1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбaтнинг сaбaблaри вa ундан қутулиш учун муoлaжaлар (9-қисм)

15:29 / 02.06.2018 3161 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бешинчи сабаб: ҳасад.

Одатда, бировга ҳасад қиладиган киши ўзининг бор вақтини ўша кишини ғийбат қилиш билан ўтказади. Шундай қилиш билан дилидаги ҳасад оловини ўчирмоқчи бўлади. Агар дилда кимгадир нисбатан ҳасад пайдо бўлса, ҳасадни гуноҳи кабиралардан деб билиб, дилни ундан пок тутишга ҳаракат қилиш лозим.

 

Аз ҳасад аввал ту дилро пок дор,

Хештанро баъдазон мўмин шумор.

 

Назмий маъноси:

 

Аввало дилни ҳасаддан пок қил,

Ўзни сўнг мўмин дея идрок қил.

 

Насрий баёни: Аввало дилингни ҳасаддан пок тутгин, кейин ўзингни мусулмон санагин.

Агар дилингни ҳасаддан пок тута олмасанг, ҳеч бўлмаганда тилингни ғийбатдан сақла, чунки бир гуноҳ қилиш икки гуноҳ қилишдан енгилроқдир.

Олтинчи сабаб: Аллоҳнинг фазлу карамига суяниш.

Одатда ғийбат қилаётган кишини бу ярамас ишдан қайтаришса, у: «Аллоҳнинг фазлу карами кенг, У бизнинг гуноҳларимизни кечиради», дейди.

Биринчи муолажа. Албатта, Аллоҳ таоло Ғафур, Раҳийм зот, лекин шу билан бирга унинг Қаҳҳор сифати ҳам бор. Аллоҳ таоло бизга раҳм қиладими, йўқми – бу бизга маълум эмас. Агар У Зот бизни бирорта кичик гуноҳ сабабидан азобласа, биз учун ҳеч бир ҳимоячи топилмайди. Ахир ғийбат кичик эмас, катта гуноҳ-ку! Пайғамбарлар дўзахга киришдан саломат бўлатуриб, бирор янглишиш содир бўлса, хавфга тушиб йиғлардилар. Улар шу қадар қўрқсалар, бошдан оёғигача гуноҳга тўла бўлган бизнинг аҳволимиз нима бўлар экан?

Иккинчи муолажа. Албатта, Аллоҳ таоло Ўзига тегишли ишларда гуноҳларни кечириб юборади. Лекин ғийбат банданинг ҳаққидир. Ғийбат қилинган банда қиёматда Аллоҳ таолога ёлворса, Аллоҳ таоло ғийбат қилувчидан унинг ҳаққини олиб бериб, уни рози қилади.

Еттинчи сабаб: душманлик.

Бировга нисбатан қалбида адоват ва нафрати бўлган инсон ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам уни ғийбат қилишга уринади.

Муолажа. Агар инсонга бировдан кулфат етса, унга адоват қилмаслиги, унинг устидан шикоят қилмаслиги керак. Шайтон шундай ҳолатларда инсоннинг қалбига васваса солиб, орада фасод пайдо қилади. Шайтоннинг васвасасига алданмаслик лозим.

Насиҳат. Одамлар арзимас сабаблар билан бир-бирларига нафрат қиладилар. Учрашганда ниҳоятда хушмуомалалик билан гаплашсалар ҳам, кетганларидан сўнг бир-бирининг устидан ҳаммага шикоят қиладилар. Зоҳирий кўринишда одамларга муҳаббат изҳор қиладилар, лекин ботинда уларга душманлик қиладилар. Зоҳирда ўзини дўст қилиб кўрсатиб, қасамлар ичадилар, бироқ ботинда чаёндек чақишга пайт пойлайдилар. Бундай дўстлар муҳаббатга лойиқ эмас, улар Аллоҳнинг лаънатига учрайдиган кишилардир.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Инсонлар илм ўрганиб, унга амал қилишни тарк этсалар, тиллари билан бир-бирларига дўст бўлиб, қалблари билан эса бир-бирларига нафрат қилсалар ҳамда қариндошликни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб қўяди».

Насиҳат. Кўпчилик одамлар мусулмонларга, хусусан ўз қариндошларига нисбатан адоват ва душманчилик қиладилар. Ҳатто бемор бўлишса, кўргани ҳам бормайдилар. Шунинг учун бу ўрин адоват ҳақида гапиришнинг мақоми бўлмаса ҳам, ушбу сўзларни ёзмоқдаман. Чунки одатда ғийбат қилишга адоват ва нафрат сабаб бўлади. Бинобарин, ғийбатнинг сабаблари саналаётганда адоват ва душманлик ҳақида ҳам айтиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Мен шундай кишилардан бирига: «Нима учун фалончидан нафратланасиз? У билан гаплашмас экансиз, ҳатто у бемор бўлганда кўргани ҳам бормаган эмишсиз», дедим. У киши: «Чунки у менга ҳаддан ташқари кўп азият етказган, дилим ундан қаттиқ ранжиган», деб жавоб берди. Мен у кишига: «Сиз нафсингизга тобемисиз ёки нафсингиз сизга тобеми? Одамлар сизга озор берганда шу гапни хаёлингизга келтиринг, уларга душманчилик ва нафрат қилишни қўйинг», дедим ва қуйидаги ҳикояни айтиб бердим.

Ҳикоя. Бир зоҳид киши айтади: «Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотдан: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен одамлардан алоҳида яшайми ёки уларга аралашиб юрайми?» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар билан бирга яшаб, улардан етадиган озорларга сабр қилишинг сен учун яхшироқдир», деб жавоб бердилар.

Ўша киши гапларимни эшитгач, «Сиз душманимнинг тарафини оляпсиз, менинг унга ҳеч қандай нафратим йўқ», деди. Мен: «Ундай бўлса, нима учун у билан кўришмайсиз, гаплашмайсиз?» десам, у киши: «Учрашадиган бўлсам, орамиз янада ёмонроқ бузилиши мумкин», деб баҳона қилди. Мен: «Бемор одамни зиёрат қилиш суннатдир. Арзимас сабаб билан бу муборак амални тарк этиш қандай қилиб дуруст бўлади?» деган эдим, у киши жим бўлиб қолди.


«Ғийбат ўзи нима?»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадимдан ахлоқ илми уламолари .Одамдаги хулқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими, деган саволга жавоб беришда давоми...

4430 15:34 / 24.10.2017
Еттинчи зарар қиёматда ҳасрат ва надоматга қолиш.Саъдий раҳимаҳулоҳ айтади Сар аз жайби ғафлат баровар кунун,Ки, фардо намонад ба ҳасрат нигун.Назмий маъносиСен давоми...

3406 21:16 / 18.04.2018
Ана у Бизларга Аллоҳнинг марҳамати Унинг осмонидан тўкилмоқда. Ана у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саховати ва ёрдами билан Унинг фазлу карами ва эҳтироми давоми...

4012 19:22 / 22.01.2018
Ўтган ҳафта сизларга муҳим бир масала ndash қалбнинг дунёга муҳаббат қўйиши ва бунинг оқибатида пайдо бўладиган ҳалокатли асоратлар ҳақида гапириб берган эдим. Ва давоми...

4396 16:42 / 02.12.2017