1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғийбат ўзи нима?

08:45 / 04.07.2019 9294 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Биринчи мақола)

Ҳикоя. Бир куни бир неча саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдилар. Бир одам мажлисдан туриб кетгач, саҳобийлар: «Бу одам жуда заиф экан», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар уни ғийбат қилдиларинг, гўштини едиларинг», дедилар.

ҲадисБир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб, баланд овоз билан: «Эй тилидагина иймон келтирган, қалбига иймон кирмаган қавмлар (яъни эй мунофиқлар)! Мусулмонларга азият берманглар, уларни (аввалги ишлари сабабидан) уялтириб, шарманда қилманглар, уларнинг яширин ишлари (яъни айблари) пайидан тушманглар! Чунки мусулмон биродарининг айби пайидан тушган кимсанинг айби пайидан Аллоҳ таоло тушади. Аллоҳ таоло кимнинг айби пайидан тушса, уни шарманда (расво) қилади, агар у уйининг ичида (яшириниб ётган) бўлса ҳам», дедилар.

Эслатма. Ўша замонда мусулмонларга озор етказиб, ҳамиша уларни айблайдиганлар асосан мунофиқлар бўлган. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни фақат мунофиқларга қарата айтганлар. Бу ҳадисдан одамларнинг айбларини баён қилиш ўта ёмон иш экани, унга қай даражада оғир жазо тайёрлаб қўйилгани маълум бўлади. Энди бизнинг замонамиз одамларини кўринг. Улар бир мажлисга тўпланишлари билан бошқаларнинг айбини очишади, ҳатто бу иш уларнинг кўнгилочар машғулотига айланиб қолган. Мунофиқларга хос бу хислат билан ҳаёт кечириб, дунёдан ўтсалар, қуёш найза бўйи келадиган кунда ҳоллари нима бўлар экан?

Ҳашр ҳолатининг зикри. Қиёмат куни ҳамма Аллоҳ таоло ҳузурида ҳозир бўлганда ҳар бир киши ҳароратнинг шиддатидан ўз терига ғарқ бўлади. Ҳамма ўз гуноҳлари ҳақида ўйлайди. Кишининг ҳолини сўровчи бирор кимсаси бўлмайди. Қиз онадан, ўғил отадан, эр хотинидан, хуллас, ҳамма бир-биридан қочади. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, ҳаммаси «Ўзим, ўзим» деб нола қилади. Ҳар томондан «Шўрим қурсин!» деган овозлар қулоққа эшитилади. Олдинда эса дўзах қайнаб туради. Ҳар бир ҳақдор ўз ҳаққини талаб қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурига келади. Кимдир «Фалончи мени ғийбат қилган» деса, яна кимдир «У менга зулм қилган» ёки «Мени аҳмоқ деб айтган», дейди. Шунда фаришталар бандаларнинг ҳаққини поймол қилган одамларни Парвардигорнинг ҳузурига олиб борадилар. Уларнинг барчаси надоматдан боши эгик ҳолда бўлади. Сиз айбини очган киши у ерда этагингиздан ушлаб тортади. Аллоҳ таоло адолат кўрсатиб, ҳар бир ҳақдорни рози қилади, хурсанд қилади. Золимнинг яхшиликларини ҳақдорга олиб бериб, унинг ёмонликларини золимнинг номаи аъмолига ёзиб беради. Аллоҳ таоло фазлига олса, улар нажот топишади, акс ҳолда жаҳаннамга тушиб, бир қанча муддат у ерда куйиб ётади.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғийбат зинодан оғирроқ», дедилар. «Қандай қилиб?» деб сўрашган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши зино қилгач, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбатчи эса то ўша (ғийбат қилинган) дўсти кечирмагунича кечирилмайди», деб жавоб бердилар.

Изоҳ. Бунга сабаб шуки, зино қилишда фақат Раҳмонга мухолафат (қарши чиқиш, исён қилиш) бор. Ғийбатда эса Аллоҳ таолога мухолафат қилиш ҳам, ғийбат қилинган кишига озор бериш ҳам бор. Аллоҳ таолонинг ҳаққи тавба билан кечирилади, лекин банданинг ҳаққи ўша банда кечирмагунича афв этилмайди, яъни қилинган гуноҳ бирор банданинг ҳаққига алоқадор бўлса, ўша банда бу гуноҳни кечирмагунча Аллоҳ таоло ҳам кечирмайди. Шунинг учун баъзи уламоларнинг мазҳабида ҳаж қилиш билан барча катта-ю кичик гуноҳлар кечирилади, аммо бандалар ҳаққи бундан мустаснодир. Бу ҳам ғийбатнинг гуноҳи зинодан ортиқроқлигини билдиради. Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳақида шундай марҳамат қилади: «Бу кунда ҳар бир жонга қилган ишининг бадали (мукофот ёки жазоси) берилади. Бу кунда умуман зулм йўқдир». Бу нидони эшитган ғийбатчи ноумидликка тушиб, қилган ишига надомат қилади. «Кошки дунёда одамларни ғийбат қилмаган, айбларини очмаган бўлсам эди», дейди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон Ёрқинжон Фозилов

Мавзуга оид мақолалар
Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумо айтади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага жўнаб кетаётганларида отам Абу Бакр Сиддиқ бор пулини ўзи билан давоми...

4508 08:00 / 23.12.2018
Кутиш гоҳ саодат, гоҳи муаммо,Кўзларда баъзида йилтиллайди дур.Бу бахтми, бахтсизлик кишига аммо,Кимни, ниманидир кутмоққа мажбур.Оч қолган фақирнинг кутгани давоми...

2008 20:55 / 11.10.2021
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ўлжаларни тақсим қилишда баъзиларга ортиқроқ улуш бердилар. Ақроъ ибн давоми...

2236 08:00 / 23.01.2021
Динимизда ўзаро меҳрибонлик, сахийлик, қийналган кимсага ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинади. Дарҳақиқат, инсон нафақат ўзи ҳақида давоми...

2949 11:15 / 22.02.2019
Аудиолар

213189 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132409 14:35 / 11.08.2021