1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аҳли жаннат аёллари сифати

21:32 / 01.12.2016 18995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган(ҳур)лар бор. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?! У(ҳур)лар худди ёқут ва маржонга ўхшарлар. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Ва яна: Уларда яхши, гўзаллар бор. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?! Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?! Аввал уларга инс ҳам, жин ҳам тегмаган. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?! Яшил болишларга ва гўзал гиламлагда ёнбошлаган ҳолларидадир. Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» деган.

Биз шарҳ қилаётган китоб эгалари шайх Али Мансур Носиф р. ҳ. «ар-Роҳман» сурасидан далил келтираётиб орадаги баъзи оятларни тушириб қолдирганлар. Ана шу ҳолда келтириш бизга бир оз ноқулай туюлди ва биз орада тушириб қолдирилган оятларни ҳам келтирдик. Энди мазкур ояти карималарнинг тафсирини келтиришга ижозат бергайсиз.

«Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган(ҳур)лар бор».
У тўшакларда жаннат аҳли учун тайёрланган ҳурлар бор. Улар афифа бўлиб, ўзларига соҳиб бўлган жаннати шахсдан ўзгага кўз тикмайдилар, хаёллари ҳам бошқа ёққа кетмайди. Шу билан бирга, улар мастура бўлиб ўзларига соҳиб бўлган жаннати шахсдан аввал бирорта жиннинг ҳам, инснинг ҳам қўли тегмаган.
«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!»
«У(ҳур)лар худди ёқут ва маржонга ўхшарлар».
Жаннатиларга жуфти ҳалолликка таёрлаб қўйилган ўша ҳури ийнлар беғуборликда ва гўзалликда худди ёқут ва маржонга ўхшайдилар.
«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Уларда яхши, гўзаллар бор».
Ўша мазкур тўрт жаннатда яхши ахлоқли, ўзлари гўзал жамолли жуфти ҳалоллар мавжуд.
«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор».

Яъни, ўз эгаларидан бошқани кўзламай, ўз масканларидан бошқа ёққа чиқмайдиган вафодор ҳурлар бор.
«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Аввал уларга инс ҳам, жин ҳам тегмаган».

Бундан олдин ўша чодирларни лозим тутган ҳурларга инс ҳам, жин ҳам қўл теккизмаган.
«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Яшил болишларга ва гўзал гиламлагда ёнбошлаган ҳолларидадир».
Арабларда ажабланарли, ҳар бир нарсага «абқарий» деб айтилади. Жаннат аҳли ҳам ажойиб, гўзал гиламларда яшил рангдаги болишларга ёнбошлаган ҳолда ястаниб роҳатланишар экан. Албатта, бу мақом, ипак астарли тўшакларга ёнбошлашдан пастроқ мақомдир.
Шунинг учун ҳам инсон фақат жаннатга кириш учунгина эмас, балки жаннатдаги олий мақомларга эришиш учун ҳаракат қилмоғи керак.
«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!»

Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз у(ҳур)ларни дафъатан, хос қилиб, яратдик. Бас, уларни бокира қизлар қилиб қўйдик. Бир хилдаги тенгдош маҳбубалар. Ўнг тараф эгалари учун», деган.
Яъни, у ҳурлар туғилганлари йўқ, Аллоҳ таоло уларни жаннат аҳиллари учун хослаб, алоҳида, дафъатан яратгандир. Уларнинг яратилиши дунё аёллариникига ўхшамас. Уларнинг яратилиши мукаммалдир, фанони қабул қилмас.
Бас, уларни бокира қизлар қилиб қўйдик.
Бир хилдаги тенгдош маҳбубалар.
Ўнг тараф эгалари учун.
Оятларда у дунёдаги эркакларга бериладиган неъматлар ҳақида сўз кетганда, албатта, аёллар ҳам назарда тутиладилар, улар ҳам мазкур неъматларга эришдилар. Фақат ҳурлар ҳақида сўз кетганда аёлларга-чи, уларга нима бўлади?» деган савол туғилади. Бу саволга Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларидан жавоб топамиз.
Машҳур муҳадислардан Абул Қосим ат-Табароний ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: «Умму Салама: «Эй Расуллуллоҳ, Аллоҳнинг «Ъурубан атробан» деган ояти ҳақида гапириб беринг» деди.
«Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, уларни қиёматда Аллоҳ таоло тенгқур, бокира эҳтиросли маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади», дедилар у зот.
Умму Салама онамиз: «Эй Расулуллоҳ, бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ийнларми?» дедилар.
«Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ийнлардин афзалдир», дедилар.
Умму салама онамиз: «Нималари билан?» деб сўрадилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийгазган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тиллодан. Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччиғланмаймиз; биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин дейдилар», дедилар.
Умму Салама онамиз: «Эй Расуллулоҳ, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўрт эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эр билан бўлади?» дедилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Эй Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. Эй Парвардигоро, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин, дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради», дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатдаги бир камонча келадиган жой қуёш устидан чиқиб ботадиган нарсадан яхшироқдир. Агар аҳли жаннатдан бир аёл ер аҳлига бир боқса, албатта, уларнинг орасини зиёга ва хушбўйга тўлдирар эди. Унинг бошидаги рўмоли дунёдан ва унинг ичидаги барча нарсадан яхшироқдир», дедилар».
Шарҳ: Кишилар ўртасида бутун дунёдаги нарсаларга эга бўлмоқлик энг катта саодатдир деган тушунча борлиги ҳаммамизга маълум. Фақатгина бир ҳолат ўша саодатдан ҳам юқори экан. Жаннатдан бир камон ҳажмича бўлса ҳам жой олмоқлик. Жаннатдаги аёлнинг ҳолини васфига тил ожизлиги ушуб ҳадиси шарифдан яққол кўриниб турибди.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, аҳли жаннат аёлларидан бир аёлнинг болдирининг оқи етмиш қават кийимнинг ортидан ҳам кўринади. Ҳатто унинг илиги ҳам кўринади. Чунки Аллоҳ «Улар худди ёқут ва маржондек» дейди. Ёқут бир тошдир. Унга ип ўтказсанг ва сўнгра тозаласанг унинг ортидан ипни кўрасан», дедилар».

