1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Тавба 31-35

05:00 / 19.01.2017 4231 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


31. Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир.

«Ҳибр» яҳудийларнинг диний олимидир. «Роҳиб» эса, насороларнинг диний одамидир. Аҳли китоблар ҳақидаги мазкур уруш қилиш ёки жизя талаб этиш ҳукмининг нозил бўлишига бешинчи сабаб:
«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар».
Аҳли китоблар қандай қилиб ҳибр ва роҳибларни Робб–Парвардигор тутишлари мумкин, деган савол пайдо бўлиши турган гап. Буни насоро ва яҳудийларнинг ўзлари ҳам инкор қиладилар. Лекин гап тамоман бошқа ёқда. Бу нозик масалани тушуниш учун Расули акрамнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам шарҳларига қулоқ тутсак, яхши бўлади.
Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: У кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етганда, Шомга қочиб кетган экан. Жоҳилият даврида Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу насронийлик динига кирган экан. Унинг синглиси ва қавмидан бир жамоа одамлар мусулмонлар қўлига асирга тушибди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг синглисини озод қилиб, ҳадялар берибдилар. Сингил бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришга ундабди. Машҳур Ҳотим Тоийнинг ўғли бўлмиш Адий ўз қабиласининг бошлиғи ҳам эди. У Мадинага борганида, одамлар унинг келгани ҳақида гап тарқатишди. У бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурлариига киради. Шунда у зот: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар.
Адий розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Мен:
«Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар».
Бундан кўриниб турибдики, бирор шахс ёки нарсани худо деб эътиқод қилиш билангина ширк бўлмас экан, балки ҳаётда шариатнинг кўрсатмаларини қўйиб бошқанинг кўрсатмаларини олиш билан, жумладан ҳалол-ҳаромни ажратишда Аллоҳнинг айтганидан бошқанинг айтганига юриш билан ҳам ширк келтириш содир бўлар экан.
Яҳудийлар ва насоролар ўз ҳибрлари ва роҳибларини худо деб эътиқод қилишгани йўқ, қилмайдилар ҳам. Лекин уларнинг айтганларига бўйинсунганлари, яъни, ҳалол деганларини ҳалол, ҳаром деганларини ҳаром деб билганлари учун ширк келтирган, уларни Робб қилиб олган ҳисобланмоқдалар. Ким Аллоҳдан бошқанинг ҳукмини ихтиёр этса, ширк келтирган бўлади. Бошқани Робб қилиб олган ҳисобланади. Бундай одамлар ер юзида Аллоҳнинг ҳокимиятига қарши чиққан одамлар саналадилар. Ҳолбуки,
«Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар».
Аммо аҳли китоблар бу амри илоҳийга амал қилмадилар. Яҳудийлар ва насоролар ўз ҳибрлари ва роҳибларини Робб тутдилар. Бу айни Аллоҳга ширк келтиришддир. Чунки,
«Ундан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир».
Уларнинг бу қилмишлари учун, юқорида келтирилган уруш ёки жизя ҳукми айни адолатдир.
Уларга нисбатан бундай ҳукм келишининг олтинчи сабаби қуйидаги ояти каримада баён қилинади:


32. Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир.
Яъни, Аллоҳ фақат Ўз нурининг тўкис бўлишини истайди. Шунинг учун ҳам У зот Ўзининг нури илоҳийсини-дини чироғини ўчирмоқчи бўлган аҳли китобларга қарши улар бўйсунган ҳолларида жизя бергунларича уруш қилишга амр этди.


33. У, гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан уни ҳамма диндан устун қилиш учун юборган зотдир.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган. У Ўз дини Исломнинг дунёдаги барча динлардан устун бўлишини хоҳлайди. Аҳли китоблар Аллоҳниг бу хоҳишига қарши чиқадилар. Улар Исломнинг бошқа динлардан устунлигини кўра олмайдилар. Шунинг учун қўлларидан келган барча ёмонликларни қиладилар. Аҳли китоблар Аллоҳнинг нури тўла бўлишини ёқтирмайдилар. Улар бу нурни оғизлари билан ўчиришга интиладилар. Бу нурга–Исломга қарши оғизларидан турли иғво-бўҳтонлар чиқади. Шунинг учун ҳам уларга нисбатан юқоридагидай ҳукм чиқиши айни адолатдир.
Аҳли китобларга нисбатан чиққан ҳукмнинг яна бир сабаби қуйидаги оятда зикр қилинади:


