1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Қалбни поклаш

14:48 / 10.12.2017 6889 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалбингни ағёрлардан фориғ қилгин, У Зот уни маърифатлар ва асрорлар ила тўлдирур.

– «Ағёр» сўзи «ғийр»нинг жами бўлиб, Аллоҳ таолодан ўзга нарсаларни ифода қилади. Бу сўзнинг асл маъноси қалбни ғайр қилиш – ўзгартиришдир. Кўпинча бу сўз қалбнинг камолот ҳолатидан нуқсон ҳолатига ўзгаришига ишлатилади. Сўфийларнинг истилоҳида эса қалбни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан буриш ва ўзгартиришга ишлатилади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ аввалги ҳикматларда қалбга нурлар кириши ёки кирмаслиги, нур кирмаслигининг аососий сабаби қалбнинг ағёрлар ва турли нуқсонлар билан банд бўлиб қолиши экани ҳақида сўз юритган эди. Энди эса ушбу ҳикматда қалбни ағёрлардан фориғ қилиш ва уни маърифат ва асрорлар билан тўлдириш ҳақида сўз юритмоқда.

Қалб роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, у инсоннинг моҳиятини намоён қилади. Идрок, билим ва маърифат ҳам, хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ундандир. Қалбда муҳаббат, маҳобат, улуғлаш ва ёқтирмаслик каби отифалар – ҳис-туйғулар бор. 

Ақл нарсаларни идрок қиладиган ва уларнинг сирларини англашга уринадиган аъзодир.

Руҳ билувчи ва идрок қилувчи латиф нарсадир. Инсоннинг руҳи ақл ва қалбнинг фаолият манбаидир. Шунингдек, жисмдаги барча ҳужайраларнинг ва уларнинг вазифаларининг ҳам фаолият манбаидир. 

Агар руҳ миянинг фаолиятига таъсир кўрсатса, идрок ва англаш юзага келади. 

Агар руҳ қалбнинг фаолиятига таъсир кўрсатса, муҳаббат, маҳобат, улуғлаш ва ёқтирмаслик каби отифалар – ҳис-туйғулар юзага келади.

Агар руҳ жисмнинг ҳужайраларига ва тўқималарига таъсир кўрсатса, ҳис қилиш, ҳужайраларнинг ҳаракатга тушиши ва вазифаларини адо этиши юзага келади. 

Руҳнинг асл ҳақиқатини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Бу Қуръони Каримда келган ҳақиқатдир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади: 

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» (85-оят).

Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос.

Аллоҳ таоло инсоннинг руҳини Ўзининг Зоти Олийсига нисбат бергандир.

Аллоҳ таоло Сод сурасида марҳамат қилади: 

«Бас, уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб, йиқилинглар!» (72-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло лойга Ўз руҳидан пуфлаб, уни олий мақомга кўтарди. Айнан ана шу руҳ уни бошқа жонзотлардан ажратди, уларнинг ҳаммасидан устун қилди. Айнан ўша руҳ Одамга фаришталар сажда қилишлари учун сабаб бўлди.

Инсон зотининг ердан чиққан танасига олий мақомдан руҳ тушгандир. Буни барча уламолар, жумладан, машҳур файласуф Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг руҳ ҳақида битган машҳур шеърида таъкидлаган:

Тушибдир у сенга юқори макондин,

Иззатли ва ман қилувчи баланддин.

Аллоҳ таолога нисбат берилган ва олий макондан тушган ўша руҳ турли машғул қилувчилардан бўш бўлган, ағёрларнинг муҳаббатидан пок бўлган қалбга тушса, ундан турли-туман сирлар ва маърифатларни қабул қилиши жуда ҳам осон кечади. Бу каби сирлар ва маърифатларни ўрганиш ила идрок қилиш ва фикрий уринишлар билан ҳосил қилиш имкони йўқдир. 

Албатта, бу ҳолат қалби пок, Аллоҳ таолога муҳаббати зиёда, қалбида У Зотнинг муҳаббатидан ўзганинг муҳаббатига жой қолмаган етук бандаларда содир бўлади. Чунки уларнинг ҳоли айни шунга муносибдир.

Агар банданинг қалби нопок бўлса, Аллоҳ таолога муҳаббати бўлмаса, ағёрларнинг муҳаббати қалбини тўлдириб, бошқа нарсанинг муҳаббатига жой қолдирмаган бўлса, мазкур ҳолатга йўл бўлсин...

Уларнинг ҳоли маст қилувчи моддаларга тўйиб олиб, ақли тўсилиб, маст-алас бўлган одамга ўхшайди. Ундай одамнинг ақли жойида бўлмайди. Жиннига ўхшаб қолади. Нима деяётганини ва қилаётганини ўзи билмайди. Худди шунингдек, қалби дунё ва унинг матоҳлари билан, шаҳват ва ағёрлар муҳаббати билан маст бўлиб қолган нобакорга мазкур олий мақомдан тушган руҳга насиб қиладиган сирлар ва маърифатларни қабул қилишга йўл бўлсин.