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, жаннатда ҳури ийнлар жамоаси бор. Улар ўзларининг халоиқ унга ўхшашини эшитмаган овозларини кўтариб «Биз абадий қолувчилармиз, тугамаймиз. Биз юмшоқлармиз, қатмаймиз. Биз розилармиз, норози бўлмаймиз. Бизга бўлганларга ва биз уларга бўлганларга яхшиликлар бўлсин!» дейдилар», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан

---------------------------------------------------------------------------

Жаннат аҳлининг сифати, даражаси, ёши, бўйи, ёшлиги, тери, кийими, тароғи, тутатқиси, жуфти ва тили ҳамдо жаннатда бўйдоқ бўлмаслиги хақида

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннатга кирадиган биринчи гуруҳ (бошқа бир ривоятда: "Умматимнинг бир гуруҳи", дейилган) бадр кечасидаги тўлин ой янглиғ бўлади. Сўнг улардан кейингилари осмонда нур сочиб турган чарақлаган юлдуз каби бўлади. (Яна бир ривоятда: "Сўнг бундан кейин даражалар бўлади", дейилган.) Улар у ерда бавл қилмайдилар, ахлат чиқармайдилар, туфламайдилар, бурун қоқмайдилар. Тароқлари олтин, тупроқлари мушк, жуфтлари ҳурлардир (бошқа ривоятда: "Улардан ҳар бирининг иккитадан жуфти бор, гўзалликларидан болдирларининг илиги кўриниб туради. Улар ўртасида ихтилоф, бир-бирларини ёмон кўриш бўлмайди. Уларнинг қалблари бир қалбдек, эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтадилар", дейилган)" (Муслим ривояти).
Бир ривоятда: "Уларнинг хулқлари бир кишининг хулқидек, бўйлари оталарининг бўйидек (яъни, Одам алайҳиссаломнинг бўйларидек)", дейилган. Яна бир ривоятда: "Оталарининг бўйидек олтмиш зироъ бўлади", дейилган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан: "Жаннатда эркаклар кўпми ё аёллар?" деб сўрашганда: "Ҳар бир киши учун иккита аёл бўлади, уларнинг болдирлари сўягидаги иликлари гўштининг устидан кўриниб туради. Жаннатда бўйдоқ одам бўлмайди", дедилар.
Ибн Масъуддан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳлидан бўлган аёл (шунчалик гўзалки) болдирининг оқлиги етмишта зийнат ортидан ҳам билиниб туради, ҳатто илиги ҳам кўринади. Бу ҳол Аллоҳ таоло айтганидекдир:"Улар (яъни, ҳурлар софлик ва оқлиқда) гўёки ёқут ва маржонлардир" (Раҳмон, 58). Чунки ёқут шундай тошки, агар унинг орасидан ип ўтказсанг, софлигидан у ип кўриниб туради" (Термизий ривояти).
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Агар жаннат аҳлидан бўлган бир аёл ер аҳлига кўринса, еру осмон ўртаси нурланиб, хуш бўйга тўлибтошади. Шубҳасиз, унинг бошидаги рўмоли дунё ва ундаги барча нарсадан яхшидир" (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли соқолсиз, кўзлари тим қора бўлади. Уларнинг ёшлиги кетмайди (яъни, қаримайдилар) ва кийимлари ҳам эскирмайди" (Термизий ривояти).
Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Жаннат аҳли жаннатга соқолсиз, кўзларига сурма суртилган ҳолда ёшлари ўттиз ёки ўттиз уч бўлиб киради".
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли соқолсиздир. Фақат Мусо ибн Имроннинггина киндигигача соқоли бўлади".
Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу айтадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Агар жаннатдаги тирноқчалик бир нарса дунёга кўринса, бутун еру осмон ўртасидаги нарсалар зийнатланиб, яшнаб кетади. Агар жаннат аҳлйдан бир киши чиқиб, енгини кўрсатса, қуёшнинг нури йўқолади, худди юлдузнинг нурини қуёш йўқотганидек" (Термизий ррвряти). .
Абу Сайд Худрйй ррзийаллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллрҳу алайҳи ва саллам айтдилар; "Киши ёш ўладими, қари ўладимй, жаннатда ўттиз ёшда бўлади, ундан ошмайди, камаймайди ҳам. Дўзах аҳлиники ҳам шундай бўлади".