34. Эй иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер.
Аҳли китобларнинг ҳибр ва роҳиблари мол-дунёга ўчлиги тарихда маълум ва машҳурдир. Улар одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлар. Ушбу ояти каримада бу қабиҳ иш уларнинг «кўпларига» нисбат берилмоқда. Озчилиги ботил йўл билан одамларнинг молини ейишга қизиқмайди. Бу эса, воқеъликка тўғри келади. Бир вақтлар ҳибр ва роҳиблар тўплаган дунёлари подшоҳ ва императорларникидан ҳам кўплиги ошкор бўлган.
«Эй иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар».
Ҳозирда ҳам бу иш давом этмоқда. Аҳли китобларнинг диний муассасаларига, уларнинг жамғармаларига назар солган киши буни яхши билиб олади.
Ояти каримада баён қилинишича, ҳибр ва роҳиблар фақат одамларнинг молларини ботил йўл орқали ейиш билан кифояланиб қолишмайди. Балки Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар ҳам:
«Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар».
Бугунги кунда одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш ва мусулмонларни Исломдан чиқариш учун ҳадсиз-ҳисобсиз маблағлар сарфланмоқда. Ҳибр ва роҳибларнинг одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсишлари ҳақида ҳар қанча гапирилса оз. Шу боис уларга қарши юқоридаги ҳукм чиққан. Оятнинг давомида олтин-кумушларни йиғиб-тўплаб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли озоблар бўлиши ҳақида ҳам сўз кетади.
«Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер».
Мазкур аламли азобнинг қандай бўлиши қуйидаги ояти каримада баён қилинади:


35. Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур.
Бу икки оятдаги олтин ва кумуш, яъни, молу дунё тўплаш ҳақидаги маънолар кўпчиликни чўчитиб қўйган. Ҳатто саҳобаи киромлар ўртасида ҳам турли саволлар туғилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтириш берганлар.
Имом Абу Довуд Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Олтин ва кумушни хазина қилиб тўплайдиганлар» ояти нозил бўлганда мусулмонларга оғир келди. «Биздан бирор киши ҳам ўзидан кейинги фарзандига молу мулк қолдирмас экан-да», дейишди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Мен сизларни бу кўнгилсизликлардан чиқараман», дедилар-да, юриб кетдилар. У киши Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Саҳобларингизга бу оят катта нарса кўринди-ку», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ закотни беҳудага эмас, балки молларингизни поклаш учун фарз қилган. Меросни эса, фақат орқангиздан қоладиган мол учун фарз қилган», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳу акбар», дея такбир айтиб юбордилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Сенга эр киши учун энг яхши хазина нималигини айтайми? Аҳли солиҳ хотинки, унга назар солса, хурсанд қилади, бир иш буюрса, итоат этади. Ундан эри ғоиб бўлса, муҳофаза қилади», дедилар.
Шу ва шунга ўхшаш ҳадисларга суянган ҳолда оятдаги аламли азобга сабабчи «хазина» закоти берилмаган молу дунё, деган хулосага келинади. Дарҳақиқат, закотни бермай мол тўплаганлар аламли азобга дучор бўладилар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закотни адо қилмаган ҳар бир одамга қиёмат куни ўтдан тамға қилиниб ёнбошига, пешонасига ва орқасига босилади. У куннинг миқдори эллик минг йилга тенг бўлади, то одамлар орасида ҳукм чиқариб бўлгунча, тамға босилаверади. Сўнгра ё жаннатга, ё дўзахга йўли кўрсатилади», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзидан кейин хазина қолдирса, қиёмат куни унга икки қора нуқтаси бор, кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг орқасидан қувлаб юради. Ундан:
«Сен нимасан ўзи?» деб сўраса:
«Мен ўзингдан кейин қолдириб кетган хазинангман», дейди. Сўнгра яна орқасидан қувиб боради. У қўлини тутади. Илон қўлини тишлаб ютади ва жасаднинг қолганини ҳам юта бошлайди», деганлар.
Аввал айтганимиздек, юқоридаги етти оятда аҳли китоблар, яҳудий ва насоролар билан Ислом давлатининг муносабати ҳақидаги ниҳоий ҳукмлар баён қилинди.
Бундан олдин мушриклар ҳақидаги ниҳоий ҳукмлар айтилган эди. Мушрикларга тегишли ҳукмлар унча кўп тортишувларга сабаб бўлмайди. Чунки бу ҳукмлар, асосан, Арабистон ярим оролига хос бўлиб, сабаблари юқорида баён этилди. Улар ҳаммаси Исломни қабул қилдилар.
Аммо аҳли китобларга оид гап-сўзлар, тортишувлар жуда кўп. Шунинг учун бу мавзуни бир оз шарҳлашга тўғри келади. Худди мушриклар ҳақидаги ниҳоий ҳукмга ўхшаб, аҳли китоблар ҳақидаги ниҳоий ҳукм ҳам бирданига нозил бўлгани йўқ. Бу оятлар тушгунга қадар анчагина гап-сўзлар, муомалалар ва воқеалар бўлиб ўтган. Ана ўша асосида охирги қарор сифатида ушбу оятлар нозил бўлган.
Маълумки, Маккаи Мукаррамада аҳли китоблар кўп эмас эди. Варақа ибн Навфалга ўхшаш баъзи бир шахслар турли сабабларга кўра аҳли китоблар билан алоқада бўлиб, уларнинг динини қабул қилган бўлиши мумкин. Улар Исломга ва мусулмонларга яхши муносабатда бўлганлар. Айримлари Исломга кирганлар ҳам. Кейинчалик Мадинаи Мунавварада ҳам баъзи яҳудийлар Исломга кирдилар. Қуръони Каримда бунга ўхшаш аҳли китобларни мадҳ этувчи ояти карималар бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин аҳли китоблар билан алоқалар кучайди. Бунга, аввало, Мадинаи Мунавварада яшаб турган яҳудийлар сабабчи бўлдилар. Улардан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуга ўхшаш Аллоҳ ҳидоят берганлари мусулмон бўлиб, ажрларини икки ҳисса олиш бахтига муяссар бўлдилар. Лекин асосий гуруҳ биринчи кунданоқ Исломга ашаддий душманлик қила бошладилар. Улар мусулмонлар ўртасида фитна чиқаришга уринишдан ҳеч ҳам тўхтамадилар. Ислом дини, Қуръони Карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида турли иғво-бўҳтонлар тарқатишда бир лаҳза ҳам сустлашмадилар. Биринчи кундан бошлаб Қуръони Карим оятлари уларнинг хатоларини очиқ айтиб, ўзларини ўнглашга чақирса ҳам, кўнмадилар. Мунофиқликни ҳам худди шу яҳудийлар келтириб чиқардилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул исмли яҳудий эканлиги ҳаммага маълум. Яҳудийлар қибла Байтул Мақдисдан Маккага–Каъбага ўзгарганда ҳам катта иғвогарлик сафарбарлигини ўтказдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли аёллари Оиша онамизни зинода