлик мўминни охират сари юзланишга ўргатади.

7. Зоҳидни Аллоҳ таоло яхши кўради ва уни Ўзига яқинлаштиради.

8. Зоҳидлик бу дунёда роҳатдир.

9. Зоҳидлик охиратда саодатдир.

10. Зоҳидлик ўз эгасини кишилар муҳаббатига сазовор қилади.

11. Зоҳидликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалардан ўрнак олиш бор.

12. Зоҳидлик Аллоҳ таоло берган хотиржамликдир.

13. Зоҳидлик Аллоҳ таоло берган нарсага розиликдир.

14. Зоҳидлик нафсни Аллоҳ таолонинг йўлида нафақа қилишга ўргатади.

15. Зоҳидлик дунёга боғланиб қолишдан қутқаради.

16. Зоҳидлик ўз эгасини шайтон, дунё ва нафсга қул бўлишдан озод қилади.

 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дунёдаги зоҳидлик ҳалолни ҳаром қилиш билан ҳам, молни зое қилиш билан ҳам эмасдир. Лекин ­дунёдаги зоҳидлик икки қўлингдаги нарса Аллоҳнинг қўлидаги нарсадан кўра ишончлироқ бўлмаслигидир. Ўзингга етган мусибатнинг савобига унинг сенга етмай қолишидан кўра кўпроқ роғиб бўлишингдадир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифни тўлиқ маънода исломий зоҳидликнинг мукаммал таърифи десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Исломда Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсадан ўзини олиб қочиш ила зоҳидлик қилишга йўл йўқ.

Исломда молу дунёни зое қилиш билан зоҳидлик қилиш мумкин эмас. Ёхуд молу дунёни ташлаб юборган, уни бошқа турли йўллар билан зое қилган ҳам зоҳид эмас.

Исломда ўз қўлида турган нарсадан кўра Аллоҳ таоло берадиган савобга кўпроқ ишониш зоҳидлик дейилади. Мусулмон зоҳид ўз қўлида турган дунё матоҳига қул бўлиб қолмайди. Балки ўша матоҳни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савобни олиш учун сарф қилади.

Мусулмон зоҳид дунёнинг бошқа барча орзу-ҳавасларига ҳам шундай назар билан қарайди. Ўзига етган моддий неъматларни ҳаёт мақсади деб билмайди. Балки ҳаётнинг асосий мақсади бу дунё­да охират учун зоди роҳила тўплаб олиш фурсатидир, деб билади. У ўзига берилган неъматларини зое қилмайди. Балки тўғри йўлда ишлатади.

Дунё неъматлари қалбини ишғол қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсаларни унутиб қўймайди.

Шунингдек, мусулмон зоҳид бу дунёнинг мусибатларига ҳам алоҳида муносабатда бўлади. У ўзига мусибат етганда чиройли сабр қилади.

Мусулмон зоҳид бўлиб ўтган ҳар бир ишга афсус чекиб, мусибат етмаса яхши бўларди, деб хомхаёл қилмайди.

Зоҳидликка қизиққан бир киши балиқ овлаб ҳаёт кечирар экан. Бир куни у иккита балиқ овлабди. Бирини пишириб еб, иккинчисини келажак учун асраб қўйишга қарор қилибди.

Бир оз ўтиб, бир балиқни бечораларга садақа қилмасдан, ўзи учун асраб қўйиши қалбини ром қилганидан ташвишга тушибди. Бу балиқни ўзимга олсамми, бировга берсамми, деган хаёлий тортишувда ўзини устун қўйиши қалбини хотиржам қилмабди.

Нима учун кўнгли тўлмаганидан ҳайрон бўлиб, бу ҳоли ўзи истаётган зоҳидлик мартабасига зид эканидан ўкинибди.

Бу камчиликни йўқотиш учун тариқат шайхларидан маслаҳат олишга қарор қилибди. Бу мақсадда ўша вақтнинг донғи кетган машойихларидан бири билан учрашиш учун йўл олибди.