Юқорида Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда жаннатда ҳар бир киши учун иккитадан аёл берилиши айтилди. Бу хабардан жаннатда аёллар эркаклардан кўп бўлиши тушунилади. Ваҳоланки, Имрон ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: "Аёллар жаннатда камчиликдир", деб уларнинг эркаклардан камлиги, аксинча, дўзахда кўпчиликни ташкил этиши айтилган.
Бу ҳақда уламоларимиз турлича фикрлар билдиришган. Шулардан бири: мутлақ аёл зоти жаннатда эркаклардан кўп бўлади, бу тўғри. Аммо бу кўплик жаннатда яратилган ҳурларнинг ҳисобига кўра. Дунёда яшаб ўтган аёллар эса, жаннатда эркаклардан оз бўлади. Бу дунё аёллари дўзах аҳлининг кўпчилигидир.
Жаннатда дунё аёлларининг камлиги ҳақидаги ҳадис аёллар дўзахдалик пайтлари назарда тутиб айтилган бўлса, ажабмас. Қачонки, дўзахдаги аёллар шафоат ва Аллоҳ таолонинг раҳмати туфайли дўзахдан чиқса, ҳатто "Лаа илаҳа иллаллоҳ" деган бирорта аёл қолмасдан жаннатга кирса, ўшанда аёллар жаннатда эркаклардан кўп бўлиб, ҳар бир эркакка дунё аёлларидан иккитасидан берилади. Ҳурлар эса кўп-кўп ато этилади.
Худди шу маънода Абу Саид Худрийдан ривоят бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагиси учун саксон мингта хизматчи ва етмиш иккита аёл (жуфт) бўлади" (Термизий ривояти).
Яна шу маънодаги ҳадисни Абу Муҳаммад Доримий ҳам Абу Умома розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган.
"Тароқлари олтин, кумуш, тутатқилари хушбўй бўлади", деган сўз хусусида баъзиларда шундай фикр туғилиши мумкин: "Жаннатда соч тарашга не ҳожат, ваҳоланки, сочлари тўзимаса, кир бўлмаса; тутатқига не ҳожат, ўзларининг ҳидлари мушкданда хушбўйроқ бўлса?"
Уларга шундай жавоб берилади: Жаннат аҳлига берилажак неъматлар, кийимлар уларнинг авратларини ёпишга муҳтожликлари учун эмас, уларнинг еб-ичиш, таомлари очликдан эмас, шароб, май кабилар чанқоқ сабабли эмас, хушбўй тутатқилар тутатилиши ҳам уларнинг ёқимсиз ҳидли бўлишидан эмас. Балки буларнинг ҳаммаси доимий лаззат, узлуксиз неъматдир. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга айтган сўзни эсланг:
"Шубҳасиз, сен у жойда (яъни, жаннатда) оч-яланғоч қолмайсан. Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам(иссиқдан қийналиб ҳам) қолмайсан" (Тоҳо, 118 — 119).
Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло жаннат эгаларини жаннатда дунёда неъматлантирмаган неъматлар билан неъматлантиради ва уларга Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсаларни зиёда қилиб беради.
Худди шундай фикр дўзах аҳли ҳақида ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло:"Ўшанда (яъни, дўзахга ташланганларида) улар бўйинла-рида кишан ва занжирлар билан қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар" (Ғофир, 71);
"Зеро, Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб озор берувчи) олов-дўзах бордир" (Муззамил, 12), деган. Бас, Аллоҳ таоло уларни дунёда азобламаган азоблари билан азоблайди. Шаъбий айтади: "Аллоҳ таоло дўзахийларни қочиб кетмасин учун кишанлайди, деб ўйлайсанми? Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас! Улар кўтарилишни хоҳласалар, бу кишанлар уларга оғирлик қилиб, босади ва бўш ҳолатда азоблангандан кўра қаттиқроқ азобланади".
Ибн Муборак айтадилар: "Бизга Саид ибн Абу Айюб Уқайл ибн Шиҳобдан ушбу ҳадисни айтди: "Жаннат аҳлининг тили арабча, қабрдан чиққанларида сурёний бўлади".
Суфён айтади: "Бизларга етдики, инсонлар қиёмат куни жаннатга киришларидан олдин сурёний тилида гапиради. Жаннатга кирганларидан кейин араб тилида сўзлашадилар".