айблаб, ёлғондан иғво тарқатганлар ҳам ўшалар. Мушрикларни тўплаб мусулмонларга қарши урушга гиж-гижлаганлар ҳам ўшалар. Охири бориб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар улар билан сулҳ тузишди. Тинчлик-омонликдан бир-бирини ҳурмат қилиб яшашга келишилди. Аммо яҳудийлар бу сулҳга ҳам хиёнат қилдилар. Оқибатда Бани Қайниқоъ, Бани Назийр ва Бани Қурайза номли яҳудий қабилалари билан урушишга мажбур бўлинди. Яҳудийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун суиқасд ҳам уюштирдилар. Фақат Аллоҳнинг иноятигина у зотни сақлаб қолди. Улардан бир кампир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўшти берди. Хайбарда яҳудийлар билан мусулмонлар ўртасида катта жанг бўлди. Аммо яҳудийларнинг Исломга, мусулмонларга қарши душманлигининг чегараси кўринмас эди. Шунинг учун уларга нисбатан биз ўрганаётган оятлардаги ниҳоий ҳукмлар чиқарилди.
Аҳли китобларнинг яна бир тоифаси бўлмиш насороларга келадиган бўлсак, биринчи даврларда улар билан яхши алоқалар бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан заифҳолларига насроний подшоҳ Нажоший юрти Ҳабашистонга боришни, у ерда зулм кўрмасликларини айтганлар. Қуръони Каримда насоролар бошқаларга қараганда мусулмонларга яқинроқ эканликларини тасдиқловчи оятлар бор. Айни чоқда, худди яҳудийлар каби, насороларга ҳам уларнинг кофир эканликларини эслатадиган, хатоларини ўзларига баён қиладиган оятлар ҳам мавжуд. Маккаи Мукаррамага ҳам, Мадинаи Мунавварага ҳам баъзи насроний гуруҳлар келиб, Қуръони Карим тинглашгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли саволлар беришгани, кўнгли таскин топганлари Исломни қабул қилганлари маълум ва машҳур. Баъзилари одоб доирасида тортишув ҳам олиб борганлар. Форс давлати билан насроний Рум давлати урушиб енгилганида, мусулмонлар аҳли китоб румликлар мағлубиятидан қаттиқ хафа бўлишган. Қуръони Каримда Рум сураси нозил бўлиб, унда тезда румликлар форслар устидан ғалаба қозониши хабари берилган эди.
Лекин Арабистон ярим оролида Ислом давлати пайдо бўлганини эшитган румликлар ўзларининг форслар билан давом этиб келаётган душманликларини унутдилар. Улар зудлик билан мусулмонларга қарши аскар тўплай бошладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Басрадаги рум ҳокимига юборган элчилари ал-Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни ўлдирдилар. Одатда элчига ўлим йўқ эди. Аммо насоролар ҳамма амал этадиган қоидага амал қилмай, мусулмонларнинг элчисини ўлдирдилар. Бу ишни уруш чиқариш учун қилишган эди. Элчини ўлдириб қўйиб, яна аскар тўплашни давом эттирдилар. Румликлар ўзлари юз минг аксар йиғдилар. Уларнинг Шомдаги иттифоқдошлари ва насроний араб қабилалари ҳам юз минг аскар тўпладилар. Шу икки юз минг аскар билан мусулмонларни йўқ қилиб ташлаш қасдида эдилар. Саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул-Ула ойида улар мусулмонларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган уч мингга яқин аскари билан Муъта урушида тўқнашдилар.
Сўнгра Табук жанги бўлди. У жанг тўғрисида ушбу Тавба сурасида батафсил баён қилинади. Кўриниб турибдики, насоролар Ислом ва мусулмонлар учун жиддий хавфга айланган эдилар. Шунинг учун уларга нисбатан бу оятларда чиқарилган ҳукмлар ҳеч ғариб эмас. Бу воқеъликдан келиб чиққан ҳукмдир. Энди унга аввал зикр қилиб ўтилган еттита мафкуравий, ақидавий ва амалий хатарларни қўшсак, бу ҳукм айни адолат экани равшан бўлади.
Бу ҳукмларнинг адолатли эканлигини тарих ҳам тасдиқлади. Қуръони Каримнинг: «Токи уларнинг миллатларига эргашмагунингча яҳудий ва насоролар сендан зинҳор рози бўлмайдилар», деган ояти бежиз эмас эди. Ҳозирги лаҳзагача Исломга ва мусулмонларга нима ёмонлик етган бўлса, ҳаммасида яҳудийларнинг қўли бор. Буни янада яхшироқ билишни истаганлар тарих китобларига мурожаат қилсалар, яхши бўлади. Насороларнинг ҳам Исломга, мусулмонларга қарши олиб борган душманликлари фақатгина машҳур салб урушларидан иборат эмаслигини кўпчилик яхши билади. Шу маънода тарихга бир назар солинса, ушбу оятларни Аллоҳ нима учун нозил этганининг ҳикмати яхшироқ тушуниб олинади.
Бир қарашда муросасиз кўринган, аммо аслида адолатли ҳукмларнинг содир бўлиш ҳикматларини, оятларнинг ўзида айтиб ўтилган етти сабаби ва тарихий воқеълигини ўрганиб чиқдик. Энди ҳукмнинг ўзини ўрганишга, аниқроғи, бу ҳукмнинг жавҳарини тушунишга ҳаракат қилайлик.
