1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Фаришталар қуршаб олган диёр

16:31 / 18.01.2018 5408 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг уйларидан бирида бир қавм тўпланиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилишса, уни ўзаро дарс қилишса, уларга сакинат нозил бўлади, уларни раҳмат қамраб олади, фаришталар қуршаб олишади ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагиларга (фахрланиб) зикр қилади» (имом Муслим ривоят қилган).

Қуръон мусобақаси юртимизда ўзгача бир файз билан давом этмоқда. Аллоҳ таоло бундай хайрли тадбирларни давомий қилсин, янада кенг кўламда ўтказишни насиб қилсин. Мусобақада иштирок этиш учун мурожаат қилганларнинг кўплигини кўриб, кўзингиз қувнайди. Аммо баъзи вилоятларда қатнашувчиларнинг камлигини кўриб, кейинги йилларда иштирокчиларнинг сони ва сифати янада ошишини сўраб, дуолар қиламиз. Масалан, Фарғона вилоятида мусобақанинг ҳифз йўналиши бўйича йигитлардан 219 киши, қизлардан эса 4 киши қатнашяпти экан. Аммо баъзи вилоятларда эркагу аёлларни бирга қўшиб ҳисоблаганда 5 нафарни ташкил қилибди. Буюк алломалар юрти бўлган, улуғ муфассирлар, муҳаддисларнинг Ватани бўлган жаннатмакон Ўзбекистонимиз учун бу ҳали жуда кам, албатта. Демак, бу борада янада ғайрат-шижоат билан иш олиб бориш, Қуръон мусобақасини кенгроқ тарғиб қилиш, унда иштирок этиш учун ўғил-қизларимизни тайёрлашимиз керак экан.

Қардош республикаларда, масалан, Туркия республикасида бу борада олиб борилаётган ишлар ҳар қанча таҳсинга сазовордир. 2017 йилининг бошларида Туркия диёнат бошқонлиги (мусулмонлар диний идораси) раҳбари, муфтий, профессор Али Эрбашнинг айтишича, 1975 йилдан бугунга қадар Диёнат бошқонлиги томонидан расмий тасдиқланган ва имтиҳон топшириб, Қуръон ҳофизи шаҳодатномасини олганлар қорилар сони 126500 нафарни ташкил қилади. Бундай имтиҳон ҳар йили уч марта ўтказилади, унга қатнашиш истагини билдирганлар сони ўн мингдан ортиб кетади. Имтиҳонда уларнинг ярмидан кўпи муваффақиятли ўтиб, Қуръон ҳофизи деб эътироф этилади.

Бундай катта натижага қандай эришилган? Диёнат бошқонлигининг расмий сайтида берилган маълумотга кўра, ҳозирда мамлакатда 22758 та Қуръон ўқитиш курси халққа хизмат қилмоқда. Ушбу курсларда 28000 нафар ўқитувчи 700000 дан ортиқ кишига бошланғич исломий илмлардан дарс беради ҳамда Қуръон ўқиш ҳамда ёдлаш бўйича машғулотлар олиб боради. Талабаларнинг 60 мингини эркаклар, қолганини эса аёллар ташкил қилади.

Биргина Истанбул шаҳрининг ўзида қизлар учун 50 дан ортиқ махсус Қуръон таҳфизи интернатлари ишлаб турибди. Шунингдек, Диёнат бошқонлигининг эътироф қилишича, сўнги йилларда 4-6 ёшли болажонлар учун Қуръон ўқитиладиган боғчалар сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Юқорида келтирилган рақамлар фақатгина Диёнат бошқонлиги қошида ташкил қилинган Қуръон курсларига оид бўлиб, мамлакатда бошқа жамият, марказ ва вақфларнинг ҳам ўз Қуръон курслари, ўз мадрасалари бор. Уларнинг сони эса Диёнат бошқонлигига қарашли ўқув масканларидан кўплиги эса барчага маълум. Масалан, Истанбулнинг биргина Фотиҳ туманида 500 дан ошиқ Қуръон курслари ва мадрасалари бор.

Бундан ташқари, мамлакатда ҳар йили ёзги таътил кунларида ёзги Қуръон дастурлари амалга оширилади. Биргина Диёнат бошқонлигига қарашли юз мингдан зиёд масжид ва мадрасаларда 150000 га яқин имом ва мударрислар миллионлаб мактаб ўқувчиларига Қуръон ва бошқа илмлардан таълим берадилар. Ёзги Қуръон дастурлари икки ой давом этади. Муфтий Али Эрбашнинг айтишича, ёзги Қуръон дастурида болажонларга 11 миллион донна мусҳафи шариф ҳамда бошқа диний дарсликлар бепул тарқатилар экан. Шунинг ўзи ҳам мамлакат бўйича Қуръон курсларига қатнашувчиларнинг сони қанчалик кўп бўлишини кўрсатади.

Туркия давлати Қуръон курсларининг, мадрасаларнинг бу қадар кўплиги билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Иншааллоҳ, давлатимиз томонидан очиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдалансак, Роббимиз ато этган бу неъматларнинг шукрини нафақат сўзда, балки амалда ҳам адо этсак, бизда ҳам худди шундай бўлади, балки бундан ҳам аъло бўлади.

Бунинг учун янада кўпроқ меҳнат қилишимиз, Қуръон таълимини янада кенгроқ йўлга қўйишимиз, оилада фарзандларимизни бу улуғ ибодатга тарғиб қилишимиз лозим. Иншааллоҳ, кейинги йилларда Қуръон мусобақасига 800 эмас, балки 8000 ҳофизи Қуръон қатнашади, 40 та эмас, 4000 та ҳофизаларимиз иштирок этади.

Шу дориломон кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтайлик, бу улкан ислоҳотларга мутасадди бўлиб турган барча азизларимизнинг ҳаққига дуолар қилайлик, уларни қўллаб-қувватлайлик. Ана шунда ҳар бир хонадомизга Қуръон нури кириб боради, Қуръон ўқилган юртга сакинат нозил бўлиб, Аллоҳнинг раҳматлари, хайр-баракотлари ёғилади.


Муҳаммад Одил Қўқон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз,, деган.Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда давоми...

6511 05:00 / 19.01.2017
Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла У зот .Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман, деди. У .Зурриётимдан ҳамми, давоми...

3720 05:00 / 19.01.2017
Тафсири Хилолдан...Гуноҳкорлар дўзахга киришларига сабаб бўлган мазкур ишларни, ўлгунларича қилаверганларини ўзлари эътироф қилмоқдалар. То ўлим келгунча давоми...

3760 05:00 / 23.01.2017
43. Сизнинг кофирларингиз аввалгиларингиздан яхшироқми Ёки китобларда сизларга оқлов бормиБу саволларда қаттиқ инкор оҳанги бор. Ақлни ишлатиб кўриш зарур. Аввал давоми...

3748 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

131589 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52066 14:35 / 11.08.2021