Хурлар, уларнинг сўзлари ва одамий аёлларнинг жавоблари ҳамда гўзалликлари ҳақида

Жаннатда Одам алайҳиссалом қизлари бир хил ёшда бўлишлари ва аммо ҳурлар турлича экани, жаннат аҳлининг нафслари қандай хоҳласа, шундай — кичик ёки катта бўлишлари ҳақида хабарлар бор.
Али розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Албатта, жаннатда ҳурлар йиғилиб, овозларини баланд кўтариб айтадилар — у овозга ўхшашини халойиқ эшитмаган: "Биз абадиймиз, ҳалок бўлмаймиз, ҳузур-ҳаловатдамиз, маҳрум бўлмаймиз, рози бўлувчимиз, ғазабланмаймиз. У бизники ва биз уники бўлган кимса нақадар яхши!" дейдилар.
Оиша розийаллоҳу анҳо айтадилар: "Қачон ҳурлар мана шу сўзларни айтсалар, дунё аҳлидан бўлган мўмина аёллар уларга: "Биз намоз ўқиганмиз, сизлар ўқимагансизлар, биз рўза тутганмиз, сизлар тутмагансизлар, биз таҳорат олганмиз, сизлар олмагансизлар, биз садақа қилганмиз, сизлар қилмагансизлар", деб жавоб қайтарадилар. Ва дунё аёллари улардан ғолиб келади". Аллоҳ билгувчироқ.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: "Аллоҳга қасамки, агар ҳурлардан бири Аршдан ўз билакузугини кўрсатса, билакузугининг нури қуёш ва ойнинг нурини, албатта, ўчиради. Шундай экан, уни таққан ҳурнинг ўзи қандай бўлди?! Аллоҳ таоло ҳурга қандай кийим ва зийнатлар яратса, унинг эгасига ҳам шундайини яратади".
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтдилар: "Жаннатда "ийно" деган бир ҳур бор. Юрса, атрофида, ўнг ва сўл тарафида етмиш минг хизматчи бўлади. У: "Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганлар қаерда?" деб айланиб юради".
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтдилар: "Жаннатда "лаъба" деб аталувчи ҳур бор. Агар у денгизга туфласа, суви ширин бўлиб кетади. Унинг дудоғига: "Ким мени хоҳласа, Парвардигоримга итоат қилсин", деб ёзиб қўйилган".
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Исро" кечасидаги ҳурларнинг васфини шундай келтирганлар: "Уларнинг бошида юзта соч ўрими, ҳар бир соч ўримининг орасида олтмиш мингтакокил бор, ҳар кокил тўлин ойдан ҳам нурлироқ, бошларига дур ва соф гавҳардан тож кийдирилган. Унинг пешонасига дуру гавҳар билан биринчи сатрда: "бисмиллаҳир роҳманир роҳим" деб, иккинчи сатрда: "Ким мени хоҳласа, Раббимнинг тоатида бўлсин", деб ёзилган. Жаброил алайҳиссалом менга: "Эй Муҳаммад, бу ва бунга ўхшаганлар сенинг умматинг учун. Хурсанд бўл, эй Муҳаммад, ва умматингга хушхабар бер ҳамда уларни ғайрат қилишга буюр", деди".
Абулқосим Хаталий айтади: Ато Салмий Молик ибн Динорга: "Бизни шавкдантиринг", деди. Молик: "Эй Ато, албатта, жаннатда бир ҳур бор, унинг гўзаллиги билан жаннат аҳли бир-бирларига фахрланадилар. Агар Аллоҳ таоло жаннат аҳлига ўлмасликни ёзмаганида (яъни, жаннатда ўлим бўлганида) унинг гўзаллигидан ҳамма ўлиб қолар эди", деди.
Муҳаммад ибн Солиҳ дейди: "Ато Моликнинг бу сўзидан кейин (ўша ҳурнинг ишқида) қирқ йил маҳзун ҳолда юрди". Ибн Муборак айтади: Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтдилар: "Ҳурларнинг икки болдир суягининг илиги гўшти, суяги ва етмишта безаги ортидан, худди қизил май оқ шишанинг ичида кўриниб тургандек кўриниб туради".
Ҳаббон ибн Абу Жабала айтади: "Дунё аёлларидан жаннатга кирганлари дунёда қилган амаллари сабабли ҳурлардан афзал бўлади".
Яна бир ривоятда: "Одам аёллари ҳурлардан етмиш минг баробар афзалроқдир", дейилган.

