1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Наҳл сураси, 24-29

05:00 / 23.01.2017 3553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

24. Қачонки, уларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?», дейилса, улар: «Аввалгиларнинг афсоналарини», дерлар.Ушбу ояти карима Макка мушрикларининг Исломга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Қуръони Каримга қарши олиб борган ҳаракатлари сабабли нозил бўлган.

Ибн Абу Ҳотим Суддийдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Қурайшликлар тўпланиб: «Муҳаммад-тили ширин одам. У ўзи билан гаплашган одамнинг ақлини олиб қўяди. Ораларингиздан насли-насаби маълум кишиларни ажратиб, ҳар бир йўлга, Маккадан бир-икки кунлик масофа узоқликка юборинглар. Ким Муҳаммадни кўриш учун келаётган бўлса, қайтариб турсин», дейишди. Ҳар бир йўлга одамлар қўйилди. Қавми номидан ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига вакил бўлиб, у зотнинг нима деяётганларини эшитиш учун келаётган одам ҳалигиларнинг олдига етиб келганида, улардан бири, мен фалончи-пистончининг ўғлиман, деб ўз наслу насабини айтар, сўнгра: «Мен сенга Муҳаммад ҳақида хабар бераман. У каззоб одамдир. Унга биздан фақат эси пастлар, қулбаччалар ва яхшилик кутиб бўлмайдиганлар эргашади, холос. Аммо унинг қавмининг шайхлари ва яхшилари уни тарк қилдилар», дер эди. Аллоҳ таолонинг: «Қачонки, уларга: «Роббингиз нимани нозил қилди?» дейилса, улар: «Аввалгиларнинг афсоналарини», дейрлар», деган сўзи ана шу муносабат иладир».

Бошқа ривоятларда, одамларнинг саволларига мушриклар жавоб тариқасида шу жумлаларни айтганлари келтирилган.

Кўриниб турибдики, мушриклар Исломга, Пайғамбарга ва Қуръонга қарши қаттиқ ташвиқот ишлари олиб борганлар. Улар саволга тўғри жавоб бериш, Аллоҳдан нозил бўлган Қуръондан ўқиб эшиттириш, у билан одамларни таништириш ўрнига, Қуръонни:

«Аввалгиларнинг афсоналаридир», деб ўзлари тўқиб қўйган афсонани айтишган. Чунки мушриклар одамлар Қуръон билан танишса, унга сўзсиз иймон келтиришларини яхши билардилар. Шунинг учун улар Қуръонга бирон киши яқин келмаслиги учун барча чораларни кўрдилар. Кишиларга Қуръон ҳақида ўзлари тўқиб чиқарган ёлғонларни етказдилар.

Бу ишни қадимда Макка мушрикларигина қилган эмас. Балки барча замонлардаги Қуръон душмани бўлмиш кофирлар шундай иш билан шуғулланадилар. Улар бор Қуръон китобларини ёқиб, оқизиб, кўмиб ташлайдилар. Янгисини чоп этишни таъқиқлайдилар. Қуръон ўқитишни жиноят деб эълон қиладилар. Ким одамларга Қуръон ўргатса, ўлдирадилар, сургун қиладилар ёки қамайдилар. Айни чоқда, Қуръон ҳақида ўзлари тўқиб қўйган ёлғон-афсоналарни айтиб юрадилар. Қуръон душманларининг бу ишлари:


25. Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жаҳолат ила йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан кўтаришлари учундир. Огоҳ бўлинг! Улар кўтарган нарса қандоқ ҳам ёмон!

Мазкур кофирлар куфрлари, Қуръонга иймон келтирмай юрганлари ва одамларни Қуръондан тўсганлари учун етарли жазо оладилар. 

«Қиёмат куни ўз гуноҳларини тўлалигича ва жаҳолат ила йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан кўтаришлари учундир».

Ҳа, Қиёмат кунида улар ўз гуноҳларини тўлалигича кўтарадилар,  яъни, шунга яраша жазога йўлиқтириладилар. Бунга қўшимча равишда, ўзлари жаҳолат ила Қуръонга қарши ташвиқот олиб бориб йўлдан адаштирган кишиларнинг гуноҳларидан баъзисини ҳам кўтарадилар. Унга яраша қўшимча жазо ҳам оладилар. Ўз гуноҳларига бошқаларнинг гуноҳларини ҳам қўшиб кўтарадилар.

«Огоҳ бўлинг! Улар кўтарган нарса қандоқ ҳам ёмон!»

Улар кўтарган нарса-Қуръонга иймон келтирмаслик гуноҳи юки. Улар елкасидаги нарса-Қуръонни аввалгиларнинг афсонаси, деб васф қилишдек катта гуноҳнинг юки. Улар кўтарган нарса-одамларни Қуръондан тўсиб, йўлдан адаштиришдек улкан жиноятнинг юки. Бундан ҳам ёмон юк бўлурми?!

Аммо, ҳақни, Қуръонни мутакаббирлик билан инкор этаётган кофирларнинг макри биринчи марта бўлаётгани йўқ.


26. Батаҳқиқ, улардан олдингилар ҳам макр қилганлар. Бас, Аллоҳ биноларини пойдеворидан йиқитди. Шифт уларнинг устига қулаб тушди. Ва уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келди.

Аллоҳга, Унинг динига ва Пайғамбарларига қарши булардан олдин ҳам макр қилганлар кўп бўлган. Улар ўзларича макр-ҳийла йўли билан, дину диёнатни, иймону Исломни йўқ қиламиз, унинг тарқалишига йўл қўймаймиз, деб ўйлашган. Аммо иш томоман бошқача бўлиб чиққан.

«Аллоҳ биноларини пойдеворидан йиқитди».

