1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Муҳаббатнинг даражалари

19:17 / 25.07.2017 5026 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаббатнинг ўнта даражаси бордир: 

Биринчиси: Алоқа – у қалбни маҳбубга боғлайди. 

Иккинчиси: Ирода – у қалбнинг маҳбубга мойил бўлиши ва уни талаб қилишидир. 

Учинчиси: Қуйилиш – у қалбнинг маҳбубга қуйилиши ва соҳиби уни эплай олмай қолишидир. Бу худди сув қияликдан қуйилишига ўхшайди. 

Тўртинчиси: Ғаром – у қалбдан ажралмай, маҳкам ўрнашган муҳаббат. 

Шунингдек, қарздорни ҳам «ғорим» дейилади. Бу қарз берган одам ундан ажралмай, маҳкам тутгани учундир. 

Оятда: 

«Албатта, у(жаҳаннам)нинг азоби ғаромдир»,  дейилган (Фурқон сураси, 65-оят). Яъни азоб дўзахи одамдан ажралмай, доимий равишда у биландир. 

Бешинчиси: Мавадда – у муҳаббатнинг софи, холиси ва мағизидир. Аллоҳ таоло: 

«Роҳман уларда вудд – муҳаббат пайдо қилур», деган (Марям сураси, 96-оят)

Олтинчиси: Шағаф – у муҳаббатнинг қалб ғилофига етиб боришидир. 

Еттинчиси: Ишқ – у ҳаддан ошган муҳаббат бўлиб, эгасига ундан зарар етишидан чўчилади. Лекин бу билан Аллоҳ таоло васф қилинмайди. Шунингдек, банданинг Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати ҳам ишқ билан васф қилинмайди. Чунки ишқ шаҳват аралашган муҳаббатдир. Уни Аллоҳнинг муҳаббатида ва Унинг Расулининг муҳаббатида қўллаш беодобликдир. Шунинг учун ҳам бу истилоҳ Қуръон ва Суннатда ишлатилмаган, қўлланмаган. Бу истилоҳни энг яхши асрларда ҳам ҳеч ким Аллоҳ ва Унинг Расулининг муҳаббатида ишлатмаган. Фақат кейинроқ, жоҳил сўфилар томонидан истиора шаклида ишлатиладиган бўлди. Шунингдек, улар форс шеъриятида истиора қилиб, Аллоҳнинг маърифатига «май», улуғлик сифатларига «қора соч», жамол сифатларига «оппоқ юз», ҳақиқий маҳбубга «гўзал аёллар ва чиройли ғуломлар» кабиларни ишлатганлар. Аслида эса бу нарсалар мажусийлар томонидан яхшилик худосига нисбатан ишлатилар эди. 

Саккизинчиси: Таяннум – ибодат маъносида. 

Тўққизинчиси: Ибодат. 

Ўнинчиси: Халиллик – бу муҳаббат қилувчининг руҳи ва қалбининг орасига кириб жойлашган муҳаббатдир. 

Аллоҳ таоло ушбу муҳаббат турларидан тўрттаси билан васф қилинади. Қуръон ва Суннатда У Зотга нисбатан «ирода», «вудд», «муҳаббат» ва «халиллик» лафзлари ишлатилган. 

34. У зотдан кейинги ҳар бир пайғамбарлик даъвоси адашиш ва ҳавойи нафсга эргашишдир. 

Шарҳ: Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ким пайғамбарлик даъвосини қилса, бу даъво залолатдан ва ҳавойи нафсга эргашишдан бошқа нарса эмас. Унинг даъвоси ботилдир. У зот набийларнинг сўнггиси эканлари собит бўлганидан кейин, ким у зотдан кейин пайғамбарлик даъвосини қилса, ёлғончи экани ўз-ўзидан маълум. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг охирги пайғамбар эканликлари ҳақида хабар берганидан кейин, биров келиб, пайғамбарликни даъво қилиши ва бу даъвосида ёлғончилигининг аломати зоҳир бўлмаслиги амри маҳолдир. 

Бунга далил – Аллоҳ таолонинг  

«Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб сураси, 40-оят) ояти ва олдин келтирилган ҳадислардир. Бас, бу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги пайғамбар эканликларининг самарасидир.  

35. У зот жинларнинг ҳаммасига ва инсларнинг барчасига ҳақу ҳидоят, нуру зиё билан юборилгандирлар. 

Шарҳ: Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни жамики инсон ва жинларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб бериш, Қуръонни ва ҳикматни ўргатиш, турли ақийдавий, ахлоқий ва амалий ифлосликлардан поклаш учун юборди. Бас, у зот ҳидоят ва ҳақ дин ила ушбу ҳақ динни бошқа динлардан устун қилиш учун келдилар. 