Яхши амаллар хурларнинг маҳри экани

"Иймон келтириб яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, "илгари тотиб кўрган нарсамиз-ку", дейиша-ди. Зеро, уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берила-ди. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар" (Бақара, 25).
Ҳаким Термизий "Наводирул усул"да келтиради: Абу Масъуд Ғифорий айтди: "Аллоҳ таоло: "Чодирларда асралган ҳурлар", дея сифатлагани яхлит дурдан ўйиб ишланган чодирлардаги ҳурлардир. Улардан ҳар бирининг етмиш хил зийнати бор, у зийнатларнинг биридаги ранг бошқасида такрорланмайди. Уларга етмиш хил ҳид берилади, бир ҳид бошқасида такрорланмайди. Уларда ҳар бир аёл учун дур ва ёқутдан ўйилган етмишта сўри бўлади. Ҳар бир сўрида етмишта тўшак, ҳар бир тўшакда болишлар бор. Ҳар бир аёлга етмиш минг қиз ва бола хизмат қилади, уларнинг қўлида турли хил таомлар солинган олтин ликопчалар бор. Таомларнинг лаззати ҳам бир-бириникидан ўзгача. Унинг жуфтига ҳам шунинг мисли берилади. Қизил ёқутдан бўлган сўри устида ёқутдан ишлов берилган иккита билакузук бор. Бу неъматлар рамазон ойида тутилган рўзанинг ҳар бир куни учундир".
Миқдам ибн Маъдикарибдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Аллоҳнинг ҳузурида шаҳид учун олти хислат бор... Унга ҳурлардан етмиш иккитаси никоҳлаб берилади" (Термизий ривояти).
Бу хабарлар Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қил-ган ҳадисдаги ҳар бир жаннатийга бериладиган иккита аёл дунё аёлларидан эканини қувватлайди.
Яҳё ибн Муоз айтади: "Дунёни тарк қилиш қаттиқдир, лекин жаннатни йўқотиш унданда қаттиқ. Охиратнинг маҳри дунёни тарк қилишдир".
Ҳури ийнларнинг маҳри масжидларни супириб-тозалаш экани ҳам айтилган. Бу ҳақда Анас розийаллоҳу анҳунинг ҳадисларида келади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ҳурларнинг маҳри масжидларни супиришдир".
Абу Қарсофа ҳам: "Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Масжиддан ахлатни чиқариб ташлаш ҳури ийнларнинг маҳридир", деганларини эшитдим", дейди. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ҳурларнинг маҳри бир неча ҳовуч хурмо ва бир неча бурда нондир" (Буни Саълабий ҳам зикр қилган).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: "Одам боласининг қизига жуда кўп мол эвазига уйланасизлар, ваҳолангки, ҳурларни бир луқма таом, бир дона хурмо ва битта кийим эвазига тарк қиласизлар (яъни, ҳурга эришиш учун садақа қилиб турмайсизлар)".
Саҳнундан ривоят қилинади: "Мисрда Саид исмли киши бор эди. Унинг онаси обида аёл эди. Саид агар кечаси намоз-да қойм бўлса, онаси ҳам орқасидан турарди. Агар уйқуси келиб, мудроқ босса, онаси: "Эй Саид, дўзахдан қўрқадиган, гўзал ҳурларга уйланадиган инсон ухламайди", дер, шунда Саид яна тетик ҳолда ибодатини давом эттирар эди".
Собитдан ривоят қилинади: "Отам ярим кечаси жуда кўп ибодат қиларди, айтардики: "Бир куни кечаси тушимда дунё аёлларига ўхшамайдиган ўта гўзал қизни кўрдим ва унга: "Сен кимсан?" дедим. У: "Ҳурман" деди. "Менга хотин бўл", дедим. У: "Аллоҳ томонидан мени ўзингга никоҳлаб ол ва маҳримни бер", деди. "Маҳринг нима?" деб сўрадим. У: "Кўп таҳажжуд", деди".
Шоирлар: "Эй ҳурларга гўшангада никоҳланувчи, эй қадри баланд ҳурларни талаб қилувчи, бепарво бўлма, ғайратингни сусайтирма, унга етишишда сабрли бўл. Инсонларни тарк қил, улар билан алданиб қолма. Кечалари намозда қоим тур, кундузлари тонг отганда соим бўл, мана шулар ҳурларнинг маҳридир. Чунки агар кўзинг уларнинг кутиб олишини, кўкраклари-ю нозланиб қарашларини, дудоқларию қоматларини кўрса, шубҳасиз, бу дунёдаги кўраётган барча хурсандлигу ўйин-кулгуларинг, роҳату фароғатларинг арзимас эканини билиб қоласан", деган маънода жуда чиройли шеърлар битишган.
Қори Музар айтади: "Бир куни кечаси Қуръон ўқиётганимда мени уйқу босди. Сўнг ухлаб қолдим. Шунда тушимда бир жорияни кўрдим, унинг юзи тўлин ойдек гўзал, қўлида бир қоғоз бор эди. Менга: "Қуръон ўқияпсанми, эй шайх?" деди. "Ҳа", дедим. У: "Мана буни ўқи", деди. Қоғозни олиб очдим, унда нимадир ёзилган эди. Аллоҳга қасамки, шу заҳоти уйғониб кетдим, унда нима ёзилганини ҳеч эслай олмадим".
Молик ибн Динор айтади: "Мен кечаси Қуръон ўқир эдим. Бир куни ўқиётиб, ухлаб қолдим ва тушимда ҳусну жамолда тенгсиз жорияни кўрдим. Унинг қўлида бир парча қоғоз бор эди. У менга: "Қуръон ўқишни яхши кўрасанми?" деди. Мен: "Ҳа", дедим. Шунда у менга ўша қоғозни берди. Унда ушбу байтлар битилган эди: "Уйқу сени жаннатдаги осойишталик ва гўзаллардан машғул қилиб қўйди. У ерда абадий яшайсан, ўлим йўқ ва чодирларда гўзаллар билан ўйин-кулгу қиласан. Уйқу-дан воз кеч, албатта, кечаси Қуръон ўқиш уйқудан яхшидир".

