1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Сийратнинг фарзанд тарбиясида тутган ўрни

10:33 / 11.12.2017 3798 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизга оламларга раҳмат ва инсоният учун гўзал ўрнак қилиб Расул юборган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Оламларга раҳмат бўлган, башарият учун энг олий ўрнак бўлган зот ‒ севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимиз бўлсин!

Ассулому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Муҳтарам устозлар, азиз меҳмонлар, бу дунёда ҳидоятчимиз, у дунёда шафоатчимиз – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари – рабиъул аввал ойи муносабати билан ўтказилаётган ушбу мавлид байрамимизга хуш келибсиз, Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар битган бўлсин!

Устозимиз, падари бузрукворимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ улуғ олимларимизнинг гўзал анъанаси сифатида ҳар йилги мавлид ойини – Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ойни алоҳида эътибор билан кутиб олардилар. Бу ойга бағишлаб илмий-маърифий тадбирлар ташкил қилардилар. Шу тариқа бу ой Набиййимизнинг сийратларини ўрганиш мавсуми бўлар эди. Шайх ҳазратлари ҳар йилги мавлид ойига алоҳида тайёргарлик кўрардилар, халқимизга янги асарлар тақдим қилардилар, турли тадбирлар, танловлар ўтказардилар. Бундан мақсад – қалбимизда Расулуллоҳга муҳаббат уйғотиш, сийратни ўргатиш бўлар эди. Биз ҳам устозимизнинг йўлларидан бориб, бу анъанани баҳолиқудрат давом эттириб келяпмиз.

Бугунги мавлид маросими ҳам ана шу гўзал анъананинг байрамона шукуҳида ташкил қилинди.

Бу йилги мавлид ойи учун «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам ‒ буюк мураббий» деган шиорни танладик. Мақсадимиз – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидаги айнан шу мавзуга кўпроқ урғу бериш, у зотнинг мураббийлик сифатларини чуқурроқ ўрганиб, тўлароқ амал қилишдан иборат.

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, бугунги кунда юртимизда кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, маънавий-маърифий соҳада кўзимизни қувонтирадиган хайрли ишлар бошланяпти. Давлатимиз баркамол авлодни, имом Бухорий, имом Термизий, Бурҳониддин Марғилоний каби буюк аждодларга муносиб авлодни тарбиялаш ғояси илгари сурилмоқда. Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ илмий марказлари очилиб, яхши ният билан бу азизларимизнинг номи билан номланмоқда. Аллоҳ таоло кўзланган барча яхши ниятларга муваффақ қилсин!

Биз ҳам ана шу хайрли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбия борасида, фарзанд тарбияси борасидаги ўрнакларини ёритиб, сийратни ўрганишнинг бу борадаги аҳамиятига эътибор қаратмоқчимиз. Зотан, биз ҳамиша фахр билан тилга оладиган, бутун дунё тан берадиган, асарлари  кўзимизга тўтиё бўлган алломаларимизнинг барчаси бундай буюк даражотларга айнан шу маънавий омил асосида ‒ сийратни ўрганиш ва унга амал қилиш асосида эришганлар. Бошқача қилиб айтганда, улар охир замон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан ўрнак олиб, у зотга том маънода эргашиш натижасида ана ўшандай юксак мақомларга етишганлар. Бу гапда ҳеч қандай муболаға ёки тахмин йўқ. Тарихий воқелик шундай бўлган. Бу улкан ва айни пайтда оддий ҳақиқатни бутун дунё тан олиб, эътироф этган.

Аллоҳ таоло Ўз Расулининг инсоният учун ўрнак эканини таъкидлаб, шундай дейди:

«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун – Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Оятда аввал «сизлар учун» дейилганда бутун инсоният назарда тутилган. «Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар» деган таъкид билан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак оладиганлар сифатланмоқда.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун, хусусан мўмин­­мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. Аммо у зотга бутун умр давомида, мукаммал ўрнак олиш учун бу туйғу инсонга ёшликдан, унинг онги энди шаклланаётган пайтдан сингдирилиши керак. Шунинг учун фарзанд тарбиясида сийратни ўрганиш улкан аҳамият касб этади.

Расулимиз алайҳиссалом солиҳ фарзанд, баркамол авлод тарбиялашнинг энг муҳим омилларини ўзларнинг ҳаётий, шахсий намуналарида кўрсатиб берганлар. Фарзанд тарбиясида сийратни ўрганишнинг энг асосий нуқтаси мана шудир.

Жумладан, у зот алайҳиссалом солиҳ, баркамол фарзанд тарбияламоқчи бўлган одам аввало унга муносиб она, муносиб ота танлаши кераклигини айтганлар. Куёвларга: «Диндорини ол, барака топгур!» деганлар. Қизларнинг оталарига эса: «Қизингизни дини ва хулқи сизни рози қилган одамга беринг», деб тавсия қилганлар.

Муносиб жуфти ҳалол танлагач, Аллоҳдан солиҳ фарзанд сўраб, уни шайтоннинг шарридан сақлашни сўраб дуо қилишни буюрганлар.

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам хотимул анбиё эдилар, у зот келтирган дин самовий динларнинг сўнгиси ва мукаммали эди. Шу боис ул зотнинг ҳаётлари бошқа анбиёлардан фарқли равишда, ҳар жиҳатдан тўкис ва тугал бўлди. Баъзи пайғамбар алайҳимуссаломлар оила қурмаган, фарзанд кўрмаган эди. Шунинг учун уларнинг ҳаётида бу мавзуда намуна йўқ эди. Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари эса башарият ҳаётининг барча нуқталарини қамраб олган эди. Жумладан, у зот оила қурганлар, фарзанд кўрганлар, уларни тарбиялаганлар, қиз узатганлар, набираларини парвариш қилганлар. Айниқса, у зотнинг набираларига муносабатлари ҳам барчага ўрнак эди.

