1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Расулуллоҳнинг мавлид хотираларини нишонлаш билан уммат воқелиги ўртасидаги муносабат

18:13 / 07.12.2017 4019 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мана Рабиъул аввал ойи янгидан кириб келди.

У ўзи билан хушбуй ва муаттар хотирани, яъни ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишлари хотирасини олиб келади.

Мана, барча оламдаги мўмин мусулмонлар чиройли хутбаларни, мазмуни таъсирли бўлган сўзларни ҳамда ажойиб ва гўзал қасидаларни етказиш учун ушбу хотирани нишонлашга тайёргарлик кўрмоқдалар. Тез орада унинг ихтилофига ахборот воситалари ҳам сафарбар қилинади. Лекин мен, эй Аллоҳнинг бандалари, ҳар йили бизни хурсанд қилиб, такрорланиб келувчи ушбу тантана билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсанинг асосий қисмидан юз ўгираётган мусулмон умматининг воқелиги ўртасидаги алоқа ҳақида ҳамда Шарқ ва Ғарб шамоллари бизларга учириб келаётган у ер-бу ердаги нарсалар билан фитнага (синовга) учраётган мусулмонлар орасидаги муносабат ҳақида савол бермоқчиман.

Кўринг, бу нарса ҳаётимизда бизни Аллоҳ азза ва жалла ва унинг Расулига яқинлаштирмоқдами ёки унинг аксини рўёбга ошираяптими?

Албатта, мен васф қилиб берган, бугунги воқелигимизда сўзлардан иборат бўлиб қолган ҳар хил тантаналар бизларни Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди деб ўйлайман. Балки бу бизни Расулуллоҳдан уялиб ҳижолат бўлишимизни талаб қилади. Яшаш тарзимизни тасдиқламайдиган сўзлар орқали Расулуллоҳ билан гаплашишимиздан ҳижолатга кўмилиб кетишимизни талаб қилади.

Ўзларингиз яхши биласизлар, у зот бизларни бир қанча буйруқ ва қайтариқлардан иборат насиҳат ва асослар олдига қўйган ва биз ушбу насиҳат ҳамда буйруқларни ўзимизга қабул қилиб олсак, Аллоҳ азза ва жалла ҳам биздан воз кечмаслигини ва дунё манфаатларимизни рўёбга ошириб охиратдаги бахту саодатимиз кафолатини ҳам беришини таъкидлаганлар.

Лекин Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишидан кейинги биринчи, иккинчи, учинчи авлод кетганидан сўнг тўртинчи авлод келди. Кейин улар Роббимиз айтганидек:

«Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар» (Марям, 59).

Ушбу насиҳатнинг асосийсини, ушбу буйруқ ва қайтариқларнинг каттасини унутдилар ёки ўзларини унутганга солдилар.

Ўзларингиз яхши биласизлар, узун бир саҳиҳ ҳадиснинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Огоҳ бўлинг! Худди адашиб юрган бегона туяни (сув ҳавзасидан) ҳайдаган киши каби ҳавзимдан (бегона) кишиларни ҳайдаб, умматиларимни: «Келинглар!» деб чақираман. Менга: «Улар сендан кейин (динни) ўзгартириб юборишган», – дейилса, мен: «Ундай бўлса, узоқ-узоқ туришсин, дейман», – дедилар.

Мана ўзларингиз кўраяпсизлар, эй Аллоҳнинг бандалари! Биз Аллоҳ таоло муҳофаза қилишимизни ва унга мустаҳкам омонатдор бўлишимизни буюрган нарсаларни бузиб вайрон қилишда қанчалар эътибор билан ғайрат қилмоқдамиз.

Мана ҳар тарафдан Аллоҳ таоло омонат қилиб топширган буйруқларни ўзгартириб ташлашга бизларни чорлаётган истакларни ўзларингиз кўраяпсиз.

Сизларга маълумки, Расулуллоҳдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яқинда нишонасини топасизлар, сабр қилинглар, ҳатто мен билан Ҳавз (Кавсар)да учрашасизлар»! – деганлар.

Расулуллоҳ бу сўзларни ўзларининг ғоятда таъсирли суҳбатларида айтган эдилар.

Биз ўзимизга эътибор бериб ушбу насиҳатларни ўзгартириб тескари қилиб қўйдик. Аллоҳ таоло буюрган асосни сабр билан ушлаб туриш ўрнига афзал нарсани ташлаб, нималарнингдир изидан боришга алмаштириб ташладик.

