1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Иффатнинг турлари

16:32 / 04.10.2017 4398 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Мовардий иффат ва унинг турлари ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Иффат, поклик ва сақланиш мурувватнинг шартларидандир. Иффат икки турли бўлади:

Биринчиси – ўзини ҳаром нарсалардан иффатда тутиш.

Иккинчиси – гуноҳлардан иффатда бўлиш.

Ҳаромлардан сақланиш ила бўладиган иффат ҳам иккига тақсимланади:

Биринчиси – фаржни ҳаромдан тийиш.

Иккинчиси – тилни обрўлардан тийиш.

Фаржни ҳаромдан тиймаслик шариат ман қилган,ақл зажр қилган нарса бўлиши билан бирга, шармандалик ва ор-номусдан иборатдир.

Тилни бировни обрўсизлантиришдан тиймаслик эсипастларнинг иши, ғавғо аҳлининг маломатидир. Бундан тийилиш осон. Ким нафсига қаҳр кўрсатиб, уни кучли қайтарувчи ила жиловламаса ва шиддат-ла зажр қилмаса, унинг уятига қолади ва зарарларига учрайди.

Гуноҳлардан иффатда бўлиш ҳам иккига тақсимланади:

Биринчиси – ошкора зулм қилишдан ўзини асраш.

Иккинчиси – нафсни махфий хиёнат қилишдан қайтариш.

Покликнинг мўмин-мусулмон банда учун қай даражада аҳамиятли эканини такрорлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Зоҳидлик сифати банданинг иффат ва поклик сифатлари билан сифатланишига ёрдам беради.

6. Зоҳидлик мўминни охират сари юзланишга ўргатади.

Аслида, зоҳидлик кўнгли тусаб турган бир нарсадан ўгирилиб, ундан яхшироғига юзланмоқдир. Мўмин банда бу дунёнинг ортиқча зийнатларидан юз ўгириб, ундан минг марта яхши бўлган охиратга юзланади. Бу юзланиш унга икки дунё саодатига эга бўлиши учун хизмат қилади.

7. Зоҳидни Аллоҳ таоло яхши кўради ва уни Ўзига яқинлаштиради.

Зотан, ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан зуҳд қил, шунда Аллоҳ сени яхши кўради», демишлар.

8. Зоҳидлик бу дунёда роҳатдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича:

«Зоҳидлик бутунлай таркидунё қилиш, ҳалол касбни тарк қилиш ва яхши ишларга нафақа сарфлашдан юз ўгиришдан иборат эмас эди. Балки: Зоҳидлик ҳаромни тарк қилишдир. Зоҳидлик шубҳали нарсаларни тарк қилишдир. Зоҳидлик ҳар бир ҳалол ва мубоҳдан ортиқчасини тарк қилишдир».

Қисқача қилиб айтганда, зоҳидлик Аллоҳ таолодан узоқ қиладиган нарсани тарк этиб, Аллоҳ таолога яқин қиладиган нарсани тутишдир.

Ушбу нарсалар эса бандага бу дунёда роҳат бахш этади.

9. Зоҳидлик охиратда саодатдир.

Зуҳднинг мўмин бандага вожиб бўлган қисми – охиратда зарар етказадиган нарсани тарк қилишдир. Бу ­дунёда зоҳидлик қилиб, охиратда зарар етказадиган нарсаларни тарк қилган банда албатта охиратнинг саодатига эришиши турган гапдир.

10. Зоҳидлик эгасини одамларнинг муҳаббатига сазовор қилади.

Зотан, ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг қўлидаги нарсадан зуҳд қил, шунда улар сени яхши кўради», демишлар.

11. Зоҳидликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалардан ўрнак олиш бор.

Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё зоҳидларининг имоми эдилар. У зот алайҳиссаломнинг саҳобалари зоҳидлик бўйича нубувват олий мадрасасининг олиймақом битирувчилари эдилар.

12. Зоҳидлик Аллоҳ таоло берган хотиржамликдир.

Исломда ўз қўлида турган нарсадан кўра Аллоҳ таоло берадиган савобга кўпроқ ишониш зоҳидлик дейилади. Мусулмон зоҳид ўз қўлида турган дунё матоҳига қул бўлиб қолмайди, балки ўша матоҳни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савобни олиш учун сарф қилади.

