1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ўта ҳожатмандликлар фойдаси

20:47 / 10.06.2018 3656 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гоҳида рўза ва намозда топа олмайдиган қўшимча(фойдалар)ни ўта ҳожатмандликларда топасан.

Рўза ва намозга ўхшаш барча ибодатларни ўз ўрнида ва мукаммал тарзда одо этиб юрган ҳар бир солик ва мурид кўплаб яхшиликларга сазовор бўлиши оддий ҳақиқатдир. Айниқса, бугунги кунимизда бу масалага катта эътибор берилмоқда ва ҳар бир ибодатнинг бандага келтирадиган зиёда фойдалари бирма-бир санаб чиқилмоқда.

Рўзанинг фойдалари: 

1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.

2. Рўза туфайли рўзадор ўз соғлиғини тиклаб олади.

3. Рўза ҳавои нафсни синдиради.

4. Рўза шайтонга қаҳр кўрсатишдир.

5. Рўзадорнинг қалби мусаффо бўлади.

6. Рўза тутганнинг гуноҳлари мағфират қилинади.

7.  Рўза тутган одам фаришталар сифати ила сифатланади.

8. Рўзадор сабр-бардошли бўлади.

9.  Рўза раҳм-шафқат сифатини шакл­лантириб, мустаҳкамлайди.

10. Рўза тутган кишининг қалби покланиб, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади ва ҳоказо.

Намознинг фойдалари:

1. Намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.

2. Намоз ютуқ ва нажот йўлидир.

3. Намоз хато ва гуноҳларни ювиш воситасидир.

4. Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.

5. Намоз кишига мисл­сиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.

6. Намоз ўқийдиган инсон ғафлат уйқусидан уй­ғониб, ҳаётга теранроқ назар сола бошлайди.

7. Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.

8. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади.

9. Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган энг муҳим омилдир.

10. Намоз поклик рамзидир. Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, балки бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади ва ҳоказо.

Шунга ўхшаш, барча тоат ва ибодатларнинг уларни адо этувчи бандаларга етказадиган зиёда фойдалари жуда ҳам кўп. Ҳар бир солик ва мурид мазкур тоат ва ибодатларнинг фойдаларини яхши билади, улардан баҳраманд бўлиб юради. Шу билан бирга, ҳар бир адо этилган тоат ва ибодатни Аллоҳ таоло қабул қилиши ва ўзига яраша ажру савоб бериши ҳам бор. Энг катта мукофот ва фойда мана шу бўлади. Мазкур ажр ва савобга эришиш мақсадида солик ва мурид барча қийинчиликларни енгишга ҳаракат қилади ва бу йўлда учрайдиган машаққатларга сабр қилади.

Бундан олдинги ва ушбу биз ўрганаётган ҳикматдаги банда гоҳида учраб турадиган ўта ҳожатмандликлар, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, бало ва мусибатлар эса бандани ҳеч қандай тайёргарликсиз ва уринишсиз бирданига хорлик ва зорлик ҳолатига олиб келади, бандаликни тан олишига сабаб бўлади. Зотан, ҳар бир мусибатдан ўз-ўзидан хорлик ва зорлик келиб чиқади. Банданинг мутакаббирлиги ва саркашлиги йўқолади. Одатда бандага келадиган баъзи бало ва офатлар уни ғофилликдан огоҳлантиришга, бепарволикдан қайтаришга хизмат қилиши бор. Аввал ғафлат босиб, бепарво юрган кишилар бошига бало ёки мусибат етганидан кейин кўзи очилиб, ибрат олиб, ҳоли яхшилик томон ўзгариб қолиши тажрибада кўп кўрилган ва кўрилаётган ҳолатдир.

Бундай ўта ҳожатмандликлар яқин кишининг ўлими, беморлик, молга талафот етиши ва шуларга ўхшаш мусибатлар бўлиши мумкин. Улардан кейин солик ёки мурид бутунлай яхшиликка бурилган инсонга айланиб қолади. Биргина ҳодиса туфайли динга, тоат-ибодатга, солиҳ амалларга, гўзал ахлоқларга, хуллас, жамики яхшиликлар томон тубдан бурилади. Бунга мисоллар ҳар қадамда учраб турибди.

