Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (126-дарс). Аллоҳнинг сифатлари ва салафлар

07:00 / 22.03.2021 4727 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асмоул ҳусна – гўзал исмлар тўғрисидаги оят ва ҳадислар мусулмонларнинг катта эҳтимомларига сазовор бўлган.

Уларнинг ичидан биринчилардан бўлиб Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини ақоид илми уламолари чуқур ўрганганлар. Ақоид уламоларининг барчасининг – эскиларининг ҳам, янгиларининг ҳам, салафларининг ҳам, халафларининг ҳам бу изланишдан мақсадлари битта – Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаш бўлган.

Шу ерга келганда, «салаф»лар дейилганда, луғатда умуман ўтганларни, истилоҳда эса биринчи уч асрда ўтган мусулмонларни тушуниш лозимлигини айтиб қўймоғимиз керак.

Салафларнинг араб тилини билиш ва диний эътиқод даражалари олиймақом бўлганини ҳамма жуда яхши билади. Бунинг устига, уларнинг вақтида турли ихтилофлар, фирқалар, фалсафалар бўлмаган, бўлса ҳам, кучсиз ва таъсирсиз бўлган. Шунинг учун ҳам улар бошқа илмлар каби ақоид илмида ҳам турли уринишларга муҳтож бўлмаганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ал-Фиқҳул Акбар» номли китобларида қуйидагиларни айтадилар:

«У Зот Ўз махлуқотларидан ҳеч нарсага ўхшамайди. У Зотга Унинг махлуқотларидан ҳеч нарса ўхшамайди. У Зотнинг сифатларининг барчаси махлуқларнинг сифатининг хилофидир. У Зот бизнинг илмимизга ўхшамас илм билан билади. У Зот бизнинг қудратимизга ўхшамас қудрат ила қодир бўлади. У Зот бизнинг кўришимизга ўхшамас кўриш ила кўради. Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва жонни зикр қилган бўлса, улар У Зот учун кайфияти йўқ сифатлардир».

Имом Бухорийнинг шайхи Нуъайм ибн Ҳаммод ал-Хузоъий қуйидагиларни айтган:

«Ким Аллоҳни У Зотнинг махлуқотларига ўхшатса, батаҳқиқ, кофир бўлади. Ким Аллоҳ Ўзини васф қилган нарсани инкор қилса, батаҳқиқ, кофир бўлади. Аллоҳ ва У Зотнинг Расули У Зотни васф қилган нарсада ўхшатиш йўқ. Ким Аллоҳ таоло учун очиқ-ойдин оятлар ва саҳиҳ хабарларда келган нарсаларни Аллоҳнинг жалолига лойиқ равишда собит қилса ва Аллоҳдан нуқсонларни қайтарса, батаҳқиқ, ҳидоят йўлига юрган бўлади».

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, бу маънода салаф – ўтган мусулмон авлодлар ва уламоларнинг тутган йўллари «бор нарсани ўзича қабул қилиш, бошқа нарса ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаслик» бўлган. Бунинг мисолини «Аршга истиво» номи билан машҳур масалада кўришимиз мумкин.

Бу ҳақдаги ояти карималарда «Алал Арши истава» бирикмаси Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади. Агар матнни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, Аллоҳ Аршга баробарлашди, деган маъно чиқади. Ўтган авлодларда бу маънони Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз, бу ҳақда сўз очмаймиз, деб келишилган. Чунки у вақтда ҳамма тўғри тушунчага эга бўлган, содда ҳаёт кечиришган ва турли фитналарга дучор бўлишмаган. Шу билан бирга, ушбу масалани кўтариб турадиган баъзи шахслар ҳам топилган. Лекин кўпчилик уларни «фитначи» деб номлаб, ўз фикрларини тарқатишларига йўл қўймаган. Шу билан мусулмонлар оммаси тинч-омон юрган.

Бу масалада имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг тутган мавқифлари ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан.

