1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Ота-онага юмшоқ гапириш

13:35 / 01 декабрь 1140 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ طَيْسَلَةَ بْنِ مَيَّاسٍ قَالَ: كُنْتُ مَعَ النَّجْدَاتِ، فَأَصَبْتُ ذُنُوبًا لَا أَرَاهَا إِلَّا مِنَ الْكَبَائِرِ، فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لِابْنِ عُمَرَ، قَالَ: مَا هِيَ؟ قُلْتُ: كَذَا وَكَذَا. قَالَ: لَيْسَتْ هَذِهِ مِنَ الْكَبَائِرِ، هُنَّ تِسْعٌ: الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَقَتْلُ نَسَمَةٍ، وَالْفِرَارُ مِنَ الزَّحْفِ، وَقَذْفُ الْمُحْصَنَةِ، وَأَكْلُ الرِّبَا، وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ، وَإِلْحَادٌ فِي الْمَسْجِدِ، وَالَّذِي يَسْتَسْخِرُ، وَبُكَاءُ الْوَالِدَيْنِ مِنَ الْعُقُوقِ. قَالَ لِي ابْنُ عُمَرَ: أَتَفْرُقُ مِنَ النَّارِ وَتُحِبُّ أَنْ تَدْخُلَ الْجَنَّةَ؟ قُلْتُ: إِيْ وَاللهِ. قَالَ: أَحَيٌّ وَالِدُكَ؟ قُلْتُ: عِنْدِي أُمِّي. قَالَ: فَوَاللهِ لَوْ أَلَنْتَ لَهَا الْكَلَامَ، وَأَطَعَمْتَهَا الطَّعَامَ، لَتَدْخُلَنَّ الْجَنَّةَ مَا اجْتَنَبْتَ الْكَبَائِرَ.

Тойсала Ибн Майёсдан ривоят қилинади:

«Нажданинг одамлари билан бирга эдим. Ўшанда бир қанча гуноҳлар қилдим. Ўзимча мазкур гуноҳларни гуноҳи кабиралардан деб билардим. Шуни Ибн Умарга айтдим.

«Улар нималар?» деди у.

«Бундай, бундай», дедим.

«Бу нарсалар гуноҳи кабира эмас. Улар (кабиралар) тўққизта: Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, жанг пайтида душмандан қочиш, покиза аёлни зинода айблаш, рибохўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, масжидда диндан чиқиш, одамларни масхара қилиш, боласи оқ бўлган ота-онанинг бундан йиғлаши, – деб туриб, Ибн Умар менга: – Сен дўзахдан қўрқасанми, жаннатга киришни хоҳлайсанми?» деди.

«Аллоҳга қасамки, шундай», дедим.

«Ота-онанг тирикми?» деди.

«Онам бор», дедим.

«Аллоҳга қасамки, агар онангга юмшоқсўз бўлсанг ва унга таом берсанг ҳамда гуноҳи кабираларни қилмаган бўлсанг, албатта жаннатга кирасан», деди».

Шарҳ: Демак, Аллоҳга ширк келтиришдек, бировни ўлдиришдек улкан  гуноҳларнинг қаторига ота-онага оқ бўлиш ҳам қўшилган экан. Ота-онага оқ бўлиш жуда катта гуноҳ ҳисобланади.

Бу ривоятда ота-онага оқ бўлиш, уларнинг назаридан қолиш қанчалик улуғ гуноҳ эканини таъкидлаш билан бирга, ота-онага юмшоқсўз бўлиш, уларга таом тутиш, уларнинг хизматида бўлиш бандани дўзахга киришдан сақлаб, унинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан экани таъкидланмоқда.

Бу ривоятда асосан гуноҳи кабира ҳақида сўз боргани учун, уламоларимиз уни қандай таърифлаганларини билиб олсак, яхши бўлади.

Кўпчилик уламолар: «Гуноҳи кабира – бу дунёда ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ ёки охиратда дўзахга киришга, лаънатга ва ғазабга сазовор қиладиган гуноҳлардир», деганлар.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Илми етишмайдиган киши ўзининг хаёлига келган ҳукм билан кифояланиб юрмасдан, олим одамдан сўраши лозимлиги.

Ривоят қаҳрамони Тойсала ибн Майёс хавориж Нажда ибн Омирнинг одамлари билан бирга бўлган. У ўзи қилган гуноҳларни катта гуноҳлар деб, ноумид бир ҳолатда юрар эди. Аммо Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан сўраганидан кейин, ўзи содир этган гуноҳлар кабира эмаслигини билиб олди.

Албатта, бу унга енгиллик яратганида шубҳа йўқ. Шу билан бирга, гуноҳи кабиралар нималар эканини ҳам билиб олди.

2. Олим одам саволга қисқа қилиб эмас, балки батафсил жавоб бериши яхши экани.

3. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг назарида гуноҳи кабиралар тўққизта экани.

4. Аллоҳга ширк келтириш гуноҳи кабиралардан экани.

5. Беайб инсонни ўлдириш гуноҳи кабиралардан экани.

6. Жанг пайтида душмандан қочиш гуноҳи кабиралардан экани.

7. Покиза аёлни зинода айблаш гуноҳи кабиралардан экани.

8. Рибохўрлик қилиш гуноҳи кабиралардан экани.

9. Етимнинг молини ейиш гуноҳи кабиралардан экани.

10. Масжидда диндан чиқиш гуноҳи кабиралардан экани.

11. Одамларни масхара қилиш гуноҳи кабиралардан экани.

12. Боласи оқ бўлган ота-онанинг бундан йиғлаши фарзанд учун гуноҳи кабиралардан экани.

13. Ота-онага юмшоқсўз бўлиш, уларга таом бериш ва гуноҳи кабираларни қилмаслик албатта жаннатга киришга сабаб бўлиши.

عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنْ أَبِيهِ: ﮋﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﮊ الْإِسْرَاءَ، قَالَ: لَا تَمْتَنِعْ مِنْ شَيْءٍ أَحَبَّاهُ.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат» (Исро сураси, 24-оят) дегани «ота-онанг яхши кўрган ҳар қандай нарсадан бош тортма» деганидир».

Шарҳ: Ровийнинг оталари Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Исро сурасидаги оятни тафсир қилиб, ота-онанг айтган ишдан бош тортма, улар нимани яхши кўраман деса, шуни қилиб бер, деган маънони айтган эканлар.

Аллоҳ таоло Исро сурасида:

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт», деган (24-оят).

Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.

Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борадаги мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир.

Ҳофиз Абу Бакр Баззор Бурайдадан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади:

«Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб сўрабди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ», деган эканлар.

«Одоблар хазинаси» китоби 1-жуз

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 4380-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон давоми...

8061 23:13 / 18.08.2017
388. Ибн Умардан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилиб юрадиган мўмин одамларга аралашмасдан, давоми...

7929 20:06 / 04.04.2018
Барча халқларда қадимдан ўтган улуғ кишиларни, машshyҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш, бу байрамларда давоми...

6284 12:45 / 14.06.2018
Энди қўл остидагилар билан муомала одоби ҳақидаги таълимотлар билан танишамиз. Бу ерда бир нарсага алоҳида эътибор беришимизга тўғри келади. Ушбу масалага оид давоми...

4681 16:16 / 26.01.2018
Видеолар

958 16:41 / 19 декабрь

1227 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

216539 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135702 14:35 / 11.08.2021