Хурлар нимадан яратилгани ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳурлар нимадан яратилгани ҳақида сўрашди. Айтдилар: "Учта нарсадан: пастроқдагилари мушкдан, ўртадагилари анбардан, олийлари кофурдан. Сочлари ва қошларига нурдан бўлган қоралик чизилган" (Термизий ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: "Аллоҳ таоло ҳури ийнларни оёқ бармоқларидан тиззасигача заъфарондан, тиззасидан кўкрагигача мушкдан, кўкрагидан бўйнигача анбардан, бўйнидан бошигача оқ кофурдан яратди. Уларнинг эгнида рионгул (жуда гўзал гул) каби етмиш минг безак бор. Агар қараса, юзидан худди қуёш дунё аҳлига нур сочганидек порлоқ нур таралади. Агар унга қаралса, кийимлари ва терисининг нозиклигидан жигари кўринади. Бошида хушбўй мушкдан бўлган етмиш минг кокил солланиб туради: Ҳар бир кокилнинг этагини бир хизматчи қиз кўтариб юради ва: "Аллоҳ-нинг дўстлари учун қилган амаллари эвазига мукофотдир", деб нидо қилади".

Киши дунёда қайси хотин билан бўлса, охиратда ҳам у билан бўлиши ҳакида

Ибн Ваҳб Моликдан зикр қилади: Абу Бакрнинг қизи Асмо эри Зубайр ибн Аввомга қарши чиқиб, гап талашиб қолишди. Эри унга ҳам, кундошларига ҳам ғазаб қилиб, сочларидан ушлаб олиб қаттиқ урди. Кундошлари қўрқар, Асмо эса ун-чалик ҳайиқмас эди. Зарб қаттиқ теккани сабабли отаси Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга шикоят қилди. Шунда у зот: "Эй қизгинам, сабр қил! Зубайр яхши одам. Ва у жаннатда ҳам сенинг эринг бўлиши мумкин. Киши бир аёлни хотин тутса, жаннатда ҳам унга уйланишини эшитганмиз", дедилар.