Шунда имом Молик:                                        

«Истиво маълум. Унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. Унинг ҳақида савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Чиқаринглар буни менинг олдимдан!» деган эканлар.

Салафи солиҳларимиз шу йўл билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг поклиги, ўхшаши йўқлиги ва бошқа барча камолот сифатларига бўлган тўғри эътиқодни сақлаб туришган.

Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилишди ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошлашди. Табиийки, улар ўзларининг эски фикр ва тасаввурларидан бирдан ва тўла узилиб чиқа олмас эдилар. Шу билан бир вақтда, Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. Улар мусулмонларнинг ақийдаларига футур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик ила ўртага ташлар эдилар. Ана шундай масалаларнинг энг катталаридан бири, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини мисол қилиб, мусулмонлар ақийдасига зарар етказишга уриниш бўлди. Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки У пок Зотга нисбат берилган бошқа сифатлари таърифида фитна қўзғаб, кишиларни кўплаб залолатга кетказиш бошланди. Анчагина тоифалар бу масалада куфрга кетдилар.

Энди салафи солиҳларга ва имом Моликка ўхшаб, «Бу масалада савол бериш бидъатдир», деб фатво чиқариш иш бермайдиган ҳолга келди. Балки, шунга ўхшаш масалада савол сўрамайдиган одамнинг ўзи қолмади.

Ана шундай нозик бир пайтда Абул Ҳасан ал-Ашъарий ва Абу Мансур ал-Мотурудий каби буюк алломалар ақийданинг софлигини сақлаб қолиш учун катта хизмат қилдилар. Бошқа нозик масалалар қатори, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид масалада ҳам ҳал қилувчи ечим топдилар. Бузғунчилар «Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши, Унга баробарлашишидир», деган бўлсалар, халафлар, яъни-кейинги уламоларимиз: «Йўқ, унда Аллоҳга нуқсон нисбати берилган бўлади, шунинг учун истивони Аллоҳ таолонинг бошқа баркамол сифатларига мос равишда тушунмоқ керак», дедилар.

Шу тариқа «Истиво – қувват ва султон ила эга бўлмоқдир», деган таъвил қилинди. Бунда ҳам худди салафи солиҳларга ўхшаб Аллоҳ таолони турли нуқсонлардан поклаш қасд қилингандир.

Ҳам салаф, ҳам халаф уламоларимизнинг мақсадлари бир бўлган. Фақат мақсадга етиш учун ўз замонларига ва шароитларига мос йўл тутишган, холос.

Сиз билан бизлар ҳам бу масалада жуда эҳтиёт бўлиб, ихтилоф қилмай иш тутмоғимиз лозим.

Бу борада айниқса имом Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг тутган йўлларини алоҳида таъкидлаб ўтишни зарур деб биламиз. У киши ўзларининг «Ал-Ибона» ва бошқа дастлабки китобларида салаф уламолари йўлини тутган бўлсалар, «Ал-Ламаъ» каби кейинги китобларида халаф уламолари йўлини тутганлар. Шароит шуни тақозо қилган. Ушбу ҳолатдан Абул Ҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги масалада салаф уламолари йўлидан халаф уламолари йўлига ўтиш ҳалқаси бўлган, дейишимиз мумкин.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, устиshyларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида давоми...

4690 15:51 / 05.03.2018
Аслида қадар ndash Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш давоми...

5141 14:05 / 24.02.2020
биринчи мақола Қўлёзмаларга илм манбаси сифатида қарашда ҳам мусулмонларга тенг келадигани йўқ. Ҳар бир қўлёзма қачон, ким тарафидан ва қаерда ёзилгани аниқ давоми...

3343 13:01 / 02.11.2020
Юқорида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг илмий фаолиятларини илми каломдан бошлаганлари ва кейин фиқҳга ўтганлари ҳақида сўз юритган эдик. У кишининг давоми...

4206 19:20 / 15.07.2019
Аудиолар

135083 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55360 14:35 / 11.08.2021