1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қўлларни қулоқ юмшоғига текказиш

05:00 / 19.01.2017 3549 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин! У зотга эргашган барча Ислом уламоларига Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин!

Сўнг:

Намозда қўлларни кўтариб, икки бош бармоқни қулоқлар юмшоғига текказиш қандай амал?

Эътироз:

“Икки бош бармоқни қулоқ юмшоқларига текказишнинг асли йўқ,  суннатда собит бўлмаган амал, яъни бидъатдир. Менимча бу иш васваса келтириб чиқараган ишлардан биридир”. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ бу маънони “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг кайфияти” 35чи матн изоҳида ва “Мишкот”да (1/252) 802 ҳадис остида айтган.


Шайх Албоний нима сабабдан бу амални васваса келтириб чиқарадиган ишлардан бири, демоқда? Бу ибора остида қаерга ишора бор? Намозда қулоқларининг юмшоғига қўлларини текказаётган мусулмонлар 14 асрдан бери васвасага амал қилишмоқдами?


Бу саволларга атрофлича назар солиб кўрсак масала ойдинлашади. Аввало намоз кайфияти борасидаги ҳанафийларнинг матнига ва далилларига назар солсак:


2-Матн:


Кейин аввало икки қўлларини токи икки қулоқлари юмшоғи баробаригача кўтариб.


2-Матннинг далиллар:


۱‑عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ وَكَبَّرَ )وصف حمام حيال اذنيه) رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ


1. Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилинади. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришаётганларида икки қўлларини кўтариб такбир айтаётганларини кўрган экан. (Ровийлардан Ҳаммом икки қўлини қулоғи баробаригача кўтариб сифатлаб берди). Аҳмад ва Муслим ривоят қилган. 1/173.


۲‑حدّثني أَبُو كَامِلٍ الْجَحْدَرِيّ. حَدّثَنَا أَبُو عَوَانَةَ عَنْ قَتَادَةَ، عَنْ نَصْرِ بْنِ عَاصِمٍ، عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ أَنّ رَسُولَ اللّهِ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا كَبّرَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتّى يُحَاذِيَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ.  وَفِى رِوَايَةٍ أُخْرَى حَتَّى يُحَاذِىَ بِهِمَا فُرُوعَ أُذُنَيْهِ


2. Молик ибн Хувайрисдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (намозга киришишда) такбир айтсалар икки қўлларини икки қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар”. Бошқа ривоятда: “Иккисини икки қулоқларининг бўлакларигача кўтарар эдилар” дейилган. Имом Молик ривояти 4/168. (Осорус Сунан 1/163да ҳам келтирилган).


Тўғри, айнан икки бош бармоқни қулоқ юмшоғига текказиш ҳадиси шарифларда собит бўлмаган. Ҳанафий уламоларимиз ҳам бу масалада қулоқ юмшоғига икки бош бармоқни текказиш суннат амал, дейишмайди. Аммо ҳадиси шарифларда ворид бўлган  "حَذْو" (тенглашиш, яқинлашиш, баробар қилиш) калимасининг кайфияти қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритилар экан айрим ҳанафий китобларида буни икки бош бармоқни қулоқ юмшоқларига текказиш билан юзага чиқиши айтилган. Яъни қўллар қулоқ баробарига тенг келганини аниқлаш бош бармоқларни қулоқ юмшоғига тегиши билан маълум бўлдаи, дейилган. Лекин буни айтганлар ҳам ҳанафий матнларда бош бармоқларни қулоқ юмшоқларига текказиш маъноси у қадар кенг тарқалмагани алоҳида таъкидлашган.  Аллома Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил Таҳтовий Ҳанафий (1231 ҳижрийда вафот топган) ўзининг “Мароқул фалоҳ”га ёзган ҳошиясида шундай дейди:


Матн: Ҳатто икки бош бармоғини қулоқлари юмшоғига яқинлаштиради.


