1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Суҳбат одоблари қуйидагилардир

17:36 / 16.02.2018 5418 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биров билан дўст тутинишдан аввал уни яхшилаб ўрганиш ва сифатларини текшириб кўриш лозим.

Язийд ибн Нуъома Зоббийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши бошқаси билан биродар тутинса, унинг исмини, отасининг исмини ва кимданлигини сўрасин. Албатта, бу меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Жумладан, дўст тутинишда қуйидаги шартларга қарасин:

1. Етук ақл.

2. Тўғри диндорлик.

3. Гўзал ахлоқ.

Бир сўз билан айтганда, дўстнинг тақводор бўлиши ниҳоятда исталган ҳолатдир.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:

«Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир» (67-оят).

Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда ўзаро яқин дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки охират дунёсида бир-бирларини турли қилмишларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб, жазо тортишлари аниқ бўлиб қолади. Ана шунда ёмон билан дўст бўлганига афсусланиб, инсонлар дўстини ёқтирмай қўяди. Дўстлар душманга айланади. Бир-бирига маломат қилиб, сени деб шундай бўлди, дейишга ўтади.

Фақат тақводор дўстларнинг оқибати хайрлидир, яхшидир. Чунки уларнинг дўстлиги Аллоҳ учун, тақво асосига қурилган эди. Бундай дўстлар доимо яхши амалларни қилган бўладилар. Шунинг учун қиёмат куни бирга жаннатга тушадилар ва дўстликлари яна ҳам ортади.

Жоҳил, фосиқ, эсипаст, дунёга берилган ва пасткашларни дўст тутмаслик керак.

Аллоҳ таоло Нажм сурасида марҳамат қилади:

«Зикримизга орқа ўгирган, дунё ҳаётидан бошқани хоҳламайдиганлардан юз ўгир» (29-оят).

Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: «Қуйидаги беш тоифани асло дўст тутма:

1. Ёлғончи каззобни. Чунки у сени алдаб қўяди. У саробга ўхшайди. Сенга узоқни яқин, яқинни узоқ қилади.

2. Аҳмоқни. Чунки сенинг унда ҳожатинг йўқ. У сенга наф бераман деб, зарар етказади.

3. Бахилни. Чунки у энг муҳтож бўлиб турган нарсангни ҳам сендан кесиб қўяди.

4. Қўрқоқни. Чунки у қийинчилик пайтида сендан қочади ва сени истаган пайтида сотади.

5. Фосиқни. Чунки у сени бир луқма таомга ҳам сотади».

Дўстга дунёвий мақсад ва тез келадиган манфаат учун эмас, Аллоҳ таоло учун ихлос қилиш керак.

Аллоҳ таоло учун ихлос қилиш эса дўстнинг илми, гўзал хулқи, солиҳ аҳли экани, Аллоҳ таолога яқинлиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати учун бўлади.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«Ўзингни эртаю кеч Роббларига, Унинг юзини ирода қилиб, дуо қилувчилар билан бирга тут. Дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма» (28-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина, улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўст­лаштирган зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Дўст тутинган одамига Аллоҳ таоло учун унга муҳаббат қўйгани ҳақида хабар бериш лозим.

Ўшанда ўзаро боғланишлари янада кучли ва ихлослари чуқур бўлади.

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши биродарини яхши кўрса, унга ўзининг муҳаббатининг хабарини берсин», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

«Анас розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен мана буни (Аллоҳ учун) яхши кўраман», деди.

«Буни унга билдирдингми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Унга билдир», дедилар. Унинг ортидан етиб борди ва:

«Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деди.

«Мени яхши кўришингга сабабчи бўлган Зот сени яхши кўрсин», деди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ким бировни яхши кўрса, дўст бўлмоқчи бўлса, унга буни билдириши керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги ўзаро алоқалар мустаҳкамланади.

Дўстига яхшилик етказиш ва манфаат исташда уни худди ўзидек кўриш керак.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз то ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Алоқани мустаҳкамлаш мақсадида бир-бирини Аллоҳ таоло учун зиёрат қилиб, ҳолидан хабар олиб туриш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда: «Қаёққа бормоқчисан?» деди. «Ушбу қишлоқдаги биродаримни (кўришни) хоҳлайман», деди. «Унда сен кўзлаган неъмат борми?» деди. «Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман», деди. «Албатта, мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен уни яхши кўрганингдек, Аллоҳ сени яхши кўрди», деди».

