1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ютуқ ва ютқизиқ

11:03 / 15.01.2020 3503 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Минглаб ватандошларимизнинг киндик қони тўкилган юртларини ташлаб, олис ва нотаниш ўлкаларга иш излаб боришларининг асл сабаби, у ерларда ўзбеклар дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлар, хўрлик ва камситишлар ҳақида ёзиш ниятимиз йўқ. Чунки бу ҳақда Ўзбекистон вақтли матбуотида ҳам, хориждаги оммавий ахборот воситаларида ҳам керагича ёзилди. Биз масаланинг маънавий-ахлоқий томонига эътибор қаратмоқчимиз.

Бу борадаги энг оғир йўқотиш йигитларимизнинг иймон-эътиқоди билан боғлиқ. Сир эмаски, бошқа эътиқод, бошқа менталитет вакиллари орасига тушиб қолган киши тезда руҳий асосларидан узилиб, ўзгаларнинг руҳий-маънавий таъсирига тушиб қолади. Ҳали иймон-эътиқоди унча шаклланиб улгурмаган мусулмон оиланинг фарзандлари иш жойларида изғиб юрган турли миссионерлар, ўзга дин ва мазҳаб вакиллари тузоғига осонгина илинишмоқда. Айрим ватандошларимиз Жанубий Кореяда насронийликнинг протестантлик, Иеҳова шоҳидлари каби мазҳабларига ўтиб кетишганини у ерда ишлаб келган йигитлар айтиб беришган эди. Бунда диний эътиқод эмас, кўпроқ берилаётган пул ва яратилган шароитлар асосий омил бўлгани аниқ. Мусулмон ватандошлари томонидан билдирилган эътирозларга улар: «Худо битта бўлганидан кейин насроний бўлдинг нимаю мусулмон бўлдинг нима, фарқи йўқ-ку!» дея қўл силтаб қўяқолишган. Қозоғистон, Россияда ишлаётганлар орасида ҳам насронийликка, турли оқим ва мазҳабларга эргашиб кетаётган миллатдошларимиз борлиги ачинарли.

Улар орасидаги оила ва никоҳ муносабатлари ҳам ҳаминқадар. Оиласидан уч-тўрт йил, баъзан бундан ҳам кўпроқ муддатга узилган йигитлар узоқ вақт хотинсиз юрмаслик учун бу муаммонинг «чораси»ни топишга интилишади. Натижада ўзбек йигитларининг аксарияти рус аёлларига ҳеч қандай никоҳсиз, шариат талабларига мувофиқ гувоҳларсиз, маҳрини ҳам бермай «уйланиб» олишяпти.

Яна бир муаммо, бундай ватандошлар орасида юртига, оилага қайтишни бутунлай «унутиб» юборгани ҳам талайгина. «Тўй қиламиз, уй қурамиз, машина оламиз» деган узун орзулар билан эрларининг иссиқ ўрнини совутиб, чет элга ишга жўнатган ўзбек аёллари беш-олти йиллардан буён оиласига оз-моз пул жўнатиш билангина ўзининг борлигини «эслатиб» турган эрлари бошқа аёллар билан бўлиб кетгани ҳақида мулоҳаза қилиб кўришармикин? «Эрларимиз уйга қайтишни ўйламаяпти, бу ёқда болалар тарбиясиз бўлиб кетяпти, жўнатган пули ҳам керак эмас, тезроқ уйга қайтариб беринглар», – дея масжидларга, маҳалла фуқаролар йиғинига, ҳуқуқ органларига шикоят қилиб юрган аёллар орзу-ҳавасларининг нечоғли қимматга тушиши ҳақида бошда нега ўйлашмадийкин? Ахир, улар ҳам тирик жон, Аллоҳ яратган фитрати билан эрларини соғинади, болаларининг «Дадамиз қачон келади?» деган саволига жавоб тополмай қийналади.

Чет элларда ишлаётган хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, истайдими-йўқми, ўша жойдаги халқларнинг биз учун ёт зарарли одат ва қусурларига тақлид қилиб, эргашиши табиий ҳол. Ундан ташқари, оғир шароитларда ишлаб натижасида саломатликни йўқотиш, ўпка сили, сўзак, заҳм, ҳатто СПИД каби оғир касалликларни орттириш каби йўқотишлар ўз йўлига, маънавий-руҳий қашшоқлашувнинг оғир оқибатларини ҳеч ким инкор қилолмайди. Жисмоний касални тузатиш мумкин, аммо руҳий-маънавий хасталарни, ахлоқан тубан кетганларни тузатиш учун узоқ муддат, кўп куч-ғайрат сарфлашга тўғри келади. Кўпроқ пул топиш, хотинларининг кун сайин ўсиб бораётган нафсий иштаҳаларини қондириш учун ватанидан узоқларга ишлашга кетаётганлар (шу жумладан, уларнинг аёллари ҳам) ана шу аччиқ ҳақиқат тўғрисида бир ўйлаб кўрсалар, ёмон бўлмасди. Халқимизда «Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши», «Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-тарозу», «Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши» каби ҳикматли мақоллар бежиз пайдо бўлмаган, ахир! Шу жойда узоқдаги «буғдой» жозибасига алданиб кетаётганлар холис фикр юритиб кўрсинлар, озгина моддий маблағ эвазига нима ютдилару нима ютқаздилар?!

Беҳзод Абдуррашид

«Ҳилол» журнали 10-сонидан олинди

 

Манба
«Hilol-nashr» нашриёти
Мавзуга оид мақолалар
VII бобФақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Одамлар ҳадисни ривоят қилиш ҳақида ихтилоф қилишди, агар .бизга ҳадис айтди, деганнинг ўрнига .бизга хабар берди, ёки давоми...

2160 12:45 / 17.04.2019
21. Қиёмуллайл ва таҳажжуд фазилати.Қиёмуллайл ndash кечани ибодат билан бедор ўтказишнинг фазилати жуда ҳам кўп. Аммо Рамазон кечаларида ибодат қилишнинг алоҳида давоми...

1825 17:50 / 01.05.2020
Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш, уларни тоқатлари етмайдиган даражадаги оғир ва машаққатли амалларга буюрмаслик Ислом динининг асосий ва улкан давоми...

3555 12:01 / 02.11.2018
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ҳикоя қиладилар .Қадимда бир дарахт бор эди. Инсонлар Аллоҳни қўйиб, ўша дарахтга сиғинишар, ниятларим амалга ошсин деб, унга турли давоми...

1932 08:00 / 03.09.2020
Аудиолар

210859 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130124 14:35 / 11.08.2021