Агар аёллар бирдан ортиқ эр кўрган бўлса, охиргиси билан бўлади.

Хузайфа розийаллоҳу анҳу аёлларига айтдилар: "Агар Аллоҳ таоло бизларни жаннатда жамласа, ким менинг хотиним бўлишни хоҳласа, мендан кейин эрга тегмасин. Чунки аёл дунёдаги охирги эри билан бўлади".
Муовия ибн Абу Суфён Умму Дардога совчи қўйди. Умму Дардо бош тортиб айтдики: "Абу Дардо менга Расулуллоҳнинг: "Аёл жаннатда охирги эри билан бўлади", деган ҳадисларини айтиб: "Агар жаннатда менинг хотиним бўлишни хоҳласанг, мендан кейин турмушга чиқма", деган".
Абу Бакр Нажжод зикр қилади: Анас розийаллоҳу анҳу айтдилар: "Пайғамбар алайҳиссалом аёллари Умму Ҳабиба айтди: "Эй Расулуллоҳ, дунёда бир аёлнинг икки эри бўлган бўлса, вафот қилганларидан кейин Аллоҳ уларни жаннатда жамласа, қайси бирига бўлади: биринчисигами ё иккинчисига?" У зот: "Хулқи гўзалроғига", дедилар.
Яна бошқа ривоятларда, аёлнинг эрлари кўп бўлган бўлса, танлайди, дейилган.

Жаннатда ейиш, ичиш ва никоҳ ҳақиқатда борлиги, ифлослик, камчилик ва уйқунинг йўқлиги хақида

Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли у ерда (жаннатда) ейди, ичади, туфламайди, бавл қилмайди, ахлат чиқармайди, бурун қоқмайди". "Еган таомлари нима бўлади?" деб сўрашди. У зот: "Хушбўй кекирик ёки хушбўй тер билан (чиқиб кетади). Уларга тасбеҳ ва ҳамд айтишта илҳом берилади" (Бошқа ривоятда: "тасбеҳ ва такбир айтишга илҳом берилади худди нафас олишга илҳом берилганидек", дейилган.) (Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мўминга жаннатда жимоъда шунча-шунча қувват берилади", дедилар. "Эй Расулуллоҳ, бунга тоқати етадими?" дейишди. У зот: "Юзта қувват берилади", дедилар (Термизий ривояти).
Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳлидан бўлган кишига ейишда, ичишда, жимоъда ва шаҳватда юз кишининг қуввати берилади". Шунда яҳудий бир киши: "Еган-ичган киши ҳожат ҳам чиқаради", деди. У зот: "Сўнг терисидан хушбўй тер сизиб чиқади, шунда унинг қорни бўшайди", дедилар (Доримий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Айюб зикр қилади: Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтдилар: "Биз: "Эй Расулуллоҳ, дунёда аёлларимиз билан қўшилганимиз каби жаннатда ҳам қўшиламизми", дедик. У зот: "Ҳа, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, киши бир кечада юзта келинчак-бокирага қўшилади", дедилар".
Абу Хурайрадан ривоят қилинган шу маънодаги ҳадисни Баззор ҳам "Муснад"ида келтирган: "Эй Расулуллоҳ, жаннатда аёлларимизга қўшиламизми?" деб сўрашди. У зот: "Ҳа, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бир киши бир кунда юзта келинга қўшилади", дедилар".
Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли қачон аёллар билан қўшилса, яна бокира бўлиб қолишади". Бу ҳақда, иншааллоҳ, кейинроқ баён келади.
Абу Қалоба: "Уларга таом ва шароб келтирилади. Бунинг охирида (яъни, еб-ичиб бўлишгач) уларга бир шароб берила-ди. Уни ҳам ичадилар ва шу сабабли уларнинг қоринлари бўшаб, таналаридан мушкдан-да хушбўйроқ тер оқиб чиқа-ди", деди ва ушбу оятни ўқиди: "...Ва Парвардигори уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир" (Инсон, 21).
Абу Умома розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннатга кирадиган ҳар бир кимсани Аллоҳ етмиш иккита аёлга жуфтлаб қўяди: иккитаси ҳури ийнлардан, етмиштаси дўзах аҳлининг меросларидандир. У аёлларнинг ҳар бирида бўшашмайдиган одд томон (фарж) ва эркакларда сусаймайдиган закар бўлади" (Доримий ривояти).
Ҳишом ибн Холид айтади: "Дўзах аҳлининг мерослари", деган гапдан дўзах аҳли дўзахга кириб, уларнинг жаннатга кирган аёллари жаннатийларга мерос бўлиши тушунилади. Худди Фиръавн дўзахга кириб, хотини Осиё жаннатга мерос бўлгани каби.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Жаннат аҳли аёлларини жимоъ қиладими?" деб сўрашди. У зот: "Ҳа, сусаймайдиган закар, бўшашмайдиган фарж ва кесилмайдиган шаҳват билан", дедилар.
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Эй Расулуллоҳ, жаннат аҳли ухлайдими?" дейишди. У зот: "Йўқ, уйқу ўлимнинг биродаридир. Жаннатда ўлим йўқ", дедилар (Доруқутий ривояти). Аллоҳ билгувчироқ.