Муслим ривоят қилган.

Дўстига ёрдам беришга, ғамини кетказиш, ҳожатини чиқариш, мушкулини осон қилишга шошилиш лозим.

Бунда дўстни ўзидан устун қўйишга ўтиш афзалдир. Аллоҳ таоло бундай дўстларни Қуръони каримда мадҳ қилган.

У Зот Ҳашр сурасида марҳамат қилади:

«Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар» (9-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратида ишларини енгиллатади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Дўстга нисбатан муҳаббат ва мақтовда мўътадил, муомалада инсофли, маишатда ўртача бўлиш, борди-келдида шариатни лозим тутиш зарур.

Муҳаммад ибн Убайд Киндийдан, у кишининг отасидан ривоят қилинади:

«Мен Алининг Ибн Кивога: «Аввалгилар нима деганини биласанми? Ўз ҳабибингга бир оз юмшоқ муҳаббат қил. Эҳтимол, бирор куни ёмон кўрганингга айланиб қолар. Ёмон кўрганингни бир оз юмшоқ ёмон кўр. Эҳтимол, бирор куни маҳбубингга айланиб қолар», деганини эшитдим».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Яъни, бировни яхши кўрсанг, ҳаддан ортиқ яхши кўрма, чунки бир кун келиб уни ёмон кўриб қолишинг мумкин. Бировни ёмон кўрсанг ҳам ҳаддан ортиқ ёмон кўрма, чунки бир кун келиб уни яхши кўриб қолишинг мумкин. Демак, ўзаро муносабатларда ҳам ҳаддан ошиб кетиш керак эмас экан. Инсон турли ҳолатларга тушиши, фикри, қарашлари ўзгариши мумкин, шунинг учун ўзаро муносабатларда ҳам мўътадил бўлиш афзал.

Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади:

«Муҳаббатинг кулфат келтирадиган бўлмасин. Ғазабинг талофат етказадиган бўлмасин», деди. Шунда:

«Бу қандай бўлади?» дедим.

«Муҳаббат қилсанг, ёш бола яхши кўргандек ҳаддан ошасан. Ёмон кўрсанг, соҳибингга талофатни яхши кўрасан», деди».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Демак, ҳар бир нарсада бўлгани каби, яхши ёки ёмон кўришда ҳам маълум меъёр бўлиши керак.

Дўстларга турли муносабатлар ила ҳадялар тақдим қилиб туриш яхшидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳадялашинглар, бир-бирингизга муҳаббат қўясиз», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Ҳадя бериб туриш мўмин-мусулмонлар ўртасида меҳр-мурувватни кучайтиради, натижада бутун жамият аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик, иноқлик пайдо бўлади. Ораларидаги ижтимоий алоқалар, ўзаро дўстлик, биродарлик муносабатлари ниҳоятда мустаҳкамланиб, натижада тинчлик, иттифоқ юқори даражага кўтарилади.

Дўстининг айблари ҳақида гапириш, уни ғийбат қилиш, у билан талашиб-тортишиш ва унинг ҳақида чақимчилик қилиш ҳамда ёмонлиги ҳақида савол беришдан тилни тийиб, сукут сақлаш талаб этилади.

Бу ишни амалга оширишда икки нарса ёрдам беради. Биринчиси: ҳар ким ўзига назар солсин. Агар ўзида камчилик борлигини билса, ўзгани ҳам ўзидек кўрсин ва камчилигини афв этсин. Беайб фақат Ҳақ таоло эканини унутмасин. Иккинчиси: агар айби йўқ инсонни истайдиган бўлсанг, одамлар ичидан бундайини топа олмайсан. Ҳар кимнинг айбини топаверсанг, дўст топиш мумкин бўлмай қолади.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Мусулмонлар ичида Аллоҳ таолога тоат қилиб, маъсият қилмайдиган ва аксинча, маъсият қилиб, тоат қилмайдиган бирорта ҳам одамни топиш қийин. Кимнинг тоати маъсиятидан кўп бўлса, ўша адолатлидир», деганлар.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам дўстнинг сирини очмаслик лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сир айтдилар. Мен бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермадим. Батаҳқиқ, мендан Умму Сулайм сўраганида, унга ҳам хабар бермадим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Абу Саъид Саврий: «Қачон бир киши билан дўст бўлмоқчи бўлсанг, аввал унинг жаҳлини чиқар, сўнгра бошқа бировдан ўзинг ва сиринг ҳақида унинг фикрини сўрашини илтимос қил. Агар у яхши гап айтиб, сирингни сақласа, у билан дўст тутин», деган.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирининг молида ҳам ҳаққи борлигини унутмасликлари лозим.

