1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Зухруф сураси, 46-56

05:00 / 23.01.2017 5128 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

46. Батаҳқиқ, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ила Фиръавнга ва унинг аъёнларига юбордик. Бас, у: «Албатта, мен оламлар Роббининг Пайғамбаридирман», деди.

Яъни, Биз Мусони унинг Пайғамбарлигини тасдиқловчи Ўз оят-мўъжизаларимиз ила Миср подшоҳи Фиръавнга ва унинг аъёнлари олдига юбордик. Мусо уларнинг олдига бориб:

«Албатта, мен оламлар Роббининг Пайғамбаридирман», деди».

Яъни, уларга ўзининг Аллоҳ томонидан Пайғамбар қилиб юборилганини айтди. Уларга ўзининг ҳақ Пайғамбар эканлигини тасдиқловчи оят-мўъжизалар кўрсатди.


47. Бас, қачонки у уларга оят-мўъжизаларимизни келтирганда, улар баногоҳ у(мўъжиза)лардан кула бошладилар.

Яъни, Мусо Фиръавн ва унинг аъёнларига ўзининг ҳақ Пайғамбар эканлигини тасдиқловчи  оят-мўъжизаларимизни кўрсатганда, улар бирдан мазкур оят-мўъжизаларни масхара қилиб кула бошладилар.


48. Биз уларга қайси бир оят-мўъжизани кўрсатсак ҳам, албатта, у ўз шеригидан каттароқ бўлар эди. Шояд (хатоларидан) қайтсалар, деб уларни азоб-ла тутдик.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга тўққизта мўъжиза–қўл, асо, тўфон, чигиртка, бит, бақалар, қон, очлик йиллари ва мевалар нуқсонини берган эди. Фиръавн ва унинг қавмига бу мўъжизаларнинг ҳаммаси бирин-кетин кўрсатилди. Ҳар бир мўъжиза ўзидан олдингисига нисбатан кучлироқ, муддатлироқ бўлди. Чунки ҳар бир мўъжизадан кейин кофир қавмнинг инкори янгиланар, кучаяр эди.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло уларни азоб ила ушлаб ҳам турар эди. Бундан, шояд бу қавм ўзига келиб, хатоларидан қайтиб, тўғри йўлга тушсалар, деган мақсад кўзланар эди.

Аммо бундай бўлмади. Мазкур кофир қавм ўзини тескари тутди. Азоб келган вақтда:


49. Улар: «Эй сеҳргар! Сенга берган аҳдига биноан, биз учун Роббингга дуо қил! Албатта, биз ҳидоят топгувчилардан бўламиз», дедилар.

Ушбу оятдан Фиръавн ва унинг қавми нақадар ашаддий кофир эканлиги билиниб турибди. Улар бошларига азоб тушганида ночор қолиб, Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдалар. Мусо алайҳиссалом Роббиларига дуо қилсалар, азобдан холос бўлишларини ҳам билиб турибдилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга аҳд берганини ҳам яхши биладилар. Аммо шундай бўлса ҳам,

«Улар: «Эй сеҳргар! Сенга берган аҳдига биноан, биз учун Роббингга дуо қил!» демоқдалар.

«Эй Мусо!»- ёки «эй Пайғамбар!» дейишга тиллари бормаяпти, бўйинлари ёр бермаяпти.

«Албатта, биз ҳидоят топгувчилардан бўламиз», дедилар».

Яъни, аввал азобни биздан кўтарасан, кейин ҳидоятга юрамиз, дедилар. Аслида,  мўъжизани кўрдик, азобни тотдик, бас, сен ҳақ экансан, биз иймон келтирдик, дейишлари лозим эди. Буни ҳам, ўзлари айтганини ҳам қилмадилар.


50. Бас, қачонки улардан азобни аритсанг, тўсатдан улар (аҳдни) бузарлар.

Яъни, Биз уларнинг аҳдига кўра ўзимиз туширган азобни аритсак, улар азоб ариши билан дарҳол аҳдни бузиб, ҳидоят йўлига юрмай, куфрда бардавом бўлар эдилар.

 Подшоҳлиги, молу мулки, имкониятларидан мағрур бўлган


51. Фиръавн ўз қавмига: «Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!
52. Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми?
53. Унга тиллодан бўлган билакузуклар ташланса ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келса бўлмас эдими?!» деб нидо қилди.

Подшоҳлиги, молу мулки, имкониятларидан мағрур бўлган Фиръавн ўз одамларининг Мусо алайҳиссалом томонга оғиб кетишидан қўрқиб, ўзича афзал деб билган сифатларини зикр қилиб, қавмнинг ихлосини орттирмоқчи бўлди. Фиръавн қавмига Мисрнинг мулку султони ўзиники эканини айтди. 