Қаҳрамонимиз шайхнинг исмини эшитган экан-у, ўзини ҳам, уйини ҳам кўрмаган экан. Одамлардан сўраб-сўраб у зотнинг уйини топиб борибди.

Топиб борибди-ю, эсанкираб қолибди. Шайхнинг қароргоҳи оддий уй эмас, кўркам қаср экан. Шайх уйда йўқ экан.

У кишини пойлаб ўтириб, қаҳрамонимизнинг кўнглидан ҳар хил гаплар ўтибди. «Мен ўзи қаерга келиб қолдим?» деб ўзига ўзи савол берибди. «Битта балиқни ортиқча кўриб келсам, бу ерда нималарни кўриб турибман?» дебди.

Шу пайт шайх келиб қолибди. Салом-аликдан сўнг у киши зиёратчига қараб: «Агар банда Аллоҳ таолонинг ибодатига бошқа нарсалардан фориғ бўлиб чиқмаган бўлса, қалби тўлиқ Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила бўлмаган бўлса, унинг қалбига битта балиқнинг муҳаббати ҳам ўрнашиб қолаверади», дебди.

Шунда ҳалиги киши узр айтиб, мазкур шайхга шогирд тушган экан.

Демак, киши қалбини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлдирса, бу дунёнинг фақирлигидан қўрқмаса ҳам бўлаверар экан.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давлат бошлиғи бўлишларидан олдин тавозели эдилар. У киши Ислом давлати бошлиғи бўлганларидан кейин ҳам тавозели ҳолларича қолдилар.

 

«Бир куни у Мадинанинг бозорларидан бирида пайдо бўлди. Елкасида бир қўйнинг териси бор эди. Қариндошлари бундан ташвишга тушиб:

«Муҳожир ва ансорийлар орасида бизни шарманда қилдинг-ку!» дейишди. У киши:

«Нима, сизлар менинг жоҳилиятда ҳам жаббор подшоҳ бўлишимни ва Исломда ҳам жаббор бўлишимни ирода қилган эдингизми?! Йўқ! қасамки, бу дунёда тавозе ва зуҳд қилмасдан туриб, Роббга тоат этиб бўлмас», деди».

 

Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Басранинг жомеъ масжидидаги бир мажлисга келсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир тўп саҳобалари Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг зоҳидликларини, Аллоҳ уларга Исломда фатҳ қилган нарсаларни ва ҳусни сийратларини эслашиб ўтирган эканлар. Мен у қавмга яқинлашдим. Қарасам, ичларида Аҳнаф ибн Қайс Тамимий розияллоҳу анҳу ҳам бор экан. Унинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим:

«Умар ибн Хаттоб бизни бир гуруҳ лашкар билан Ироққа юборди. Аллоҳ бизларга Ироқни ва Форс юртларини фатҳ қилди. У ерда Форс ва Хуросоннинг нарсаларига эга бўлдик, улардан ўзимизга олиб, кийим кийдик. Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келсак, у биздан юзини ўгириб олди ва бизга гапирмай қўйди. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига оғир ботди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келдик. У масжидда ўтирган экан. Унга мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобдан бизга етган жафодан арз қилдик.

Абдуллоҳ: «Мўминларнинг амири устингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киймаган, у зотдан кейинги халифа Абу Бакр Сиддиқ киймаган кийимларни кўрди», деди.

Биз уйларимизга бориб, устимиздаги кийимларимизни ечдик ва унинг олдига у аввал устимизда кўрган кийимларимизни кийиб келдик. У ўрнидан туриб, ҳар биримизга алоҳида-алоҳида салом берди ва ҳар биримиз билан алоҳида-алоҳида қучоқлашиб кўришди. Худди бундан олдин бизни кўрмагандек муомала қилди. Биз унга ўлжаларни тақдим қилдик. Умар уларни бизга тенг тақсимлаб берди.