Дўстларнинг дўстлиги тугал, мақсадлари бир бўлса, худди бир шахсга ўхшаб қолишади. Бу эса ўз навбатида, хурсандчилик ва хафачиликда, ҳозирда ва келажакда шерик бўлишни тақозо қилади. Бу шериклик молу дунёга ҳам тегишли бўлиб қолади.

Бир киши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг олдига дўстлик истаб келди: «Дўстликнинг ҳаққини биласанми?!» деди у. «Менга билдир», деди. «Диноринг ва дирҳамингга мендан бошқа ҳақлироқ бўлмасин», деди. «Ҳали бу даражага етганим йўқ», деди. «Ундай бўлса, йўлингдан қолма!» деди Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу.

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу бир кишига: «Сизлар бир-бирингизнинг чўнтак ва ҳамёнингизга рухсатсиз қўл солиб, истаган нарсани олаверасизларми?» деди. «Йўқ», деди у. «Ундай бўлса, дўст эмас экансизлар», дедилар Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирининг ҳожатини чиқаришда ёрдам беришлари матлуб.

Ибн Шубрума дўстларидан бирининг муҳим ҳожатини чиқарганида, дўсти унга совға олиб келди. «Бу нима?» деб сўради Ибн Шубрума. «Ҳожатимни чиқарганинг учун», деди. «Ол молингни, Аллоҳ сенга офият берсин! Агар дўстингдан ҳожатингда ёрдам сўрасанг-у, у сенга ёрдам бермаса, намозга таҳорат қил-да, уни ўлган санаб, тўрт такбир айтиб, жанозасини ўқиб қўявер», деди Ибн Шубрума.

Солиҳ ўтмишдошлардан баъзилари ўз дўстининг вафотидан кейин қирқ йил унинг болалари ва аҳли аёлидан хабар олиб турган. Ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар олиб, ўз молидан уларни таъминлаб турган. Фарзандлар оталаридан кўрмаган баъзи нарсаларни унинг дўстидан кўришган. Илгариги дўстлардан баъзилари эса дўстига билдирмай, унинг оиласидан хабар олиб туришган. «Тузингиз борми, ёғингиз борми, нима камингиз бор?» деб сўраб туришган.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирлари билан талашиб-тортишишдан тийилишлари зарур.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғонни тарк қилса, – ҳолбуки у ботилдир – унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади. Ким ҳақ бўлатуриб, талашиб-тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади. Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирларини олдидан ҳам, орқасидан ҳам фақат унинг ўзига ёқимли бўлган исми билан аташи лозим.

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

«Уч нарса сен учун дўстинг муҳаббатини мусаффо қилади: унга йўлиққанингда, аввал салом беришинг, уни ўзи учун энг маҳбуб исми ила чақиришинг ва мажлисда унга жой беришинг», деганлар».

Ибн Муборак, Саъид ибн Мансур, Байҳақий ва Ибн Асокир ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар кези келганда дўстининг оила аъзолари, ишлари, яхши сифатлари ва бошқа фазилатларини, ўзига қилган яхшиликларини муболаға қилмасдан, меъёрида гапириб турадилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ким ўз дўстини яхши ният ила мақтамаса, уни қилган яхшилиги учун ҳам мақтамайди», деганлар.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар дўсти ҳақида ёқимсиз гап эшитганида, дарҳол уни ҳимоя қилишга ўтишлари керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирларига билмаган нарсаларини ўргатиб боришлари зарур.