Аллоҳ улар қурган бинони, тузумни, мафкурани пойдеворидан қулатди. Яъни, бинолари таг-туби билан бузилди. Ундан ҳеч нарса қолмади. Аллоҳнинг таълимотига қарши қурилган бино шундай йиқилади. Аллоҳнинг каломига зид қурилган бино шундай қулайди. Йиқилганда ҳам:

«Шифт уларнинг устига қулаб тушди».

Ўзлари қурган бинонинг шифти ўзларини босиб қолди.

«Ва уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келди».

Улар Исломдан, иймондан қўрқиб туришган эди. Аммо азоб улар кутмаган томондан келди. Ўзларининг томлари ўзларини босиб қолди. Бу нарса уларнинг қилмишларига бу дунёда берилган жазодир.


27. Сўнгра қиёмат кунида У зот уларни хор қилур ва: «Сизлар улар ҳақида тортишиб юрган Менинг «шерикларим» қани?» дер. Илм берилганлар: «Бугунги кунда хорлик ва ёмонлик кофирларгадир», дерлар.

Ҳа, кофир, мушрик, дин душманларига фақат бу дунёдагина азоб берилмайди, балки уларнинг устига тушадиган асосий азоб у дунёда бўлади.

«...қиёмат кунида У зот уларни хор қилур».

Қай тариқа хор қилишни Ўзи билади. Шунинг учун ҳам бу оятда хор қилиш усулини айтмади. Аллоҳ мушрикларнинг қиёматдаги хорлигини яна ҳам зиёда этиш учун кўпчиликнинг олдида уларга савол бериб:

«Сизлар улар ҳақида тортишиб юрган Менинг «шерикларим» қани?» дер.

Менинг қандайдир «шерикларим» борлиги ҳақида у дунёда Пайғамбар ва мўминлар билан тортишиб юрар эдингизлар, ўшалар қани, дейди. Табиийки, мушриклар хор бўлиб, ҳамма нарсани аниқ кўрганларидан сўнг тилларини тишлаб, жимиб қоладилар. Ана шунда Аллоҳнинг изни ила Аллоҳ томонидан илм берилган зотлар сўзлай бошлайдилар:

«Илм берилганлар: «Бугунги кунда хорлик ва ёмонлик кофирларгадир», дерлар».

Ўша кофирлар шундай васфга эгаки:


28. Фаришталар уларнинг жонларини ўзларига зулм қилган ҳолларида олгандир. Улар, ҳеч бир ёмонлик қилмаган эдик, дея таслим бўлурлар. Йўқ! Албатта, Аллоҳ нима амал қилиб юрганингизни билгувчи зотдир.

Ушбу ояти каримада зикри келаётганлар тавба қилмасдан кофир ва мушрик ҳолларида ўлган одамлардир. 

«Фаришталар уларнинг жонларини ўзларига зулм қилган ҳолларида олгандир».

Ўлим фаришталари уларнинг жонини олганларида, улар ўзларига зулм қилиб, кофир ва мушрик ҳолларида турган эдилар. Улар бу дунёда мутакаббирлик билан ўтган бўлсалар ҳам, ўлим келганда таслим бўлурлар.

«Улар, ҳеч бир ёмонлик қилмаган эдик, дея таслим бўлурлар».

Ҳа, ўлимга таслим бўлмасдан илож йўқ. Аммо мазкур кофирлар ўлаётиб ҳам ёлғон гапирадилар. Умрларини фақат ёмонлик билан ўтказган бўлишларига қарамай, ўлаётиб:  «ҳеч бир ёмонлик қилмаган эдик», дерлар. Бу гап қўлга тушиб хор бўлган жиноятчининг гапига ўхшайди. Уларнинг бу даъволарига:

«Йўқ! Албатта, Аллоҳ нима амал қилиб юрганингизни билгувчи зотдир», деган жавоб бўлади.

Йўқ! «Ҳеч бир ёмонлик қилмаган эдик», деган гапингиз ёлғон! Жуда кўп ёмонликларни қилгансиз. Барча амалингизни Аллоҳ яхши билади. Энди ўшанга мос жазоингизни беради.


29. Бас, жаҳаннам эшикларидан, унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг! Бас, мутакаббирларнинг қайтар жойи қандоқ ҳам ёмон!

Бу дунёда мутакаббирлик билан динни инкор қилганингиз, одамларни дин йўлидан қайтариб, адаштирганингиз учун жаҳаннам эшикларидан киринг. Кирганда ҳам, унда абадул-абад қоладиган бўлиб киринг. Мутакаббирларнинг жазоси шу бўлади.

Аммо айни пайтда қарама-қарши томонда умуман бошқача манзара кўринади, ўзгача ҳаёт ҳукм суради. Бу тақводор мўмин-мусулмонлар томони бўлиб, уларга нисбатан муносабат-муомала ҳам, айтилаётган сўзлар ҳам тамоман бошқачадир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақолаСуннатнинг Қуръон билан насх қилиниши.Насхнинг бу қисми бўйича бир оз хилоф бўлиб, мазкур хилоф имом Шофеъийга нисбат берилади. Аммо кўпчилик давоми...

4469 14:45 / 05.05.2020
15. Қачонки, уларга очиқойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар .Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир,, дедилар. Сен .Мен давоми...

3676 05:00 / 23.01.2017
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар .Анавилар Роббилари шаънига ёлғон давоми...

3277 05:00 / 23.01.2017
тўртинчи қисмЛафз ва маъно жиҳатидан муташобиҳБу турдаги муташобиҳ икки нав бўлади.Биринчи нави ndash умумийлик ва хосликда турлича бўлиш. Аллоҳ таоло Тавба давоми...

3719 17:33 / 04.08.2020