1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Эргашиш учун энг гўзал ўрнак

14:12 / 05.12.2017 3459 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалб камоли

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони мукаммал тарзда билган ва ўта тақволи қалб соҳиби эдилар. Шу билан бирга, бу қалб энг жасур, раҳмли ва оқил ҳам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари доим уйғоқ бўлган, ҳаттоки кўзлари уйқуда бўлганда ҳам. Бу қалб Аллоҳ таолони таниганидан энг покиза, кенг ва бепоён эди ва шу билан бир қаторда, у ҳеч қачон Аллоҳнинг зикридан тўхтамган. Кўзлари ухлаши мумкин эди, аммо асло қалблари эмас.

Ақл камоли

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ато этилган ақл ҳеч бир ҳилқатда йўқдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у зотни Хотамул Анбиё қилди ва Набий алайҳиссаломга чексиз, бепоён илм манбаи бўлган Қуръони Каримни туширди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мукаммал, адолатли ва мафтункор Шариат аҳкомларини бутун оламга тарқатдилар. Унга мувофиқ, Набий алайҳиссалом ер юзидаги энг қудратли ва адолатли давлатга асос солиб, ҳар бир фуқарога ўзига хос нарсани бердилар ҳамда инсониятни ҳидоят сари бошладилар.

Тобеъинлардан бўлган Ваҳб ибн Мунаббаҳ раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Ўтган пайғамбарларга Аллоҳ таоло тарафидан берилган китоблардан етмиштасини ўқидим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини шуларнинг ҳаммасида кўрдим. Аллоҳ таоло томонидан Набий алайҳиссаломга берилган ақл олдида бошқаларнинг ақллари дарёдан бир томчи сув мисоли, деб ёзилганини ўқидим”.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ ўз даврининг таврот олимларидан бўлган. У киши тўғрисўз, ҳақгўй ва омонатдор одам бўлиб, Имом Бухорий ва Имом Муслимлар томонидан юқори қадрланган эдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини теран ўрганган ҳар бир инсон у зот шак-шубҳасиз дунёдаги энг мукаммал ақл эгаси эканликларини тан олади.

Куч-қувватдаги мукаммаллик

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам довюрак ва забардаст эдилар. Ҳандақ жангига тайёргарлик кўрилаётган эди. Саҳобалар мудофаа қилиш мақсадида ён-атрофларни кавлашаёганда, ердан катта харсанг тош чиқиб қолади. Уни на ўрнидан силжита бўлмади, на синдириб. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам босқон билан бир неча марта уриб тошни чилпарчин қилиб ташладилар (Бухорий ва Абу Нуъайм).

Ўша пайтларда Арабистонда ном чиқарган Рукана ибн Абдузайд исмли полвон бўлган. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ютқазса Исломни қабул қиламан деб сўз берди. Ўтказилган учта жангнинг ҳар бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Руканани ер тишлатдилар. Мусулмонлар сафига қўшилгач, Рукана ибн Абдузайд бўлиб ўтган воқеани шундай таърифлаб берганди: “Аллоҳга қасамки, танам менга бўйсинмаётганди. Набий алайҳиссалом билан курашишни бошлашим заҳоти курагим ер кўрди”.

Муҳаммад алайҳиссолату васалламнинг илмий дунёқарашларининг кенглиги

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан маълумки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳаммадан кўп ва хўп таниган эдилар. Яратган у зотга аввалги пайғамбарлар билган барча нарсаларни ўргатди. Набий алайҳиссаломга муқаддас Қуръон нозил қилинди, у зот икки дунё, ер ва осмон, Арш ва Курс, Лавҳ ва Қалам илмларидан воқиф бўлиб, Жаннат ва Дўзах сирларини билган эдилар. Билим ва донолик борасида Набий алайҳиссалом чексиз ва бепоён уммон эдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди” (Нисо, 113).