«Фиръавн ўз қавмига: «Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!»

Фиръавндек Миср подшоҳини қўйиб, Мусога эргашиб кетмасликка тарғиб қилмоқчи бўлди. Фиръавн қавмининг эътиборини остидан оқиб турган анҳорларга ҳам қаратди. Бу нарсалар ҳам ўзиники эканини айтиб, қавмни ўзига жалб қилмоқчи бўлди. 

Бечора фиръавнларнинг бундан бошқа чоралари ҳам йўқ. Улар доимо одамларни ўз ҳукмларига юритишга, молу дунёлари билан чалғитиб ўзларига тобеъ қилишга уринадилар. Одамларга бари яхшилик молу мулкда, нозу неъматда, деб тушунтиришга ҳаракат қиладилар. Айни чоқда, ҳидоят даъватчисини хору зор, ҳақир ҳолда кўрсатишга интиладилар. Мана, Фиръавн ҳам Мусо алайҳиссаломни обрўсизлантиришга уриниб, деди:

«Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми?»

Фиръавннинг бу гапидан, аввало, унинг нақадар аҳмоқ эканлиги, иккинчидан, Аллоҳ таоло шу даражада эсипаст одамга ҳам катта бир юртнинг подшоҳлигини, мулку султонини, молу дунёни бериб қўйиши мумкинлиги кўриниб турибди.

Ҳоким ва мулкдорларнинг дин йўлига юрмаслигининг сабабларидан бири-даъватчининг ўзидан устун бўлиб қолишидан қўрқишидир. Фиръавннинг гапларида шу маъно бор. Фиръавн ҳамма нарсада ўзини устун қўйиб ўрганиб қолган. Бошқа бир одам ўзидан устун бўлишини, унга таълим ва кўрсатмалар беришини кўтара олмайди. Шунинг учун Фиръавн Мусо алайҳиссалом шахсларини ерга уриб, ўз шахсини юқори қўйишга уринмоқда.

Фиръавн ўзини мақтаб, даъватчини ерга уришда ҳар қанақа пасткашликдан ҳам қайтмайди. Заррача одамийлиги, озгина инсофи бор одам Фиръавнинг ишини асло қилмайди. Аммо Фиръавндан ҳар ишни кутиш мумкин.

Инсоний мурувват, инсоф ва жувонмардлик рақибининг жисмоний нуқсонларини овоза этишни тақозо қилмайди. Ўзини эр билса, ўзгани шер билишга чақиради. Аммо Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг тилидаги озгина дудуқланишни айб санади. Инсонийлик даражаси бўйича асосий мезон қилиб;

«Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми?», деди.

Сўнгра эса, яна ҳам пастлашиб, ўзаро тафовутни тиллодан бўлган зебу зийнат билан фарқламоқчи бўлди:

«Унга тиллодан бўлган билакузуклар ташланса»,  бўлмас эдими, деди. 

Табиийки, иймонсиз подшоҳлар зару кимхобларга бурканган бўладилар. Улар ўша зару кимхобларни ўзларининг афзалликлари деб биладилар. Фалончи мендан паст, чунки менинг кийимим ва зебу зийнатим уникидан яхшироқ, устунроқ, деб юрадилар. Албатта, Аллоҳнинг динига чақирувчи шахсда зару кимхоб ҳам, тилло-кумуш ҳам бўлмайди. Афзалликни тилло-кумуш билан ўлчаган Фиръавн эса, Мусо ўзи даъво қилаётгандек Пайғамбар бўлса, уни Пайғамбар қилган худоси, унга осмондан тилло билакузуклар тушириб бермасмиди, деб ўзини юқори кўрсатмоқчи бўлади.

Фиръавнларнинг аҳмоқликларидан яна бири, Аллоҳнинг динига чақирувчи кишилар оддий инсон эмас, қандайдир ғайритабиий одам, балки фаришта, ҳеч бўлмаганда фаришта билан бирга юрадиган бўлиши керак, деб ўйлашларидир.

Шунинг учун ҳам Фиръавн сўзи давомида:

«...ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келса бўлмас эдими?!» демоқда. 

Сиртдан қараганда, маъқул гап. Биров Аллоҳнинг динига чақириб турса, У зотнинг каломини етказиб турса, албатта, унда оддий одамларда учрамайдиган ғаройиб ҳолатлар бўлиш керак-да! Лекин Аллоҳнинг дини ғаройиб махлуқотларга эмас, оддий одамларга юборилган-ку! Ўша оддий одамларга юборилган динни, уларга ўхшаш оддий одам қабул қилиб олиб, ўз ҳаёти мисолида кўрсатиб бериши керак-ку! Бу оддий ва мантиқий ҳақиқатни фиръавнлар тушунмайдилар ёки тушунишни хоҳламайдилар. Улар нима қилиб бўлса ҳам, халқни лақиллатсалар бас. Улар нима қилиб бўлса ҳам, халқни ўз йўлларига юритсалар бўлди.

