1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Яқийн нури сенга порласа

20:31 / 18.03.2018 3692 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар яқийн нури сенга порласа, албатта, охиратни унга кўчиб ўтганингдан кўра ўзингга яқинроқ кўрасан. Шунингдек, албатта, дунёнинг гўзалликлари унинг устидаги фонийлик ёпқичи каби эканини кўрасан. 

Яқийн – ноаниқлик қўшилмаган, шубҳа аралашмаган ва иккиланиш бўлмаган ўта ишончли илм. Бу сўз аслида сувнинг тутилиб қолишини, оқмай туришини англатади. Ўта ишончли илмнинг мазкур сувга ўхшатилиши унинг хотиржамликка сабаб бўлиши, у билан қалб таскин топиши ва изтиробга тушмаслиги учундир. 

Илми яқийннинг порлашидан мурод банданинг аъзоларига унинг таъсир қилишидир. Мазкур таъсир оқибатида дунёдан зоҳид бўлиш, охиратга рағбат қилиш пайдо бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таолога ружу қўйиш, У Зотнинг жамолига муштоқ бўлиш, сокинлик, хушуъ ва хузуъ топиш, Аллоҳ таолонинг розилигини топишга шошилиш, тилнинг Унинг зикри билан ҳўл бўлиши, қалбнинг Унинг улуғлиги фикри билан машғул бўлиши, руҳнинг Унга яқин бўлишга ошиқиши каби ҳолатлар пайдо бўлади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ бундан олдинги ҳикматда аслида Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким банда учун ҳақиқий соҳиб бўла олмаслигини баён қилган эди. Ушбу ҳикматда эса мазкур йўналишни давом эттириб, бу фоний дунё бевафо эканини, банда охиратни кўзлаб иш тутиши лозимлигини баён қилмоқда. Ўз навбатида охиратни кўзлаб иш тутиш учун банданинг қалбида илми яқийннинг нури порлаб туриши зарурлигини эслатмоқда.

 Абдуллоҳ ибн Мисвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ кимни ҳидоят қилмоқни ирода этса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир»ни тиловат қилдилар. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ушбу очиб қўйиш нимадир?» дейишди.

«У нурдир. У қалбга ташланади ва қалб унинг учун кенгаяди», дедилар.

«Унинг таниб олиш аломати борми?» дейилди.

«Ҳа», дедилар.

«У нима?» дейилди.

«Абадийлик диёрига қайтиш. Ғурур диёридан узоқлашиш. Ўлимга дуч келишдан олдин ўлимга тайёрланиш», дедилар».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Ўз-ўзидан «Инсонни охиратни худди кўргандек эслаб туриши ва юришидан нима тўсади?» деган савол пайдо бўлади. Инсонни доимо охиратни кўз олдида тасаввур қилиб туришдан тўсадиган парда унинг кўз олдида жилваланиб турадиган бу дунёнинг зебу зийнатларидир. Мазкур дунёнинг зебу зийнатлари банданинг эътиборини тортади, фикрини машғул қилади ва нафсини ҳакалак оттиради.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

 «Биз ер юзидаги нарсаларни уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун зебу зийнат қилиб қўйганмиз» (7-оят).

Ер юзидаги ҳамма нарса беш кунлик дунёнинг зебу зийнати, холос. Ҳеч бири боқий эмас. Ана ўша зебу зийнатлар – бандалардан қай бирлари уларга берилиб, йўлдан озадилар-у, қай бирлари уларни ўткинчи матоҳ билиб, яхши ишлар кетидан қолмай юрадилар – синаш учун қилингандир.

Қайси бир банда бу дунёнинг зебу зийнатларига берилса, унинг қалбида, фикрида ва нафсида охиратдан уни тўсиб турадиган парда ҳосил бўлади. Натижада у охиратни бутунлай унутиб, дунёга берилиб кетади. 

Банданинг кўзини, фикрини, қалбини охиратдан тўсиб турадиган парданинг ўз-ўзидан кўтарилиши ёки йиртилиши амри маҳол. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини бу дунё ҳаётининг зийнатлари билан синашни одатга айлантириб қўйгандир. 

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:  

 «Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир» (14-оят).

Банданинг кўзини, фикрини, қалбини охиратдан тўсиб турадиган пардани йиртиш ва бутунлай олиб ташлашнинг ўзига хос йўли мавжуд. Бу муборак йўл Аллоҳ таоло охират ва унинг ҳодисалари ҳақида юборган хабарлар бўйича яқийн нурини ўстириш йўлидир. 