У зотнинг ҳамма жинларга пайғамбар этиб юборилганликлари ҳақида қуйидаги икки оят далил ўлароқ  келтирилади. 

Биринчи оятда жинларнинг тилидан:  

«Эй қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг», дейилган (Аҳқоф сураси, 31-оят). 

Иккинчи оятда эса яна жинлар ҳақида:  

«...ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик...», дейилган (Жин сураси, 1-2-оятлар).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни олиб келдилар, бошқа нарсани эмас.

У зотдан олдин ҳам жинларга пайғамбар келганми? 

Ҳа, келган. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:  

«Эй жин ва инс жамоалари!.. ўзингиздан бўлган расуллар келмадими?» (Анъом сураси, 130-оят.)  

«Эй қавмимиз! Биз Мусодан кейин нозил қилинган... Китобни эшитдик» (Аҳқоф сураси, 30-оят).

Ушбу оятнинг зоҳири Мусо алайҳиссаломнинг жинларга ҳам юборилганлигига далолат қилмоқда. 

У зот алаҳиссаломнинг инсонларнинг барчасига пайғамбар этиб юборилганликларининг далиллари қуйидагилар:  

«Сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик» (Сабаъ сураси, 28-оят).  

«Эй одамлар! Албатта, мен сизларнинг барчангизга... Аллоҳнинг Расулидирман», деб айт» (Аъроф сураси, 158-оят).  

«Менга ушбу Қуръон Унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди» (Анъом сураси, 19-оят).  

«Биз сени одамларга Расул қилиб юбордик. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» (Нисо сураси, 79-оят).

Ушбу оятдаги «одамларга» сўзи умумийдир.

«Одамларга ўзларидан бўл­ган бир кишига: «Одамларни огоҳлантир...» деб ваҳий юборишимиз ажабланарли бўлдими?» (Юнус сураси, ­2-оят). 

«Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир» (Фурқон сураси, 1-оят).

Ушбу оятдаги «оламларга» сўзи инсу жинни ўз ичига олади. 

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга беш нарса хос қилиб берилгани тўғрисидаги ҳадисдаги у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  

«Ва одамларнинг ҳаммасига юборилдим», деган сўзлари.

(Бухорий ва Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).  

Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ушбу умматдан хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ насроний бўлсин, мен ҳақимда эшитса-ю, сўнгра менга иймон кетирмаса, албатта дўзахга киради», деган сўзлари.

(Муслим ривоят қилган.) 

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақу ҳидоят, нуру зиё билан келганликларига далил қуйидаги оятлардир: 

«У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан... юборган Зотдир» (Фатҳ сураси, 28-оят).  

«Бас, Аллоҳга, Унинг Расулига ва Биз нозил қилган нурга иймон келтиринглар» (Тағобун сураси, 8-оят).  

«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди» (Моида сураси, 15-оят). 

«Ва Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилувчи ҳамда нурли чироқ (қилиб юбордик)» (Аҳзоб сураси, 46-оят). 

 «Батаҳқиқ, Мусо ва Ҳорунга Фурқонни тақводорлар учун зиё ва эслатма қилиб бердик» (Анбиё сураси, 48-оят).

Ҳар бир набий (умматига) зиё олиб келади. Зиёдан мурод китобми, нубувватми, мўъжизами, фарқи йўқ. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам зиё олиб келганлар.

Аммо зиё нурдан кучли деган гап Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига мувофиқ эмас.

«Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир» (Нур сураси, 35-оят). 

«Ва ер Роббининг нури ила ёришди» (Зумар сураси, 69-оят).


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ақидатут таҳовия шарҳининг талхийси китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умрингдан ўтганининг эвази йўқдир. Ундан сен учун ҳосил бўлган нарсанинг баҳоси йўқдир.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида банда давоми...

4989 18:52 / 05.08.2017
Ҳақнинг сени бир нарсада муқим қилишининг аломати сени ўша нарсада натижалар ҳосили бирла бардавом қилишидир. Ҳақ таоло бандани бирор ҳолатда, ишда ёки амалда давоми...

3533 20:04 / 27.08.2017
13. Ибрат мақсадида ғийбат қилиш. Одамларга ибрат бўлиши учун бирор тирик ёки ўлган кишига берилган жазони гапириб ғийбат қилиш мумкин. Масалан, одамлар бахиллик давоми...

4690 16:10 / 06.03.2018
Насиҳат. Киши билан учрашганда уни хурсанд қилиб, у кетгач эса ғийбат қилмаслик ҳусни хулқдир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни .Сиз буюк давоми...

3816 19:43 / 31.03.2018