1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Тафсир фани тарихи ва ривожи

16:56 / 18.05.2017 6733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тафсир фани тарихи ва ривожи

Тафсир илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. У зот одамларга Қуръони каримнинг маъноларини баён қилар, саҳобаларнинг Қуръони карим оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоб берар эдилар.

Саҳобаларга тафсир илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолди. Қуръони карим уларнинг тилларида нозил қилинган эди. Улар бирор оятни тушунмай қолсалар, жавобни Қуръоннинг ўзидан қидирар эдилар. Баъзида иш шунинг ўзи билан битар эди. Агар жавоб топа олмасалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг ҳадисларига мурожаат қилишарди.

Саҳобаи киромлар баъзи масалаларда қўйидагиларга суяниб ижтиҳод қилар эдилар:

  • Араб тилининг нозик қирраларини билишлари.
  • Арабларнинг одатларидан хабардорликлари.
  • Қуръон нозил бўлган пайтдаги Арабистон яриморолида истиқомат қилувчи насроний ва яҳудирнинг аҳволларидан воқиф эканлари.
  • Фаҳмлари ўткирлиги ва идроклари кучи  [1].

Табиийки, бу борада барча  саҳобаларнинг салоҳиятлари бир хил эмас эди. Баъзида бирлари тушунган маънони иккинчилари англамай қолар эдилар. Мисол учун “Бугун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим”  [2]. маъносидаги оятни эшитиб кўп саҳобалар хурсанд бўлган бўлсалар, Умар розияллоҳу анҳу бу оятдан Росулуллоҳнинг вафотлари яқинлигини тушуниб маҳзун бўлганлар  [3] Улардан Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб,Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум ва бошқалар тафсир илмида машҳур бўлганлар. [4]  

Тафсир мактаблари. Саҳобалар давради тафсир борасида бир нечта алоҳида мактаблар ривожланди. Тобеъинларнинг кўпчиликлари шу мактабларнинг давомчилари бўлдилар. Бу мактаблар ичида учтаси: Макка тафсир мактаби, Мадина тафсир мактаби ва Ироқ тафсир мактаблари энг машҳурлари эди.  [5]

>Макка тафсир мактаби. Бу мактаб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумага бориб тақалади. У киши Маккада ўз дарс ҳалқаларини ташкил қилиб, у ерда тобеъинларга тафсир илми ва бошқа илмлардан дарс берар эдилар. Бу мактаб шогирдлари ичида Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима, Товус ибн Кайсон ва Ато ибн Абу Рабоҳлар машҳур бўлинди.  [6]

Мадина мактаби. Бу мактаб Каъб ибн Убай розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Шу билан бирга Мадинада у кишидан ташқари кўплаб саҳобалари истоқомат қилар эдилар. Уларнинг кўпларидан тафсир борасидаги ривоятлари бу мактаб талабаларига таъсирини ўтказган.

Бу мактаб вакилларидан уч киши машҳур бўлган: Зайд ибн Аслам, Абу ал-Олия, Муҳаммад ибн Каъб Корзий [7].

Ироқ мактаби. Ироқ мактабининг асосчиси сифатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тан олинади. Ироқда у кишидан бошқа саҳобалар бўлгани ва инсонлар улардан ҳам илм ўрганликларига қарамай, Куфага Амир ал-мўминин Умар розияллоҳу анҳунинг амрлари билан муаллим қилиб тайинланган Ибн Масъуддан илм ўрганишга кишиларнинг рағбатлари баланд эди.

Ироқ аҳли  раъй аҳли эканлиги билан бошқалардан ажралиб туришади. Бунинг таъсирини кўплаб ихтилофли масалаларда кўришимиз мумкин. Уламолар ибн Масъуднинг далил келтиришнинг бу йўналишига асос солган, кейинги олимлар у кишига эргашганликларини айтишади. Табиийки бу нарса тафсир илмига ҳам ўз таъсирини ўтказди ва бу заминда Қуръони каримни ижтиҳод билан шарҳлаш кўпайди.

Бу мактаб кўплаб забардаст уламоларни етиштирди. Улардан машҳурлари: Алқама ибн Қайс, Масруқ, Асвад ибн Язид, Мурро Ҳамадоний, Омир Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатодалардир.  [8]

Тадвийн даври. Умавийлар халифалигининг охири, Аббосийлар халифалигининг бошларида тафсир фани ривожида янги давр – асарлар яратиш даври бошланди.