Юқорида айтиб ўтилган ҳақиқатлар Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу биз ўрганаётган ҳикмати маъносини яхши тушуниб олишимизга ёрдам беради.

«Қалбингни ағёрлардан фориғ қилгин, У Зот уни маърифатлар ва асрорлар ила тўлдирур».

Шунинг учун ҳам ўтмишда юқорида зикр қилинган Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишига ўхшаш қалбини ағёрлардан фориғ қилган олимларимиз ўзлари баҳс қилаётган илмий масалалардан бирортасини ечиш қийинлашиб қолса, ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, яхшилаб таҳорат қилганлар. Сўнгра жойнамозда туриб, ихлос билан икки ракаат ёки ундан зиёда намоз ўқиганлар. Кейин Аллоҳ таолога илтижо қилиб, масалани ечишда ёрдам сўраб дуо қилганлар. Шу билан ишлари битган, масала ечилган ва мурод ҳосил бўлган.

Аввал ўтган уламоларимиз ва турли илмлар бўйича алломаларимизнинг таржимаи ҳолларини ўрганадиган бўлсак, уларнинг ўз соҳалари бўйича олиб борган ишлари ва битган асарлари билан танишадиган бўлсак, мўъжизага ўхшаш ҳолатни кўрамиз. Улар озгина йиллар ичида кишининг ақлини лол қиладиган даражада кўп ишларни амалга оширганларини биламиз. Уларнинг бу даражада сермаҳсул ишларни амалга оширганларининг сирини билмасдан, кўпчиликнинг боши қотади. Ҳатто баъзи кишилар, ўтган уламоларга Аллоҳ таоло вақтни чўзиб берган бўлса керак, деган фикрни ҳам олға сурганлар. Аммо ушбу ҳикматни ўрганиш давомида мазкур саволнинг ҳақиқий жавобини топамиз. Ўтган уламоларимиз ва алломаларимиз турли илмлар ва маърифатларни ҳосил қилиш учун турли моддий сабаб ва воситалар билан бирга, қалбларини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлдириш, У Зотни улуғлаш, ҳавойи нафснинг кирларидан, дунёвий рағбатлардан поклаш омилини ҳам ишга солганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг қалблари кўплаб илмий булоқларга, борлиқдаги ҳақиқатларни англаш манбасига ва исломий маърифатлар хазинасига айланган.

Улар илм олиш ва уни ривожлантириш тақво асосида бўлиши кераклигига, бетавфиқлик эса илмнинг душмани эканига тўлиқ ишонганлар. Ана ўша улуғларимиздан бири имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги шеълари айтганларимизнинг ёрқин далилидир:

 

Вакийъга «Ёдлашим ёмон», дея шикоят қилдим.

У маъсиятларни тарк этишимни насиҳат қилди.

 

Ва айтдики: «Албатта, илм порлаган нурдир.

Аллоҳнинг нури осийга насиб қилмайдир».    

 

Албатта, мазкур улуғларимиз ушбу ҳақиқатларнинг аслини Аллоҳ таолонинг абадий мўъжизаси бўлмиш Қуръони Каримдан олгандирлар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир» (282-оят).

Худди бошқа ишлардаги каби, илм талаб қилиш ишларида ҳам тақво муҳим омил ҳисобланади. Тақво бўлса, Аллоҳ илм ҳам беради. У фазли улуғ Зотдир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зот, Ўзи билиб иш тутади. Тақво юзага чиқиши асосан қалбни турли кирлардан, ағёрларнинг муҳаббатидан поклаш ва Аллоҳ таолонинг Ўзига муҳаббат қилиш, У Зотни улуғлаш билан юзага чиқади.

Мусулмонларда илми Роббоний ёхуд илми ладуний деган тушунча ҳам бор. Бу илм Аллоҳ таоло томонидан баъзи бандаларга руҳ воситасида берилади. Бунинг далили ҳам ­Қуръони Каримдан олинган.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик» (65-оят).

Мусо алайҳиссалом ўзларидан илмлироқ солиҳ бандани кўрдилар. Бу бандага Аллоҳ таоло Ўз даргоҳидан раҳмат ато этган ҳамда унга Ўз тарафидан илм ўргатган эди. Бу илм Мусо алайҳиссалом биладиган илмдан бошқача илм эди. Шу боис Мусо алайҳиссалом ўша солиҳ бандадан илм ўрганиш учун уни излаб, йўлга чиққан эдилар. Бу илм Аллоҳ таоло Ўз набийларига ваҳий орқали юборадиган илмдан ҳам бошқача илм эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳақиқатларни идрок қилиш ва илм ва маърифатнинг чўққиларини эгаллаш учун ақл хизмат қилади. Аммо Аллоҳ таоло ҳақида маърифат ҳосил қилиш ҳамда бошқа иймоний ва ғайбий маърифатларни эгаллаш учун ақлнинг ўзи кифоя қилмайди. Мазкур нарсаларни билиш учун илоҳий илҳом нури ҳам керак. Бу нур эса қалбда акс этади. Мазкур нур қалбда акс этиши учун эса қалб турли моғорлардан ва ағёрлар муҳаббатидан пок бўлиши лозим.