Ана шу илоҳий ҳикмат туфайли Ислом умматига фарзанд туғилганда яхши ниятлар билан гўзал исм қўйиш, ақийқа қилиш, қулоғига азон айтиш, ҳаққига дуо қилиш каби суннатлар жорий бўлди. Буларнинг барчасини айнан сийратдан ўрганамиз.

Имом Бухорий Умму Холид бинт Холид ибн Саъид розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Ҳабашистон юртдан келганимда ёш қизча эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга нақш солинган кўйлак кийдирдилар, унинг нақшларни қўллари билан силаб, «Санааҳ! Санааҳ!», яъни «Гўзал! Гўзал!» дедилар».

У зот ёш саҳобаларни ҳам ўз фарзандларидек тарбиялашда, уларга гўзал муомала қилишда бутун умматга намуна бўлдилар. Уларнинг тарбияси бевосита Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида ва назоратларида бўлди. Сийратдан ана ўша лавҳаларни ўрганиш бизга фарзанд тарбиясида жуда катта билим беради. Ёш Абу Умайрга: «Эй Абу Умайр, нима бўлди нуғайр?» деган сўзларидан уламоларимиз қирқдан ортиқ ҳукм олган эканлар.

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандларни нафақат руҳий, маънавий, балки жисмоний баркамоллигига ҳам алоҳида эътибор берганлар. Бир ҳадисда: «Фарзандларингизга сузишни, минишни ва отишни ўргатинглар», деб буюрганлар. Бу ишларни қўллаб-қувватлаганлар, бошқаларни ҳам тарғиб қилганлар.

Ана шундай мукаммал набавий тарбиянинг самараси ўлароқ, бутун инсониятга ўрнак бўладиган саҳобалар, тобеъинлар авлоди етишиб чиқди. Саҳобалардек баркамол авлодни инсоният кўрмаган ва кўрмайди ҳам. Аммо ана шу буюк тарбия мактабини ўрганиш, ундан бугунги кунимиз учун намуна олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бу долзарб масала бугунги куннинг талабига айланиб қолди.

Чунки бугунги кунда баъзи ёшларимиз динимизга, миллатимизга мутлақо ёт бўлган нарсаларга эргашяпти, қадриятимиздан, маданиятимиздан узоқ бўлган нарсалардан ўрнак оляпти. Ахборот тармоқлари, оммавий ахборот воситалари орқали кириб келаётган бу нарсалар ёшларнинг онгини заҳарлаяпти, фикрини бузяпти. Уларни худбин, иродасиз, боқиманда, текинхўр, дангаса, қўрқоқ, енгилтак қилиб қўйяпти. Бундай фикрий хуружлар таъсирида нафақат ёш авлод, ҳатто катталар ҳам динсиз, ақийдасиз бўлиб қолади, ҳаётидан мақсад, маъно йўқолади. 

Бу нарсалар келажагимизга жиддий таҳдиддир. Шунинг учун фарзандларимизни бу хатарлардан асраш биз – катталарнинг бурчимиздир. Бу мусибатларнинг олдини олишнинг энг самарали чораси ёшларга сийратни ўргатиш, илоҳий ўрнакдан намуна олишдир.

Зеро, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари каттаю-кичикка ибратдир. Катталар у зотдан фарзанд тарбиясида намуна олса, болалар у зотга муҳаббат билан улғаяди. У зотнинг болажонликлари, ёшларга шафқатлари ҳақидаги ҳикоялар бу маҳаббатни сайқаллайди, кучайтиради. У зотга чин маънода муҳаббат қўйган авлоддан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Бунга шонли тарихимиз жонли гувоҳдир.

Шунинг учун бу йилги мавлид ойида «Расулуллоҳ ‒ буюк мураббий» деган шиор остида сийратни ўрганиш, фарзанд тарбиясида буюк мураббийдан ўрнак олишни ният қилдик.

У зотнинг сийратларини ўргансак ва ўргатсак, диний қадриятларимизни, соф ақийдамизни асраган бўламиз, ўзлигимизни сақлаган бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиб, амал қилиш ва уни ёш авлодга гўзал суратда ўргатиб боришимизни насиб айласин. Бу борада Ўзи бизга мададкор бўлсин, муваффақият ато этсин! Келажагимиз буюк, авлодларимиз саодатли бўлсин!


Исмоил Муҳаммад Содиқ “Расулуллоҳ-буюк мураббий” номли илмий-амалий анжуманда сўзлаган нутқи.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни таҳқирламоқчи бўлишади. Аллоҳ таоло бўлса Ва сенинг зикрингни юқори кўтармадикми rdquo дея марҳамат қилади. Шарҳ сураси, давоми...

1472 15:30 / 23.10.2021
119Буюк ишлар кутар лек, осон бўлмас,Бунчажабруситам , ўзгада бўлмас,Улуғ Зотдан бошқаси, бардошли бўлмас,Энг Маҳбуб Дўстларни, кўп синар АЛЛОҲ.120Шундан сўнгра давоми...

3589 13:27 / 27.11.2017
196Шундоқ қилиб орадан, ўтди ойлар ва йиллар,Унут бўлди заҳматлар, бир оз хотиржам диллар,Кўркам йигит бўлдилар, фақат мақтайди тиллар,Нечун гўзал бўлмаслар, танлаб давоми...

5494 10:19 / 13.12.2017
Ҳар йили рабиул аввал ойи келиши билан севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ҳақидаги фикрмулоҳазалар муҳим мавзуга давоми...

201137 20:00 / 31.10.2019
Аудиолар

137661 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57723 14:35 / 11.08.2021