«Агар яқийн нури сенга порласа, албатта, охиратни унга кўчиб ўтганингдан кўра ўзингга яқинроқ кўрасан». 

Чунки яқийннинг нури ила банда ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажрата билади. Охиратни ўзининг олдида тургандек кўра олади. Ҳаттоки қиёматда охиратга кўчиб ўтганидан кўра ҳам яқинроқ кўриш имкони бўлади. Яқийннинг нури билан...

«Шунингдек, албатта, дунёнинг гўзалликлари унинг устидаги фонийлик ёпқичи каби эканини кўрасан».

Яъни бу дунёда инсонга гўзал бўлиб кўринаётган зийнатларнинг барчаси охиратнинг устига ёпилган фонийлик ёпқичи холос экани ҳам аён бўлади.

Ушбу охират ва ундаги ҳодисалар бўйича илми яқийн – ўта ишончли илм иймонида содиқ бўлган мўмин бандаларни жамлаб турувчи собит ақийдалардан биридир. Бу борадаги ақийдада гумонга тушган одамнинг мўминлиги қолмайди. Шунинг учун ҳам мўмин банда доимо ўзида мазкур яқийннинг нури зиёда бўлиши учун ҳаракат қилиши керак бўлади. Бунинг учун эса Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлиш ва У Зотнинг муроқабаси – кузатиб туришини ҳис қилиб яшаш керак бўлади. Дунё ва унинг ҳар бир зийнатини кўрганда ва билганда охиратни эслайдиган бўлиб яшаш лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:      

 «Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин.

Роббимиз, албатта, Сен кимни оловга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар йўқ.

Роббимиз, албатта, биз «Роббингизга иймон келтиринг!» деб иймонга чорлаётган нидо қилувчини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизни мағфират қилгин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда аброрлар билан бирга ўлдиргин.

Роббимиз, бизга расулларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан» (191-194-оятлар).

Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда зикр қилиш – эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

«Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки...»

Шундай даражада тафаккур қилган одамнинг қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.

«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ...»

Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва:

«Ўзинг поксан…» деб тасбеҳ айтиб, У Зотни ёдга олади. Ушбу борлиқнинг яратилиши, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш буларни қилишда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради. Шундай бўлса, бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади. Бу иш бу дунёда эмас, у дунёда амалга оширилади. Шу боисдан охират умидида дуо қилиш бошланади:

«...бизни олов азобидан сақлагин».

Дўзахда куйишдан ҳамма ҳам қўрқади. Хусусан, ибодатли, иймонли, тафаккурли кишилар бу ҳақиқатни тўлиқ ҳис этадилар. Шунинг учун ҳам:

«Роббимиз, албатта, Сен кимни оловга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан», дейдилар.

Демак, дўзахда шарманда бўлишдан қўрққанлари учун Аллоҳдан ёрдам сўрашади.

«Ва золимларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар йўқ».

Фақат золимларгина дўзахга сазовордирлар.

«Роббимиз, албатта, биз «Роббингизга иймон келтиринг!» деб иймонга чорлаётган нидо қилувчини эшитдик ва иймон келтирдик».

«Нидо қилувчи»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Ақли ва қалби очиқ кишилар у зотнинг даъватларини эшитишлари билан дарров иймонга келганлар.

Ақли ва қалби очиқ кишилар иймонга киришлари билан, энг аввало ўз Пайғамбарлари ҳақида ўйлай бошлайдилар. Гуноҳлари ва ёмонликларидан қутулиш ҳақида қайғурадилар ва уларни кечишини сўраб, Аллоҳга тазарру қиладилар:

«Роббимиз, бизни мағфират қилгин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда аброрлар билан бирга ўлдиргин».

Дуонинг охирида Аллоҳдан умидворлик ва Унинг ваъдага хилоф қилмаслигига ишонч таъкидланади:

«Роббимиз, бизга расулларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин...»

Аллоҳ Ўз пайғамбарлари тили билан мўмин бандаларга савоб, нусрат, жаннат ва бошқа нарсаларни ваъда қилган эди.

«...ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин».

Яъни қиёмат куни кофирларни халойиқнинг олдида шарманда қилганингдек, бизни ҳам шарманда қилмагин.

«Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан».

Бунга ишончимиз комил.

Шундай қилиб, доимо тили ва дили Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлган ҳамда У Зотнинг доимий кузатувини ҳис қилиб яшаган банда учун дунё ва унинг зебу зийнатлари охиратни кўз олдида кўриб тургандек яшашига тўсиқ ва парда бўла олмайди. Бундай мақомга эришган бандалар учун дунё ва унинг барча зийнатлари беш кунлик дунёда охиратнинг устига ташлаб қўйилган   вақтинчалик ёпқичдан иборат нарса бўлади, холос.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

«Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зеб-зийнат, ўзаро фахрланиш, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтириш, холос. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ қурийди ва унинг сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса шиддатли азоб бор. Ва Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас» (20-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини «ўйин‑кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зеб-зийнат» деб таърифламоқда.