Мўмин қачон жаннатга болани хоҳласа, бир лаҳзада хомила бўлиши, туғилиши во улғайиши ҳақида

Абу Саид Худрийдан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Мўмин жаннатда агар фарзандни хоҳласа, ҳомиласи ҳам, туғилиши ҳам, улғайиши ҳам хоҳлаганидек ўша заҳоти бўлади" (Термизий ривояти).
Термизий айтади: "Бу хусусида, яъни, жаннатда фарзанд бўлиши ҳақида илм аҳли ихтилоф қилишди. Уларнинг баъзила-ри: "Жаннатда жимоъ бўлади, фарзанд бўлмайди", дедилар. Жумладан, Товус, Мужоҳид, Иброҳим Нахаъийлар шу фикрда.
Исҳоқ ибн Иброҳим Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис ҳақида ушбу фикрларни айтади: "Агар мўмин жаннатда фарзанд бўлишини хоҳласа, шу заҳоти хоҳлаганидек бўлади, лекин у фарзанд бўлишини ҳеч қачон хоҳламайди". Дарҳақиқат, Абу Розин Уқайлийдан ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли учун жаннатда фарзанд бўлмайди". Аллоҳ билгувчироқ.

Жаннатдаги барча нарса абадий, эскирмайди, йўқ бўлмайди, тугамайди

Абу Саид ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Нидо қилгувчи: "Албатта, сизлар соғ бўласиз, ҳеч қачон касал бўлмайсиз, албатта, сизлар абадийсиз, ҳеч қачон ўлмайсиз, албатта, сизлар ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз, албатта, сизлар неъматдасиз, ҳеч қачон маҳрум бўлмайсиз", деб нидо қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи бор: "Уларга: "Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сиз-ларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир", деб нидо қилинур" (Аъроф, 43)".
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ким жаннатга кирса неъматланади, маҳрум бўлмайди, кийими эскирмайди, қаримайди". Дарҳақиқат, ҳурларнинг: "Бизлар абадиймиз, ҳалок бўлмаймиз", деган сўзлари юқорида ўтди.

Жаннатдаги аёл-ҳурнинг дунёда юрган жуфтини кўриши ҳақида

Ибн Зайд ҳадис айтади: "Жаннат аҳлидан бўлган аёл осмондалик пайтида: "Дунё аҳлидан бўлган жуфтингни кўришни хоҳлайсанми?" дейилади. У: "Ҳа", дейди. Шунда парда кўтарилиб, у билан жуфти ўртасидаги эшик очилади. У жуфтини кўради, уни танийди, унга қараш билан аҳдлашади, ҳатто унинг келишини сабрсизлик билан кутади, аёл анчадан бери кўрмаган эрига муштоқ бўлган каби, унга муштоқ бўлади. Агар жуфти билан дунёдаги аёли ўртасида низолар бўлса, яъни, гап талашса, уришса, натижада хотини эридан ғазабланса, бу нарса жаннатдаги ҳурга малол келади ва айтадики: "Ҳолингга вой бўлсин! Унга ёмонлик қилма. У сен билан жуда оз кеча бўлади (яъни, у тезда менга келади)", дейди.
Термизий шу маънода Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Дунёда аёл қачон эрига озор берса, ҳурлардан бўлган хотини: "Аллоҳ жонингни олгур, унга озор берма! У сенинг ҳузурингда мусофирдир. Яқинда сендан ажраб, менга келади", дейди".

"Жаннат васфи" Имоми Қуртубийнинг "Тазкира"сидан


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . ,. . ,. . . ,. . . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Хандақ давоми...

5172 20:00 / 26.04.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Қурайш мушриклари қадар ҳақида тортишиб келганларида, давоми...

3581 19:24 / 14.06.2021
ТАҚДИМАллоҳ номи ила қувилган шайтоннинг ёмонлигиндан паноҳ сўрайман Сен Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг давоми...

23949 00:42 / 03.12.2016
. ,. .Аллоҳга ҳамд Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир куни Набий давоми...

5426 10:01 / 18.06.2018