Қалбда мазкур нур бўлмас экан, унинг эгаси ғайбий олам ҳақидаги илмда мақсадига эриша олмайди ва қарор топмайди. Бунга ақлни ишлатишда ҳаммани қойил қолдирган юнон файласуфлари мисолдир. Улар ақлий мушоҳадалари билан бутун дунёни лол қолдирсалар ҳам, ғайбий нарсалар ҳақидаги илмда ожиз бўлганлар. Асрлар оша бу мавзу бўйича мушоҳадалар ва мужодалалар қилсалар ҳам, бирор натижа чиқара олмаганлар. Мисол учун, юнон файласуфлари ўзларидан олдин ўтганлар охирига ета олмаган «Олам қадимгими ёки кейин пайдо бўлганми?», «Замон қадимгими ёки кейин пайдо бўлганми?» каби ғайбга оид масалалар устида асрлар оша тортишиб, охирига ета олмаганлар. Улар икки тарафга бўлиниб олиб, масаланинг ечими ҳақида ўзининг фойдасига далил келтириш билан овора бўлиб, умрларини ўтказганлар.

Ушбу тажрибани ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий ҳам ўз бошидан кечирган. У киши аввал ўзини фалсафага урган. Замонасининг кўзга кўринган файласуфи бўлиш даражасига етган. Юнон файласуфлари, улардан олдингилар ва кейингилар еча олмаган юқорида эслаб ўтилган икки масала ва уларга ўхшаган бошқа масалаларни ечишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилган, лекин имкон топа олмаган. Сўнгра исломий руҳий тарбия илми – тасаввуфга юзланган. Қалбини турли нопокликлардан поклаган, сўнгра ўша қалбни Аллоҳ таолонинг муҳаббати, маҳобати ва улуғлаш билан тўлдирган. У кишининг қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан ўзга муҳаббатга жой қолмаганда У Зот имом Ғаззолийнинг қалбини илоҳий маърифат нури ила нурлантирган. Ана шундан кейин ечилмай юрган барча муаммолар ечилган ва у киши асрлар оша барча учун ҳақиқатни англашда қўлланма бўлиб келаётган асарларини битган.

Қалб кўзи ҳам худди тан кўзи кабидир. Тан кўзи ўзига ёрдам берувчи қуёшнинг ёғдусига ўхшаш ташқи нурнинг ёрдамисиз бирор нарсани кўра олмагани каби қалб кўзи ҳам илоҳий ваҳий ва илҳомий нурларнинг ёрдамисиз маънавий ҳақиқатларни кўриши мумкин эмас. Ушбу ҳақиқатнинг баёни ҳам Қуръони Карим оятларида келгандир.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: 

«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди» (15-оят).

«Нур»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини, «очиқ-ойдин Китоб»дан мурод эса Қуръони Каримдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир. Буни иймон насиб этган кишилар биладилар. Улар Исломга киришлари билан жоҳилият зулматидан иймон нурига чиққанларини ҳис этадилар. Қуръони Каримни иймон ва ихлос билан ўрганганларида унинг очиқ-ойдин Китоб эканини тушунадилар.

«Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур» (16-оят).

Ўша ойдин Китоб – Қуръон билан Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини истаб мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди. Ислом тинчлик динидир. Ислом туфайли, Қуръон туфайли инсоннинг кўнгли тинч бўлади, ўзи тинч бўлади, оиласи, қишлоғи, шаҳри, жамияти, давлати ва бутун дунё тинч бўлади. Мусулмон инсоннинг ҳаёти тинч бўлади. У ўзи яшаётган борлиқ билан тинч алоқада бўлади. Атроф-муҳит тинч бўлади. Умуман, шомил ва комил тинчлик бўлади. Фақат мусулмон бўлган, Аллоҳ таолонинг розилигини истаган бандаларгина У Зот томонидан тинчликнинг барча йўлларига ҳидоят қилинадилар. 

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади: 

«Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас» (40-оят).

Чунки Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган киши кабидирлар.

Аллоҳ таоло барчамизга қалбимизни ағёрлардан фориғ қилишни ва У Зот уни маърифатлар ва асрорлар ила тўлдиришини  насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсингни тадбирдан хотиржам қил. Бас, сендан бошқа Зот сенинг ўрнингга қилиб қўйган ишни сен ўзинг учун қилма.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу давоми...

3580 13:23 / 22.10.2017
Аллоҳга етишишинг У Зот ҳақидаги илмга етишишингдир. Аслида Роббимиз бир нарсанинг Унга етишидан ёки Унинг бир нарсага етишишидан улуғдир.Ибн Атоуллоҳ давоми...

4910 17:38 / 18.07.2017
У Зот сени вужудинг қамоғидан шуҳудинг фазосига чиқариш учун сенга воридни эриштирди.Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи учинчи ndash юқори давоми...

3022 18:02 / 25.02.2018
Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.ndash Маҳзунлик ndash давоми...

5745 19:24 / 08.08.2017
Аудиолар

135106 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55381 14:35 / 11.08.2021