Бу ояти каримани пухта ўйлаб қарасак, Аллоҳ таоло Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга таққослаётганини кўрамиз. Шундан маълумки Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга инсоният билган барча илмларни ато этди.

Ҳикматларда келади: “Тарозининг бир палласига бутун уммат, бошқа палласига эса болаликдаги Муҳаммад алайҳиссолату васаллам қуйилса, Набий алайҳиссаломнинг паллалари оғирроқ келади”.

Бундан ташқари, Аллоҳ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида уқтирган илм ва сир-синоатлар ҳақида ҳам фикр юритиб кўринг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй Робб! Илмимни зиёда қил!” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг амрини бажармайдими ёки Аллоҳ таоло Ўз Ҳабиби алайҳиссаломнинг дуосини ижобат қилмайдими? Бир мулоҳаза қилиб кўринг!

Муҳаммад алайҳиссолату васалламнинг сўзамолликлари

Аллоҳ таоло аввалги ва кейинги умматларга бермаган қобилиятни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга ато этди. У зот равон ва ёқимли, қисқа ва аниқ, кенг қамровли ва пурмаъно, нафис ва ажиб сўзамолликда ўта моҳир эдилар. У зотнинг ҳикматли сўзларига асосланиб олимлар юзлаб китоблар ёзишган. Уларда Набий алайҳиссалом айтган гапларнинг чуқур маъноси, мағзи ва фойдаси акс этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нутқлари нафис ибора ва ҳикматли сўзлардан иборат эди. Набий алайҳиссалом кераксиз сўзларни ишлатмасдан аниқ ва равшан сўзлардиларки, нутқлари эшитган заҳоти қалбга ўрнашиб қолиб чуқур из қолдирарди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам асосан араб тилининг Қурайш шевасида сўзлардилар. Шу билан бир қаторда, бошқа шеваларда ҳам шу даражада мукаммал гаплаша олардиларки, нотиқлиқда у зотга етадигани йўқ эди. Набий алайҳиссаломнинг нутқларида олдин ҳеч қаерда қўлланилмаган ва ишлатилмаган ажойиб, доно сўзлар бор эди. Уларнинг аксарияти турли халқларнинг луғатларидан ривоят ва мақоллар сифатида жой олган.

Муҳаммад алайҳиссолату васалламнинг она-юртлари баркамоллиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло яратган дунёдаги энг муқаддас ва улуғ шаҳар – Маккада туғилдилар.

Муҳаммад алайҳиссолату васаллам дафн этилган жойнинг муқаддаслиги

Олимларнинг айтишича, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадлари қўйилган жой мукаррамдир.

Муҳаммад алайҳиссолат васаллам туғилган кечанинг муҳтарамлиги 

Олимларнинг таъкидлашича, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам туғилган кечанинг мавқеи Лайлатул Қадр кечасидан кўра баландроқдир.

Муҳаммад алайҳиссолату васалламнинг наслу-насаби мукаммалиги 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғиллари Исмоил алайҳиссалом уруғидан бўлган энг мўътабар ва муҳтарам пайғамбардир. Ҳадиси шарифда айтилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом наслидан Қинонни, Қинон уруғидан Қурайшни, Қурайш уруғидан Ҳошимни, Ҳошимдан эси мени танлади”. Набий алайҳиссаломнинг аждодлари ўз даврининг энг яхши одамларидан бўлиб, катта обрў-эътиборга эга эдилар. Улар фахш ва гуноҳлардан ўзларини сақлаганлар.

Муҳаммад алайҳиссолату васалламнинг авлодлари

Набий алайҳиссаломнинг авлодлари ер юзидаги энг кўп ҳурмат ва иззатга лойиқ одамлар бўлиб, улар динларини маҳкам ушлаб ўз сафларидан машҳур олим ва уламоларни, мукаммал ақл соҳибларини етиштириб чиқарганлар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин!