Мусулмон зоҳид дунёнинг бошқа барча орзу-ҳавасларига ҳам шундай назар билан қарайди. Ўзига етган моддий неъматларни ҳаёт мақсади деб билмайди. Балки ҳаётнинг асосий мақсади бу дунё­да охират учун зоди роҳила тўплаб олиш фурсатидир, деб билади. У ўзига берилган неъматларини зое қилмайди, балки тўғри йўлда ишлатади.

Дунё неъматлари қалбини ишғол қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсаларни унутиб қўймайди.

Шунингдек, мусулмон зоҳид бу дунёнинг мусибатларига ҳам алоҳида муносабатда бўлади. У ўзига мусибат етганда чиройли сабр қилади.

Мусулмон зоҳид бўлиб ўтган ҳар бир ишга афсус қилиб, мусибат етмаса яхши бўларди, деб хомхаёл қилмайди.

Шунинг учун ҳам зоҳидлик Аллоҳ таоло берган хотиржамликдир.

13. Зоҳидлик Аллоҳ таоло берган нарсага розиликдир.

Банда бу дунё ва охират талабларидан бирини қилмоқчи бўлганида фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига суянган ҳолида талаб қилувчи бўлса, талаби амалга ошиши қийин бўлмайди. Қачон талабини У Зотнинг Ўзига ҳавола қилса, энг кучли сабабни тутган бўлади ва мақсадга осонлик билан эришади. Зотан, ҳожатнинг раво бўлишида Аллоҳ таологагина суянилганда, У Зотга тўла ишонч бўлгандагина мақсадга эришилади. Мақсаднинг ҳосил бўлишида таваккул қилинган бўлади. Юзланишда тўғри иш қилинган бўлади. Ушбу уч нарса тугал бўлганда, мурод ҳосил бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, сўралган нарса осонлашади. Зотан, асл мақсад ҳожатмандликнинг куйикишини совутишдир. Ишни У Зотга тўла ишонч ила топшириш билан куйикиш сўнмайди. Чунки бунинг оқибати талаб ҳосил бўлса-бўлмаса, розиликдир.

Зоҳидликда ушбу шартларнинг барчаси мавжуддир.

14. Зоҳидлик нафсни Аллоҳ таолонинг йўлида нафақа қилишга ўргатади.

Тақводор, зоҳид мўмин-мусулмон одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ таоло берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам зоҳид инсон Аллоҳ таоло берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига нафақа – садақа қилади. «Садақа» сўзининг «тасдиқ» маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор.

«Нафақа» умумий сўз бўлиб, «закот», «хайр-эҳсон», «садақа» каби маъноларни англатади.

15. Зоҳидлик дунёга боғланиб қолишдан қутқаради.

Албатта, бу дунёга берилиб, унга муҳаббат қўйиб, охиратни унутиш оғир дард бўлиб, унинг оқибати дўзах билан ниҳояланади. Зоҳид банда бу дунёга берилмайди ва унинг оқибати яхшилик бўлади.

16. Зоҳидлик ўз эгасини шайтон, дунё ва нафсга қул бўлишдан озод қилади.

Шайтонга қул бўлиш унинг измида юриб, Аллоҳ таолонинг измидан чиқишни англатади. Зоҳидлик эса бу аянчли ҳолатнинг тамоман тескарисидир.

Исломда ўз қўлида турган нарсадан кўра Аллоҳ таоло берадиган савобга кўпроқ ишониш зоҳидлик дейилади. Мусулмон зоҳид ўз қўлида турган дунё матоҳига қул бўлиб қолмайди. Балки ўша матоҳни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савобни олиш учун сарф қилади.

Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик каби барча маънавий хасталиклар ортида «ҳавойи нафсга эргашиш» деб номланадиган бало туради. Шунинг учун бу дунё ва охиратда нажот истаган банда нафсининг қули бўлиб, унинг кўйига тушиб қолмаслиги шарт. Бунинг учун эса зоҳидлик керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқэҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси давоми...

8465 12:38 / 12.06.2018
Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар.Аллоҳни зикр қилиш ndash қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳнинг давоми...

6673 19:05 / 11.02.2018
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг замонини, маконини, ҳажмини, шаклини ва бошқа жиҳатларини нозикнозикликларигача ўлчаб қўйган.Ҳақ субҳанаҳу ва таоло яратган давоми...

4312 00:20 / 20.11.2017
Ҳар бир чиққан каломда у чиққан қалбнинг либоси бордир.Нурдан кейин чиқадиган каломнинг аломати қалбларга таъсир қилиш, руҳларни ҳаяжонга солиш, сирларни давоми...

3078 17:20 / 04.02.2018