Ҳавойи нафсларимиз ҳовлиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган насиҳатларга қарши чиқиб, истак ва шаҳватларимизни қучоқлашга шошдик.

Саҳиҳ ривоятда айтилади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобалар билан бирга йўл четида ўлиб ётган эчки боласининг олдидан ўтиб қолдилар. Расулуллоҳ улоқчанинг қулоғидан ушлаб: «Ким мендан мана буни бир дирҳамга сотиб олади?» – дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз буни бирор нарса эвазга олишни ёқтирмаймиз, уни нима ҳам қиламиз?» – дейишди.

Шунда у зот:«Аллоҳга қасамки, бу дунё Аллоҳнинг наздида мана шу ўлимтик эчки сизларга қадрсиз бўлганидан ҳам кўпроқ қадрсиздир», – дедилар.

Расулуллоҳ айтган ушбу сўзларни бизлар ҳам эшитганмиз. Биз эса бу дунёни яхши кўришда уни қалбимизнинг тўрига қўямиз. Кўрмаяпсизларми, мана биз кўплаб мол жамлаш учун кечаю кундуз югуриб-еламиз. Бу молнинг келиш йўли ҳалол ёки ҳаром бўлишининг фарқига бормаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз каби инсонларни ушбу сўзларида яққол кўрсатиб берганлар:

«Агар одам боласининг бир водий тўла моли бўлса, иккинчисини истайди. Агар одам боласининг икки водий тўла моли бўлса ҳам, учинчисини талаб қилади. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўлдиради» дедилар.

Уни фақат ўлим тўйдиради. Уни бу муҳаббатдан фақатгина уни кутиб турган қабр тўсади.

Бу Расулуллоҳ дунё ва унинг қиймати ўша ўлган эчки боласидек эканини тушунтириб берганларидан кейинги бизнинг ҳолатимиздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга:«Сизларнинг бирортангиз токи мен унга моли, ота-онаси ва барча инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча, (комил) мўмин бўлолмайди», – деганлар.

Бошқа бир саҳиҳ ривоятда «қалбини» ҳам дейилган.

Биз ўзимизга эътибор бериб қарасак, қалбимизни Расулуллоҳнинг муҳаббатидан бошқа барча нарсалар муҳаббатига идиш қилиб қўйганимизни кўрамиз.

Ҳа тўғри, бу ерда макони мақтовчи ва сано айтувчи тил бўлган тақлидий муҳаббат бор, аммо қалбни эса дунё ва истаклар ҳамда шаҳватлар бошқариб назорат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга: «Агар мусулмонлар хуфтон ва бомдод намозида нима борлигини билганларида эди», яъни ушбу икки намозларни жамоат билан ўқиш учун масжидларга чиқишнинг қандай савоби борлигини билганларида эди, «Ушбу икки намозга эмаклаб бўлса ҳам борар эдилар», – деганлар.

Ўзимизга назар солиб шуни кўрдик-ки, биз кеч кирганида меҳмонхоналарда бериладиган базмларга интилдик, ошхона ва ресторанларга талпиндик, беҳуда ўйин-кулгилар маконига йўл олдик. Бу ўйин-кулгилар биз билан ярим кечагача давом этадиган бўлди. Кўзларимизга уйқу келгандагина, уйга қайтадиган бўлдик. Бомдод вақти келиб намозхонларни кутиб олиш учун масжидлар очилганда эътибор бериб қараганимизда, ушбу масжидларнинг катта қисми бўшаб қолганини, фақатгина қалбларига Аллоҳнинг муҳаббати ўрнашиб, уларни бошқарган озчилик ўсмирларгина чиқаётганини кўрдик.

Аммо жамиятнинг кўпчилиги доимо бошқа ишлар билан банд эканини кўраяпмиз. Уларнинг Расулуллоҳ: «Ушбу икки намозга эмаклаб бўлса ҳам борар эдилар» – деган сўзларини бажаришга вақтлари етмайди.

Мен ўйланиб қоламан: Расулуллоҳнинг замоналарида масжидларга олиб борадиган йўллар қандай бўлган эди? Йўллар қоронғу, ҳамма ёқ лой ва балчиқ эди. Шунга қарамай, улар масжидларга бориб бомдод ва хуфтон намозларини жамоат билан ўқишга мусобақа қилишарди. Аммо бугун йўллар кенг ва равон, кўчалар чироқлар билан ёритилган, масжидлар ҳам кўп ва яқин. Шундай бўлса ҳам, жамиятнинг катталари ва кўпчилик одамлар банд, Расулуллоҳ айтган ушбу сўзни бажаришга уларнинг вақтлари етмайди.