«Билингки, албатта, дунё ҳаёти ўйин-кулги ва кўнгилхушлик ҳамда зеб-зийнат...»

Чиндан ҳам, одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаерга қараманг, одамлар кийим-кечак, емоқ-ичмоқ, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.

Бу дунё ҳаёти яна

«...ўзаро фахрланиш, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтириш, холос».

Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, хасабу насаблари билан фахрланишга, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган.

Аслида эса бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқатни янада очиқроқ тушунтириш учун Қуръони Карим кўзимизга доимо кўриниб турган, лекин кўпларимиз эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилиб келтиради.

«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир».

Яъни бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққанидан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир.

«Кейинроқ қурийди ва унинг сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир».

Яъни ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.

Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслик керак.

«Охиратда эса шиддатли азоб бор. Ва Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».

Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор.

«Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас».

Албатта, бу гаплар таркидунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳойи-ҳавасдан устун бўлишга даъватдир.

Ушбу даъватга лаббай, деб жавоб берган бандалар Аллоҳ таоло уларни иймон нури ва яқийн нури билан мунаввар қилган, У Зотга муқарраб бўлган бандалардан бўладилар. Ўшандай бандалардан бири Ҳориса ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳудир.

 Зубайддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Ҳорис ибн Молик, қандай тонг оттирдинг?» дедилар.

«Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим», деди.

«Ҳар бир гапнинг ҳақиқати бўлади. Бунинг ҳақиқати недир?» дедилар.

«Нафсим дунёдан юз ўгирган ҳолда тонг оттирдим. Кечамни бедор, кундузимни ташна ҳолда ўтказдим. Таъкидки, худди ҳисоб-китоб учун қўйилиб, Роббимнинг Аршига қараб тургандекман. Таъкидки, худди жаннатда бир-бирларини зиёрат қилаётган жаннатийларга қараб тургандекман. Таъкидки, худди дўзах аҳлининг дод-войларини эшитаётгандекман», деди.

У зот: «Эй қалбида иймон нур сочган банда, маърифат ҳосил қилибсан, шуни лозим тут!» дедилар».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. У зот:

«Қандай тонг оттирдинг, эй Муъоз?» дедилар.

«Аллоҳ таолога иймон келтирган ҳолда тонг оттирдим», деди.

«Ҳар бир гапнинг исботи ва ҳар бир ҳақнинг ҳақиқати бор. Айтаётган гапингнинг исботи нима?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Набийси, қачон тонг оттирсам, албатта, кечга ета олмайман деб ўйладим. Қачон кечга етсам, тонг оттира олмайман деб ўйладим. Қачон бир қадам боссам, ундан бошқа қадам боса олмайман деб ўйладим. Мен худди ҳар бир уммат чўккалаган ҳолида набийси билан бирга ўз китобига ва ибодат қилган Аллоҳдан ўзга бутларига чақирилаётганини кўриб тургандекман. Мен худди дўзах аҳлининг азобига, жаннат аҳлининг савобига қараб тургандекман», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Маърифат ҳосил қилибсан, шуни лозим тут!» дедилар».

Муҳаммад Соғий «Муснадиш-Шиҳоб»да ривоят қилган.

Аллоҳ таоло барчамизга яқийн нури порлашини ва албатта, охиратни унга кўчиб ўтганимиздан кўра ўзимизга яқинроқ кўришимизни насиб этсин! Шунингдек, албатта, дунёнинг гўзалликлари унинг устидаги фонийлик ёпқичи каби эканини кўришимизни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зот сени вужудинг қамоғидан шуҳудинг фазосига чиқариш учун сенга воридни эриштирди.Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи учинчи ndash юқори давоми...

3042 18:02 / 25.02.2018
Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл.Ибн давоми...

3504 19:46 / 18.01.2018
Ва Роббингизнинг .Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир,, ndash деб эълон қилганини ҳам давоми...

3632 16:47 / 31.01.2018
Ўн еттинчи зарар мусулмонларга зулм қилиш.Насиҳат. Бир киши ҳакимга .Менга насиҳат қилинг,, деди. Ҳаким унга шундай насиҳат қилди .Роббингга жафо қилма, халққа жафо давоми...

3810 11:19 / 25.04.2018