Душманлардан ҳимоя

Даставвал душманлардан ҳимояланиш учун Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тан соқчилари бўлган. Сўнг “Аллоҳ сени одамлардан ҳимоя қилур” мазмунидаги ояти карима нозил бўлгач, Набий алайҳиссалом қўриқчиларига: “Энди сизлар бўшсизлар. Менинг ҳимоям Аллоҳнинг қўлидадир”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа мўъжизалари бўлмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбари алайҳиссолату васалламни ҳифзу ҳимоясига олганининг ўзи одамлар учун каромат эди. У зотдан қутулмоқчи бўлган душманлар талайгина бўлиб, улар асосан мушрик араблар, насронийлар, яҳудий ва мунофиқлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрат китобларида Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни муқаррар ўлимдан сақлаб қолганлиги ҳақида кўплаб мисоллар келтирилган (масалан, “Муҳаммадун ал инсон ал комил” китобининг 66-70 бетларида).

Шайтон алайҳи лаънадан ҳимоя

Муҳаммад алайҳиссолату васаллам: “Ҳар бир одамнинг ичида шайтон бор” деб айтганларида саҳобалардан бири: “Сизда ҳам борми, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ҳа бор. Фақат Аллоҳ мени ундан асрайди” деб жавоб бердилар. Бир кун шайтон алайҳи лаъна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиётганларида ҳалақит бера бошлади. Шунда Набий алайҳиссалом уни устунга бойлаб қўймоқчи бўлган эдилар.

Аллоҳ таоло Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламни гуноҳлардан сақлаши 

Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни гуноҳ ва маъсиятлардан ҳамда бадхулқликдан сақлаган. Аллоҳ таолонинг инояти ила Расули акрам алайҳиссолату васаллам болалигидан ароқ ва бутларни ёмон кўрганлар. Икки марта Маккалик тенгқурлари билан вақтичоғлик қилмоқчи бўлганларида, у зотни уйқу босган эди. Аллоҳ таоло бунга йўл қўймади ва Набий алайҳиссаломни беҳуда вақт ўтказишдан асради. Ҳадиси шарифда айтилишича, бу воқеадан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ўхшаш ўй-фикрларни хаёлларидан батамом чиқариб ташладилар. Барча пайғамбар алайҳимуссалломлар гуноҳ ва маъсиятлардан ҳимояда бўлганлари ҳақида маънили исбот-далиллар келтирилган.

Шу сабабли Қуръони Карим оятларида зоҳирий маъсият ишларини кўрсатишда бошқа бир мақсад кўзланган. Ушбу оятларнинг мазмуни муфассир олимлар томонидан муфассал тушунтириб берилгани боис Қуръони Каримнинг таржима қилган гумроҳлар ва пайғамбар алайҳимуссаломларни сон-саноқсиз нуқсон ва гуноҳларда айблашга уринаётган дин душманларининг иғволарига ишонишга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

Расули акрам алайҳиссолату васаллам ва бошқа пайғамбарлар алайҳимуссаломларга оид бўлган ояти карималарнинг мазмунига аниқлик киритмоқчи бўлганлар олим ва уламоларнинг шарҳлари, ҳадисларнинг тафсири ва Анбиёлар қиссаларига мурожаат қилишлари мумкин. Батафсил маълумотни Саййид Муҳаммад ибн Алавий Моликийнинг “Муҳаммадун ал инсон ал комил” китобидан олиш мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўтарилган мартабага ҳеч бир инсон ета олмайди. У зот мана шундай олий мақом давоми...

2978 12:09 / 02.11.2019
Аллоҳ таоло.Ўшанда Аллоҳ .Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам давоми...

4319 20:39 / 18.11.2017
.Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли буюк бўлди, Фурқон сураси, 61оят ушбу оятни тунда Мир Араб мадрсасаси ётоқхонасида давоми...

2503 09:25 / 18 сентябрь
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларининг ўзи биз учун буюк намуна. Аввало, У зот алайҳиссалом биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон давоми...

2801 19:05 / 05.11.2019
Аудиолар

137653 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57720 14:35 / 11.08.2021