Эй дўстларим! Бизнинг бугунги кундаги ишимиз билан биринчи авлод ўртасидаги фарқ Масиҳий динидаги кишилар таклифига биноан Шомга келган Умар ибн Хаттоб шахсида кўзга ташланади. Ҳазрати Умар ўзи яхши кўрган ямоқ солинган кийимини ташламай, ўша кийимни кийишга қатъий туриб олганида Абу Убайда у кишига мулойимлик билан танбеҳ берди. Шунда Умар: «Биз Ислом билан Аллоҳ азиз қилган кишилармиз. Қачонки, биз бу азизликни Аллоҳ азиз қилган нарсадан бошқа нарсада изласак, Аллоҳ таоло бизни хор қилади» – дедилар. Бу сўзнинг маъносини ўйлаб кўрганмисизлар? Ушбу сўзлар ифодалайдиган маънолар ҳақида мулоҳаза юритганмисизлар?

Биз бошимизда порлаб турган бу тожни ўзимиз топган бойлик, ўзимиз эришган маданият ва ўзимиз қўлга киритган куч-қувват билан тўқиб тайёрлаган эмасмиз, балки уни бизларга тайёрлаб берган Аллоҳнинг қудратидир. Бизни шарафлаб уни бошимизга ўрнатган Аллоҳ таолонинг ўзидир. Биз бизни шарафлаган бу тожга ушбу исломга садоқат билан боғланган вақтимизда эришганмиз.

Агар биз тож билан маст бўлиб ушбу тожни кийдирган зотни унутсак, неъматлар, шаҳар ҳаёти ва унинг маданияти билан ҳамда ўзимизга берилган бойлик билан маст бўлиб ушбу неъматларни берувчи қўлни унутсак, унда бу пасткашлик ва тубанликнинг энг оғир тури бўлади.

Йўқ, тез орада одамларнинг барчалари араб ўлкаси маданият поғонасига ўзларининг меҳнатлари билан чиқмаганларини, балки улар ушбу динни садоқат билан лозим тутган вақтларида Аллоҳнинг қазоси уларни маданиятнинг юқори чўққисига кўтариб чиқарганини биладилар.

Бугун биз – бу умматнинг шонли тарихи гуллатиб кетган тожга назар солиб, ўша тож билан маст бўлмоқдамиз. Ҳа шундай, лекин биз тожни кийдирган зотни унутиб қўйдик. Шу ишимиз жоизми, эй Аллоҳнинг бандалари?

Ислом умматининг тарихи ҳақида гапирамиз, қачонлардир бошқа мадниятларга ғолиб келган араб маданияти ҳақида сўзлаймиз, ҳамиша ғарб уламолари бу нарсани изоҳталаб сирли иш деб биладилар. Биз ушбу тарих ва ушбу тож билан фахрланамиз, лекин тожни кийдирган ва ушбу тож билан бизни шарафлаган зотдан юз ўгирдик. Кўзларимиз узоқ-узоқларга қочиб дарбадар кезиб юрибди, диққат-эътиборларимиз арзимас тақлидий анъаналарга қаратилган, кўзларимиз шаҳватлар, ҳавойи истакларда сарсон-саргардон юрибди. Тез орада бу шаҳватларимиз биз билан видолашади ёки биз у билан хайрлашамиз. Тез орада бу дунёдан жўнаб кетамиз, ҳар биримиз бир ўзи сиғадиган ўзининг тор қабри ичидаги жойини кўради. Тез орада оламлар Роббиси олдида туриш учун қайтадан тириламиз. Ана шунда сизлар нима дейсизлар?

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.


Муҳаммад Саид Рамазон Бутий хутбаси.
17 октябр 2008 йил.
Шайхонтоҳур туман Эшонгузар жоме
 масжиди имом хатиби Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

4 декабрь 2017 йил.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз нима қилишимиз керакБиз юртимиздаги кўпчилик уламоларнинг сўзларини олиб, қиёмни яхши амал деб билсакда, унинг вожиб ё суннат эмас, балки мустаҳсан, яъни яхши давоми...

1242 14:00 / 28.10.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен Қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. Устидан қабр биринчи давоми...

1762 14:48 / 01.10.2023
2698. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хидридаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бир нарсани ёқтирмасалар, давоми...

3743 18:50 / 06.12.2017
Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган етук уламолари томонидан мавлиди шариф қилиш жоиз эканлиги борасида айтган сўзлари. Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ давоми...

2132 11:34 / 16.09.2023
Аудиолар

137645 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57712 14:35 / 11.08.2021