Аллоҳ таоло бандасини синаш учун унга раво кўрган ҳар бир мусибат ва қийинчилик банданинг содир этган маъсиятининг каффорати ёки унда пайдо бўлган ғафлатдан огоҳлантириш учун ёхуд ундан содир бўлган юз ўгириш ва унутишдан кейинги тавба-тазарруга чорлаш учун бўлади. Мазкур мусибат ва қийинчиликларга учрамагунича банда Роббидан ғафлатда бардавом бўлиб, У Зотдан юз ўгириб, маъсиятни содир этиб юраверади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандасини синаш учун унга раво кўрган ҳар бир мусибат ва қийинчилик неъмат, лутфу карам ҳисобланади.

Воқеликка, атрофимизга назар соладиган бўлсак, кўпчиликнинг ўзини ўнглаб олишига, ибодатга берилишига ва саодатга эришишига ҳаёт давомида бошига тушган қандайдир мусибат сабаб бўлганини кўрамиз.

Мусулмон ўлкалардан биридаги эски танишларимдан бири билан учрашиб қолдим. У киши билан кўришмаганимизга анча бўлган эди. Суҳбат давомида унинг қамалиб чиққани аён бўлди. Суҳбатдош ноҳақ қамалган бўлса ҳам, бўлиб ўтган ишдан мамнун эканини айтди. Унинг айтишича, қамалиш ҳодисаси унинг кўзи очилишига сабаб бўлган. Авваллари ўйлаб кўрмаган, етти ухлаб тушига кирмаган ибратли ҳикматларни тушуниб етишига сабаб бўлган. Бу дунё ғанимат эканини, унда савоб ишларни кўпроқ қилиб, одамларга яхшилик етказиб, охиратга захира жамлаб олишга ҳаракат қилиш кераклигини тушуниб етган. Динимизни яна ҳам теранроқ ўрганиш ва унга амал қилишни яна ҳам кучайтиришга қарор қилган.

 Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

«Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз» (35-оят).

Аллоҳ таоло бандаларини гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синайди. Ёмонлик етганида банданинг қийинчиликка чидаши, ўша оғирликка сабр этиши, Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бу синовларга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиш ҳам мумкин.

Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ айтмоқдаки:

«Гоҳида рўза ва намозда топа олмайдиган қўшимча- (фойдалар)ни ўта ҳожатмандликларда топасан».

Чунки мазкур ўта ҳожатмандликларда иймон, илм, маърифат ва ҳақиқатлардан бошқа нарсаларда топилмайдиган зиёда фойдалар олинади. Чунки мазкур ўта ҳожатмандликка сабаб бўлган синов ва мусибатлар туфайли бандалик бошқа ҳолатларга қараганда кўпроқ юзага чиқади, нафснинг даъволари узоқлашади ва нафс Ҳақ таолога яқинроқ ва мутакаббирликдан узоқроқ бўлади. Рўза, намоз ҳамда уларга ўхшаш бошқа тоат-ибодатларда нафснинг даъвоси, риё ва шунга ўхшаш нарсалар банда истаса ҳам, истамаса ҳам рўёбга чиқади.

Аллоҳ таоло барчамизга гоҳида рўза ва намозда топа олмайдиган қўшимча фойдаларни ўта ҳожатмандликларда топишимиз мумкинлигини англаб етадиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кимга ибора айтишга изн берилган бўлса, унинг иборалари махлуқотларнинг қулоғида фаҳмланади ва ишоралари улар учун равшанлашади.Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан давоми...

3395 17:23 / 04.02.2018
Эй одамлар Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, давоми...

3961 17:04 / 16.02.2018
Ғийбат ndash ҳаромлиги қатъий ояту ҳадислар ҳамда ижмо билан собит бўлган амалдир. Ғийбатнинг ҳаромлигини инкор қилган, яъни уни ҳалол санаган киши кофир бўлади ва давоми...

3701 15:36 / 08.03.2018
Абу Нуъайм ўзининг .Ҳулятул авлиё,сида Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Ҳошимдан ривоят қилади.Зуннун Мисрий ўз дуосида қуйидагиларни айтганини эшитдим.Аллоҳим давоми...

3391 20:32 / 16.07.2017