Аллоҳ таоло биз ўрганаётган оятларда мусулмонлар жамоасининг аҳли китобларга–яҳудий ва насороларга муомаласи қандай бўлишини белгилаб бермоқда. Мусулмон давлатида яшаётган иймонли-Исломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда ҳуррият ҳукм суришидан масъулдирлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари шу масъулиятни тўлиқ тушунган ва ўшанинг тақозоси билан ҳаракат қилганлар. Улар масъулиятни адо этиш учун жиҳодга чиққанлар. Саҳобаларнинг жиҳодларини ва кейинги авлоднинг уни давом эттиришини кўпчилик турлича тушунади, турлича баҳолайди.
Душманлар буни босқинчилик ҳаракати, бошқа юртларни босиб олиш, бойликларини ўзлаштириш, халқларни қул қилиш, дея баҳолайдилар. Ўлкамизнинг ҳақиқий босқинчилари бўлмиш кофирлар бу ҳаракатни «Араб истилоси» деб номлаганлар. Уларнинг айтишича, араблар бостириб келиб ҳаммаёқни ўзлариники қилиб олганлар. Кишиларни мажбуран Исломга киритганлар. Исломни қабул қилмаганларни ўлдирганлар ёки катта солиқ солганлар.
Ўзини Исломга дўст санаганлар ва кўпчилик мусулмонлар бу зулмкор баҳодан Исломни гўё «ҳимоя» қиладилар: Исломда жиҳод фақат ватанни ҳимоя қилиш учун жорий қилинган; Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги ҳамма урушлар фақат мудофаа учун бўлган; Қуръони Каримдаги оятлар ҳам худди шу маънога далолат қилади, дейдилар.
Лекин бу икки тоифанинг даъволарини бир оз ўйлаб муноқаша қилинса, ҳамма нарса равшан бўлади.
Исломий фатҳларни «Араб истилоси» дейиш нотўғри эканлигини душманларнинг ўзлари ҳам билади, аммо Исломга қарши нимадир ўйлаб чиқариш керак бўлган. Натижада шу ибора ўйлаб топилган. Чунки фотиҳ мужоҳидлар ичида араб эмаслар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга борсалар, динга даъват қилиш учун, адолат ўрнатиш учун борганлар. Ўша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука бўлиб яшаб қолганлар. (Душманлар «катта солиқ» деб номлаган «жизя» тўғрисида кейинроқ гаплашамиз.) Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг молу мулкини талаб олиб кетмаган. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаган. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг номаъқул муомаласига мутлақо ўхшаган эмас. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор қайд этганлар. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган кўпгина ҳужжатли далиллар келтирилади.
Шуниндек, «ҳимоячи»ларнинг гапларига ҳам ўзига яраша эътирозлар чиқади. Масалан, агар Исломда жиҳод фақат мудофаа учун жорий қилинган бўлса, нима сабабдан саҳобалар Арабистон ярим оролидан чиқиб бошқа юртларга бордилар, у ерларда шаҳид бўлдилар, деган савол берилса, улар жавоб беришдан қийналиб қолишади.
Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди. Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасидан топдилар. Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканлигини билдиришди. Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: «Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар. Робиъ розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: «Кетдик», деди. Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдурвоқи кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга:
«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар. Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ розияллоҳу анҳу эса, уларнинг бу кулгули ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай кулиб ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди. Аммо у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Робиъ розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Робиъ розияллоҳу анҳу:
«Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», деди. Форсларнинг каттаси таржимонга:
«Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди. Робиъ розияллоҳу анҳу бу савол жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди. У:
«Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.
Ҳа, мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажариш учун борганлар. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлиши учун курашганлар. Ер юзида фақат Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини истаганлар. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўрмаганлар. Ҳар ким хоҳлаган динини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин, деб ҳаракат қилганлар. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйсалар, олдин ерли аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб борганлар. Чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дини Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ динга тарғиб қила туриб, мусулмон бўл–саломат бўласан ёки динингда қолмоқчи бўлсанг, жизя бер; унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади, дейишган.
