1447 йил 8 шаъбон | 2026 йил 27 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ибора айтишга изн

17:23 / 04.02.2018 4078 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кимга ибора айтишга изн берилган бўлса, унинг иборалари махлуқотларнинг қулоғида фаҳмланади ва ишоралари улар учун равшанлашади.

Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан кимга ибора айтишга, яъни хаёлига келган фикрларни, зеҳнидаги ҳақиқатларни ва онгидаги турли маълумотларни одамларга етказишга изн берган бўлса, эшитган одамлар унинг гапларини яхши тушунишади ва ишоралари ҳам уларга равшанлашади.

Мазкур изннинг шартлари қуйидагилардан иборат:

– Калом ҳақиқатга тўғри келиши шарт.

– Каломдан кўзланган мақсад Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши шарт.

– Каломни баён қилиш вақти муносиб бўлиши шарт.

– Эшитувчилар айтиладиган каломга лойиқ бўлишлари шарт.

– Калом эгаси ўзининг каломига амал қилиши шарт.

Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган каломни иборалар ила ифода қилишга Аллоҳ таоло изн берган бўлади. Аллоҳ таоло изн берган банданинг каломини эшитган одамлар унинг гапларини яхши тушунишади ва ишоралари ҳам уларга равшанлашади.

Агар шартлар тўлиқ бўлмаса, ибора айтишга изн берилмаган бўлади. Бинобарин, қуйидаги каломларга изн берилмаган бўлади:

– Ким ҳақиқатга тўғри келмайдиган гапни айтмоқчи бўлса, унга ибора айтиш изни берилмаган бўлади.

– Ким тўғри ҳақиқатларни одамларга етказишдан дунёвий ғаразни кўзлаган бўлса, унга ҳам ибора айтиш изни берилмаган бўлади.

– Ким Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб, илмий ҳақиқатларни ва маърифатларни одамларга етказишга номуносиб вақт танлаган бўлса, унга ҳам ибора айтиш изни берилмаган бўлади.

– Ким Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб, илмий ҳақиқатларни ва маърифатларни одамларга етказишга муносиб вақт танлаган бўлса-ю, айтиладиган каломга лойиқ эшитувчиларни танламаган бўлса, унга ҳам ибора айтиш изни берилмаган бўлади.

«Али розияллоҳу анҳу айтди: «Одамларга билган нарсаларини гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Расулининг ёлғонга чиқарилишини яхши кўрасизларми?!»

Бухорий ривоят қилган.

– Ким Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб, илмий ҳақиқатларни ва маърифатларни одамларга етказишга муносиб вақт танлаб, айтиладиган каломга лойиқ эшитувчиларни танлаб айтганига ўзи амал қилмаган бўлса, унга ҳам ибора айтиш изни берилмаган бўлади.

Ким юқорида зикр қилинган шартларни ўзида мужассам қилса ва мазкур нуқсонлардан холи бўлса, Аллоҳ таоло унинг одамларга айтган иборалари тингловчиларга таъсир қиладиган бўлишини таъминлайди.

Ўзида тингловчилар қабул қилиши учун керакли шартларни мужассам қилган ибораларни фақатгина Ҳаққа бўйсунишдан бош тортганлар ва кибру ҳавога берилганларгина қабул қила олмайдилар. Ушбу тоифадагиларнинг Қуръони Каримда зикри келганларидан бири Фиръавн қавмидир.

Аллоҳ таоло Намл сурасида марҳамат қилади:

«Бас, уларга оят(мўъжиза)ларимиз кўз очувчи бўлиб келганида: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар»  (13-оят).

Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини кўриб, ҳар бир инсоннинг кўзи очилиши керак. Бу мўъжизаларни кўриб, ҳамма тўғри йўлни топиши лозим.

«Бас, уларга оят(мўъжиза)ларимиз кўз очувчи бўлиб келганида...»

Мўъжизалар Фиръавн қавмига ҳам кўзларини очувчи бўлиб келди, аммо уларнинг кўзлари очилмади.

Ҳа, қалб кўзлари кўрлигича қолди. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг мўъжизаларини

«Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар».

«Ва ўзлари аниқ билиб турсалар ҳам, зулм ва кибр туфайли уларни инкор этдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол» (14-оят).

Демак, Фиръавн ва унинг қавмининг бу илоҳий мўъжизаларни инкор этишлари уларни билмасликдан эмас. Улар бу мўъжизаларнинг нималигини жуда яхши билганлар. Аммо билиб туриб, зулм юзасидан, иймонни менсимасдан, кибр қилган ҳолларида инкор этдилар. Бу инкорнинг оқибати нима билан тугаши маълум ва машҳурдир.

«Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол».

Фиръавн ва унинг қавмининг оқибати нима бўлгани ҳаммага маълум. Бошқа сура ва оятларда бу ҳақда такрор-такрор айтилган. Бундай кишилар ҳар бир аср ва ҳар бир жойда бордир.

Аллоҳ таоло томонидан кимга ибора айтишга изн берилган бўлса, унинг иборалари халқ қулоғида фаҳмланишини ва ишоралари уларга равшанлашишини насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ботин бўлгани учун барча нарсани зоҳир қилди. Зоҳир бўлгани учун барча нарсанинг вужудини яширди.Аллоҳ таолонинг Ботин ва Зоҳир исмлари нисбий ва изофий маънони давоми...

6372 20:45 / 18.03.2018
Махлуқотларнинг сенинг хусусиятингни билмоғига орзуманд бўлишинг бандалигингда содиқ эмаслигингга далилдир.ndash Бандалик инсоннинг бутун борлиғини ва давоми...

4202 19:30 / 18.01.2018
Шайтоннинг қалбга кириш йўллари банданинг сифатлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилади. Биз мазкур эшикларнинг энг катталари ҳақида сўз юритамиз.1. Ғазаб ва давоми...

4945 15:09 / 03.10.2020
Маълум бўлсинки, ғийбат қилинган киши ғийбат қилувчидан ҳақдор бўлиб қолади, яъни қиёмат куни унинг устидан шикоят қилиб, даъво қилишга ҳаққи бўлади. Ғийбат давоми...

5756 12:35 / 12.06.2018