1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Ҳаёли қизларга олқишлар бўлсин!

09:02 / 02.02.2018 8307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаёли қизларга олқишлар бўлсин!

Динимиз кўрсатмасига мувофиқ кийинган ҳаёли аёл-қизларга нисбатан айрим ҳолатларда қолоқ деган нотўғри назар билан қарайдиган кишиларга гувоҳ бўлиб қоламиз. Аслида, уларнинг бу ҳолатлари ҳақиқатан ҳам қолоқликми? Келинг, биз сизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли қизлари, жаннат аёлларининг саййидаси бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳаётларидан гўзал бир лавҳани ҳикоя қиламиз:

Фотима розияллоҳу анҳо бетоб бўлиб, ўлим тўшагида ётганларида Асмо бинту Умайс розияллоҳу анҳо у кишини кўриш учун зиёратига келдилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо унга: “Эй Асмо, мен аёлларга қилинадиган нарсани ёқтирмайман. Аёл кишининг устига битта мато ташлаб қўйилади ва бу уни васф қилиб туради”, дедилар. (Фотима онамиз ушбу сўзлари билан “вафот этганимда тобутим эркаклар олдига олиб чиқилиб, уларга менинг жисмим билиниб туришидан ҳаё қиламан”, деган маънони ирода қилган эдилар. Чунки ўша вақтда тобутлар текис тахталардан иборат бўлиб, маййит унинг устига қўйиларди. Маййитнинг устига эса мато ташлаб қўйилар эди. Лекин бундай тобутдан жасаднинг тузилиши билиниб турарди.) Шунда Асмо (розияллоҳу анҳо Фотима онамизга): “Эй Расулуллоҳнинг қизлари, Ҳабашистонда ўзим кўрган нарсамни сизга (ясаб) кўрсатайми?”, деди ва хурмонинг хўл новдаларидан олиб келишни сўради. Сўнгра уларни букди (ва тахтанинг устига ўрнатиб, тобут ясаб кўрсатди). Кейин уларнинг устига мато ташлади. Буни кўргач, Фотима розияллоҳу анҳо: “Бу қандай ҳам яхши, қандай ҳам гўзал! Бу сабабли аёл киши эркак кишидан ажралиб туради”, деди. (Чунки мазкур тобут жасаднинг тузилишини билдирмайдиган тобутга айланган эди).

- Субҳаналлоҳ! Вафот этган аёл бешта мато билан кафанланадиган бўлса ҳам Фотима онамиз ҳаё қиляптилар!

- Беш қават матога кафанлангандан кейин Фотима онамиз жисмининг қайси қисми билинар эди?!

- Фотима онамизнинг тобутини кўтарадиган зотлар кимлар эди?! Ахир, улар энг тақволи зотлар – саҳобалар ва тобеинлар эмасми?!

- Бу ҳолат бирор фитнага сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатмиди?! Йўқ, асло ундай ҳолат эмас! Чунки бу ўрин бозор ёки сайлгоҳ каби кўнгилхушлик қилинадиган ўрни эмас, балки маҳзунли ўрин эди-ку!

- Офарин! Фотима онамиз вафот этгандан кейинги ҳолати учун ҳам ҳаё қиляптилар-а!

- Шундай экан, “бугунги кунимиздаги тирикларнинг ҳаёси қандай ҳолатда?”, деган савол туғилади.

- Агар Фотима онамиз бизнинг замонимиздаги ҳолатни кўрганларида эди, ҳаёси ўлиб, калта-култа кийиниб, бўяниб олган, юришида ҳаммани ўзига жалб қилаётган, баланд овозда куладиган, атирининг ҳиди уфуриб, ўтган-кетганни ўзига ром қилаётган аёл-қизларни кўриб қандай аҳволга тушган бўлардилар?!

- Авратларини беркитган ҳаёли ва одобли аёл-қизларни қолоқ дейдиганлар қани?

- Айтингчи, Фотима онамиз қолоқ бўлганларми?

Шуни унутмангки, Фотима онамиз ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотима жаннат аҳли аёлларининг саййидасидир”, деб башорат берганлар.

- Агар авратини беркитган ҳаёли аёл-қизлар қолоқ дейилса, ўша “қолоқ” аёлларга олқишлар бўлсин!

Ҳа, азизлар, ҳаё буюк хулқдир. Ҳаё фақат яхшилик олиб келади. Ҳаё жаннатга олиб киради. Буюк ватандошмиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё фақат яхшилик олиб келади”, деганлар.

 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, ҳар бир оилада эрхотин тинчтотув, аҳилиноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло барчага ана давоми...

8041 05:00 / 07.03.2017
Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз давоми...

13018 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таоло .Мўминларга айтгин Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. давоми...

13461 05:00 / 14.02.2017
Маҳмуд синглиси Фотима билан дўстларини зиёфат қилдираётган отасини кутишар эди. Меҳмонлар кетгач, ота уларнинг олдига кулиб кирган ҳолда Ассаламу алайкум ва давоми...

3399 05:00 / 15.02.2017