Ўлжалар ичида Умарга хурмони сариёққа булаб тайёрланган сариқ, қизил сулол таоми тақдим қилинди. У уни татиб кўрди. Унга таъми ва ҳиди жуда яхши туюлди. Шунда у бизга юзланиб:

«Эй муҳожир ва ансорийлар жамоаси! Аллоҳга қасам, албатта, сизлардан ўғил отасини, ака укасини ушбу таом учун ўлдириши мумкин», деди ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликларида ўлдирилган муҳожир ва ансорийларнинг болаларига беришга амр қилди.

Сўнгра Умар туриб кета бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳам туриб, унинг изидан юра бошладилар. Улар бир-бирларига:

«Эй муҳожирлар ва ансорлар жамоаси! Манави одамнинг зоҳидлигига ва кийимига нима дейсизлар? Аллоҳ бизга унинг раҳбарлигида Кисро ва Қайсарнинг юртларини, ернинг машриғию мағрибини фатҳ қилганидан буён нафсларимиз заифлашди. 

Унинг олдига арабу ажам элчилари келиб турибди. Улар унинг устидаги ўн икки ямоқли тўнини ҳам кўриб туришибди. 

Агар сиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жамоаси – катталаримиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турли мавқифларда ва жангларда бирга бўлганларимиз, аввалги муҳожир ва ансорларимиз ундан ушбу тўнини бир юмшоқроқ, кўримлироқ кийимга алмаштиришини, унга эрталаб бир идишда, кечқурун бир идишда таом берилиб, ундан унинг ўзи ҳам, у билан ҳозир бўлган муҳожир ва ансорлар ҳам ейишини сўрасангиз, яхши бўларди», дедилар. 

Қавмнинг барчаси бир овоздан: «Умарга бу гапни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан бошқа одам айта олмайди, бу ишга одамлар ичида фақат ўша журъат қилиши мумкин. Чунки, у узотнинг қизларига уйланиб, куёвлари бўлган. Ёки қизи – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафсагина айтиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомлари туфайли Умар унга ҳам бирор нарса дея олмайди», дедилар.

Улар бу ҳақда Алига гап очдилар. Али: «Мен буни қила олмайман, яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларига айтинглар, улар мўминларнинг оналари, бу ишга журъат қиладилар», деди.

Улар Оиша ва Ҳафса розияллоҳу анҳолар бирга ўтирганларида улардан илтимос қилишди. 

Оиша: «Буни мўминларнинг амиридан мен сўрайман», деди.

Ҳафса: «Менимча, у бу ишни қилмаса керак, сенга тушунтириб ҳам беради», деди.

Оиша: «Эй мўминларнинг амири! Гапиришимга изн беринг», деди.

Умар: «Эй мўминларнинг онаси, сўзла», деди.

Оиша: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз йўллари ила жаннатга ва розиликка кетдилар. Ул зот дунёни хоҳламадилар, дунё у зотни хоҳламади. Шунингдек, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам у зотнинг изларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтиргандан, муртадларни қатл қилгандан, аҳли ботилнинг ҳужжатларини йўқ қилгандан, раъиятга адолат қилгандан, молни баробар тақсим қилгандан, халойиқнинг Роббини рози қилгандан кейин ўз йўлига кетди. Аллоҳ уни Ўз раҳматига ва розилигига қабз қилди. Уни Ўз Набийси алайҳиссаломга – рафи­қул аълога қўшди. У дунёни хоҳламади, дунё ҳам уни хоҳламади. 

Энди, батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг қўлингиз ила Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини ва юртларини фатҳ қилди. Сизга уларнинг моллари олиб келинди. Сизга мағрибу машриқ яқин бўлди. Аллоҳдан янада зиёда қилишини ва Исломни қўллашини сўраймиз. Олдингизга ажамларнинг элчилари келмоқда, арабларнинг ҳайъатлари келмоқда. Сизнинг устингизда бўлса манави тўн бор. Уни ўн икки еридан ямаб олгансиз. Энди сиз уни бир юмшоқроқ, кўримлироқ кийимга алмаштирсангиз, сизга эрталаб бир идишда таом берилса ва кечқурун бир идишда таом берилса, ундан ўзингиз ҳам, сиз билан ҳозир бўлган муҳожир ва ансорлар ҳам есалар яхши бўларди», деди.