Шарҳ: Бош бармоқларнинг қулоқлар юмшоғига текказиш маъноси у қадар кенг тарқалмаган. Буни фақат Қозийхонда, Зоҳирийяда кўриш мумкин. Бу маъно Кўҳистонийда ҳам мавжуд.  Ниқоянинг соҳиби бунинг иллатини зикр қилиб: “Бош бармоқларни қулоқ юмшоғига текказиш аслида қўлларнинг аниқ қулоқ баробарида кўтарилишини юзага чиқариш  учундир. Шундай экан “текказиш” калимасидан кўзланган мурод бу ерда унинг ҳақиқий маъноси эмас, балки бу калима билан қўлларнинг қулоқлар баробарига аниқ кўтарилганини ифодалаш кўзда тутилган. Шундай экан уни нафий қилиш шартмас”. (Нурул ийзоҳнинг шарҳи Мароқул фалоҳнинг ҳошияси, 1/186)








Аслида мўтабар ҳанафий манбаларнинг аксари шу ўринда қўлни қулоқ юмшоғи баробарига кўтаришга урғу беришган ва уларда айнан "حَذْو " (яқинлаштириш, тенглатиш) калимаси ишлатилган. Ҳанафий уламоларимизнинг машҳур матнларидан мисоллар келтирсак масала янада равшанлашади:


1.      Шайх Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд Мусилий Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал Ихтиёр литаълилил Мухтор” асарида (1/53) шундай ёзади: “Ва икки қўлини бош бармоқлари қулоқлари юмшоғи баробарига тенглаш учун кўтаради. Бунга Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Воил ибн Ҳужрга айтган ушбу гаплари далилдир: “Қачон намозга киришсанг, икки қўлингни қулоқларинг баробарида кўтар!”...


2.      Муҳаммад Алоуддин ибн Алий Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ (1088 ҳижрийда вафот топган) “Дуррул Мухтор”да (1/482) ёзади: “Ва икки қўлини кўтаради”, яъни такбирдан олдин икки қўлини кўтаради. Бу матн билан бирга шундай ҳам дейилган: “Икки бош бармоғини қулоқлари юмшоғига теккизган ҳолда”. Ушбу  ўриндаги “теккизиш” калимасидан мурод қўлларни қулоқларга яқинлаштиришдир. Зотан яқинлаштиришнинг аниқ бўлиши уларни текказиш билан юзага чиқади”.


3.      Шамсул Аимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳ (483 ҳижрийда вафот топган) “Мабсут”да ёзади: “Бизнинг наздимизда икки қўлини қулоқлари юмшоғи баробаригача кўтариш ва бармоқлари учини қулоқлари бўлагига баробар қилиш суннатдандир. Бу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу таоло анҳунинг сўзидир”.


4.      Абу Ҳасан Алий ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Риштоний Марғиноний раҳимаҳуллоҳ (593 ҳижрийда вафот топган) “Ҳидоя”да (1/46) ёзади: “Ва икки қўлини ҳатто икки қулоғи юмшоғи баробаригача кўтаради”.


5.      Акмалуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Бебартий “Ҳидоя”нинг шарҳи “Иноя”да (1/457) ёзади: “Машойихларимизнинг аксари айтган гап шуки, дастлаб икки қўлини кўтаради, қачон (икки қўли) баробар ўринда қарор топса такбир айтади”.


6.      Имом Зайлаъий раҳимаҳуллоҳ (743 ҳижрийда вафот топган) “Табйинул ҳақоиқ шарҳи Канзил дақоиқ”да (2/35) ёзади: “Унинг кайфияти, икки қўлини қулоқлари юмшоғи баробаригача кўтариш ва бармоқлари учуни қулоқлари бўлагига баробар қилишдир”.


7.      Шайхизода номи билан маъруф Абдурраҳмон Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ (1078 ҳижрийда вафот топган) “Мажмаъул Анҳар”да (1/272) ёзади: “Ривоят қилинишича, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон такбир айтсалар икки қўлларини  кўтарар ҳатто икки бош бармоқлари қулоқлари юмшоғига яқин келарди. (Айтилишича) бу гапни айтувчи “Виқоя”нинг соҳибидир: “Икки бош бармоғини қулоқлари юмшоғига текказади. Бу гап “Хония”да ҳам мавжуд. “Ниқоя”нинг соҳиби бунинг иллатини шундай келтирган: “Бу икки қўлини қулоқлари баробарига келганини аниқ билиш учун қилинган амал бўлиб, у ҳеч нарса эмасдир. Буни тадаббур қил!” Яъни қўлларни қулоқ юмшоғига текказиш суннат амал эмас, балки суннатни юзага чиқариш учун қилинадиган амалдир, бундан бошқа нарсамас, дейилмоқда.