Мусулмон фотиҳлар: «Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни динимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Биз фақат бошқаларни Исломга даъват қиламиз, ким хоҳласа, мўмин бўлсин, хоҳламаса, кофирлигича қолсин. Ўзининг иши. Фақат бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даъват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Бу ҳақиқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даъватга йўл бермаса, бошқаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», дейдилар. Мусулмонларга уруш қилганларга қарши уруш қилинади, холос. Уруш пайтида Исломий қоида бўйича қари кишилар, ёш болалар, аёллар ва ибодатхоналарга тегиш мумкин эмас. Шунингдек, қурол кўтариб чиқмаганлар ҳам тинч қоладилар. Агар Аллоҳ нусрат бериб мусулмонлар ғолиб келсалар, душманни қуролсизлантириб, уларнинг Ислом соясида тинч-омон яшашлари жорий қилинади. Урушмасдан дастлабки даъватдаёқ ўз динида қолиб, жизя беришни ихтиёр этганлар ҳам мусулмонлар билан бирга тинч-омон яшайверадилар.
Жизя одамларни қийнаш учун жорий қилинган солиқ эмас. У ҳар бир бошга мажбурий ҳам эмас, балки қодир кишилардан маълум миқдорда олинадиган тўловдир. Биринчидан, жизя Аллоҳнинг динига даъват қилишнинг йўлини тўсмаслик, қарши турмаслик аломати сифатида берилади.
Иккинчидан, жизя берган шахсни мусулмонлар ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қиладилар. Унинг ўзи, молу мулки ва оила аъзоларининг ҳимоясини ўз зиммаларига оладилар. Жизя тўлаган киши ҳарбий хизматдан ва бошқа сафарбарликлардан озод қилинади.
Учинчидан, жизя тўлаган киши мусулмонлар тақдим этадиган оммавий-ижтимоий таъминотлардан фойда олади. Улар қурган кўприк, йўл, бозор ва бошқа нарсалардан фойдаланади. Қариганда, кексалик нафақаси олади.
Тўртинчидан, жизя олгандан сўнг мусулмонлар юқорида зикр этилган ишларни бажара олмасалар, жизяни қайтариб эгасига топширадилар.
Умуман, жизя масаласига тузукроқ назар солинса, уни ҳар ким ўзи учун бериши аён бўлади. Худди шу маънода мусулмонлар ҳам Байтул молга закот-ушур ва бошқа йўллар билан ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Исломдаги жизянинг адолатини янада яхши тушуниш учун уни танқид қилиб, адолатсиз деганлардан бирининг муомаласига назар солайлик.
Коммунистлар ўз фойдаларини кўзлаб, кишиларни алдаш учун баъзи диний ташкилотлар тузган эдилар. Бу ташкилотларда фақат улар ихтиёр қилган кишилар ишлашига қарамасдан, ўша ташкилотларга ҳам, уларда ишловчиларга ҳам мисли кўрилмаган оғир солиқлар солинар эди. Баъзи бир маиший хизматлар учун диний ташкилот ва ходимлар томонидан тўланадиган ҳақ ҳам бошқалар тўлайдиган тўловлардан ортиқча эди. Бунинг устига, улар диний ишда ишлаган ватандошларга ҳар қандай нафақа беришдан, жумладан қарилик нафақаси беришдан мутлақо бош тортар эдилар.
Хулоса қилиб айтилганда, Худога ишонган одам коммунистларга ҳақ тўлаб ишониши керак эди. Шу ҳолларига уларнинг бошқаларни танқид қилишларига ҳайронсан.
Демак, аҳли китобларга таклиф иккита: Ислом ёки жизя бериш. Мусулмон бўлсалар, биродар бўлиб яшайверадилар. Жизя берсалар, уларнинг ҳимояси, тинчлик-омонлиги ва диний эркинлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Урушни хоҳлаганлари уруш ҳам қилаверадилар. Мусулмонлар ўзлари эришган бахт-саодатга бошқалар эришишини ҳам истайдилар. Ана шу истак йўлидаги тўсиқларга, куфр, зулм ва туғёнларга қарши курашадилар.
Жиҳод ва унинг аҳамияти баёнидан кейин жиҳоднинг йўлини тўсадиган нарсаларни йўқ қилиш ва унинг қоидалари ҳақидаги оятлар келади.
Румликлар мусулмонлар билан урушиш учун аскар тўплашади. Мусулмонлар уларга қарши жиҳод эълон этганида, оммавий сафарбарликлари йўлида бир тўсиққа дуч келишади. Бу сафарбарликнинг ҳаром ойлардан, яъни, уруш қилиш ҳаром бўлган ойлардан бири Ражаб ойига тўғри келиб қолган эди. Мусулмонларнинг Ражаб ойида эълон қилган оммавий сафарбарликлари, урушга отланишлари душманларнинг танқид ва таъналарига сабаб бўлди. Улар қадимдан ҳамма амал қилиб келаётган ҳукмларга мусулмонлар амал қилмай, уруш ҳаром қилинган Ражаб ойида урушга чиқмоқдалар, деб жар солдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Ибн Касир қироати1 Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий алБағдодий хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн давоми...

5010 13:30 / 26.01.2021
Аллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат давоми...

40147 19:48 / 04.04.2018
тўртинчи мақолаИбн Абу Довуд Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади.Абу Бакр Умар билан Зайдга .Икковингиз масжид эшигининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг давоми...

4593 16:05 / 15.10.2019
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

5137 15:50 / 18.06.2019