Шу пайт Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғлади ва:

«Сендан Аллоҳ номи ила сўрайман. Қани менга айт-чи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ёнига боргунларича буғдой нонга ўн кун ёки беш кун ёки уч кун тўйганмилар?! Ёки тушлик ва кечки таомни жамлаганмилар?!» деди. 

«Йўқ», деди Оиша. Шунда Умар Оиша розияллоҳу анҳога қараб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ердан бир қарич кўтарилган дастурхонда таом қўйилганини биласанми?! Ул зот таом келтиришга амр қилсалар, ерга қўйиларди. Яна амр қилсалар, дастурхон йиғиштириб олинарди», деди.

(Оиша ва Ҳафса) икковлари:

«Аллоҳнинг номи ила айтамизки, гапингиз тўғри!» дейишди.

У уларга қараб:

«Икковингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Иккингизнинг барча мўминларда, хусусан менда ҳақларингиз бор. Сиз бўлсангиз мени дунёга тарғиб қилгани келибсизлар. 

Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, қўполлигидан баданларига ботадиган, жундан бўлган чопон кийганларини яхши биламан. Икковингиз ҳам биласизларми?» деди.

«Аллоҳнинг номи ила айтамизки, гапингиз тўғри!» дейишди.

«Эй Оиша! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сенинг уйингда бир арқоқли жун чопон устида ухлаганларини биласанми? Ўша чопон кундузи гилам, кечаси тўшак бўлар эди. Биз у зотнинг олдиларига кирсак, ёнбошларида бўйранинг изини кўрардик. 

Эслагин, эй Ҳафса! Сен ўзинг менга у зотга икки қават жой солиб берганингда, унинг юмшоқлигидан Билолнинг азонигача уйғонмаганларини, сўнгра сенга «Эй Ҳафса, нима қилиб қўйдинг? Бу кеча менга икки қават жой солиб берибсан. Тонг отгунча ухлабман. Менга дунёнинг нима кераги бор эди?! Мени юмшоқ тўшак ила машғул қилишингизнинг нима кераги бор эди?!» деганларини айтиб берган эдинг. 

Эй Ҳафса! Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию кейинги гуноҳлари мағфират қилинганини билмас эдингми?! Ул зот оч ҳолларида кеч қилар, тунни саждада ўтказар эдилар. Аллоҳ у зотни Ўз раҳмати ва розилиги ила қабз қилгунича кечаю кундуз рукуъ ва сажда қилган ҳолларида, йиғлаган ва тазарру қилган ҳолларида бардавом бўлдилар. 

Умар хуштаъм таом емайди. Юмшоқ кийим киймайди. Ўзининг икки соҳибидан ўрнак олади. Туз ва зайтун ёғидан бошқа икки таомни жамлаб емайди. Ҳар ойда одамлар еган гўштдан ортиқча гўшт емайди», деди.

Икковлари чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига бўлган гапларнинг хабарини бердилар. Умар Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққунича ўша ҳолда бардавом бўлди».

Ибн Асокир ривоят қилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг зоҳидликлари ҳақида бунга ўхшаш ривоятлар ишончли ровийлар томонидан кўплаб келтирилган.

Шу ўринда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бу даражадаги зоҳидликлари ўзларининг шахсий ижтиҳодлари ва ўз шахсларига тегишли эканини айтиб ўтиш керак.

Кўриб ўтганимиздек, бошқа саҳобалар ҳам у кишини бў йўлдан қайтара олмаганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади .Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк давоми...

3367 18:31 / 08.04.2018
4590. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Роббимиз таборака ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда дунё давоми...

5742 20:09 / 05.03.2018
Ўтган ҳафта сизларга муҳим бир масала ndash қалбнинг дунёга муҳаббат қўйиши ва бунинг оқибатида пайдо бўладиган ҳалокатли асоратлар ҳақида гапириб берган эдим. Ва давоми...

4395 16:42 / 02.12.2017
Ва Роббингизнинг .Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир,, ndash деб эълон қилганини ҳам давоми...

3633 16:47 / 31.01.2018