Фиръавн ҳам юқоридаги гаплар билан мақсадига эришди.


54. Бас, у қавмини лақиллатди ва улар унга итоат қилдилар. Чунки улар фосиқ қавм эдилар.

Яъни, Фиръавн ўзининг бўлар-бўлмас гаплари билан қавмини лақиллатди. Улар Фиръавннинг ёлғон гапларига учиб, унга итоат қилиб, Мусо алайҳиссаломдан юз ўгирдилар.

«Чунки улар фосиқ қавм эдилар».

Аслида фосиқ бўлмаганларида, Мусо алайҳиссаломнинг гапига кириб Аллоҳнинг йўлига юришар, аҳмоқ Фиръавнга итоат этишмас эди.


55. Бас, қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, улардан интиқом олдик-уларнинг барчаларини жамлаб, ғарқ қилдик.
56. Бас, уларни ўтмишга айлантирдик ва кейингиларга мисол қилиб қўйдик.

Яъни, Фираъвн ва унинг қавми ўзларининг мазкур куфрлари ва нотўғри тасарруфлари билан ғазабимизни келтиргач:

«...улардан интиқом олдик-уларнинг барчаларини жамлаб ғарқ қилдик».

Фираъвн ўз одамлари билан Мусо алайҳиссалом ва у кишининг қавмини қувлаганида, Бани Исроил Мусо алайҳиссалом бошчилигида Аллоҳнинг ёрдами ила Қизил денгизни кесиб ўтди. Фиръавн уларни тутиш ниятида ортларидан денгизга тушганида Аллоҳ таоло уни одамлари билан жамлаб денгизга ғарқ қилди.

«Бас, уларни ўтмишга айлантирдик ва кейингиларга мисол қилиб қўйдик».

Инсон ўлганидан кейин ўтмишга айланади. Ўлим эса, ҳамманинг бошида бор. Шунинг учун Фиръавн ва унинг қавмига ўхшамасдан, ҳар бир инсон ўз ўлимини ўйлаб иш қилиши керак.

Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг одамларини бошқаларга мисол қилиб қўйганини шарҳлаб ўтиришнинг хожати йўқ. Бутун дунёда Фиръавн ҳаддан ошиб, туғёнга кетган, дунёда Аллоҳнинг эмас, менинг айтганим бўлиши керак, дейдиган ҳоким ва подшоҳларнинг тимсоли бўлиб қолган. Қайси бир подшоҳ ёки ҳоким золим бўлса, туғёнга кетса, диний бурчларини адо этмаса, «Фиръавн» номини олади. Унинг охир-оқибатда шармандаларча ҳалок бўлиши кутилади. Бундай золимларга Фиръавн ва унинг одамлари мисол қилиб келтирилади.

Ҳа, Фиръавн ва унинг одамлари қиссаси инсоният учун ажойиб бир мисолдир. Энг ажойиб жойи шуки, ўша Фиръавн ҳам, бошқа оятда келтириланидек, ўлаётиб иймон келтирган. Аммо бундай иймон фойда бермаслиги аниқ.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ этгач, у тавҳид калимасини айтаётганда, Жаброил алайҳиссалом сув остида ўрнашиб қолган лойқа балчиқдан олиб унинг оғзига тиқа бошлаганлар. Сўнг Фиръавннинг жасадини тўлқин ташқарига отган. Одамлар худолик даъвосини қилган золим подшоҳни аъзои баданига денгиз ўт-ўланлари ёпишган, оғзига балчиқ тўлган ҳолда ўлиб ётганини кўрганлар.

Унга подшоҳлиги ҳам, молу мулки ҳам, тилло билакузуклари ҳам, аскарлари ҳам ёрдам бера олмаган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Сура, сўзи луғатда .қўрғон,, .манзил, ва .шараф, деган маъноларни англатади.Уламоларимиз истилоҳида эса .Сура Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган давоми...

6983 14:05 / 07.01.2020
Қуръонни маҳкам ушлаш, унга қаттиқ амал қилиш саодат йўлидир Саодатнинг Қуръонга қаттиқ амал қилишга боғлиқлиги Қуръон қандай қилиб саодатни юзага чиқаришини, давоми...

5375 05:00 / 23.01.2017
9. Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у давоми...

10640 05:00 / 23.01.2017
Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар давоми...

5005 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021