Демак ушбу матнлардан маълум бўладики, ҳанафий уламоларимиздан ҳеч бирлари бош бармоқларни қулоқлар юмшоғига текказишни суннат амал, дейишмаган. Балки улардан аксарлари бош бармоқларни қулоқлар юмшоғи баробарида кўтаришни айтишган. Текказишни айтганлар ҳам қўлларнинг қулоқлар баробарида бўлганини аниқлаш учун теккизилади, дейишган. Шайх Албоний мана шу мулоҳазани “васаваса келтириб чиқарадиган амал” дея номлаётган бўлиши мумкин. Лекин аслида қўлларнинг қулоқлар баробарида кўтарилганини билиш учун бармоқларни қулоқ юмшоғига текказиш айнан васвасани кетказишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга ҳанафий уламоларимизнинг аксарлари: “Теккизиш” калимасинидан мурод баробар қилишдир, бу ердаги “текказиш” калимаси асл маъносида эмас, балки яқинлаштириш маъносидадир”, дейишганини юқоридаги матнларда кўрдик. Шундай экан ҳанафий уламоларимизнинг ижтиҳодларини васвасага тенгламаслик лозим. Шу билан бирга бу амални  ҳанафий уламоларимиздан бирорталари суннат амал, дейишмагани ҳам кўриниб турибди. Намозхон инсон қўлларини кўтаришда икки бош бармоғини қулоқлари юмшоғига текказар экан, уни суннат амал деб эмас, балки суннатни юзага чиқариш учун восита сифатида қабул қилса ҳеч қандай зарари йўқ.  Чунки жуда кўп амаллар борки улар Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмаган. Кейинроқ ўша амаллар вожиб ёки фарзларга эришиш учун восита сифатида юзага чиққан. Сарф, наҳв, луғат, мантиқ, балоғат, усул каби илмлар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни тўғри англаш учун восита сифатида қабул қилинган ва асрлар давомида бу илмларни зарурий илмлар қаторида ўрганиб келинган. Бу илмларни ҳеч ким васваса ёки ёмон кўрилган бидъат илмлар, деб номламаган. Валлоҳу Аълам!


Мулоҳаза:


Шу ўринда бир муҳим вазиятни ҳам алоҳида таъкидлаб қўйиш лозим. Кўпчилик намозхонларимизни қўл кўтаришларида асосий эътиборни бош бармоқларини қулоқлари юмшоғига текказишга қаратиб, кафтларнинг ичини қиблага юзлантириш амалини эса зое қилаётганларини кўрамиз.  Юқорида кўриб ўтганимиздек, бош бармоқларни қулоқ юмшоғига текказиш аслида қўлларни қулоқ баробарига кўтарилганини юзага чиқариш учун қўлланилган амал холос. Лекин кафтларни қиблага юзлантириш, бармоқларни тик ҳолда тутиш суннат амал ҳисобланади. Суннатга эришиш учун қилинадиган амалга урғу бери асл суннатни тарк қилиш тўғри эмас. Шунинг учун бунга алоҳида эътибор қартиш фойдадан ҳоли бўлмайди.


Аллоҳ зикри ўтган ва ўтмаган барча устозларимизни Ўз раҳматига олсин!


Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин!



АБрор Мухтор Алий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззасининг остигачадир. Бу ҳукмнинг далили қуйидагилар . ,. Имом Дора Қутний Абу Айюб розияллоҳу давоми...

3844 19:23 / 14.10.2021
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида давоми...

4047 16:07 / 02.04.2020
Пайғамбаримизнинг с.а.в. муборак ҳаётларининг оҳирига келиб, Қуръони Карим оятлари тушуши оҳирига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксарияти ҳукмларга давоми...

33632 05:00 / 17.01.2017
Қироатнинг суннати сафарда шошиб турилганда Фотиҳа билан хоҳлаган сурани, омонликда Буружга ўхшашни қироат қилишдир. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

3235 19:00 / 23.06.2022