Олдинги даврларда тафсир ривоятлар тарзида кейинги авлодларга етказилар эди. Саҳобалар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ва бир-бирларидан эшитганларни тобеъинларга, тобеъинлар ўзларидан кейингиларга оғзаки тарзда айтиб берар эдилар.

Кейинчалик ҳадисларни йиғиш ва уларни саралаш даври бошланди. Бу борада турфа асарлар битилди. Бу китобларнинг боблари ичида тафсирга ажратилган боблар ҳам бор эди. Лекин махсус тафсир учун, сурама-сура, оятма-оят шарҳ ёзилган асарлар битилмади.

Кейинги боскичда Ибн Можа, Ибн Жарир ат-Тобарий, Абу Бакр ибн Мунзир Найсабурий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқа уламолар тафсир борасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлардан келган ривоятларни иснодларни келтириб мусҳаф тартиби бўйича тартиблаб, ҳар бир оят остига шарҳ келтириб асарлар яратдилар. Бу тасфирнинг ҳадис илмидан ажралиб чиқиши эди. [9]

Кейинги босқичларда кўринишидан юқоридагиларга, яъни тафсир бил-маъсурга ухшайдиган, аммо гапларни эгаларига нисбат беришда санадларни келтириб ўтмайдиган тафсирлар пайдо бўлди. Шу сабабли тафсир китоблари ичига тўқима хабарлар ва исроилийёт кириб қолди. Бу тафсирларнинг кўпларида муаллиф бир оят борасида эшитган барча сўзларни буниси тўғри, буниси нотўғри демасдан, келтираверарди. Натижада уни ўқиган киши бу ривоятларнинг барчасини асли бор деган гумонга бориб колади. Ҳатто баъзи китобларда “ғазабга учраганлар ва адашганлар” сўзларининг тафсири борасида ўндан ортиқ сўз келган. Ҳобуки бунинг тафсири саҳиҳ ҳадисда очиқ ойдин айтиб ўтилган. [10]

Кейинги босқичда тафсир илмида тафсир бил-маъсур чегарасидан чиқилиб бир-раъй йўналиши пайдо бўлди. Сабаби бу даврда араб тилшунослиги асослари мукаммал ўрганилган, фиқҳий ва ақоидий мазҳаблар пайдо бўлиб, улар орасидаги ихтилофли масалалар ёритиб ўтилган эди. Мана шулар тафсирлар ичига кириб, асарларда ривоят қилинган хабарлардан ташқари муаллифнинг турли масалалардаги ижтиҳодлари баён қилина бошлади. [11]


Худойқулов Жаҳонгир,
 ТИИ 4-курс талабаси



[1] Заҳабий. Ат-Тафсир вал-муфассирун. -Қувайт: Дар ан-навадир, 2010. -Ж.1. -Б.37.

[2] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири. -Тошкент:ТИУ, 2009. Моида О:3.

[3] Заҳабий. Ат-Тафсир вал-муфассирун. -Қувайт: Дар ан-навадир, 2010. -Ж.1. -Б.95.

[4] Ўша манба. 63 б.

[5] Ўша манба. 100 б.

[6] Ўша манба. 101 б.

[7] Ўша манба. 114 б.

[8] Ўша манба. 118 б.

[9] Ўша манба. 140-142 б.

[10] Суютий Ал-Итқон фи улум ал-Қуръон. -Байрут:Дар ал-ҳижра, 1992. -Ж.2. 190 б.

[11] Заҳабий. Ат-Тафсир вал-муфассирун. -Қувайт: Дар ан-навадир, 2010. -Ж.1. 146 б.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига шубҳа ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон давоми...

4681 05:00 / 23.01.2017
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга шогирдларидан бири кечаси туриб бомдод намозигача Қуръон хатм қилишининг хабари етди. Ҳазрат эртаси куни унга айтдиndash Тунги ибодатинг давоми...

6798 14:59 / 26.02.2018
25. Биз уларга .дўстлар, тайёрладик. Бас, ўшалар уларга олдиларидаги ва ортларидаги нарсаларни зийнатлаб кўрсатдилар ва уларга ҳам ўзларидан олдин ўтган жин ва давоми...

4197 05:00 / 23.01.2017
«Энг муносиб жой» деганда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ жойларни кўзда давоми...

9495 18:36 / 06.04.2018