1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Одоб

Суҳбат одоблари

17:05 / 16.02.2018 6690 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон табиатида маданийлик, одамларга аралашиш, улар билан муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуддир. У ўзига ўхшаган инсонлар билан учрашиш, дўстлашиш, жамланиш, яхши алоқалар ўрнатиш ва улфат бўлишни истайди. Шу билан бирга, инсон зоти ёлғизликни, барчадан четда бўлишни, одамларга қўшилмасликни ёқтирмаслиги ҳам табиий. Инсонлар бирга бўлганларида, омонликни ҳис қиладилар, бир-бирларидан унс-улфат топадилар.

Умуминсоний алоқалар давомида дин, ватан, касб ва бошқа сабабларга кўра алоҳида алоқа ва муносабатлар шаклланиши ҳам доимий равишда бўлиб келаётган ишлардандир. Жумладан, мусулмонларнинг ўзаро биродарлиги ва мазкур биродарлик асосида бир-бирларидаги ҳақлари борасида шариатнинг тегишли ҳукмлари мавжуд бўлиб, мусулмонлар уларга доимий равишда ихлос билан амал қилиб келадилар.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, мўминлар биродардирлар» (10-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу мусулмонлик асосидаги биродарликка оид ҳукмлар ва одоблар шариатнинг кўпчилик ҳукмларида баён қилингани ҳаммага маълум.

Умуммусулмон биродарлиги ичида кишиларнинг ўзаро алоқалари жорий бўлар экан, баъзилар алоҳида мустаҳкам дўстлик ришталарини боғлашлари, бир-бирлари билан улфат бўлишлари мумкин. Биринчи биродарлик умумий биродарлик дейилса, кейингиси хос биродарлик дейилади. Бу хос биродарликка ҳам Исломда алоҳида тарғиб қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, мусулмонларни диндош биродарлар деб эълон қилганларидан кейин, муҳожирлардан бир кишини ансорийларнинг бири билан ака-ука қилиб қўйганлар. Бу диний биродарлик қариндошлик, туғишганлик алоқаларидан устун саналган. Улар ҳамма масалаларда, ҳатто мерос масаласида ҳам мана шу алоқага таяниб иш кўришган. Уларнинг бир-бирларига валийликлари бир-бирларига ёрдам беришда, мерос тақсимлашда, хун тўлашда, қарзларини ўташ ва туғишганлар орасида бўладиган бошқа ҳомийлик ва жавобгарлик масалаларида ўз аксини топган. Ушбу биродарликни Қуръони карим ҳам мадҳ қилган.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида марҳамат қилади:

«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана шуларнинг ўзлари зафар топувчилардир» (9-оят).

Мусулмонларнинг Аллоҳ таоло учун ўзаро хос дўст ва улфат бўлишлари фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бундай дўстлик бизда «дўст тутиниш», «улфат бўлиш» иборалари ила ифода қилинади. Араб тилида эса бу нарса «суҳбат» дейилади. Суҳбат сўзи «соҳиб бўлди» деган маънодан олингандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тириклик даврларида у зотга иймон келтирган, ўзларини кўрган ва бирга бўлган мусулмонларнинг «саҳобалар» деб аталиши ҳам шундандир. Аммо бизда «суҳбат» сўзи хато тарзда сўзлашув маъносига айланиб қолган.

Содиқ дўстларни топиш ва улар билан улфат бўлишнинг фазли ҳақида бир қанча шаръий матнлар келган.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар» (119-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин улфат бўлувчи ва улфатга танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфатга танланмаган кимсада яхшилик йўқ. Одамларнинг яхшиси одамларга манфаатлироғидир», дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганлар қани? Бугунги кунда, Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Мен уларни Ўз соямга олурман», дейди».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Менинг жалолим учун бир-бирларини яхши кўрганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига ҳавас қилурлар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Улар кимлар эканининг хабарини бизга айтасизми?» дейишди.

«Улар – ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила бир-бирларини яхши кўрган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида, улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида, улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод Қуръони каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда:

«Шундай қилиб сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик», деган. Шунинг учун гоҳида Қуръони карим «руҳ» деб ҳам аталади.

Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилган, бир-бири билан дўст бўлган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилган одамлардир. Шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар эканлар.

Содиқ дўстлар тутиш ва улар билан суҳбатда бўлиш инсоннинг дини учун, ўзи учун, дунёси учун, жамияти учун мафаатли иш бўлганидан, шариатда бу ишга катта аҳамият берилган. Уламоларимиз Қуръони карим оятлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва шариатимиз аҳкомлари асосида бу муҳим инсоний, ижтимоий алоқа бобида ҳам кўплаб асарлар битишган, боблар очишган. Уларда суҳбат – дўст тутиниш ва улфатчилик одобларини баён қилишган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
., ., ., .,. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай, дейишди. .Онангга,, дедилар. .Сўнгра кимга, деди. .Онангга,, давоми...

797 12:46 / 16 ноябрь
159. Абу Дардодан ривоят қилинади.У киши одамларга қараб шундай дер эди.Эй одамлар Биз сизларни байтарлар ҳайвонларни билганларидан ҳам кўра яхшироқ биламиз. Биз давоми...

4149 16:37 / 26.01.2018
372. Қубайса ибн Жобирдан ривоят қилинади.Умар шундай деди.Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди.Ким бировни кечирмаса, у ҳам кечирилмайди.Ким бировни афв давоми...

4851 18:59 / 01.03.2018
Яна Луқмон сурасида марҳамат этилади .Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир, 19оят.Яъни, юришинг ўртача давоми...

3889 14:47 / 18.10.2018
Видеолар

3397 18:25 / 15.03.2019
Аудиолар

210851 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130115 14:35 / 11.08.2021