1447 йил 26 шаъбон | 2026 йил 14 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Хулқ инсонларга зийнат берадиган либосдур

17:26 / 20.01.2018 4290 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу дунёга келган инсонларнинг барчаси бир-бирлари билан муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бир-бирлари билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қиладиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши шарт. Зеро, барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз.

Бу тўғрида Оиша онамизга қилган панду-насиҳатларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: «Эй Оиша, ўзингга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан. Чунки, юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса ҳуснлик бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур».

Дарҳақиқат, юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан эса ўзини четга олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб шундай деганлар: «Қиёмат кунида мўъмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқдир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз қилувчиларни ўзига дўст тутмас».

Ҳадисда келтирилишича: «Одамларга аралашмаган, уларнинг озорларига сабр қилмаган мўъминдан, одамларга аралашган, уларнинг озорларига сабр қилган мўъмин афзалроқдур». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларидан: “Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?”, деб, сўрадилар. Саҳобалар: “Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли полвон бўлади”, деб жавоб бердилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, ундай эмас, жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучли полвондир”, дедилар. Шу сабабдан Аллоҳ таоло ҳам ғазабини ичига юта оладиган кишиларни Қуръони каримда мақтаган:

«У тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ таоло бундай яхшилик қилувчиларни севади». (Оли Имрон сураси, 134-оят).

Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб, йиқилади ва қўлидаги таом тўкилиб, гиламни булғайди. Хўжайин ғазабга тўлади, шунда хизматкор: “Эй тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг”, дейди. “Аллоҳ нима деган?”, сўрайди, хўжайин. Аллоҳ таоло: “Ғазабни ютувчилар”, деган дейди хизматкор. Шунда хўжайин: “Майли мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим”, дейди. Аллоҳ таоло яна: “Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади”, деган дейди хизматкор. Шунда хўжайин: “Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим”, деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.

Шу кичик ҳикоядан Аллоҳ жалла ва аълонинг ахлоқ-одобга чақирган бир ояти кишининг икки дунёсини ҳам обод қилиши мумкинлигини гувоҳи бўламиз. Бир оятга амал қилган хизматкор қул Аллоҳнинг раҳматига эришиб, иккинчи тарафдан мустақиллик, ҳурлик саодатига эришди.

 

 Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди
имом-хатиби Ҳусниддин Бойниёзов

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўн биринчи сабаб мусулмонни хорлаш нияти.Баъзи ярамас ва бадбахт одамларда мусулмонни хорлаш, унинг биродарлари қошидаги обрўсини камайтириш ва бадном қилишдек давоми...

4287 15:17 / 06.06.2018
Мазкур сабаблар ўнтадир1. Қуръони Каримни тадаббур ила, маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ давоми...

4397 22:09 / 20.04.2018
Бола отаонаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига давоми...

3905 10:57 / 04.01.2019
6. Ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш. Ошкора гуноҳ қиладиган, масалан, одамларга зулм қиладиган зино қиладиган намоз ва рўзани тарк қилишга одатланган ва давоми...

5607 19:09 / 24.02.2018