Мусулмон одам ўз дўстига у билмайдиган нарсаларни ўргатиб бориши керак. Чунки киши молга муҳтож бўлганидек, илмга ҳам муҳтож бўлиши мумкин. Бинобарин, ўзи биладиган, дўсти билмайдиган, унинг дини ва дунёси учун зарур бўлган нарсаларни унга ҳам ўргатиши жуда зарурдир.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирига насиҳат қилиб туришлари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Албатта, насиҳат қилиш бошқаларнинг олдида эмас, ёлғиз ҳолда амалга оширилади. Аслида, бировга унинг айбларини айтиш, йўл кўрсатиб, насиҳат қилиш яккама-якка бўлади. Бу ишни бошқаларнинг олдида қилиш насиҳат эмас, дўқ-пўписа бўлади. Агар биродари йўқлигида унинг бирор айби очилиб қолса ҳам, ўша айбини беркитиб, ҳимоя қилади.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирининг қоқилиш ва тойилишларини афв қиладилар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Дўстинг ўзгариб, аввалгидан бошқача бўлиб қолса, уни шу сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор», деган.

Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Дўстинг гуноҳ иш қилгани учун, ундан алоқани узма, бугун гуноҳ қилса, эртага уни тарк қилиши бор», деган. Бу ҳолат унинг ўзини ўнглаб, тўғри йўлга тушиб кетишидан умид узилгунча давом этади. Умид узилганда эса, у билан алоқани кесишга тўғри келади.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирининг ҳаққига дуо қилишда бардавом бўладилар.

Киши ўз дўсти ҳаққига унинг тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзи учун нимани сўраса, дўсти учун ҳам шуни сўраб дуо қилади.

Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб, уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга:

«Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Бизга яхшилик сўраб, дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда, муваккал фаришта: «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди», дер эдилар», деди.

Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим, у ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлардан бир-бирига вафодор бўлиш ва бунга ихлос қилиш талаб этилади.

Дўстга вафодор бўлиш унинг муҳаббатида то ўлгунча собит туришдан, ўлимидан кейин унинг фарзандлари ва дўстлари билан бирга бўлишдан иборатдир. Дўстнинг барча қариндошлари, дўстлари ва унга боғлиқ кишиларнинг риоясини қилиш унга вафодорликнинг давомидир.

Дўстнинг фироқига ҳасрат-надомат қилиш ҳам унга бўлган вафодандир. Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳи: «Ўттиз йил олдин фироқига учраган дўстларимнинг ҳасрати ҳали ҳам хаёлимдан кўтарилгани йўқ», деган.

Аллоҳ таоло учун дўст бўлганлар бир-бирига оғир келадиган нарсани раво кўрмайди.

Бошқача қилиб айтганда, унга оғирлигини солмаслиги лозим. «Менинг оғиримни енгил қилсин», «мендан хабар олиб турсин», «ёрдамимга доим шай турсин» каби талабларни кўнглига ҳам келтирмагани яхши. Мусулмон киши дўстига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди, унинг дуосидан умидвор бўлади, уни кўришдан унс топади, унинг ҳақларини адо қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади ва динига ёрдам олади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Дўстларнинг ёмони сени тангликка солгани, муросага муҳтож қилгани ва узр айтишга мажбур қилганидир».

Баъзи машойихлар бундай дейишган: «Ким ўзидан талаб қилинмаган нарсани дўстларидан талаб қилса, уларга зулм қилган бўлади. Ким ўзидан сўралмаган нарсани дўстларидан сўраса, уларни заҳматга қўйган бўлади. Ким дўстларидан ҳеч нарса талаб қилмаса, уларга фазл кўрсатган бўлади».

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Икки киши Аллоҳ учун дўст бўлса-ю, улардан бири бошқасидан тортинса ёки уялса, иккисидан бирида албатта иллат бўлади».

Аллоҳ таоло барчамизга содиқ дўст бўлишни ва содиқ дўстларга соҳиб бўлишни насиб этсин! Омин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
372. Қубайса ибн Жобирдан ривоят қилинади.Умар шундай деди.Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди.Ким бировни кечирмаса, у ҳам кечирилмайди.Ким бировни афв давоми...

4363 18:59 / 01.03.2018
391. Абу Дардодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми, дедилар..Ҳа Айтиб беринг, давоми...

5263 20:07 / 04.04.2018
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади.Бугунги кунда сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози давоми...

15455 23:09 / 18.08.2017
Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон давоми...

3263 19:01 / 16.10.2018
Видеолар

2742 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

137678 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57736 14:35 / 11.08.2021